- Янгиликлар

АБСАНС – БУ КИЧИК ЭПИЛЕПСИЯМИ?

Савол: Зарифбой Ражабович! Абсанс қандай касаллик? У ҳақиқатан ҳам эпилепсиянинг кичик турими?

Жавоб: Absеnсe – французчада «йўқ бўлмоқ, йўқолмоқ» деган маънони англатади. Гўёки беморнинг онги қисқа вақтга «ўғирланади», «олиб қўйилади ва яна қайтариб берилади». Бу ҳолатни баъзи олимлар бошқа сайёраликлар иши деб ҳам ҳисоблашади. Гўёки улар ерликлар психологиясини ўрганиш учун одамларнинг онгини қисқа вақтга ўғирлашади.

Абсанс – хушнинг жуда қисқа вақт (2–30 сония) йўқолиши билан намоён бўладиган эпилептик хуруж. Абсанслар тутқаноқ хуружларисиз намоён бўлади ва жуда қисқа вақт давом этади. Шунинг учун ҳам уни докторлар «эпилепсиянинг кичик тури» деб аташган. Бироқ абсанс – эпилепсиянинг кичик тури эмас. «Кичик эпилепсия» деган атама ҳозирда қўлланилмайди. Абсанс – эпилепсиянинг енгил кечадиган алоҳида тури бўлиб, баъзида муттасил даволашни талаб қилмайди.

Савол: Абсанслар фақат болаларда учрайдими? Мана сиз «абсанслар муттасил даволашни талаб қилмайди», деб айтдингиз. Шунга батафсилроқ изоҳ берсангиз.

Жавоб: Ҳа! Абсанслар фақат болалар ва ўсмирларда учрайдиган касаллик. Катта ёшдагиларда абсанслар кузатилмайди ёки шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиб туради, холос. Бироқ булар абсанс эмас. Абсанслар болалик ва ўсмирлик даврида жуда кўп учраса-да, уларнинг деярли ҳаммаси балоғат ёшига етмасдан ўтиб кетади. Шунинг учун ҳам катталарда абсанслар учрамайди. Масалан, «болалар абсанс эпилепсияси», «ўсмирлар абсанс эпилепсияси», «ювенил миоклоник эпилепсия»да прогноз жуда яхши. Бундай беморларнинг деярли 90 фоизи тўла тузалиб кетишади.

Савол: Қолган 10 фоизичи?

Жавоб: 100 фоиз демаганим сабаби баъзи беморларда абсанслар билан биргаликда бошқа типдаги эпилептик хуружлар ҳам кузатилади. Ана шу эпилептик хуружлар кейин ҳам давом этаверади. Баъзида улар оғир тус олади. Шу боис эпилепсия билан оғриган катта ёшдагиларнинг болалик даври ўрганилганда уларда абсанслар ҳам кузатилган бўлади.

Савол: Эпилепсия – бу тутқаноқ касаллигими? Тутқаноқ деганда эпилепсия тушуниладими? Шу атамаларга ойдинлик киритсангиз.

Жавоб: Халқ орасида «эпилепсия» деганда тутқаноқ касаллиги тушунилади. Бироқ «Тутқаноқ касаллиги» атамаси эпилепсияни тўла-тўкис қамраб оладиган атама эмас. «Тутқаноқ хуружлари» деганда бош ва қўл-оёқлар, яъни танада мускуллар тортишуви, қотиб қолиши ва титрашлари билан кечадиган хуружлар тушунилади. Бироқ эпилепсиянинг тутқаноқ хуружларисиз, яъни фақат онгнинг (хушнинг) қисқа муддатга йўқолиши билан кечадиган турлари кўп. Абсансларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. «Эпилептик хуружлар» атамаси эса кенг маъно касб этувчи атама бўлиб, унинг тутқаноқ ҳуружлари ва тутқаноқ хуружларисиз кечадиган турлари мавжуд. Абсанслар тутқаноқ хуружларисиз кечадиган эпилепсиядир.

Савол: Сиз абсансларнинг тури кўп деб айтдингиз. Абсансларнинг энг кўп учрайдиган оддий турига таъриф берсангиз. Абсанс хуружлари пайтида нималар рўй беради?

Жавоб: Абсанснинг энг кўп учрайдиган тури – бу бир нуқтага қараб қотиб қолишдир. Бу оддий абсанс. Бу пайтда беморнинг қорачиқлари кенгаяди, ёруғликка таъсирланмайди, юзи оқариб кетади. У нима иш қилаётган бўлса шу ҳолатда қотиб қолади, яъни гапираётган бўлса, гапиришдан тўхтайди, ёзаётган бўлса ёзишдан, расм чизаётган бўлса расм чизишдан тўхтайди ва ҳ.к. Бироқ бемор мувозанатини йўқотмайди, йиқилиб тушмайди. Демак, хуруж пайтида бемор қандай вазиятда бўлса, шу ҳолатда ҳайкалдек қотиб қолади. Бу ҳолат бир неча сония, одатда, 5–15 сония давом этади. Абсанс хуружи ўтиб кетгач бемор яна ўз ишини давом эттираверади. Оддий абсанслар қандай тезликда пайдо бўлган бўлса, худди шундай тезликда дарров тўхтайди. У ҳозиргина ўзида нима бўлганини сезмайди ёки атрофдагилардан билиб олади. Оддий абсанслар пайтида кўз олмаси бир-икки айланиб олиши ёки бош орқага қимирлаб кетиши мумкин.

Оддий абсанснинг қандай бўлишини яхшироқ билиб олмоқчи бўлсангиз, ҳинд кинофильмларида тез-тез такрорланадиган бир эпизодни кўз олдингизга келтиринг. Бош ролни ўйнаётган чиройли ҳинд актрисаси яна бир бош ролни ўйнаётган актёрга кўзи тушса, унга қараб, турган жойида қотиб қолади. Бу пайтда унинг кўзлари катта-катта очилган, қорачиқлари кенгайган, киприклари пирпираб турган бўлади. Гўёки йигит ушбу қизнинг хушини бир неча сонияга ўғирлаб қўяди. Ёнидаги дугонаси «Ҳей сенга нима бўлди», деб унинг кўзлари олдида қўлларини ўтказса ҳам, қиз буни билмайди. Бир неча сониядан кейин бу актриса ўзига келади. Айнан мана шу ҳолат оддий абсансга ўхшаш ҳолатдир.

Савол: Абсанс болаларда кўп учрайди, деб айтдингиз. Абсанслар қайси ёшда кўп учрайди ва бир кунда неча марта рўй беради?

Жавоб: Абсанслар энг кўп бошланадиган давр – бу 4–6 ёшлардир. Бироқ абсанслар жуда эрта, яъни 2 ёшда ёки бир оз кечроқ, яъни 12–14 ёшда ҳам бошланаверади. Абсанс хуружлари, яъни абсанслар бир кунда 20–40 маротаба кузатилади. Баъзи болаларда абсанслар сони бир кунда 100 тага етади. Уларнинг сонини тўғри санаб айтиб бериш жуда қийин. Бунинг учун 24 соат боланинг ёнида кузатиб ўтиришингиз керак. Абсансларнинг бир кунда неча маротаба бўлишини билиш учун ЭЭГ видеомониторинг текшируви ўтказилади. Бунинг учун беморнинг бошига 16 ёки 24 та электрод тақиб қўйилади ва 24 соат мобайнида компьютерга ЭЭГ ёзуви туширилади. Махсус видеокамера эса абсанс хуружларини ёзиб боради.

Савол: Абсансларнинг мураккаб турлари ҳам бор деб айтдингиз. Улар қандай кечади?

Жавоб: Мураккаб абсанслар оддий абсансларга қараганда бир оз мураккаб кечади, хушни йўқотиш узоқроқ (20–30 сония) давом этади, йиқилиб тушишлар кўп кузатилади. Ҳеч қандай аурасиз намоён бўлувчи бундай хуружлар сабабли бемор кўп тан жароҳатлари олади. Мураккаб абсансларда хушнинг йўқолиши бош ва танада турли хил ҳаракатлар билан намоён бўлади. Бемор ўзича нималарнидир гапиради, мимик мускуллари билан қандайдир имо-ишоралар қилади, қўл-оёқлари билан шарт бўлмаган турли хил ҳаракатларни бажаради ёки кимнидир ҳайдайди. Бу пайтда беморнинг хуши карахт ҳолатда бўлади, нималар қилаётганини ўзи  билмайди, эслаб ҳам қолмайди.

Мураккаб абсансларга қисқача таъриф бериб ўтаман. Унинг турлари кўп. Масалан, мускуллар титраши билан кечувчи абсансларга миоклоник абсанслар деб айтилади. Бунда бир неча сония давом этувчи хушнинг йўқолиши мускуллар титраши билан намоён бўлади. Кичик-кичик титрашлар асосан юз, бош, елка ва қўлларда, кам ҳолларда оёқ ва гавда мускулларида рўй беради. Бу титрашлар худди гиперкинезларни (беихтиёрий ҳаракатлар) эслатади, бироқ улардан фарқли ўлароқ хушнинг йўқолиши билан намоён бўлади. Миоклоник абсанслар ўсмирларда кўп учрайди.

Мураккаб абсансларнинг энг оғир тури бу – мускуллар тонусининг йўқолиши билан кечувчи тури. Бу ҳолат атоник абсанслар деб айтилади. Атоник абсансларда хушнинг йўқолиши мускуллар тонусининг кескин пасайиши ёки йўқолиши билан намоён бўлади. Мускуллар атонияси бўйин мускулларида кузатилса, беморнинг боши бир неча сонияга осилиб қолади, қўлларда кузатилса, қўли қимирламай қолади ёки қўлидаги нарса тушиб кетади, оёқларда кузатилса йиқилиб тушади. Атоник хуружлар сабабли йиқилиб тушган бемор яна ўрнидан туриб юриб кетади. Атоник абсансларда тан жароҳати кўп кузатилади. Бу ҳолат 20–30 сония давом этади. Атоник абсанслар эпилепсиянинг оғир тури бўлмиш Леннокс-Гасто синдромида кўп учрайди.

Тоник абсансларда кўз олмаси юқорига ёки ён томонларга кетиб қолади, бош орқага ёки ён томонларга қайрилиб кетади, қўл-оёқ мускулларининг тоник қисқариши кузатилади. Мускулларнинг қисқариши енгил тарзда ҳам, оғир кўринишда ҳам намоён бўлади. Баъзи беморларда гавдани олдинга букиб оладиган хуружлар ҳам кузатилади.

Савол: Бундай болаларнинг келажаги қандай?

Жавоб: Албатта яхши. Айтиб ўтганимдек аб­санслар билан кечувчи эпилепсияни бартараф этиш осон. Бироқ бензонал абсанслар билан кечувчи эпилепсияни кучайтириб юборишини эсда тутиш лозим. Абсансларни бартараф этувчи дорилар кўп ишлаб чиқилган ва беморлар врач-невропатолог тавсиясига биноан ушбу дориларни ичиб юришлари керак.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.