- Талабалар учун, Янгиликлар

ЭПИЛЕПСИЯДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ЗАМОНАВИЙ ХИРУРГИК ОПЕРАЦИЯЛАР, НАНОТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА НЕЙРОСТИМУЛЯТОРЛАР

Антиконвулсантлар тўғри танланган тақдирда ҳам деярли 20 % беморда эпилептик хуружларни тўла тўхтатиш имкони бўлмайди. Бундай пайтларда хирургик даволаш усуллари қўлланилади. Беморни хирургик даволашга юборишдан олдин, албатта малакали врачлар билан консилиум ўтказилади. Чунки даволаш учун зарур бўлган терапевтик усуллар етарли даражада қўлланилмаган бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда замонавий тиббий марказларда операция қилинган беморлар 4-6 кун (операция турига қараб) стационарда ётишади.

Беморни хирургик даволашга юборишдан олдин қуйидаги текширувлар такроран ўтказилади:

  • Операцияга монелик қилувчи ҳолатлар, шу жумладан соматик касалликлар ўрганилади.
  • Антиконвулсантлар тўғри танланганлиги, етарли дозада берилганлиги, давомийлиги ва политерапия ўтказилганлиги ўрганилади. Одатда, политерапия қўлланилмасдан туриб, беморга хирургик даволаш усули тавсия этилмайди.
  • ЭЭГ видеомониторинг текшируви ўтказилиб, унинг натижалари нейрофизиолог, невропатолог ва нейрохирурглар билан муҳокама қилинади. Ушбу усул ёрдамида эпилептик хуружлар типи ва эпилептоген ўчоқ жойлашган соҳа яна бир бор аниқланади.
  • Махсус эпирежимда МРТ текшируви қайта ўтказилади. Заруратга қараб, ПЭТ ва БФЭКТ текширувлари амалга оширилади.
  • Чуқур нейропсихологик текширувлар ўтказилади. Чунки каллозотомия ва кортексоэктомия каби операцияларидан сўнг нейропсихологик бузилишлар, айниқса хотира ва нутқ бузилишлари кузатилиши мумкин.

Операцияга қарор қилингач қуйидаги текширувлар ўтказилади:

  • Вад синамаси – ички уйқу артериясига амобарбитал юбориб нутқ бўйича доминант ярим шар аниқланади;
  • Миянинг физиологик ва функционал ҳолатини мониторинг қилиб туриш учун калла суяги тагига вақтинча махсус электродлар имплантация қилинади.
  • Эпилептик ўчоқни юқори даражада аниқлаш мақсадида пўстлоқнинг ўзига микрочиплар қўйилади ва уларнинг ёрдамида ЭЭГ ёзиб олинади. 

Операция турлари

  1. Миядаги ҳажмли жараёнларни операция қилиш. Эпилептик хуружлар манбаи бўлган ўсма, гематома, артериовеноз мальформация,  каверноз ангиома каби патологик ўчоқларда оператив муолажалар ўтказилади. Шунингдек, кортикал дисплазия ва гетеротопиялар ҳам операция иқлинади. Бундай касалликларни бартараф этишда гамма-найф ёки кибер-найф каби ўта илғор технологиялар ҳам қўлланилмоқда.
  2. Каллозотомия – қадоқсимон тана толаларини қисман кесиш. Нима учун ушбу операция ўтказилади? Чунки бош миянинг бир ярим шарида пайдо бўлган эпилептоген ўчоқ corpus callosum орқали иккинчи ярим шарга тарқалади (тарқалган эпилепсия механизмини эсланг). Операция пайтида бир ярим шардан иккинчи ярим шарга эпилептик тўлқинларни узатаётган комиссурал толалар қисман кесилади. Бунинг натижасида хушнинг йўқолиши билан намоён бўлувчи тарқалган эпилепсия барҳам топади. Бироқ фокал эпилепсия ўчоғи сақланиб қолиши мумкин. Бундай пайтда фокал ўчоқ  ҳам деструкция қилиниши керак.
  3. Кортексэктомия – пўстлоқдаги эпилептоген ўчоқни резекция қилиш. Ушбу миниоперация мақсади пўстлоқдаги эпилептик тўлқинлар тарқатаётган манбани деструкция қилиш ёки қисман кесишдир. Фокал ва иккиламчи-тарқалган эпилепсияда ўта самарали.
  4. Лобэктомия – бош мия чакка бўлагининг олдинги қисмини олиб ташлаш. Эрта болалик даврида ўтказиладиган ушбу операция юқори даражада самарали ҳисобланади ва нейропсихологик асоратлар қолдирмайди. Чунки операция ассоциатив марказлар ҳали шаклланмасдан туриб ўтказилади. Айниқса, Леннокс-Гасто синдромида ушбу операция кўп қўлланилади.
  5. Гиппокампэктомия – гиппокампни олиб ташлаш. Гиппокамп нафақат мезотемпорал, балки бошқа турдаги эпилепсиялар ўчоғи ҳамдир. Шу боис гиппокамп – эпилептоген мия номини ҳам олган. Гиппокамп склерози МРТ да яхши аниқланади.
  6. Гемисферэктомия – бош мия катта ярим шарини олиб ташлаш. Пўстлоқда бир нечта эпилептоген ўчоқлар аниқланса ушбу операция қўлланилади. Ушбу операция беморнинг тўсатдан йиқилиб қолиши билан кечувчи оғир атоник ва тоник эпилептик хуружларда (айниқса, Леннокс-Гасто синдроми) ҳам ўтказилади. Одатда бундай эпилепсиялар оғир кечади. Гемисферэктомия бола 8-10 ёшга етмасдан ўтказилиши керак.
  7. Субпиал транссекциялар – эпилептоген ўчоқ атрофида бир нечта кичик кесишлар ўтказиш. Ушбу операциядан сўнг эпилептик фаоллик атрофдаги соғлом тўқималарга тарқалмайди. Бу операция қачон ўтказилади? Агарда атрофга эпилептик тўлқинлар тарқатаётган пўстлоқдаги патоген ўчоқни олиб ташлаш мумкин бўлмаса, у ҳолда субпиал транссекция операцияси ўтказилади.
  8. Вагус стимулятори. Мияда эпилептик ўчоқлар иккала ярим шарда ҳам тарқалиб жойлашган бўлса, ушбу операция қўлланилади. Махсус нейростимулятор хирургик йўл билан беморнинг кўкрак соҳаси териси тагига ўрнатилади. Унинг ингичка симлари бўйиннинг пастки қисмида n.vagus га уланади. Эпилептик аура пайдо бўлган захоти ушбу нейростимулятордан сайёр нерв орқали электр импульслари мияга узатилади ва эпилептик хуруж сўндирилади. Бу нейростимулятор портатив қурилма ёрдамида зарядлаб турилади. Вагус стимулятори қўйилган бемор дори ичишни тўхтатмаслиги керак. Бироқ уларда эпилептик хуружлар кескин камаяди ва антиконвульсантлар ҳам минимал дозага туширилади.

Интракраниал нейростимуятор. 2013 йили АҚШ олимлари калла суяги ичига қўйиладиган нейростимулятор ихтиро қилишди. RNS (Responsive NeuroStimulation) – эпилептик хуружларни бартараф этишда қўлланиладиган энг сўнгги технология. NeuroPace номли ушбу нейростимулятордан махсус наносимлар пўстлоқдаги эпилепсия ўчоғига қўйилган микрочипгача тортилади.  Ушбу микрочиплар тутқаноқ хуружи бошланганини дарров илғаб олади ва нейростимуляторга юборади. Нейростимулятор автоматик тарза ишга тушади ва эпилептик фаолликни сўндирувчи сигналларни эпиўчоққа юборади ва тутқаноқ ҳуружи бошланмасдан тўхтайди.

Муаллиф: профессор Ибодуллаев З.Р.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.