ЭПИЛЕПСИЯ

Эпилепсия қандай касаллик?

Эпилепсия – турли хил хуружлар ва хушдан кетишлар билан намоён бўлувчи бош миянинг сурункали касаллигидир. Эпилепсия аҳоли орасида кўп тарқалган. Ҳар 1000 кишидан 5-10 та одамда эпилепсия касаллиги аниқланади. Эпилепсиянинг деряли 70 фоизи 20 ёшгача бўлган даврда бошланади. Касалланиш даражаси эркак ва аёлларда деярли бир хил тарқалган.

Эпилепсия буюк шахсларда ҳам учрайдими?

Тарихдан маълумки, Суқрот, Платон, Юлий Цезар, Жанна Д ‘Арк, Ван Гог, Наполеон, Ф. Достоевский  каби буюк шахслар эпилепсия касаллиги билан оғриган. Шунинг учун ҳам баъзи мутахассислар фақат кучли тафаккур эгалари эпилепсия билан оғришади дейишса, бошқа бирлари эса тутқаноқ хуружлари одамда талант куртакларини қўзғаб юборади, деб ҳисоблашади. Бу фикрларга тўла қўшилиш қийин, бироқ, эпилепсия билан оғрийдиган баъзи беморларда кучли талант аломатларини мен ҳам кузатганман. Даволанишга келган беморлар орасида «Қуръон» ва «Ҳадис» китобларини ёддан биладиган ёш йигит, кучли рассом, шоир ва математикларни бўлган. Бундай беморлар ичида инсон ҳайратда қоладиган ҳикматли иборалар ўйлаб топувчилар, ҳикматларга бой бўлган тўртликлар битувчиларни кузатганмиз. Уларни врачлар ён дафтарларига ёзиб юришса, фойдадан холи бўлмайди. Доимо хуруж кузатиладиган бир бемор қизда сезги ва идрок қобилиятининг кучайганини гувоҳи бўлганман. Бироқ, эпилепсия касаллиги билан оғрийдиган аксарият беморларда тутқаноқ хуружлари вақтида тўхтатилмаса, оғир руҳий бузилишларга олиб келади, уларнинг ақли заифлашиб боради. Тутқаноқ хуружлари қанчалик эрта ёшда бошланса, руҳий бузилишлар шунча эрта ривожланиши мумкин. Шундай бўлса-да, оғир руҳий бузилишлар эпилепсиянинг барча турида ҳам кузатилавермайди.

Эпилепсия наслий касалликми?

Худди бошқа асаб касалликларидаги каби эпилепсияда наслий омилнинг ҳам аҳамияти бор. Ўтган асрнинг 50-йилларигача аксарият давлатларда эпилепсияда наслий омилнинг аҳамияти жуда бўрттириб кўрсатилган. Кейинчалик илм-фан ютуқлари  бундай фаразни йўққа чиқарди. Ҳозирги даврнинг статистик маълумотларига қараганда, ота-оналардан бири эпилепсия билан оғриса, улардан касал бола туғилиши хавфи 10 фоиздан ошмайди.

Эпилепсининг нечта тури бор?

Эпилепсиянинг турлари жуда кўп. Бироқ тиббий амалиётда эпилепсиянинг барча турларини 3 гуруҳга ажратиб ўрганишади. Булар:

  • Симптоматик эпилепсия – бош миянинг бирор-бир касаллиги сабабли (ўсма, лептоменингит, бош мия жарохатлари ва бошқа сабаблар) ривожланган эпилепсия.
  • Идиопатик эпилепсия – келиб чиқишида наслий омил аҳамиятли бўлган эпилепсия. Уларда бош мия касалликлари аниқланмайди.
  • Криптоген эпилепсия – сабаби топилмаган эпилепсия. Бундай беморларда эпилепсия аниқланади, бироқ ҳар қандай текширишлар орқали унинг сабабини аниқлаб бўлмайди.

Эпилепсия сабаблари жуда кўпми?

Эпилепсиянинг этиологияси, клиник кўринишлари аксарият ҳолларда беморнинг ёшига боғлиқ. Масалан, эрта болалик даврида кузатиладиган тутқаноқ хуружларининг сабаби ҳомила ва бола туғилиши даврларида юзага  келадиган гипоксия  ҳолатлари, вирусли инфекциялар, анемиялар ва ҳ.к.

Эпилепсия сабаблари (Харрисон маълумотлари, 2000 й.).

Ёши Эпилепсиянинг асосий сабаблари
2 ёшгача Ҳомиладор пайтда онанинг касалликлариТуғиш пайтида миянинг жарохатлариЎткир инфекцияларМинерал моддалар, витаминлар ва аминокислоталар ептишмовчилиги (калций, магний, Вит В6, глутамин кислотаси, фолий кислотаси етишмовчилиги)Генетик бузилишлар
2-12 ёш Наслий омилларЎткир инфекцияларБош мия жарохатлариФебрил тутқаноқлар (тана ҳарорати ошганда учрайдиган хуружлар)
12-18 ёш Наслий омилларЎткир инфекцияларБош мия жарохатлариМия томирлари аневризмалари
18-35 ёш Бош мия жарохатлариБош мия пардалари яллиғланиш касалликлариАлкоголизмБош мия ўсмалари
35 ёшдан сўнг Бош мия пардалари яллиғланиш касалликлариБош мия жарохатлариБош мия ўсмалариАлкоголизмБош мия қон томир касалликлари

Аура нима ёки эпилепсия хуружи бошлашини олдиндан билиш мумкинми?

Аура – бу эпилепсия хабарчиси. Хуружлар бошланишига бир неча соат қолганда, баъзан эса бир-икки кун олдин беморнинг уйқуси қочади, хавотир пайдо бўлади, жаҳлдор бўлиб қолади, юзи ёки танасининг баъзи жойларида уюшишлар пайдо бўлади, лаб бурчаклари титрай бошлайди. Одатда, мана шу белгилардан сўнг катта тутқаноқ хуружлари бошланади. Тутқаноқ хуружларидан олдин аураларнинг келиши бу яхши. Чунки бундай пайтларда бемор ўзини хавфсиз жойга олади, ота-онаси ёки ўзи уйдан чиқиб кетмайди, хавфли жойларда юрган бўлса, хавфсиз жойга ўтади ва ҳ.к. Бироқ эпилепсиянинг баъзи турларида ауралар кузатилмайди. Аурасиз учрайдиган катта тутқаноқ хуружлари ҳаёт учун хавфлидир! Бундай беморлар бош ва тан жароҳатларига кўп дучор бўлишади. Чунки хуружлар бўлиш пайтини бемор билмайди ва ўзини ҳавфсиз жойга ола олмайди.

Тутқаноқ хуружи қандай бошланади?

Тутқаноқ хуружи тўсатдан бошланади. Хуруж бошланганда беморнинг юзи ва оёқ қўллари бир томондан тортишиб бошлайди ва бемор ғужанак бўлиб ётиб олади. Қисқа вақт нафас олиш ҳам тўхтайди ва беморнинг ранги кўкариб кетади. Бу пайтда бемор қичқириб юбориши ва тилини тишлаб олиши мумкин. Бу давр эпилептик хуружнинг тоник босқичи (мускуллар қотиб қолиши даври) деб аталади. Бу давр ўртача 1 дақиқа давом этади. Баъзида 30 сониядан ошмайди.

Кейин хуружларнинг клоник босқичи (титроқлар даври) бошланади. Бунда бош ва оёқ-қўллар титрай бошлайди. Бош орқа ва ён томонга буралади, кўз олмаси юқори ва ён томонга қараб оғади. Шу ҳолатда титрашлар давом этиб туради. Хуружнинг клоник босқичи кўп ҳолатларда тагига сийиб юбориш билан тугайди. Клоник босқич 2-3 дақиқа давом этади. Тоник-клоник хуружларнинг умумий давомийлиги 3-5 дақиқага тенг. Хуружлардан сўнг бемор 2 соат мобайнида қаттиқ уйқуга кетади. Уни уйғотмаслик керак. Уйқудан тургандан сўнг эса бош оғриғи кузатилади.

Тунги хуружлар қандай рўй беради?

Тунда бўладиган хуружлар турли-туман бўлади. Хуружларнинг баъзилари қуйидагича кечиши мумкин. Бемор бирдан уйғониб кетади, қаттиқ боши оғриётган бўлади, қайт қилиши мумкин ва аста-секин кўзи ва боши ён томонга қайрилган ҳолда тутқаноқ хуружлари бошланиб кетади. Юзи қийшайиб қолади, сўлак оқади ва дудуқлана бошлайди. Баъзан ётган жойидан тўсатдан туриб ўтириб олади, оёқлари билан велосипед ҳайдаётгандек ҳаракатлар қилади ёки ғужанак бўлиб ётиб олади. Гоҳида ўрнидан туриб юриб кетади ва бироздан сўнг тўхтайди, баъзан уйдан чиқиб кетади. Бу хуружлар 30 сониядан 2-3 дақиқагача давом этиши мумкин. Кейин бемор ўзига келади, нималар қилганини эслай олмайди, баъзан қилиқларини чала бўлса-да, айтиб беради. Тунда бўладиган хуружларда бемор тилини тишлаб олиши, оғзидан қон аралаш кўпик чиқиши, тагига сийиб юбориши мумкин.

Эпилепсия ва уйқу

Эпилепсия билан оғриган беморлар учун кеч уйқуга кетиш ва мажбуран эрта уйғониш хавфлидир! Уйқунинг давомийлиги 6-8 соатдан кам бўлмаслиги керак. Эрталаб уйғонгандан сўнг мажбуран кўп ухлайвериш ҳам мумкин эмас. Бундай беморларда баъзан кундуз куни тўсатдан ухлаб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади ва бу ҳолат нарколепсия деб аталади.

Фокал  хуруж  нима?

Бош миянинг бирор-бир маркази қўзғалиши ҳисобига рўй берадиган тутқаноқ хуружларига фокал, яъни ўчоқли хуружлар деб айтилади. Фокал хуружлар тананинг маълум бир соҳасида титрашлар, бошнинг титраши, кўзга ҳар нарсаларнинг кўриниб ўтиб кетиши, қулоққа ҳар овозларнинг эшитилиб ўтиб кетиши, тўсатдан келадиган қўрқув ва қоринда кузатиладиган оғриқ хуружлари кўринишида кузатилади. Уларнинг давомийлиги 30 сониядан ошмайди.

«Аввал кўрган» ёки «ҳеч қачон кўрмаган» феномени ҳам фокал хуружлар учун хосдир, яъни бемор ҳеч қачон кўрмаган жойни худди аввал кўргандек ёки ўзига аввал жуда таниш бўлган ёки аввал яшаган жойларини энди биринчи марта кўриб тургандек ҳис-туйғулар пайдо бўлади.

Оддий ва мураккаб фокал хуружлар фарқланади. Оддий фокал хуружларда бемор ҳушини йўқотмайди. Мураккаб фокал хуружларда эса бемор хушини йўқотади. Мураккаб фокал хуружларда ҳушсиз ётган беморда ютиниш, чайнаш, бирор жойини силаш, чапак чалиш каби автоматик ҳаракатлар кузатилади. Мураккаб фокал хуружларнинг давомийлиги ҳам 30 сония атрофида бўлади. Бемор ўзига келганидан сўнг бироз карахт ҳолатда бўлади.

Фокал хуружларда бош мия касалликларини топиш учун чуқур неврологик текширувлар ўтказиш лозим. Деярли 60 % эпилепсия –фокал хуружлар билан кечувчи эпилепсиядир.

Эпилепсия руҳий касалликми?

Эпилепсия руҳий касаллик эмас. Бироқ, эпилепсия билан касалланганларнинг деярли ярмида кейинчалик руҳий бузилишлар ривожланади. Аксарият ҳолларда рухий бузилишлар даражаси хуружлар сонига боғлиқ. Хуружлар кўпайган сайин беморнинг шахси ўзгариб руҳий бузилишлар кучайиб ва кўпайиб бораверади. Эпилепсияда бемор шахсининг ўзгариши ўзига хослиги билан ажралиб турадики, бунинг натижасида тиббий амалиётда “эпилептик характер”, деган ибора пайдо бўлди. Бундай беморлар жуда эзма, қайсар, бесабр, тез хафа бўладиган, кайфияти тез ўзгариб турадиган, арзимаган майда ишларга ўралашиб юрадиган, тез жанжал кўтарадиган, майда гап ва жаҳлдор бўлиб қолишади. Албатта, беморда бу белгилар турли даражада ифодаланган бўлиши мумкин ва уларнинг қанчалик яққол намоён бўлиши тутқаноқ хуружларининг нақадар кўп кузатилиши, эпилепсия тури ва беморнинг даволаниш тарзига боғлиқ.

Яхши кайфиятда юрган бемор бирдан ўзгариб қолиши ва қўпол сўзлар билан яқинларини ҳақорат қила бошлаши мумкин. Бундай ҳолат у бирор нарсасини топа олмаса, унинг қилаётган ишига четдан кимдир аралашиб хатосини кўрсатса, унинг фикрига зид фикр билдирса рўй беради. Бундай пайтларда, бемор тезда жанжал кўтариб уришиб кетади. Баъзан арзимаган нарсадан кўтарилган жанжал аффект даражасигача кўтарилиши ва бемор ўзи ёки атрофдагиларга тан жароҳатини етказиб қўяди. Шунинг учун ҳам, бундай беморни даволаётган врач уни психиатр назоратига юбориши керак. Демак, хулқ-атворнинг кескин ўзгариши билан кечадиган эпилепсия кузатилган бемор психиатр назоратида туриши ва унда даволаниши керак.

Эпилепсияда хулқ-атвор ўзгаришлари, баъзан, “ижобий” тус олади. Масалан, улар бировларга керагидан ортиқча меҳрибон, бош ёрдамчи, кулиб турадиган, мулойим, ҳар қандай ишга бел боғлаб киришиб кетадиган шахслардир. Бу меҳрибонлик баъзи ҳолларда оила аъзоларига эмас, бегоналарга кўрсатилади. Шундай бўлса-да, унинг жаҳлини чиқариш осон, қилаётган ишларига мос эътиборни сезмаса ёки танбеҳ олса, бемор яна ўзгариб қайсар ва ўжар бўлиб қолади. Бемор бирорта одамдан қаттиқ ранжиса, у билан сира мулоқотга бормайди.

Эпилепсия билан касалланган баъзи беморлар ёлғонга ўч бўлса, бошқа бирлари ҳақиқатпарвар бўлишади, адолатсизликка чидай олишмайди. Унинг учун бегона бўлган одам ноҳақликдан азият чекса, узоқ вақт у ҳақида гапириб юради, қўлидан келса, ёрдамга шошади. Баъзи беморлар уйни ва ишхонасини жуда саранжом ва саришта тутишади, озода юришади, чиройли кийинишади, яъни улар тартибга қаттиқ риоя қилишади. Эпилепсия учун клептомания (керакмас нарсаларни ўғирлаб қўйиш) ҳам хос.

Эпилепсия касаллигида кузатиладиган шахсият ўзгаришлари касалликнинг қайси ёшда бошлангани, хуружлар сони ва тури, ўтказилаётган даволаш муолажаларининг қандай олиб борилаётганига узвий боғлиқ. Касаллик қанчалик эрта ёшда бошланса ва хуружлар ҳадеб такрорланаверса (айниқса, ҳушнинг йўқолиши билан кечувчи), шахс ўзгаришлари шунчалик тез ривожланади ва оғир кечади. Айниқса, бош миянинг чакка бўлаги зарарланиши сабабли юзага келган эпилепсияларда шахс бузилишлари кучли ифодаланган бўлади.

Жуда кам ҳолатларда кайфиятнинг кўтарилиб юриши кузатилади.   Улар бегона одам билан ҳам (келди-келмади) ҳазиллашаверади, бирор-бир кулгили воқеа ўйлаб топиб гаплашиб кетаверишади, масхарабозлик бўлишади, уятсиз латифалар ўйлаб топишади, гап орасида ҳадеб кечирим сўрайверишади. Таниш одамларни учратиб қолишса, йиғлаб ҳам олишади (айниқса, аёллар). Баъзи беморларда жинсий фаолликнинг ошиб кетиши кузатилади.

Эпилепсияда алаҳсираш билан кечувчи психозлар, одатда, ўткир ва сурункали кўринишда намоён бўлади. Ўткир психозларда биров уни таъқиб қилаётган, заҳарламоқчи, ёки оғир тана жароҳати етказмоқчидек туюлади. Бу ҳолат эпилептик паранойя деб аталади ва у бир неча кундан бир неча ойгача давом этади. Одатда, дисфория (кайфият бузилиши) билан пайдо бўлган ўткир психозлар қисқа вақт давом этади. Психозлар тўсатдан пайдо бўлиши, йўқолиб кетиши, пасайиши ва бир неча кунлардан сўнг яна пайдо бўлиши мумкин.

Эпилепсия ақлий заифликка олиб келадими?

Эпилепсиянинг баъзи турлари бориб-бориб ақлий заифликка олиб келиши мумкин. Эпилепсия билан касалланган баъзи беморларнинг хотираси пасайиб тафаккур доираси торайиб боради. Бироқ бу бузилишлар дарров пайдо бўлмайди, улар бир неча йиллардан сўнг ривожланади. Уларда бора-бора фикрлар теранлиги сусаяди, диққатни бир жойга қўя олишмайди. Диққат-эътиборни талаб қилувчи ақлий машқларни бажаришда қийналишади ёки уддасидан чиқа олмайди. Бир ишга киришиб кетиб, охирига етказа олмай ташлаб қўйишади. Ишларнинг энг асосийси ва иккинчи даражалисини ажрата олишмайди, майда кераксиз ишларга ўралашиб юришади.

Фикрлар карахтлиги беморнинг нутқида ҳам акс этади. Берилган саволларга лўнда қилиб жавоб бера олмайди, бир айтган гапини сўнгра яна бир неча бор такрорлайверади ёки суҳбат бошида тушунарли бўлиб қолган воқеани яна сўзлаб беради. Улар ҳиссиётга берилиб сўзлашади, баъзан камгап, баъзан сергап бўлишади. Бу беморнинг кайфиятига боғлиқ.

Ёши катта беморларда, айниқса аёлларда, пуэрилизм, яъни болаларга хос хулқ-атвор кузатилади. Уларнинг нафақат хатти-ҳаракатлари, балки фикрлаш доираси ҳам ёшидан орқада қолиши мумкин. Баъзан эса, 5-7 яшар болалар ўз ёшига мос келмайдиган ақл-заковатни кўрсатиши мумкин. Улар худди катталардек фикр юргизишади, фойдали маслаҳатлар бериб қўйишади. Баъзи ота-оналар боладаги бундай қобилиятдан қўрқиб кетиб, болани психиатрга ҳам кўрсатиб ёки бўлмаса фахрланиб юришади ва боладаги ноёб қобилиятни эпилепсия билан боғлашмайди. Демак, бошқа руҳий касалликлардан фарқли ўлароқ, эпилепсия бир-бирига зид бўлган руҳий ўзгаришлар билан кечувчи касалликдир.

Эпилепсияда кузатиладиган тафаккур бузилишлари чуқур ифодаланган ҳолларда ақли заифлик ривожланганлиги ҳақида сўз кетади. Эпилепсияда турли даражада ифодаланган ақли заифлик касаллик болалик даврида бошланган ҳолатларда кўп кузатилади ва у деярли ҳар иккинчи беморда намоён бўлади. Бунинг сабаби, болаларда олий руҳий функцияларнинг тўла шаклланмаганлигидир. Шунинг учун ҳам, болалик даврида кузатиладиган бош миянинг ҳар қандай оғир касаллиги руҳият ва тафаккурнинг у ёки бу даражада бузилишлари билан кечади. Эпилепсия билан касалланган беморларда кейинчалик бош миянинг турли касалликлари кузатилса, масалан, бош мия жароҳати, менингит, қон томир касалликлари, алкоголизм, тутқаноқ хуружлари ва руҳий бузилишлар кучайиши мумкин.

Эпилепсия ва ступор (қотиб қолиш)

Эпилепсияда ступор турли даражада, яъни оддий камҳаракатликдан тортиб, қотиб қолишгача кузатилади. Қотиб қолган беморларда мутизм (гапирмай қўйиш) пайдо бўлади, бироқ улар бировнинг сўзи ва ҳаракатини такрорлаши мумкин. Одатда, ступор бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Ступор пайтида тўсатдан фаол ҳаракатлар пайдо бўлиши ва бемор атрофдаги нарсаларни отиб юбориб, ёнидагилар билан уришиб кетиши мумкин. Ступор, одатда, хуружлардан сўнг кузатилади, бунда тўла ва қисман амнезия ҳам вужудга келади.

Эпилепсияда руҳий, ҳиссий ва тафаккур бузилишлари касалликнинг сўнгги босқичларида кучли ривожланган ва клиник манзараси яққол ифодаланган бўлади. Руҳий бузилишлар яққол ифодаланган беморларда тутқаноқ хуружлари бутунлай тўхтаган бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам психиатрлар эпилепсиянинг сўнгги босқичларида тутқаноқ хуружлари ўрнини руҳиятнинг бузилишлари эгаллайди, деб айтишади.

Эпилепсия билан касалланган беморни даволаса бўладими?

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, эпилепсия билан касалланган беморни қанча эрта даволаб бошласа, тўла тузалиб кетиш имконияти шунча юқори бўлади. Аксарият давлатларда эпилептологлар ассоциациялари мавжуд. Бир қанча илмий жамиятлар, лабораториялар ва институтлар эпилепсия касаллиги ва уни даволаш устида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Йилига эпилепсияга оид юзлаб жиддий илмий мақолалар чоп қилинмоқда ва самарали доривор воситалар ишлаб чиқарилмоқда. Эпилепсияни даволаш бўйича халқаро стандартлар ишлаб чиқилмоқда ва бунга беморларни даволовчи барча врачлар амал қилишлари зарур. Беморни даволашда антиэпилептик дориларни кўр-кўрона тавсия қилавермасдан, эпилепсиянинг тури ва унга таъсир қилувчи самарали дориларни тўғри аниқлаб олиш зарур. Кузатилган битта хуруждан сўнг дарров антиконвулсантлар тавсия қилиш ҳам ноўриндир.

Аксарият мутахассислар тутқаноқ хуружлари 2-3 марта кузатилгандан сўнг эпилепсия ташхисини қўйиш мумкин, деб ҳисоблашади. Бундай беморлар зудлик билан врач назоратига олиниши ва барча текширувлардан ўтказилиши керак. Шунингдек даволашни энди бошлаган даврда айнан қайси дори эпилепсиянинг қайси турига фойда қилишини билиб олиш керак.

Антиконвулсантлар қандай буюрилади?

Эпилептик хуружларни бартараф этиш учун бериладиган дориларни антиконвулсантлар деб аташади. Масалан, финлепсин, депакин, конвулекс каби дорилар антиконвулсант ҳисобланади. Даволашнинг муваффақиятли кечиши тўғри аниқланган ташхис ва тўғри танланган дори турига боғлиқ.

Беморларни даволашда қуйидаги қоидаларга амал қилиш зарур:

  • Даставвал эпилепсия тури, беморнинг ёши, қандай касалликлар билан оғриганлиги, дориларга аллергияси бор-йўқлиги, руҳий ҳолати аниқланиши керак.
  • Электроэнцефалография (ЭЭГ) албатта қилиниши ва беморни даволовчи врач ЭЭГ хулосаларини ўқий олиши керак. Бу текширув эпилепсия ташхисини қўйиш ва унинг турини аниқлаш учун энг асосий текширув усулидир. Уни заруратга қараб ҳар 3-6 ойда ўтказиб туриш мумкин. Ташхис қўйиш мушкул ҳолатларда ЭЭГ видеомониторинг қилинади. Бунда беморнинг бошига тақиб қўйилган электродлар бош мия биотоклари 12-24 соат мобайнида ёзиб турилади. Бу ёзувлар компьютер мониторида акс этиб туради ва бира-тўла видеога ёзиб борилади. Хулоса беморнинг қариндошларига CD дискка ёзиб берилади. Видеомониторинг, айниқса, абсанслар билан кечадиган эпилепсияларда кўп қўлланилади. Бу усул билан бир кунда беморда неча марта абсанс рўй берганини аниқлаб олиш мумкин. Баъзида абсанслар бир кунда 50-100 марта ҳам кузатилади.
  • Даволаш учун дастлаб битта дори танланади ва у кам дозада бериб бошланади. Дорининг дозаси ҳар 3-5 кунда ошириб борилади. Дорининг дозаси тана оғирлиги, хуружлар сони, беморнинг умумий аҳволига қараб белгиланади. Танланган дорининг бемор учун ҳақиқий терапевтик дозасини аниқлаб олиш ўта муҳим. Бу врачдан катта маҳоратни ва тажрибани талаб қилади.
  • Антиконвулсантларнинг қандай берилиши индивидуал тарзда ҳал қилиниши ва буни фақат даволовчи врач ҳам қилиши керак. Даволаш режасини тузишда Ҳалқаро стандартларга таяниб иш кўриш керак.

Бемор тузалгандан сўнг эпилепсия хуружлари яна қайта қўзғамайдими?

Агар даволаш тўхтатилгандан сўнг, яъни эпилепсияга қарши дориларни қабул қилиш тўхтатилгандан сўнг, хуружлар 5 йил  мобайнида кузатилмаса, бемор тузалди деб хулоса қилиш мумкин. Бироқ  Ҳалқаро эпилептологлар ассоциацияси маълумотларига кўра, 20 % беморда, яъни тўғри даволанаётган ҳар бешинчи беморнинг биттасида тўла тузалиш имконияти йўқ, яна шунча беморда эпилепсияни дорилар билан даволаб бўлмайди. Бундай беморлар операция йўли билан даволаниши керак. Бироқ операция ҳам ёрдам бермаслиги мумкин.

Эпилепсия ва тутқаноқ хуружларининг 80 фоизини терапевтик йўл билан, яъни дори-дармонлар билан даволаш мумкин. Айниқса, болалик даври эпилепсиялари, катта хуружлар билан кечувчи эпилепсия турларини самарали даволаш имкони бор. Агар тутқаноқ хуружлари бош мия жарохатлари, бош мия қон томир касалликлари (энцефалопатиялар), бош мия пардалари яллиғланиш касалликлари (лептоменингит), турли интоксикациялар (алкоголизм, болалар ва ўсмирларда гижжа) сабабли ривожланган бўлса, тутқаноқ хуружларини тўхтатиш учун касалликни келтириб чиқарувчи сабабни бартараф этиш лозим.

Статистик маълумотларга кўра, даволаш курсини тўғри ўтаган беморларнинг 50 фоизида кейинчалик хуружлар сира кузатилмайди, 30 фоизида хуружлар кам бўлсада, қайталаниши мумкин, 20 фоизида даволаш қандай кечишидан қатъий назар хуружлар қайталайверади, яъни ижобий натижа бўлмайди.

Даволаш натижа бермаслигининг сабаблари нимада?

Бунинг сабаблари бир қанча бўлиб, унинг асосийлари қуйидагилар:

  • Эпилепсиянинг тури нотўғри аниқланган, яъни ташхис нотўғри қўйилган.
  • Дори ёки унинг дозаси нотўғри танланган ва кам дозада берилаяпти.
  • Дори қабул қилиш режимини тез-тез бузилган.
  • Кечқурун тўйиб ухламаган ёки тунда ишлайди.

Дори ичишни қачон тўхтатиш мумкин?

Эпилептологлар ассоциацияси тавсиясига кўра, тўғри даволаш бошлагандан сўнг 2-3 йил мобайнида хуружлар кузатилмаса, аста-cекинлик билан дорилар қабул қилишни тўхтатиш мумкин. Эпилепсиянинг баъзи турларида бу муддат 5 йилгача қилиб белгиланган. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, деярли 30 фоиз беморда хуружлар яна қайталаши мумкин. Бундай ҳолатларда даволанишни яна давом эттириш керак бўлади.

Эпилептик хуружларни тўхтатувчи дориларнинг энг зўри борми?

Эпилепсиянинг барча турларига зўр таъсир қиладиган универсал дори ханузгача ишлаб чиқилмаган. Масалан, карбамазепин тутқаноқ хуружларини яхши бартараф этса, бироқ абсанслар билан кечувчи эпилепсияда ёрдам бермайди. Этосуксимид, депакин, конвулекс абсансларни тўхтатишда жуда фойдали, бироқ  тутқаноқ хуружларини тўхтата олмайди.

Агар ичиб юрган дори фойда қилмаса, уни бошқа дорига ўзгартириш тартиби қандай?

Фойда қилмаган дорини бирдан тўхтатиш асло мумкин эмас! Бу ҳавфли! Шунинг учун бир дорини иккинчи дорига ўзгартириш схемасини келтириб ўтамиз. Дейлик бемор А дорини 1 таблеткадан 3 маҳал қабул қилиб юрибди. Уни қандай қилиб Б дорига ўзгартириш мумкин? Ушбу схема қуйидаги жадвалда келтирилган (Бу жадвал врачлар фойдаланиши учун мўлжалланган).

Дорилар
Аввал ичиб юрган дориси А А А
1-3 кун А А Б
4-6 кун А Б Б
7 кундан кейин Б Б Б

Демак, А дорининг дозасини ҳар 3 кунда камайтириб Б дорига ўтиб бориш мумкин. Буни врач назоратида амалга ошириш керак. Врач ҳохишига кўра бир доридан иккинчи дорига ўтиш тартибини 3 кун эмас, балки 5 кун қилиб белгилаш ҳам мумкин. Бир доридан иккинчи дорига ўтишни ЭЭГ назоратида амалга оширса жудаям яхши бўлади.

Нима учун эпилепсияда доимо ЭЭГ текширувини ўтказиш тавсия этилади?

Чунки ЭЭГ – эпилепсиянинг турини тўғри аниқловчи ягона текшириш усулидир. Янги дорининг фойда бериш ёки бермаслигини даставвал ушбу текширув орқали билиб олиш мумкин. Чунки хуружлар камайишидан олдин ўзгаришлар аввал ЭЭГ да кўзга ташланади. ЭЭГ ни эпилепсияни яхши тушунадиган мутахассис невропатолог ўтказиши керак. ЭЭГ қилаётганда албатта фотостимуляция синамасини ўтказиш керак. Ана шунда кўринмас тўлқинлар юзага чиқиб эпилепсиянинг турини аниқлаш осон кечади. Гипервентиляция, яъни ЭЭГ олаётганда чуқур-чуқур нафас олиш ҳам эпилептик хуружлар, айниқса абсансларни тез аниқлашга ёрдам беради. Баъзида абсансни юзага келтириш учун гипервентиляциянинг ўзи етарли. Хуружлар энди бошланган беморда эпилепсиянинг турини аниқлаш қийин кечади. Бунинг учун камида ҳар ойда бир марта ЭЭГ қилиб беморни назоратга олиб ҳуруж турларини аниқлаш ўта муҳимдир. Баъзида 12-24 соат мобайнида видео-ЭЭГ ўтказишга тўғри келади. Кейин олинган маълумот ҳар томонлама таҳлил қилинади.

Қандай дориларни эпилепсияда бериб бўлмайди? Витаминлар тутқаноқ хуружларини кучайтирадими?

Тутқаноқ хуружларини кучайтириш мумкин бўлган дорилар бир қанча бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида маълумот бериб ўтаман. Охирги пайтларда баъзи беморлар ёки уларнинг қариндошлари интернет орқали ёки бошқа бир беморнинг тавсиясига кўра дори танлайдиган бўлиб қолишган. Бу ўта ҳавфли! Фақат врач тавсиясига кўра иш қилиш керак. Таркибида кофеин сақловчи дориларни (кофеин бензоат натрий), психостимуляторлар, антихолинэстеразлар (прозерин, нивалин, нейромидин), биостимуляторлар (алой, Фибс), церебрал метаболиклар ва таркибида женшен миқдори кўп бўлган дорилар эпилепсия касаллигида тавсия этилмайди. Витаминлардан витамин В1 хуружларни кучайтириши мумкин, қолган витаминларнинг ҳавфи йўқ. Масалан, В6 (пиридоксин) эпилепсияда жуда фойдалидир. Айниқса, эрта ёшдаги болаларда кузатиладиган эпилепсиянинг баъзи турлари пиридоксин, яъни В6 витамини етишмаслиги сабабли рўй беради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, поливитаминларнинг ҳам зиёни йўқ. Уларни беморлар врач белгилаган миқдорда қабул қилишлари мумкин. Шунингдек, баъзи аминокислоталар, яъни лецитин, метионин, глутамин кислотаси, фолат кислотаси тутқаноқ ҳуружларини тўхтатишга ёрдам беради. Чунки ҳар бир ҳуружда мия тўқималарида уларнинг миқдори камайиб боради.

Беморни даволаш учун 2-3 та дорини биргаликда берса бўладими?

Беморни даволашни битта дори билан бошлаш керак. Эпилепсия тури аниқлангандан сўнг касалликнинг айнан ўша турига самарали таъсир кўрсатувчи дориларнинг биттаси танлаб олинади. Дорини врач кам дозада бера бошлайди ва секин-аста дозасини ошириб боради. Ҳар бир дорининг белгиланган дозаси бўлади ва унинг қай тарзда берилиши беморнинг ёши, хуружлар сони, касаллик сабаби, йўлдош касалликлар бор-йўқлиги, моънелик қилувчи ҳолатлар ва шу каби бошқа вазиятларга қараб врач томонидан белгиланади. Агар дори кўрсатилган муддатгача тавсия қилинган тақдирда ҳам фойда бермаса, врач уни бошқа дорига ўзгартиради. Одатда дорининг таъсир қилиш-қилмаслиги 1 ҳафтадан кейин билина бошлайди. Агар хуружлар сони камайса-ю, бутунлай тўхтамаса қўшимча равишда иккинчи дори тавсия қилинади. Бир-бирининг таъсирини камайтирмайдиган дориларни танлаш зарур.

Баъзида врачлар “Мен ҳаммасини тўғри ёзганман, бироқ бемор дори ичиш режимини доимо бузиб юради”, деб беморлардан арз қилиб юришади. Бунга нима дейиш мумкин?

Хатто Европа мамлакатларида ҳам деярли 30 % бемор дори ичиш режимига амал қилмайди. Бунинг асл сабабини ўрганиш учун беморлар орасида сўровнома ҳам ўтказилган. Сўровномада биттагина савол қўйилган. “Сиз дори ичиш режимини нега бузаяпсиз”. Жавоблар қуйидагича бўлган. “Дорининг ножўя таъсир кўрсатгани учун (масалан, бош айланиш, холсизлик)” “Тузалиб кетишимга ишонмаяпман”, “Дори ичиш тез-тез эсимдан чиқаяпти”, “Дори ичавериш жонимга тегди”. Дори ичиш режими бузилишининг яна бир асосий сабабларидан бири – бу эпилепсиянинг сурункали кечиши ва дорини йиллаб ичиш кераклигидир. Беморнинг тузалиши ундан сабр-тоқатни, даволовчи врачдан эса иродани талаб қилади. Фикримизча, дори ичиш режимини бузмаслик учун уни 2 маҳал, яъни эрталаб ва кечкурун тавсия қилган маъқул. Чунки эрталаб ҳам, кечаси ҳам беморнинг дори ичаётганлигини назорат қилувчилар ёки дори ичишни эслатиб турувчилар  кўп бўлади (масалан, эрталабки нонушта ва кечқурунги овқатланиш пайти). Бунинг учун таъсири 12 соат давом этувчи дориларни танлаб олиш зарур. Кундуз куни эса бемор дори ичишни унутиб қўйиши ёки ичмаслиги мумкин. Даволовчи врач ҳам, беморнинг яқинлари ҳам бундан бехабар бўлади ва бу ҳолат дорининг дозасини тўғри аниқлашни чалкаштириб юборади. Эпилепсия билан касалланган беморлар, айниқса ўсмирлар псевдолог бўлишади, яъни ёлғон гапиришни хуш кўришади. Улар ўзларида жиддий касаллик борлиги ва хуружлардан азият чекишига қарамасдан “Дорини ичаяпман” деб, ота-онасини алдаб юришади. Беморлар дорини ўз вақтида қабул қилмаслигининг яна бир сабаби – паришонхотирлик ва хотиранинг сустлигидир. Баъзи беморларнинг эслаб қолиш қобилияти паст ва фикрлари карахт бўлади. Улар кеча ичган дорисини ҳозиргина ичдим деб ўйлашади. Бу ҳам дори ичиш режимини бузишнинг асосий сабабларидан биридир. Шунинг учун беморнинг хонасига календар осиб қўйиш ва дори ичган кунни белгилар бориш ҳам муҳим. “Дорингни ичдингми?” деб сўрамасдан, дорини оила аъзоларидан биттаси бериб бориши керак. Дорини эрталаб 8.00 ва кечқурунги 20.00 га белгилаган маъқул. Бироқ хуружлар тез-тез бўладиган ҳолатларда кунига 4 маҳал дори ичишга тўғри келади. Бундай бемор албатта кимнингдир назоратида дори ичишлари керак!

Эпилепсия касаллигида дорини йиллаб ичиш тавсия қилинади. Бу дорилар жигарга зиён эмасми?

Олимлар сурункали касалликларда доимий равишда қабул қилинадиган дориларни ишлаб чиқишда уларнинг организм, шу жумладан жигарга зарарли таъсирини ҳам албатта ўрганишади. Бундай дорилар узоқ муддат қабул қилишга мўлжалланган. Шундай бўлсада, даволашни бошлашдан олдин ва кейинчалик (ҳар йили 1-2 марта) жигар ферментларини текшириб туриш зарур. Айниқса, валпроатларни (депакин, конвулекс) тавсия қилганда жигар ферментларини текшириб бориш тавсия этилади.

Беморни даволаш учун берилаётган дорилар хотира ва боланинг ақлий ривожланишига зиён қилмайдими?

Айтиб ўтганимиздек, хуружлар тез-тез кузатилса, беморнинг нафақат хотираси, балки унинг ақлий ривожланиши ҳам орқада қолади. Масалана, бензонални йиллаб қабул қилиш ҳам ақлий ривожланишга салбий таъсирга кўрсатади. Шунинг учун ҳам бензонал кўп мамлакатларда қўлланилмайди. Бироқ, финлепсин (карбамазепин), конвулекс, депакин, топирамат (топамакс) каби дорилар хуружларни тўхтатиш билан бирга, беморнинг ҳулқ−атвори ва ақлий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бундай дорилар бугунги кунда кўп ишлаб чиқарилмоқда.

Эпилепсия билан касалланган беморларни жаррохлик йўли билан даволаш мумкинми?

Ҳа! Бундай беморларни жаррохлик йўли билан ҳам даволаш мумкин. Бунинг учун бош миянинг эпилептик хуружлар келтириб чиқарувчи қисмига махсус жаррохлик йўли билан таъсир кўрсатилади. Бундай операцияларнинг ижобий таъсири жуда юқори. Одатда дорилар билан даволаш қийин бўлган беморларга жаррохлик усули тавсия қилинади. Бироқ бемор хохишига кўра эпилепсиянинг дори билан даволаса бўладиган турларини ҳам операция йўли билан даволаш мумкин. Авваллари операция йўли билан даволаш фақат катталарга ўтказиладиган бўлса, ҳозирги кунда болалар ва ўсмирларни ҳам оператив йўл билан даволаш қўлланилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тутқаноқ хуружлари бош мия ўсмалари ёки унда мавжуд бўлган йирик чандиқлар ҳисобига ривожланса, бундай беморларга албатта операция қилиш керак. Бироқ хирургик усуллар эпилепсиянинг барча турига ҳам ёрдам беравермайди. Масалан, идиопатик (наслий) ва криптоген (сабаби ноаниқ) эпилепсияларга хирургик даволаш усуллари кам ёрдам беради.

[Uzbek] 12 Comments [Uzbek] on ЭПИЛЕПСИЯ

  1. [Uzbek]
    яхё
    [Uzbek] 23/11/2015 at 12:01 ([Uzbek] 1 year [Uzbek] ago)

    синглим касал булгани учун эпилепсия хакидаги маколани укиб чикдим. мен, бу давоси йук касаллик деб уйлардим. лекин бу хакда тушунчаларим узгарди. жуда катта рахмат.

    Reply
    • [Uzbek]
      Sardor Shodiyev
      [Uzbek] 24/11/2015 at 20:21 ([Uzbek] 1 year [Uzbek] ago)

      Эътиборингиз учун раҳмат.
      Бизни кузатишда давом этинг.

      Reply
  2. [Uzbek]
    akmal
    [Uzbek] 25/12/2015 at 04:53 ([Uzbek] 1 year [Uzbek] ago)

    Meni bir savolim bor edi. Shu tutqanoq kasalligini O’zbekistonda yaxshi davolash markazlarini qaysisini tavsiya qilasiz?

    Reply
    • [Uzbek]
      Sardor Shodiyev
      [Uzbek] 26/12/2015 at 15:57 ([Uzbek] 1 year [Uzbek] ago)

      Салом Нурманов Акмал.
      Тутканок яъни эпилепсия касаллиги билан огриган беморларларга Узбекистонджа жуда купгина марказларда, эпилептологлар даволаш ишларини амалга оширилмокда. жумладан, Тошкент тиббиёт Академияси, “Асаб касалликлари” кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори, неврапотолог ва нейропсихолог, Ибодуллаев Зарифбой Раджабовични тавсия килишимиз мумкин. Ушбу ва бошка неврологик касалликларни профессор хафтанинг душанба ва пайшанба кунлари уз хусусий клиникасида кабул киладилар. Манзил: Тошкент ш., Ибн Сино мавзеси, “Бозиргон” базмгохининг карама каршисида “Неврология” хусусий клиникаси.

      Reply
  3. [Uzbek]
    Akmal Nurmanov
    [Uzbek] 12/02/2016 at 19:56 ([Uzbek] 12 months [Uzbek] ago)

    Siz bilan albatta boglanaman Katta raxmat

    Reply
  4. [Uzbek]
    Akmal Nurmanov
    [Uzbek] 24/02/2016 at 18:21 ([Uzbek] 11 months [Uzbek] ago)

    Bir savolim bor edi

    Tutqanoqqa isiriqni urug’i davo buladi deb eshitdim shu rostmi shu xaqida batafsil ma’lumot kerak edi

    Reply
  5. [Uzbek]
    Akmal Nurmanov
    [Uzbek] 15/03/2016 at 22:01 ([Uzbek] 10 months [Uzbek] ago)

    Tutqanoqqa isirigning urug’ini damlama qilib ichsa davo bo’ladimi shu to’grimi shu xaqida ma’lumot kerak edi.

    Reply
  6. [Uzbek]
    Akmal Nurmanov
    [Uzbek] 15/03/2016 at 22:02 ([Uzbek] 10 months [Uzbek] ago)

    iltimos shu xaqida ma’lumotlariz bo’lsa bering

    Reply
  7. [Uzbek]
    Sardorbek
    [Uzbek] 18/08/2016 at 16:26 ([Uzbek] 5 months [Uzbek] ago)

    salom iltimos menga ZARIFBOY akani elektron pochtasi kerak edi shaxsiy savolim bor edi u kishiga oldindan raxmat

    Reply

Жавоб қолдириш

Сизнинг электрон почтангиз сайтда кўрсатилмайди. * Бу мажбурий тўлдириш зарур катаклар

Изоҳ *






error: Content is protected - Содержимое защищено !!