- Янгиликлар

Асабдан ҳам тана ҳарорати ошадими?

Тана ҳароратимиз ошса, шамолладим шекилли, деб гапирамиз. Тўғри! Шамоллаш – тана ҳарорати кўтарилишининг асосий сабабчиси. Бундай ҳолатга деярли барчамиз тушганмиз ва одамнинг иссиғи кўтарилса, қандай аломатлар пайдо бўлишини яхши биламиз. Бироқ кўпчилик беморлар асабдан, яъни руҳий сиқилишдан ҳам тана ҳарорати кўтарилишини билишмайди. Шу ҳақда тўхталиб ўтсам.

Кучли стресс ёки доимий сиқилишлар натижасида одамда тана ҳарорати кўтарилади. Бу ҳолат жуда кам учрагани учун баъзида врачлар ҳам аросатда қолади.

Белгилари қандай? Тана ҳарорати 38ºС га кўтарилади-ю, нормал ҳолатга қайтмай туради. Кам ҳолларда бу кўрсаткич 39°–40°С га етади. Бундай беморлар қонида яллиғланиш белгилари аниқланмайди, ҳолсизланиб ётиб қолишмайди, врач қабулига бемалол ўзлари қатнаб юришади. Яллиғланишга қарши дорилар, аспирин ва антибиотиклар таъсири жуда паст бўлади ёки умуман таъсир қилмайди. Кўпинча ушбу ҳолат кучли стрессдан сўнг вужудга келади. Демак, асабдан тана ҳарорати кўтарилишини ва бу ҳолат бир неча ойлаб давом этишини эсда тутинг.

Бундай беморга тана ҳароратини туширувчи дорилар билан муолажа қилавериш ёмон асоратларга олиб келиши мумкин. Бемор, авваламбор, тинчланиши лозим. Тинчлантирувчи дорилар ичганда ҳам тана ҳарорати нормага тушиши мумкин. Баъзида эса ҳеч қандай дори-дармон наф бермайди. Беморни ҳадеб самарасиз даволашга уринавериш уни шифокорлардан бездириб қўяди. Аксарият ҳолларда беморни режали тарзда кузатувга олиш ва унга психотерапевтик ёрдам кўрсатишнинг ўзи кифоя. Вақт ўтиб, тана ҳарорати яна нормага қайтади.

Эсда тутинг! Тана ҳарорати ошиши билан боғлиқ ҳар қандай вазиятда врачни уйга чақиринг. Врач сизга зарур текширувларни ўтказиб, тана ҳарорати нимадан ошганлигини аниқлаб беради. Агар тана ҳарорати стресс сабабли ошганлиги маълум бўлса, сизни тиббий психолог даволайди.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.