БОШ АЙЛАНИШИ

Зарифбой Ибодуллаев, Тошкент тиббиёт академияси

Ўз танаси ва атрофдаги объектларни айланаётгандек янглиш идрок қилишга бош айланиш деб айтилади. Бош айланиши полиэтиологик синдром бўлиб, бир қатор неврологик, соматик ва психик касалликларда кузатилади.

Бош айланишнинг қуйидаги турлари фарқ қилинади.

  1. Систем (вестибуляр) бош айланиш – атрофдаги объектларнинг муайян бир йўналишда, яъни соат стрелкасига қарши ёки соат стрелкаси бўйича айланиши ва ер чайқалаётгандек туюлиши билан намоён бўладиган синдром. Бундай бош айланиш ҳақиқий бош айланиш деб ҳам аталади. Вестибуляр бош айланишлар вестибуляр аппаратнинг периферик қисми, яъни ички қулоқдаги ярим айлана каналлар ва вестибуляр нерв зарарланганда ҳамда унинг марказий қисми, яъни мия устуни (вестибуляр ядро ва унинг йўллари), экстрапирамидал система, бош мия пўстлоғиниинг чакка ва тепа соҳалари зарарланганда рўй беради. Демак, вестибуляр аппаратга алоқадор барча тузилмалар зарарланиши вестибуляр бош айланишга сабабчи бўлади. Аммо, ушбу бош айланиш вестибуляр аппаратнинг периферик қисми зарарланганда кучлироқ намоён бўлади. Вестибуляр аппаратни зарарловчи ҳар қандай касалликлар (вертебробазиляр етишмовчилик, КЦЖ, ИКГ, ВДС, вестибуляр нейронит, Менъер касаллиги, лабиринтит, интоксикациялар, метаболик бузилишлар, дегенератив касалликлар ва ҳ.к) систем бош айланишларга сабабчи бўлади.
  2. Носистем бош айланиш – маълум бир хусусиятга эга бўлмаган ва турли симптомлардан (чайқалиб кетаётгандек, хушдан кетаётгандек, мувозанатни йўқотаётгандек, ҳолдан тойгандек, кўз олди туманлашуви) иборат синдром. Ушбу бош айланиш вестибуляр апппаратга алоқадор бўлмаган соҳалар зарарланганда кузатилади. Унинг асосий сабаблари – гипервентиляцион синдром, ортостатик гипотензия, артериал гипертензия, синкопье, юрак аритмиялари, каротид синус синдроми, гипогликемия, аорта патологиялари, бронхиал астма, ички ва ташқи қон йўқотишлар, симпатэктомия, ўткир ЦВК, КЦЖ, ВДС, бош мия ўсмалари, бўйин остеохондрози, бетўхтов йўтал, ҳомиладорлик, қамқонлик. Демак, систем ва носистем бош айланишлар этиологияси ўхшаш бўлса-да, уларнинг патогенези ва топографияси бошқачадир.
  3. Психоген бош айланиш – маълум бир вазиятларда (стресс, ҳаёжон, қўрқув, руҳий чарчаш) юзага келадиган психосоматик синдром.

А) Систем бош айланишлар

Вестибуляр нейронит. Вестибуляр нерв зарарланишига вестибуляр нейронит деб айтилади. Вестибуляр нейронит турли ёшда учрайди, аммо ёши катталарда кўп  кузатилади. Бу касаллик ўткир вирусли инфекциялардан сўнг ривожланади. Кўп ҳолларда унинг сабаби аниқланмай қолади. Вестибуляр нейронит учун систем бош айланиши, атаксия ва нистагм жуда хосдир. Бош айланиши, кўпинча, кўнгил айниш, қусиш ва кўз олди қоронғилашиб кетиши билан намоён бўлади. Бош айланиши, асосан, хуружсимон тарзда кечади ва тўсатдан пайдо бўлади. Беморга гўёки унинг атрофидаги барча буюмлар муайян йўналишда соат стрелкасига қарши ёки соат стрелкаси бўйича айланаётгандек, ер чайқалаётгандек туюлади. Бундай бош айланиши систем бош айланиши деб айтилади. Бош айланиш юқорига қараганда ёки бошни ён томонга бурганда кучаяди. Горизонтал ҳолатдан вертикал ҳолатга ўтганда ҳам бош айланиши кучайиб кетади. Шунинг учун ҳам систем бош айланишларда бемор тик тура олмайди ёки бирор нарсага суяниб туради. Баъзида бошни ён томонга сал бурса ҳам бош айланиши кучайиб кетади, бемор ўқчиб қусади. Бундай беморлар иложи борича бошини ён томонга бурмасликка ва ўрнидан турмасликка ҳаракат қилишади. Кучли шовқин ҳам вестибуляр бош айланишни кучайтиради. Шунинг учун ҳам бемор қулоқларини кафтлари билан ёпиб олади ва шу йўл билан бошини ҳам қимирлатмай ушлаб ётади.

Вестибуляр нейронитда доимо нистагм учрайди ва у фақат бир томонга қараганда пайдо бўлади. Бир томонлама горизонтал нистагм ротатор компонент билан кузатилади. Горизонтал нистагм зарарланган томондан қарама-қарши томонга қараганда кузатилади: агарда вестибуляр нерв чап томонда зарарланса, горизонтал нистагм ўнг томонга қараганда, агарда вестибуляр нерв ўнг томонда зарарланса, горизонтал нистагм чап томонга қараганда кузатилади. Вестибуляр нерв таъсирланишларида эса (бу, кўпинча, ўсмаларда кузатилади) горизонтал нистагм таъсирланган томонга қараганда рўй беради. Икки томонлама нистагм вестибуляр нейронит учун хос эмас, унинг мавжудлиги ушбу ташхисни инкор қилади. Бош айланиш хуружи кучайганда, кўзни юмганда ва бош ҳолатини ўзгартирганда нистагм кучаяди. Бемор бир нуқтага қараб турса, нистагм йўқолади. Бош айланиши пасая борган сайин горизонтал нистагм ҳам пасая боради. Бемор тузалиб кетса, нистагм ҳам йўқолади.

Вестибуляр нейронитда эшитиш функцияси пасаймайди ва аудиометрик теширувлар натижаси ўзгармай қолади. Агарда эшитиш функцияси пасайган бўлса, демак параллел тарзда эшитув нерви ҳам зарарланган. Бу касалликда координатор бузилишлар яққол намоён бўлади. Вестибуляр атаксия, асосан, бир томонлама, яъни зарарланган томонда кузатилади. Ромберг синамасида бемор зарарланган томонга оғади, ўша томонда бармоқ–бурун синамасини интенция билан, товон–тизза синамасини атаксия билан бажаради. Атаксия ва бош айланиши бош ва тана ҳолатини ўзгартирганда ва ҳатто кўзни ён томонга бурганда ҳам кучаяди. Мушаклар тонуси ўзгармайди. Бу касаллик учун бошқа неврологик симптомлар хос эмас, уларнинг мавжудлиги бу ташхисни инкор қилади.

Периферик ва марказий вестибулопатиялар фарқ қилинади. Периферик вестибулопатиялар, асосан, лабиринтит, вестибуляр нейронит ва Менъер синдромида кузатилади. Шунингдек, бир қатор бошқа касалликлар ҳам вестибуляр аппаратнинг периферик қисмини зарарлаши мумкин. Марказий вестибулопатиялар эса мия устунида ривожланган ишемик инсулт, ўсма, базиляр мигрен ва тарқоқ склерозда ривожланади. Демак, марказий вестибулопатия ривожланиши учун патологик жараён вестибуляр нерв ядроси ва унинг марказий йўлларини зарарлаши керак.

Бош айланиш сабабини тўғри аниқлаш учун марказий ва периферик вестибулопатияларнинг қиёсий белгиларидан воқиф бўлиш керак (1-жадвал).

 

 

1–жадвал

Марказий ва периферик вестибулопатиянинг қиёсий белгилари

Белгилар Марказий вестибулопатия Периферик вестибулопатия
Асосий сабаблари Вертебробазилляр системада қон айланишнинг сурункали етишмовчилиги. Мия устуни инфаркти ва ўсмалари. Базилляр мигрен. Тарқоқ склероз. Сирингобулбия. Киари аномалияси Менъер касаллиги. Вестибуляр нейронит. Лабиринтит. Мияча-кўприк бурчаги касалликлари ва жароҳатлари. Антиконвулсантлар, антибиотиклар, диуретиклар қабул қилиш
Бош айланиши Одатда, енгил, бироқ доимо Жуда кучли ва ўтиб кетувчи хусусиятга эга
Кўнгил айниш ва қусиш Кам кузатилади Кўп кузатилади
Нистагм Асосан, вертикал-ротатор, кам ҳолларда горизонтал. Нистагм йўналиши нигоҳ йўналишига боғлиқ. Зарарланган томонга қараганда кучаяди Горизонтал-ротатор. Зарарланган томондан қарама-қарши томонга, яъни соғлом томонга  қараганда кучаяди
Мия устуни зарарланиши белгилари Кўп аниқланади Кузатилмайди
Қулоқда шовқин Бўлмайди Кўп кузатилади
Координатор бузилишлар Асимметрик тарзда иккала томонда ҳам намоён бўлади Зарарланган томонда кузатилади

 

Вестибуляр нейронит, одатда, ўткир ривожланади ва тўсатдан пайдо бўлган систем бош айланиш бир неча соатдан сўнг ўтиб кетади. Бироқ, юрганда чайқалиш белгилари оз бўлса-да, сақланиб қолади. Баъзида касаллик бир неча ой ёки йилдан сўнг яна қўзғайди.

Менъер синдроми – кучли систем бош айланиш хуружлари, билан намоён бўладиган оғир касалликлардан бири. Бу синдромнинг асосий сабаби – ички қулоқда жойлашган эндолимфатик системанинг кенгайиши ва лабиринт рецепторлари дегенерацияси. Бош айланиш хуружи ўткир бошланади ва бир неча дақиқа ичида кучайиб кетади, сўнгра орқага чекина бошлайди. Баъзида бош айланиши шу қадар кучаядики, хатто горизонтал ҳолатда ётган беморнинг бошини сал бир томонга бурсангиз ҳам бош айланиш кучайиб кетади. Зараланган томонда қулоқда шовқин ва  эшитишнинг пасайиши кузатилади. Ҳар бир бош айланиш хуружларидан сўнг бир томонда эшитиш пасайиб бораверади ва охир-оқибат ўша томонда акузия ривожланади. Вестибуляр атаксия, нистагм, кўнгил айниши ва қусиш ҳам Менъер синдроми учун жуда хос симптомлардир.

Вертебробазиляр етишмовчилик – ёши катталарда кўп учрайдиган ҳолат бўлиб, унинг асосий белгиси систем бош айланишдир. Атеросклероз, гипертония касаллиги, юрак аритмиялари ва бўйин умуртқалари диск чурраси вертебробазиляр етишмовчиликнинг асосий сабабларидир. Бош айланиш механизми мия устуни, вестибуляр нерв ва лабиринт ишемияси билан боғлиқ. ВБЕ да бош айланиши ўткир бошланади ва бир неча дақиқа сақланиб туради. Бу пайтда беморнинг кўнгли айнийди, қусади ва чайқалиб кетади, яъни мувозанат бузилади. Агар мия устунида ишемия каттароқ соҳани эгалласа, ўчоқли неврологик симптомлар пайдо бўлади. Булар – диплопия, ғилайлик, юз нерви фалажлиги, булбар синдром ва турли хилдаги алтернирлашган синдромлар.

Пароксизмал позицион бош айланиш – тана вазиятини ўзгартирганда пайдо бўладиган ва бир неча сониядан 1–2 дақиқага давом этадиган бош айланиш хуружлари. Бош айланиш хуружлари бошни фақат маълум бир вазиятда ушлаб турган пайтларда рўй беради ва бошқа вазиятга ўзгартирса ўтиб кетади. Масалан, ўнг ёнбошга ётган бемор чапга ёнбошлаб ётмоқчи бўлса, ётган жойидан турса ёки ўтирса, бошини турли томонларга бурса, бош айланиш хуружлари пайдо бўлади ва тезда ўтиб кетади. Вестибуляр бош айланишнинг бир тури бўлмиш ушбу ҳолат 60 ёшдан ошганларда кўп учрайди ва ҳавфсиз кечади. Бу синдромнинг этиопатогенезига оид аниқ бир концепсия ханузгача йўқ.

Мия устуни ва мияча соҳасидаги (шу жумладан, мияча–кўприк бурчаги) ҳар қандай патологик жараёнлар систем бош айланишлар сабабчиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда деярли ҳар доим бошқа неврологик симптомлар (мияча симптомлари, краниал невропатиялар, вегетатив бузилишлар, ўтказувчи типда сезги ва ҳаракат бузилишлари) ҳам аниқланади.

Посттравматик бош айланиш краниоцеребрал жарохатлардан сўнг ривожланади ва кўпинча, чакка суяги жарохати билан боғлиқ бўлади. Чунки чакка суяги жарохатланишларида периферик вестибуляр аппарат кўп шикастланади. Бундай пайтларда вестибуляр бош айланиш белгилари пайдо бўлади. Агар жарохат енгил бўлса, бош айланишлар бир неча соатлар ёки қисқа кунлар ичида ўтиб кетади. КЦЖ да ривожланиб борувчи бош айланишлар чакка бўлаги гематомалари учун ҳам хосдир (дислокацион синдром).  Бош айланишлар ўтиб кетавермаса ва бошқа неврологик симптомлар пайдо бўлса, беморга яна КТ ва отоневрологик текширувини ўтказиш керак бўлади.

Эпилептик ауралар. Чакка эпилепсиясида катта эпилептик хуружлардан олдин бош айланиш хуружлари пайдо бўлади. Бундай пайтларда бош айланиш хуружлари эпилептик аура ҳисобланади. Чакка эпилепсиясида бош айланиш хуружлари фокал эпилепсиянинг асосий белгиси сифатида ҳам намоён бўлади. бу ҳолат баъзида диагностик хатоликларга ҳам сабабчи бўлади (ВДС хуружи деб ўйлашади). Яхши йиғилган анамнез ва ЭЭГ даги фокал эпилептик фаоллик ташхисни тўғри аниқлашга ёрдам беради. Атипик абсанслар ҳам фақат бош айланиш хуружлари билан намоён бўлишини эсда тутиш лозим. Чакка эпилепсиясида систем бош айланиш хуружлари нима учун пайдо бўлади? Чунки вестибуляр анализаторнинг кортикал проекцияси чакка бўлагида жойлашган.

Систем бош айланишнинг бошқа сабаблари. Бош айланишларнинг бошқа сабаблари ичида ўткир интоксикациялар, метаболик бузилишлар (айниқса, гипогликемия) ва гипоксиялар етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ушбу патологик ҳолатлар систем айланишлар сабабчиси бўлади ва кўп ҳолларда кўришнинг турли даражадаги бузилишлари билан намоён бўлади. Чунки кўрув системаси ишемия ва гипоксияга жуда сезгирдир. Ички қулоқни қон билан таъминловчи артериялар тромбозида ҳам турғун бош айланиши ривожланади. Бундай пайтда албатта эшитиш ҳам сусаяди ёки йўқолади. Баъзида бош айланишлар отосклероз, Евстахиев найи дисфункцияси, отитлар сабабли ҳам ривожланади.

Б) Носистем бош айланишлар – нерв системасининг вестибуляр аппаратга алоқадор бўлмаган соҳалари зарарланиши билан боғлиқ бўлган бош айланишлар. Унинг сабаблари ва топографияси юқорида кўрсатиб ўтилган. Агар систем бош айланиш кўпинча моносимптом кўринишида намоён бўлса, носистем бош айланиши аксарият ҳолларда бошқа неврологик бузилишлар билан биргаликда учрайди. Бош мия катта ярим шарлари инсултлари ва ўша соҳаларда учрайдиган ТИА, дроп-атака, ўткир гипертоник энцефалопатия, гипертоник криз ва периферик вегетатив етишмовчиликларда (ортостатик гипотензия) учрайдиган бош айланишларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Демак, “носистем бош айланиш синдроми” ташхисини қўйиш учун систем бош айланишни инкор қилиш керак. Чунки, систем бош айланиш ҳақиқий бош айланиш бўлиб, яққол ифодаланган субъектив симптомлардан иборат.

В) Психоген (психофизиологик) бош айланиши невроз, психастения ва депрессияларда кўп учрайдиган патологик ҳолатдир. Психоген бош айланиши (ПБА) психосоматик синдромларнинг бир туридир. ПБА механизми МНС функционал фаоллигининг ошиши ёки пасайиб кетиши, нейронал системаларда қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари орасида номутаносибликнинг юзага келиб, турғун тормозланиш ёки қўзғалишнинг шаклланиши билан тушунтирилади.

ПБА камдан–кам ҳолларда алоҳида учрайди. Аксарият ҳолларда юрак уриб кетиши, ҳолсизланиш, совуқ терга ботиш, қулоқда шовқин пайдо, кўнгил айниши, оёқлар титраши ва холсизланиши бош айланишлар билан бирга кузатилади. Одатда, бу белгилар аффектив бузилишлардан сўнг кучаяди. Бундай беморлар баландликдан қўрқишади, шунинг учун ҳам улар балкондан, баланд кўприкдан ёки томдан пастга қарамасликка ҳаракат қиладилар. Чунки бундай пайтда бош айланиши кучаяди.

ПБА га хос яна бир белги унинг вазиятни оз бўлса–да ўзгартирганда кучайишидир. Масалан, баланд қаватли бинода яшайдиган битта бемор, ундан бир қават тепада яшайдиган қўшнисиникига чиқиб балкондан пастга қараганда боши айланиб, гандираклаб кетган, кўнгли айниган, коридорга кирганда эса камайган ва бир оздан сўнг тўхтаган. Шуниси эътиборлики, ПБА да беморлар лифтдан кўра зинапоядан кўтарилишни афзал кўришади. Аксарият ПБА қўрқув билан кечади. Бунинг акси ўлароқ, органик этиологияли бош айланишларда қўрқув деярли учрамайди ёки бош айланиш бошлангандан сўнг кузатилади. ПБА дан беморлар доимо бош айланиш қачон бошлашини кутиб юришади. Бу ҳам қўрқув шаклланишига туртки бўлади.

Бемор фақат баландликдан қараганда эмас, балки автомобиллар қатнови тез бўлган катта йўлга қараганида ҳам бош айланиши вужудга келади ёки кучаяди. Бундай пайтлари бемор катта тезликда ўтаётган автомобилларга қарамасликка ҳаракат қилади ёки оёқларининг остига қараб қадамларини назорат қилиб юради. Ана шунда унинг бош айланиши камаяди. Катта залларда олиб бориладиган мажлислар ёки узоқ давом этувчи дарсларда ҳам бош айланиши авж олади. ПБА фақат психоген касалликларда кузатилиб қолмасдан, зўриқиб ақлий меҳнат билан шуғулланадиган соғлом шахсларда ҳам кузатилади. Талабаларда имтиҳонларга берилиб тайёргарлик кўриш, ёзувчилар ва илмий ходимларнинг тинмай асарлар ёзиши ёки диссертация устида ишлаш соғлом одамларда бош айланишга сабабчи бўлиши мумкин. Лекин астенияга учраган беморларда руҳий–ҳиссий зўриқиш бош айланишини осонгина келтириб чиқаради.

ПБА қисқа вақтга ҳушдан кетиш (синкопе) билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу, айниқса, умумий психоген гиперестезия билан кечувчи психоген касалликлар учун жуда хос. Бунинг асосида вестибуляр аппаратнинг кучли даражада қўзғалувчанлиги ётади. Тез–тез ҳушдан кетиб турадиган беморларнинг бош мия қон томирлари текширилганда, уларда томирлар тонусининг ўта даражада пасайганлиги (гипотонус) ёки ўзгарувчанлиги (дистония) аниқланади. Синкопе ҳолатлари психоген гипервентиляцияда, артериал қон босими пасайганда ва юрак касалликларида ҳам юз беради. Узоқ пайт ётиб қолган беморлар горизонтал ҳолатдан вертикал ҳолатга ўтишса, бош айланиши ортостатик коллапс билан бирга юз беради. Бу ҳолат, айниқса артериал гипотензияда яққол ифодаланган бўлади. Баъзан юқори даражада ривожланган неврастения ёки психоастенияда бемор ҳушдан кетиб қолиши учун битта қўрқувнинг ўзи кифоя. Бемор бир марта ҳушидан кетса (айниқса, одамлар орасида), у ҳар доим навбатдаги хуружни кутиб безовта бўлиб юради. Невролог олимлардан бири Оппенгейм (1894) «Ҳар бир киши ўзида бош айланишини юзага келтириши мумкин, агарда у мувозанат ва бош айланиши ҳақида ўйлайверса», деган эди.

ПБА баъзида ятропатия асорати ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бемордаги симптомларни, агар улар психоген хусусиятга эга бўлса, жуда хавфли деявериш яхши эмас. Шахсий кузатувимиздан бир мисол келтирамиз. Узоқ йиллардан буён қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлайдиган ва тез–тез асабийлашадиган аёлда қаттиқ ҳиссий зўриқишдан сўнг бош айланиши аломатлари пайдо бўлади. У шу даража кучли бўладики, ҳатто тик туриши учун бир қўлидан бўйи етган қизи, иккинчисидан эса турмуш ўртоғи ушлаб турган. Бу беморга ўзи ишлайдиган поликлиникада «Менъер касаллиги» деб ташхис қўйилади. Ташхис бир неча бор ўзгартирилади. Бундай касаллиги бор беморларни бир неча марта ўзи ҳам кўрган ва анкеталар очган ҳамширада бу касалликнинг яққол белгилари намоён бўла бошлайди. У бошқа мутахассисларга (невропатологга) кўринмасдан, уч йил мобайнида ЛОР врачларида даволаниб юради. Бош айланиши хуружлари тез–тез кузатилиб турадиган бу бемор бориб–бориб жуда жаҳлдор, арзимаган нарсага йиғлайверадиган ва аффектив ҳолатга тез тушадиган бўлиб қолади. Бемор миясига «Менъер касаллиги»ни шу даражада сингдириб олгандики, ҳар бир аффектив бузилишдан сўнг, унда худди Менъер касаллигига ўхшаш белгилар пайдо бўлаверган.

Навбатдаги хуруждан сўнг беморга невропатологга бориш кераклиги айтилади. Бемор бизга мурожат қилади. Унинг касаллик ва ҳаёт анамнези билан танишиб чиқиб, унда неврологик ва психологик текширувлар ўтказдик ва унда «Менъер касаллиги» ни инкор қилдик. Барча текширувлардан сўнг беморга «Менъер синдроми кўринишидаги ниқобланган депрессия» ташхиси қўйилди, яъни унда психоген (ятроген) бош айланиш эди, холос. Беморнинг ҳамширалиги эътиборга олиниб, унга бу атамалар фарқи тушунтирилди. Текширувлар натижаси беморга изоҳлаб берилди. Буларнинг ҳаммаси ҳамширага катта ижобий таъсир кўрсатди ва у энди даволаш муолажаларига катта ишонч билан қарай бошлади. Ўтказилган плацеботерапия ва психотерапия муолажаларидан сўнг бемор тузалиб кетди.

Биз бу ерда ятропатиянинг яна бир клиник кўринишини таҳлил қилдик. Ятропатияга астеник беморлар жуда мойил бўлишади, уни келтириб чиқариш учун тиббиёт ходимининг бехосдан айтиб қўйган гапининг ўзи етарли, холос. Нима учун ятропатия белгилари узоқ вақт давом этади? Экспериментал физиология маълумотларига кўра, ҳар қандай ташқи таъсирот (айниқса, салбий) бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида «доминант ўчоқ» ҳосил қилади ва бу соҳанинг нейронлари бошқа соҳа нейронлари фаоллигини пасайтиради. Натижада миянинг интегратив фаолияти бузилиб, функционал характерга эга бўлган патологик симптомлар юзага келади. Уларни йўқотиш учун миянинг функционал фаолиятини ошириш ва пўстлоқда бошқа, яъни ижобий хусусиятга эга бўлган «доминант ўчоқ» ҳосил қилиш керак.

Аксарият ҳолларда бош айланиши сенестопатик ва ипохондрик симптомлар билан намоён бўлади. Бунда танада сира кетмайдиган турли хил сезгилар, увишишлар, оғриқлар, қўл ва оёқларнинг карахт бўлиб қолиши кузатилади ва йилнинг турли фаслларида кучайиб ёки пасайиб туради. Касалликнинг бундай мавсумий кечиши албатта органик касалликни излашга мажбур қилади. Бу ерда хатога йўл қўймаслик учун клиник текширувлар психологик текширувлар билан биргаликда олиб борилиши керак.

Ташхис. Бош айланишлар этиологиясини аниқлаш учун клиник текширувлар билан биргаликда қйидаги лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилади.

  • Лаборатор текширувлар: умумий қон анализи, электролитлар (натрий, калий, хлор), қондаги СО2 таркиби, қанд миқдори, коагулограмма, мочевина, креатинин.
  • Отоневрологик текширувлар.
  • ЭКГ, ЭхоКГ.
  • Краниография ва кўкрак қафаси рентгенографияси.
  • Магистрал артерияларни дупплексли сканирлаш ёки допплерография қилиш.
  • Бош мия ва бўйин умуртқаларини КТ ёки МРТ қилиш.
  • Вегетатив ва кардиоваскуляр синамалар.
  • Психологик текширувлар.

 

Эслатма. Диагностик текширувлар пайтида бош айланиш сабаби аниқланса, ортиқча текширувлар ўтказишга ҳожат йўқ.

 

Даволаш. Бош айланиши полиэтиологик синдром бўлганлиги учун уни бартараф этишда комплекс даволаш чоралари қўлланилади. Бош айланишларни даволашда гистаминергик, антихолинергик, антигистамин дорилар, калций антагонистлари, нейролептиклар, транквилизаторлар, физиотерапия ва психотерапия усуллари кенг қўлланилади.

Турли хил вестибулопатиялар сабабли ривожланган систем бош айланишлар вестибуляр дисфункцияни коррекция қилишни талаб этади. Бунинг учун турли механизмга эга дори воситалари ишлаб чиқилган. Гистаминергик дорилардан бетагистин дигидрохлорид (бетасерк) 8–16 мг дан кунига 3 маҳал ичишга тавсия қилинади. Бетасерк бош айланишларни жуда яхши бартараф қилади, АҚБ ни пасайтирмайди, седация чақирмайди. Шунинг учун ҳам бу дорини қарияларга ҳам, ортостатик гипотензияда ҳам ичишга буюрса бўлади. Бош айланишларни бартараф этиш учун қилинадиган асосий дорилар ҳақида маълумотлар ушбу жадвалда келтирилган (2–жадвал).

 

2жадвал

Бош айланиш профилактикаси ва давоси учун қўлланиладиган дорилар

 

Дорилар Бир марталик дозаси Тавсия этиш йўллари Монелик қилувчи ҳолатлар
Гистаминергик дори воситалари
Бетагистин (бетасерк) 8–16 мг 3 маҳал ичишга Ҳомиладорлик, бронхиал астма, феохромоцитома
Антигистамин дори воситалари
Димедрол 50 мг10 мг (1 %  1 мл) 2–3 маҳал ичишга,м/и га Глаукома, простата аденомаси
Пиполфен 25–50 мг2,5 %  2 мл (50 мг) 2–3 маҳал ичишгам/и га
Антихолинергик дори воситалари
Скополамин 0,25–0,5 мг0,5 % 1 мл 2–3 маҳал ичишгат/о га Глаукома, бронхиал астма, деменция, простата аденомаси
Бензодиазепинлар
Диазепам 5–10 мг0,5 %  2 мл (10 мг) 2–3 маҳал ичишгам/и га, в/и га Миастения, ҳомиладорлик
Лоразепам 0,5–1 мг 2 маҳал ичишга
Клоназепам 0,5–2 мг 2 маҳал ичишга
Турли тоифага кирувчи дорилар
Метоклопрамид (церукал) 5–10 мг 3–4 маҳал ичишгам/и га, в/и га
Торекан 6,5–13 мг 3–4 маҳал ичишга,м/и га, ректумга
Домперидон  (мотилиум) 10–20 мг 3–4 маҳал ичишга,т/ га
Сулпирид (эглонил) 100–200 мг 2–3 маҳал ичишга, м/и га Феохромоцитома, кучли АГ
Кофеинбензоат натрий 5–10 мг2 мл Ичишга 2–3 маҳал,м/и га Глаукома, кучли атеросклероз,АГ, инсомния
Дроперидол 2,5–10 мг в/и га, м/и га Паркинсонизм, ортостатик гипотензия
Аминазин 25 мг 2–3 маҳал ичишга, м/и га Паркинсонизм, жигар касалликлари
Циннаризин 25 мг 3 маҳал ичишга Паркинсонизм, ҳомиладорлик

 

Албатта, бош айланишларни бартараф этиш учун уни юзага келтирган этиологик омилни ҳам бартараф этиш лозим. Масалан, гипертоник кризда ривожланган бош айланишни бартараф этиш учун АҚБ ни нормал кўрсаткичларгача пасайтириш лозим. Аксинча, ортостатик гипотензияда рўй берган бош айланишни барҳам топтириш учун АҚБ ни кўтариш зарур бўлади. Вертебробазиляр етишмовчилик сабабли ривожланган бош айланишларни коррекция қилиш учун церебрал микроциркуляцияни яхшилаш, метаболик бузилишлар ва гипоксияни бартараф этиш зарур бўлади. Бу бирмунча кўп вақтни талаб этиши мумкин. Сурункали кечувчи ва психоген этиологияли бош айланишларда физиотерапевтик ва психотерапевтик муолажалар ҳам кенг қўлланилади. Баъзи бош айланишлар, масалан ПБА плацеботерапия ва психотерапия усулларини тўғри қўллаганда ҳам ўтиб кетади.

 

 

Ушбу маълумот профессор З.Ибодуллаевнинг
“Асаб касалликлари” дарслигидан олинган.
Уни ноқонуний тарзда ўзлаштириш
ва турли манбаларда ўз номи билан
чоп этиш қонун томондан тақиқланган.

[Uzbek] 3 Comments [Uzbek] on БОШ АЙЛАНИШИ

  1. [Uzbek]
    Oysha
    [Uzbek] 12/02/2016 at 19:20 ([Uzbek] 12 months [Uzbek] ago)

    qanday qilib ko’chiqib olsa bo’ladi ma’lumotlarni?

    Reply
    • [Uzbek]
      Sardor Shodiyev
      [Uzbek] 13/02/2016 at 13:13 ([Uzbek] 12 months [Uzbek] ago)

      Ҳурматли фойдаланувчи, бизнинг маълумотларимиз билан қизиққаниз учун миннатдорчилик билдирамиз.
      Лекин шуни маълум қилишимиз мумкинки, саҳифа орқали маълумотларни кўчириб олишга ҳимоя тизими йўл қўймайди!

      Reply
  2. [Uzbek]
    Umarov Zohidjon Zaripboyevich
    [Uzbek] 27/11/2016 at 20:34 ([Uzbek] 2 months [Uzbek] ago)

    Oysha, agar telefoningizda
    Screenshot qilishni bilsangiz imkoni bor. Vaqtiz bo’ganda o’qiyman desangiz.

    Reply

Жавоб қолдириш

Сизнинг электрон почтангиз сайтда кўрсатилмайди. * Бу мажбурий тўлдириш зарур катаклар

Изоҳ *






error: Content is protected - Содержимое защищено !!