- Талабалар учун, Янгиликлар

Эпилепсияга оид савол-жавоблар

Савол. Нима учун эпилептик хуружларни бартараф этиш учун монотерапия усули танланади?

Жавоб. 1) Аксарият ҳолларда 2 та антиконвулсант берадиган натижани 1 та антиконвулсант ҳам беради. 2) Монотерапия усули орқали антиконвулсантларнинг организмга зарарли таъсири камайтирилади, чунки 2 та антиконвулсант бир-бирининг таъсирини пасайтириши ва натижани йўққа чиқариши ёки кучайтириб интоксикацияни юзага келтириши мумкин. 3) психологик сабаблар, яъни аксарият беморлар кўп дори ичишни ёқтиришмайди ва дори ичиш тартибига риоя қилишмайди. 4) монотерапиянинг арзон туриши.

Савол. Эпилепсиянинг енгил кечувчи турларида антиконвулсантлар бермаса ҳам бўладими?

Жавоб. Ҳа, бўлади. Енгил кечувчи эпилепсиянинг баъзи турларида, яъни роландик, фотосенситив ва ўқиш эпилепсиясида антиконвулсантларни тавсия этиш шарт эмас. Болалар абсанс эпилепсияси ҳам боланинг ёши катталашган сайин ўзи ўтиб кетади. Бироқ бунинг учун ташхис тўғри қўйилган бўлиши керак.

Савол. Эпилепсиянинг қайси турлари оғир кечади ва хуружлар тўхтагандан кейин ҳам кейинчалик яна пайдо бўлаверади?

Жавоб. Уэст синдроми, Леннокс-Гасто синдроми, Кожевников эпилепсияси, Расмуссен синдроми ва шу каби эпилепсиянинг оғир турлари.

Савол. Антиконвулсантларни қанча вақт бериш ва қачон тўхтатиш керак?

Жавоб. Антиконвулсантларни қачон тўхтатишга оид ягона таклиф йўқ. Аксарият ҳолларда сўнгги эпилептик хуруждан сўнг дорини яна 2 йил ичиш тавсия этилади. Агар 2 йил мобайнида хуружлар такрорланмаса, дорини қабул қилишни аста-секин камайтириб бориш ва тўхтатиш мумкин. Баъзи ҳолларда, айниқса, симптоматик эпилепсияларда антиконвулсантларни 3–5 йил қабул қилиш зарурати туғилади. Агар эпилептик хуружларни юзага келтирувчи асосий сабаб бартараф этилса (масалан, хирургик даволаш усуллари орқали), антиконвулсантларни узоқ вақт қабул қилишга ҳожат йўқ. Леннокс-Гасто синдроми, Кожевников эпилепсияси ва Расмуссен синдромида антиконвулсантлар узоқ йиллар қабул қилинади. 

Савол. Антиконвулсантларни қабул қилиш бутунлай тўхтатилгач, эпилептик хуружлар яна қачон қўзғалиши мумкин?

Жавоб. Унинг сабаблари бир нечта: 1) ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолганларда; 2) ўчоқли неврологик симптомлар сақланиб қолганларда; 3) узоқ давом этган эпилептик анамнезда; 4) тўғри даволаш муолажалари кеч бошланган беморларда; 5) фокал эпилептик хуружларда; 6) турли тоифадаги эпилептик хуружлар биргаликда намоён бўлганда; 7) ЭЭГ да кучли ўзгаришлар сақланиб қолганда; 8) бошқа ножўя омиллар (ичкиликбозлик, гиёҳвандлик).

Профессор Зарифбой Ибодуллаев

 

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.