- Янгиликлар

БОШ МИЯНИНГ ИЧКИ БОСИМИ НЕГА ОШАДИ?

Соғлом одамнинг бош миясида бир кунда 350–450 мл суюқлик (ликвор) ишлаб чиқарилади ва мия тўқималарида қайта сўрилиб туради. Мия суюқлиги ишлаб чиқарилиши ва қайта сўрилиш жараёни бузилиши натижасида миянинг ички босими ошиб ёки тушиб кетади. Мия суюқлиги, яъни ликвор мия қоринчаларида тўпланади ва мия пардалари орасида оқиб юради. Шунинг учун ҳам ликвор мия учун жуда катта ҳимоя вазифасини ўтайди.

Қандай касалликларда миянинг ички босими ошади? Бунинг асосий сабаблари – мия пардаларининг яллиғланиш касалликлари (менингит, лептоменингит) ва бош мия жароҳатлари.

Белгилари қандай? Лўқилловчи ва зўрайиб турувчи доимий бош оғриқ асосий белгидир. Бундай беморлар эрталаб бош оғриғи билан уйғонишади, бир оз юргандан сўнг бош оғриғи камаяди, бироқ тушликдан сўнг яна кучаяди. Бошни энгаштирганда, спиртли ичимликлар истеъмол қилганда, зинапоядан кўтарилганда ёки оғирроқ юк кўтариб узоқроқ жойга юрганда бош оғриғи кучаяди. Уларнинг боши жуда сезгир бўлади, иссиққа ҳам, совуққа ҳам чидашмайди. Кўз олмаларида ҳам оғриқлар кузатилади.

Бош оғриғи билан биргаликда бош айланиши, кўз олди қоронғилашуви, кўнгил айниши, хотира пасайиши, бош оғриқдан тунги уйғонишлар ва баъзида гандираклаб юришлар ҳам миянинг ички босими ошганлигидан далолат беради.

Қандай касалликлар билан қиёслаш керак? Бош миянинг ички босими ошган деган ташхисни қўйишдан олдин беморда мигрен, зўриқиш бош оғриғи, депрессия, невроз, истерия, глаукома, гайморит, фронтит, артериал қон босимнинг ошиши, энцефалопатиялар каби касалликларнинг бор-йўқлигини инкор қилиш лозим. Чунки бош оғриқлар ушбу касалликларда ҳам учрайди.

Тўғри ташхис қандай қўйилади? Беморнинг касаллик тарихи ва сабаблари, бош оғриқ ҳусусияти, неврологик текширувлар ва бош мия МРТ хулосаси ўрганилиб, тўғри ташхис қўйилади.

Даволаш қандай олиб борилади? Невропатолог томонидан поликлиника шароитида олиб бо­рилади. Агар миянинг ички босими ошиши сабаблари жиддий бўлса, бемор шифохонага ётқизилади.

Асоратлари қандай? Бош оғриғи сурункали тус олади, кўриш қобилияти ва хотира пасайиб боради, беморнинг иш фаолияти сустлашади.

Профилактикаси қандай? Бош мия касалликларини ўз вақтида бартараф этишдан иборат.

Даволашда қандай хатоларга йўл қўйилади? Баъзи ҳолатларда биз бошқа тусдаги бош оғриқларни айнан «миянинг ички босими ошганидан» деб даволаниб юрган беморларни учратамиз. Негадир бундай беморлар кавинтон, пирацетам, актовегин, милдронат, циннаризин каби дорилар билан даволаниб юришади. Бу дориларнинг бирортаси ҳам миянинг ички босимини туширмайди. Бу касалликни даволашдан олдин беморни обдон текшириш ва бош оғриқнинг асосий сабабини топиб, кейин даволаш муолажаларини ўтказиш зарур. МРТдаги мия қоринчалари кенгайиши ҳам ҳозирги пайтда беморда «бош мия босими ошган» деган маънони англатмайди. Бу ҳолат аввал ўтказган бош мия жароҳати асорати бўлиши мумкин. Ҳар қандай вазиятда ҳам невропатолог кўриги зарур бўлади.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.