- Мақолалар

ЭНУРЕЗ

З.Ибодуллаев, Д.Абдуллаева, Тошкент тиббиёт академияси

Сийдикни ушлаб тура олмасликка энурез деб айтилади. Юнончадан enureo – сиймоқ дегани. Кундузги ва тунги энурез фарқланади. Тунги энурез жуда кўп учрайди ва асосан болалик даврида кузатилади. Уйқу пайтида 2 ёки 3 ёшга тўлмаган болалар ухлаб ётганда тагига сийиб қўйиши нормал ҳолат. Чунки уларда сийишни назорат қилувчи церебрал марказлар ҳали ривожланмаган бўлади. 3 ёшдан кейин қовуқ фаолияти назоратга олинади ва уйқу пайтида энурез кузатилмайди. Уйқу пайтида қовуқ сийдикка тўлгандан сўнг пайдо бўлган ва афферент йўллар орқали бош мияга етиб борган сигналлардан сўнг 3 ёшга етган бола уйғониши керак. Албатта болани 2 ёшлигиданоқ шунга ўргатиб бориш ҳам катта аҳамиятга эга. Энурезнинг 3 ёшдан сўнг ҳам кузатилиши патологик ҳолат ҳисобланади. Бундай болалар қотиб ухлашади. Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг деярли 20 % тунги энурездан азият чекади.

Этиологияси. Энурезнинг асосий сабаби – нерв системасининг (шу жумладан ВНС) функционал жиҳатдан ривожланишининг орқада қолишидир. Бундай болаларда баъзида спинал аномалиялар ҳам аниқланади. Шунингдек 3 ёшгача турли касалликлар билан оғриган ва кейин тузалиб кетган болаларда ҳам энурез балоғат ёшигача давом этиши мумкин. Болаларда кўп учрайдиган сурункали ЛОР инфекциялар ҳам энурез сабабчиси бўлиши мумкин. Жисмоний жиҳатдан нимжон болалар ҳам энурезга мойил бўлишади. Энурезга наслий мойиллик борлиги ҳам инкор этилмайди. Чунки энурез кўпинча оилавий бўлиб учрайди ва боланинг отаси ёки онасида ҳам болалик даврида энурездан азият чеккан бўлади. Айниқса балоғат ёшигача давом этган энурезларда наслий мойилликка катта урғу берилади. Нотўғри тарбия, оиладаги доимий уруш-жанжаллар боланинг психик ривожланишига қаттиқ салбий таъсир кўрсатади. Бундай болалар ўта инжиқ, йиғлоқи, қайсар ёки одамови бўлиб қолишади. Улар кечаси қотиб ухлашади ва сийғоқ бўлишади.

Клиникаси Энурез кузатиладиган болаларнинг деярли 90 фоизида невротик бузилишлар аниқланади. Шунинг учун ҳам аксарият неврологлар тунги энурез – бу неврознинг тунги клиник симптоми, деб аташади. Ҳақиқатан ҳам невротик бузилишларни бартараф этиш энурезни бартараф этишда катта самара беради. Кундузги энурез кундузи иштонига сийиб қўйиш билан намоён бўлса, тунги энурез ухлаб ётганда тагига сийиб қўйиш билан намоён бўлади. Баъзи болаларда тунги энурез туғилгандан буён балоғат ёшигача тўхтовсиз давом этаверади. Баъзида эса, яъни 2,5-3 ёшдан сўнг сиймай қўйган бола, 5-7 ёшлардан сўнг яна сийиб бошлайди. Бунга қаттиқ стресс ёки ўткир инфекциялар сабабчи бўлиши мумкин. Тунги энурез турли ёш, яъни 4-6, 7-10, 11-15, 16-19 ёшгача давом этади. Каттароқ ёшдаги болаларда энурез кам учрайди. Масалан 10 ёшгача бўлган болаларда энурез 5 ёшгача бўлган болаларга қараганда 2 баробар кам учрайди. 20 ёшдан кейин энурез деярли учрамайди.

Ташхис ва қиёсий ташхис. Энурез ташхисини қўйиш авваломбор уни нейроген қовуқ синдромидан фарқлашдан бошланади. Невроген қовуқ синдроми органик неврологик бузилишлар сабабли ривожланса, энурез – функционал неврологик бузилишлар сабабли ривожланади. Невроген қовуқ синдроми турли ёшларда (эрта ёшдан то умрининг охиригача) учраса, энурез 20 ёшгача бўлган даврда учрайди. Энурез кўпинча тунда учраса, нейроген қовуқ синдроми кундузи ҳам, тунда ҳам кузатилаверади. Нейроген қовуқ синдроми сийдик пуфагининг турли хил дисфункциялари билан намоён бўлса, энурез фақат сийдик ушлаб тура олмаслик билан намоён бўлади. Энурез ташхисини қўйишдан олдин албатта нейроген қовуқ синдромини инкор қилиш керак.

Давоси ва профилактикаси. Бола невропатолог назоратида даволаниши керак. Даволаш жараёнида психологик ёрдамнинг ҳам ўрни катта. Шунинг учун даволаш жараёнида психологлар ҳам иштирок этиши мақсадга мувофиқ. Даволаш боланинг ота-онаси билан ишлашдан бошланади. Оилада соғлом психологик муҳит яратиш ўта муҳимдир. Тагига сийиб қўйган болани ҳеч қачон қаттиқ уришмаслик ва уни ака ёки опалари олдида масҳара қилмаслик керак. Бундай муносабатлар энурезни кучайтиради холос. Баъзида энурезни бартараф этиш ёки унинг олдини олиш учун болани тўғри тарбиялашнинг ўзи етарли бўлади.

Биринчи бор энурез кузатилганда нима қилиш керак? Дейлик тагига сиймай юрган 4 яшар болада биринчи бор тунги энурез кузатилди. Дастлаб боланинг ота-онаси бунинг сабабини аниқлаб олиши керак. Бола кечаси совуқ қотган бўлиши ёки кечқурун газли ичимликларни (кола, фанта, спрайт) кўп истъемол қилган бўлиши мумкин. Болага бу ҳақда тушунтириш ишларини олиб бориш, кечки соат 18.00 дан сўнг кўп суюқлик ичмаслик кераклиги, акс ҳолда ётган жойига сийиб қўйиб уятга қолиши мумкинлиги тушунтирилади. Бола бир хил пайтда ухлашга ётиши ва ухлашдан олдин туалетга бориб келиши тайинланади. Бола ётган жой иссиқ бўлиши, эшик-ойналар очиқ қолиб елвизак эсиб турмаслигига эътибор қаратиш лозим.

Жисмонан нимжон ва иммунитети паст болалар тез-тез шамоллаб туришади. Бу эса уларда энурез ривожланишига туртки бўлади.  Шунинг учун доимий тарзда спорт билан шуғулланиб организмни чиниқтириб боришнинг аҳамияти тушунтирилади. Болани спорт тўгаракларига бериш энурезни даволашда ҳам, унинг олдини олишда ҳам катта аҳамият касб этади. Айниқса кечаси велотренажёр билан шуғулланиш жуда фойдалидир. Велотренажёр организмга умумий таъсир қилишдан ташқари, кичик тос аъзолари мускуллари (шу жумладан қовуқнинг) тонусини оширади, кўп терлатади, яъни ортиқча суюқлик тери орқали чиқиб кетади.

Овқатланишни ҳам тўғри ташкил қилиш лозим. Кечқурун бола суюқликни кам ичиши ва иложи борича қуюқроқ овқатларни истъемол қилиши лозим. Масалан, колбаса, пишлоқ, ош, қовурилган балиқ, гўшт, картошка ва ҳ.к. Бироқ бу овқатларни ҳам меъёрда истъемол қолиш керак. Улардан сўнг бола сув ичмаслиги керак ёки 50-100 мл сув ичиши мумкин холос. Айниқса ётишдан олдин сузмадан қилинган қурут сўриб ётиш ҳам фойдалидир. Аксарият ҳолларда жисмоний тарбия билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш ва ухлаш қоидаларига амал қилиш орқали ҳам энурезларни бартараф этиш мумкин. Ҳар 3 соатда болани уйғотиб сийдириб туриш ҳам фойдалидир. Бироқ параллел тарзда бошқа даволаш муолажалари ҳам олиб борилади.

Мураккаб вазиятларда дорилар билан даволаш қўлланилади. Дорилардан амитриптилин кунига 25-75 мг, мелипрамин (имипрамин) 5-10 мг ётишдан 1-2 соат олдин тавсия этилади. Мелипрамин дозасини аста-секин 50 мг га етказиш мумкин. Спазмекс 15 мг 2-3 маҳал, пантокальцин 250 мг 3-4 маҳал, сиднокарб, кофеин-бензоат натрий тавсия этилади. Бу дорилар куннинг 2-ярмида ёки кечаси тавсия этилади. Айниқса психостимуляторларни кечқурун тавсия этиш боланинг қотиб ухлашининг олдини олади. Сийиш рефлекси қўзғалганда улар тезроқ уйғонишади.

АДГ дорилари (адиуретин, минирин) тунги энурезларда кўп қўлланилади. Чунки улар тунда сийдик кўп ишлаб чиқарилишининг олдини олади. Адиуретин 1-2 томчидан (5-10 мкг) уйқуга ётишдан олдин бурунга томизилади. Мактаб ёшигача бўлган болаларга 6 томчи (30 мкг), ўсмир ёшидаги болаларга 8 томчи (40 мкг) томизилади.

Минирин 100-200 мкг дан уйқуга ётишдан олдин ичишга тавсия этилади. Бу дорининг дозасини 1-2 ҳафта мобайнида 300-400 мкг га етказиш мумкин. Ёши каттароқ болаларда эса дорининг дозаси секин-аста 400-600 мкг га етказилади. Кундузги энурезларда холинолитиклар ҳам қўшимча равишда тавсия этилади. Дриптан (оксибутинин) 2,5-5 мг дан кунига 3 маҳал,  толтеродин 1 мг дан 2 маҳал ичишга тавсия этилади. Ҳулқ-атвор бузилишларида карбамазепин 100-200 мг, пантокалцин ва фенибут тавсия этилади. Психологлар энурез билан касалланган болаларни даволашда психоаналитик терапия ва эриксон гипнозини ҳам самарали деб билишади. Ҳар қандай усуллар билан даволаш камида 4-8 ҳафта давом эттирилиши керак.

Прогноз. Ҳар доим яхши.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.