- Талабалар учун, Янгиликлар

ИНСУЛЬТДАН САҚЛАНИНГ

Савол: Зарифбой Ражабович! Инсульт қандай касаллик ва у ер юзида қандай тарқалган?

Жавоб: Инсульт деб бош мияда қон айланишининг ўткир бузилишига айтилади. Инсультнинг қандай тарқалишига келсак, у турли давлатларда турлича тарқалган. Ер юзида йилига 16 000 000, Россияда 600 000, Украинада 120 000, Ўзбекистонда 60 000 та инсульт рўйхатга олинади. Таъкидлаб ўтаман, бу рўйхатга олинаётган инсультлар сони! Рўйхатга олинмаётган инсультларни ҳам ҳисобласак, ушбу кўрсаткичлар янада ошиши табиий. Демак, инсульт жуда кўп тарқалган касаллик­лардан биридир. Инсультнинг ҳар ойда, ҳар куни ва ҳар соатда қанча учрашини ушбу жадвалдан ўзингиз билиб оларсиз.

  • Инсультнинг учраш даражаси

Эътибор берингга, ҳар соатда нечта одам инсультга дучор бўлади. Уларнинг 30–40 фоизи ўлим билан тугайди, 50 фоиздан ошиғи ногирон бўлиб қолади.

Савол: Инсульт билан асосан катта ёшдагилар касалланишади, дейишади. Шу тўғрими?

Жавоб: Тўғри! Бироқ сўнгги пайтларда инсультнинг «ёшариб» бораётганлиги ҳақида кўп маълумотлар пайдо бўлмоқда. Ҳозир 30–40 ёшга кирганларда ҳам инсульт рўй бермоқда! Ўтган асрнинг 90-йиллари бундай бўлмаган. Масалан, барча инсультларнинг 20 фоизи ҳали 50 ёшга кирмаганларда учраши ачинарли ҳол албатта. Афсуски, уларда инсультнинг энг оғир тури – яъни мияга қон қуйилиши (геморрагик инсульт) кўп учрайди. Ёш ошган сайин инсульт учраши ҳам кўпайиб боради. Бироқ ривожланган давлатларда инсультнинг учраши камаймоқда. Масалан, Америка Қўшма Штатларида инсульт Россияга қараганда 5 баробар кам учрайди. Инсульт энг кам кузатиладиган давлатлардан бири Швейцария ҳисобланади. Чунки, ривожланган давлатларда нафақат соғлиқни сақлаш ташкилотлари, балки аҳолининг ўзи ҳам инсультдан сақланишга оид барча талабларга риоя қила бошлашган.

Савол: Инсульт ривожланмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш керак.

Жавоб: Инсультга олиб келувчи омилларнинг деярли барчасининг олдини олиш мумкин. Инсультга олиб келувчи хатарли омилларга қонда холестерин миқдори ошиб кетиши, ичиш ва чекиш, гиподинамия, яъни камҳаракатлилик, стресс, яъни руҳий зўриқишлар, атеросклероз, артериал гипертония, кандли диабет, юрак аритмияси каби омиллар киради.

Инсультга олиб келувчи энг хатарли омиллардан бири – бу артериал гипертониядир, яъни қон босимнинг ошиб кетиши. Артериал гипертония 70 фоизга яқин инсультнинг сабабчисидир! Агар қон босим 160/95 мм сим. уст. дан ошса, қон босими меъёрда бўлганларга (120/70 мм сим. уст.) қараганда инсульт 4 баробар кўп учрайди! Агар қон босим 200/100 мм сим. уст. га етса, инсультнинг учраш даражаси 10 баробарга ошади!

Атеросклероз. Айтиш жоизки, ёш ошган сайин атеросклероз касаллиги кўп учрай бошлайди. Шунинг учун ҳам ёш ошган сайин инсульт билан касалланганлар сони ошиб боради. Бироқ атеросклероз қайси ёшда ривожлана бошлаши одамнинг ҳаёт тарзига боғлиқ. Аксарият одамлар атеросклероз фақат қон босими баланд бўлганларда учрайди, деб ўйлашади. Тўғри, гипертония касаллиги атеросклероз ривожланишини жадаллаштиради, бироқ қон босими паст бўлганларда ҳам атеросклероз ривожланади. Чунки атеросклероз ривожланиши ёғли овқатларни кўп, мева-сабзавотларни эса кам истеъмол қилиш, камҳаракатлилик, доимий руҳий-ҳиссий зўриқишларга ҳам боғлиқ. Атеросклерозда қонда холестерин миқдори ошади, томир деворлари мўртлашади, томирларда чандиқлар пайдо бўлади ва улар тиқилиб қолиб, инсультга олиб келади.

Чекиш. Ушбу зарарли одат инсульт ривожланишини деярли 2 баробарга оширади. Бу исбот қилинган далил. Чекиш нима учун кайф беради, чунки у айнан мияни қон билан таъминловчи томирларга ва у орқали инсоннинг кайфияти билан боғлиқ махсус мия тузилмаларига таъсир қилади. Чекиш қон ивишини кучайтириб, тромблар (қотиб қолган қон лахталари) ҳосил бўлишини тезлаштиради ва томирнинг ички деворини зарарлайди, томир торайиб, унда қон оқиши сустлашиб боради. Доимий тарзда чекиш, ҳаттоки йирик қон томирларни ҳам зарарлаши мутахассислар томонидан тасдиқланган. Чекишни ташлаш 2–4 йилдан кейин инсульт ва инфаркт ривожланиши хавфини кескин камайтиради.

Спиртли ичимликлар. Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳам инсульт ривожланиш хавфини бир неча баробарга ошириши исбот қилинган. Уларда, айниқса, геморрагик инсульт (яъни мияга қон қуйилиши) кўп учрайди. Бироқ баъзи олимлар кам миқдорда қабул қилинган қизил вино ишемик инсульт ривожланишига тўсқинлик қилади, деб ҳисоблашади.

Парҳез. Оддий сўз билан айтганда, нотўғри овқатланиш ҳам инсультга олиб келувчи хатарли омилдир. Ош тузини ортиқча истеъмол қилиш артериал гипертония ривожланишига туртки бўлса, кам миқдорда истеъмол қилиш эса нафақат қон босимни меъёрда ушлаб туриши, балки инсульт ривожланишининг олдини олади.

Аминокислоталар ва витаминларга бой бўлган мева-сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилиш мия инсультига олиб келувчи хатарли омилларни камайтиради. Аскорбин кислотаси, токоферол ацетат, цианокобаламин, никотин кислотаси, бета-каротин каби витаминлар қон томир деворлари учун ўта муҳим озуқадир. Таркиби калийга бой бўлган қуруқ меваларни истеъмол қилиш ҳам томирларда атеросклеротик пиликчалар ривожланишининг олдини олади, томир деворини шикастланишдан асрайди, томирнинг ички деворида холестерин тўпланишини пасайтиради, демак, тромблар пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. Балиқ гўштини истеъмол қилиб туриш ҳам юрак мушакларида моддалар алмашинувини яхшилаб, қонда холестерин миқдорининг пасайишига ёрдам беради.

Гиподинамия. Гиподинамия – кам ҳаракатлилик дегани. Бу жуда хавфли омил бўлиб, айниқса, шахарликлар учун хосдир. Бугунги кунда жисмоний меҳнат орқали эришиладиган аксарият ишлар интернет, қўл телефонлари, компьютерлар орқали амалга оширилмоқда. Бу эса одамларни ишёқмас қилиб қўймоқда, жисмоний меҳнат билан шуғулланувчилар сони камайиб бормоқда. Бунинг оқибатида юрак-қон томир касалликлари, шу жумладан, инсульт кўпаймоқда. Режали тарзда доимо бажариладиган жисмоний машқлар – эрталаб ва кечқурун пиёда юриш (20–30 дақ.), югуриш, сузиш, велосипедда сайр қилиш каби енгил жисмоний машқлар инсульт ривожланишининг олдини олади. Доимий тарзда бажариладиган жисмоний машқлар томир деворларида холестерин тўпланишини пасайтиради, юрак-қон томир фаолиятини яхшилайди.

Стресс. Олимлар ХХ асрни стресс асри дейишарди. Чунки ўтган асрда асабий зўриқишлар сабабли пайдо бўлувчи касалликлар, яъни инсульт ва инфаркт кўпайиб кетди. Афсуски, бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Маълумки, инфаркт ёки инсульт бўлиб қолган одамни сўраб-суриштирсангиз ушбу касаллик ривожланишидан олдин қаттиқ сиқилган бўлади. Демак, стресс касаллик ривожланиши учун туртки ролини ҳам ўйнайди. Шунингдек, доимий сиқиладиган одамда гипертония касаллиги, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари кўп кузатилади. Буларнинг барчаси эса инсультга олиб келувчи касалликлардир. Айтиш жоизки, доимий тарзда жисмоний меҳнат ва спорт билан шуғулланадиганлар руҳий-ҳиссий зўриқишларга кам дуч келишади. Инсультнинг олдини олиш учун бу ўта муҳимдир.

Савол: Бундоқ қаралса, бу омилларнинг барчасини бартараф қилиш мумкин-ку! Одамлар шунга нега амал қилишмайди?

Жавоб: Албатта бартараф этиш мумкин! Хўш, бу билан ким шуғулланиши керак?

Савол: Ҳар бир одамнинг ўзи демоқчимисиз?

Жавоб: Худди шундай! Врачлар фақат огоҳлантириши ва тавсия бериши мумкин! Ҳар ким ўз соғлиғига ўзи жиддий эътибор билан қараши лозим! Ривожланган давлатларда шундай! Бу ерда оммавий-ахборот воситаларининг ҳам роли катта. Одамлар врач равсияларига амал қилиши учун уларда саломатлик психологиясини шакллантириш керак. Инсульт ривожлангандан кейин уни даволашга жуда катта маблағлар кетади, тирик колган бемор эса умрбод шол бўлиб қолиши мумкин. Бир қанча бемор инсультнинг дастлабки кунлариёқ ўлиб кетади. Афсуски, инсультдан бутунлай тузалиб аввалги иш фаолиятини бошловчилар 10 фоизга етмайди. Бу аччик хакикат!

Савол: Зарифбой Ражабович! Сизнинг иккала диссертация (номзодлик ва докторлик) ишингиз хам инсультга бағишланганидан хабаримиз бор. Айтингчи, инсультга олиб келувчи хатарли омилларни ўз вактида аниқлаб, яқинлашиб келаётган инсультнинг олдини олиш мумкинми?

Профессор: Тўғри, менинг диссертация ишларим бош мия кон томир касалликларига бағишланган. Талабалик давримдаёқ қандли диабет билан оғриган беморларда инсультолди касалликлари муаммоси билан шуғулланганман. Номзодлик диссертациям қандли диабет билан касалланган беморларда инсультнинг олдини олишга қаратилган бўлса, докторлик ишим инсульт ўтказган беморларда олий руҳий функцияларнинг бузилиши ва уларни бартараф килиш усуллари, яъни инсультлар нейропсихологиясига бағишланган. Докторлик ишимда инсультдан сўнг кузатиладиган неврологик (ҳаракат бузилишлари) ва нейропсихологик (хотира, нутқ ва руҳий-ҳиссий бузилишлар) бузилишларни даволашнинг янги усуллари келтирилган.

Савол: Инсульт сабабли рўй берадиган неврологик ва нейропсихологик бузилишлар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Ҳали айтиб ўтганимдек, мия инсультлари энг кўп учрайдиган касалликлардан бири бўлиб, тўсатдан пайдо бўлган неврологик бузилишлар бемор руҳиятида оғир асоратлар қолдиради. Ушбу касалликнинг кечагина соғлом деб ҳисобланган одамда ўткир бошланиши, оёқ-қўлларда тўсатдан пайдо бўлган фалажликлар, нутқ бузилишлари, яъни бир оғиз сўзни ҳам эплаб гапира олмаслиги бемор учун ҳам, унинг яқинлари учун ҳам катта фалокатдир.

Мия инсультида кузатиладиган патологик ўзгаришлар ушбу касаллик бош миянинг қайси соҳасида ривожланганлиги, касаллик тури, зарарланган ўчоқнинг ҳажми ва инсульт даврига боғлиқ. Мия инсультининг деярли 70 фоизи бош мия катта ярим шарлари ташқи юзасининг катта бир қисмини қон билан таъминловчи артерияда кузатилади.

Бу артерия бош мияга кон олиб келувчи ички уйқу артериясининг бевосита давомчиси ҳисобланади. Ушбу артерия ҳаракат, сезги ва нутқ марказларини қон билан таъминлайди. Шунинг учун ҳам ушбу артерияда қон айланишининг ўткир бузилиши оёқ-қўллар фалажлиги (гемипарез, монопарез), тананинг бир томонида сезги бузилишлари (гемианестезия, моноанестезия) ва нутқ бузилишлари (мотор ва сенсор афазиялар) билан намоён бўлади.

Савол: Инсульт ўтказган одамнинг хулқ-атвори кескин ўзгаради. Уларнинг баъзилари индамайдиган одамови, баъзилари эса инжиқ, сал нарсага жаҳли чиқиб кетадиган ёки тез-тез йиғлайдиган бўлиб қолади. Нега шундай?

Жавоб: Ҳулқ-атвори кай даражада бузилиши бош миянинг кайси ярим шари зарарланганига кўп даражада боғлиқ. Агар инсульт бош миянинг чап ярим шарида ривожланса, тананинг ўнг томонида кузатиладиган фалажликлар (гемипарез) ва сезги бузилишлари (гемианестезия) нутқ бузилишлари (афазиялар) билан намоён бўлади, агар инсульт бош миянинг ўнг ярим шарида рўй берса, фалажликлар ва сезги бузилишлари тананинг чап томонида кузатилади, бироқ нутқ бузилмайди.

Савол: Бош миянинг чап ярим шарида инсульт рўй берса қандай белгилар пайдо бўлади?

Жавоб: Тананинг ўнг томонида фалажликлар ва сезги бузилишлари ривожланади, нутқ бузилади. Оёқ-қўллардаги фалажликлар (гемипарез) ва сезги бузилишлари (гемианестезия) нутқ бузилишлари (мотор ва сенсор афазиялар) билан биргаликда намоён бўлиши бемор учун оғир психологик жароҳатдир. Инсонни бошқа жонзотлардан фарқ қилдириб турувчи нутқнинг тўсатдан бузилиши бемор психологиясини ўзгартириб юборади, у атрофдагилар нутқини фақат товуш ҳолатида эшитади, маъносини тушунмайди. Ўзи ҳам фикрини тушунтириб бера олмайди, бунинг натижасида бемор жиззаки бўлиб қолади, яқинларини уришади, ҳадеб гапиришга уринаверади, бироқ фикрини тўғри баён қила олмайди. Бу ҳолат сенсор афазия учун хосдир. Баъзан бемор индамай ётади, фақат атрофдагиларнинг саволига жавоб беришга уринади, оддийроқ саволларга жавоб беради ҳам, бироқ ўзи гапирмай ётади. Бу ҳолат мотор афазия учун хосдир. Нутқ, одатда, фалажликларга қараганда олдинроқ тикланади. Масалан, инсультнинг ўткир давридаёқ (21 кун ичида) нутқ тиклана бошлайди. Нутқнинг тикланиш даражаси инсультнинг тури, зарарланган жой ҳажми ва албатта, даволаш жараёнининг қандай олиб борилаётганига кўп боғлиқ.

Савол: Ҳулқ-атвор қандай ўзгаради?

Жавоб: Сурункали алкоголизмдан азият чекаётган беморда инсульт ривожланса, нутқ бузилишлари хулқ-атворнинг кескин бузилишлари билан намоён бўлади ва нутқ ҳам кеч тикланади. Бундай беморлар билан мулоқот қилиш жуда қийин бўлиб, улар врач ва яқинларининг айтганларини бажармайди, тез уришиб кетади ёки йиғлайверади, овқат ейишдан бош тортади, тагига сийиб юборади. Уни парвариш қилиш (соч-соқолини олиш, чўмилтириш ва ҳ.к) га йўл қўймайди, даволаш муолажаларидан воз кечади. Табиийки, бундай беморларни даволаш шифокорлар учун қийинчиликлар туғдиради. Одатда, нутқи бузилган одамнинг хулқ-атвори ҳам тез ўзгаради. Бунга нутқи ривожланмай қолган болаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Уларнинг аксариятида хулқ-атвор ўта бузилган бўлади. Инсон хулқ-атворининг бошқарувчанлиги ҳам унда нутқ функциясининг мавжудлигига кўп боғлиқ. Агар инсульт узоқ пайтдан буён хафақон касаллиги, атеросклероз, қандли диабет ва юрак касалликлари билан оғриётган беморларда ривожланса, нутқ тик­ланиши хам қийин кечади. Инсульт ўтказганларда нутқ тиклангандан сўнг даволаш жараёнидаги баъзи қийинчиликлар барҳам топади, бемор энди ўз танасида кечаётган касаллик аломатларини яқинлари ва шифокорларга бемалол айтиб бера олади, уларнинг тавсиясини бажара бошлайди ва натижада даволаш жараёнида ижобий натижалар юз беради.

Савол: Беморда қўрқув ва хавотир ҳам кузатиладими?

Жавоб: Бош миянинг чап ярим шарида рўй берган инсультларда хавотир билан кечувчи невротик ҳолатлар кўп кузатилади. Айнан мана шу хавотирли неврознинг мавжудлиги чап ярим шар инсультини ўнг ярим шар инсультида кузатиладиган хулқ-атвор бузилишларидан фарқловчи белгилардан биридир. Хавотир қандай кўринишда намоён бўлади? Бемор инсульт оқибатида танасида пайдо бўлган касаллик аломатларидан азият чекаверади, врачнинг ҳар бир ташрифида нутқи ва ҳаракат фаолиятининг тикланиб кетиш-кетмаслиги ҳақида сўрайверади, врачнинг ҳар бир сўзига хавотир билан қулоқ тутади, унинг тавсияларини сўзсиз бажаришга интилади, даволаш натижасида рўй бераётган ҳар бир ижобий ўзгаришдан хурсанд бўлади. Албатта, миянинг чап ярим шари инсультлари учун хос бўлган хавотир билан кечувчи бундай симптомлар унинг тезроқ соғайиб кетишига ёрдам беради. Шунинг учун ҳам миянинг чап ярим шари инсультларида неврологик функцияларнинг тикланиш жараёни ўнг ярим шари инсультларига қараганда тезроқ кечади. Чунки хавотирли невроз ўнг ярим шар инсультларида кузатилмайди.

Савол: Бош миянинг ўнг ярим шарида инсульт рўй берса қандай белгилар пайдо бўлади?

Жавоб: Тананинг чап томонида фалажликлар ва сезги бузилишлари ривожланади. Нутқ ва у билан боғлиқ бўлган аксарият олий руҳий функциялар (ўқиш, ёзиш) сақланиб қолади. Бунинг сабаби, миянинг ўнг ярим шарида нутқ марказларининг бўлмаслигидир (ўнақайларда). Бош миянинг ўнг ярим шари, асосан, ўз танасининг тузилиши ҳақида мияга келаётган таъсиротларни анализ ва синтез қилиш учун жавоб беради. Демак, ўнг ярим шарнинг зарарланиши тана тузилишини нотўғри қабул қилиш симптомларини юзага келтиради. Беморнинг боши ёки бир қўли катталашиб кетаётгандек, қўли ёки оёғи тананинг бошқа қисмларида жойлашгандек, тананинг чап томони худди бировнинг танасидек, чап қўли ўзиники эмас, бировникидек ёки ёнида ғўла ётгандек туюлади. Баъзи ҳолларда беморнинг ярим фалажланган чап қўли уни бўғмоқчи бўлса, ўнг қўли эса бунга йўл қўймайди, чап қўлни итариб юборади. Баъзан чап қўл худди кичик ҳайвонлар (мушук, олмахон, қуён) кўринишида беморга эркаланади ёки бемор ўнг қўли билан чап қўлини силайди. «Нимага бунақа қилаяпсиз?» деса, у «Мушугимни эркалатаяпман», дейди. Гўёки тана иккига бўлингану, унинг ҳар ярми ўзича фаолият кўрсатаяпти. Бемор инсульт оқибатида ўз танасида пайдо бўлган нуқсонларни (фалажликларни) инкор қилади, менинг оёқ-қўлларим ишлаяпти, дейди. Бундай ҳолат анозогнозия деб аталади.

Савол: Ўнг ярим шар инсультида ҳам хулқ-атвор ўзгарадими?

Жавоб: Бемор фалажликлар сабабли бир неча кундан буён тўшакка михланиб қолган бўлса-да, «Мен ҳозиргина ҳожатга бориб келдим, туриб ҳовлида юрдим», дейди. Бемор кийинаётганда ҳам чап томонни тўла инкор қилади: кўйлагининг ўнг енгини, оёқ кийимининг ўнг томондагисини кияди, лагандаги овқатнинг (масалан, ошнинг) фақат ўнг томондагисини ейди, эшикдан кираётганда чап елкасини эшикка уриб киради. Соқол олаётганда юзининг чап томони қолиб кетади, тишини юваётганда фақат ўнг томонини ювади ва ҳ.к. Демак, чап томон бутунлай инкор қилинади, гўёки фазонинг чап томони йўқдек. Бемор ўз касалига жуда бефарқ бўлади, врачлар ва яқинларининг касалликка оид берган тавсияларини инкор қилади: «Жойингиздан турманг, сизга туриб юриш мумкин эмас», деса «Хўп бўлади», деб жавоб берадию, барибир туриб юради, врач тавсиясига кўра вақтида бажариш лозим бўлган жисмоний машқларни бажармайди, фалажланган қўл ва оёқлари қандай ҳолатда бўлса, шу ҳолатда ётаверади, бир оз бўлса-да, пайдо бўлган ҳаракатларни фаоллаштиришга уринмайди.

Савол: Беморнинг ҳиссиётида қандай ўзгаришлар юзага келади?

Жавоб: Бемор ўзидан-ўзи йиғлайдиган бўлиб қолади, баъзан арзимаган нарсага кулади. Табиийки, уларда ҳаракат функцияларининг тикланиши ўта суст кечади. Шунинг учун ҳам ўнг ярим шарда юз берган инсультларда беморнинг соғайиб кетиши чап ярим шар инсультига қараганда суст кечади. Беморда ўз танасини идрок қилишнинг бузилиши атроф-муҳитни идрок қилишнинг бузилиши билан биргаликда намоён бўлади. Масалан, бемор уйдан чиқиб кетиб, ўз уйини тўғри топиб кела олмайди, кўчанинг бошқа томонига кетиб қолади, аввал таниш бўлган дўкон ёки бозор қайси томонда жойлашганлигини адаштиради.

Савол: Инсульт рўй берса нима килиш керак? Беморни ўрнидан кўзгамаслик керак, деган гаплар тўғрими?

Жавоб: Инсульт ривожланган заҳоти бемор зудлик билан шифохонага ётқизилиши ва тиббий-психологик ёрдам касалликнинг дастлабки соатлариданоқ бошланиши керак! Бу ерда иккиланишга ҳеч қандай ўрин йўқ! «Беморни қўзғамаслик керак, бирон соат уйда бўлсин, ҳозир мумкин эмас» қабилидаги гаплар ноўриндир. Аксинча, инсульт ривожлангандан сўнг 3–6 соат ичида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам беморнинг тўла тузалиб кетиши, энди бошланаётган фалажликларнинг олдини олиш ва қолаверса, беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга жуда катта имкониятлар яратиб беради.

Баъзан инсульт ривожлангандан сўнг «Тез ёрдам» машинаси етиб келгач, беморнинг яқинлари «Ҳозир беморнинг аҳволи оғир, бир оз шошмай турайлик, қон босими жойига келсин, йўлда бир гап бўлиб қолиши мумкин», деб етиб келган врачни аросатда қолдиришади. Одатда, беморнинг бир нечта қариндошлари орасида қолган врач уларнинг айтганига кўнади ёки «Бемор йўлда ёмон бўлиб қолса жавоб берасизми?» қабилидаги саволлардан чўчиб, беморни уйда қолдиради. Врач бу сўзларга эътибор қилмасдан, беморга дастлабки тиббий ёрдамни кўрсатиб, дарҳол шифохонага етказиши зарур. Мабодо тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилишига қарамасдан беморнинг аҳволи шифохонага олиб бораётганда оғирлашиб қолса, дарров врачни айблаш керак эмас, чунки инсультнинг дастлабки куни ўлим ва бошқа оғир ҳолатлар кўп кузатилади. Бундай вазиятларда беморга малакали тиббий ёрдамни фақат шифохона шароитида кўрсатиш мумкин. Бу қоидани врач ҳам, беморнинг яқинлари ҳам билиши лозим. Чунки уйда қолдирилган беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ўта мушкул. Касалликнинг дастлабки куниёқ диагностик мақсадда орқа мия суюқлиги текширилиб ёки МРТ қилиниб, инсультнинг тури аниқланиши керак!

Одатда, инсульт ривожлангандан бошлаб 21 кунгача бўлган давр инсультнинг ўткир даври ҳисобланиб, бу даврда бемор шифохонада даволанади. Касалликнинг ўткир даврида беморнинг ҳуши бузилиб, фалажликлар, нутқ ва хулқ-атвор бузилишлари яққол ифодаланган бўлади. Бу даврда унга руҳий тинчлик ўта зарурдир! Шунинг учун беморни кўришга келаётганлар сонини кескин камайтириш лозим, унинг ёнида турмуш ўртоғи ёки фарзандларидан бири парвариш қилиш учун қолиши мумкин. Чунки ҳар қандай ташриф кечагина оёқда юрган, бугун эса тўшакка михланиб қолган беморга руҳий жароҳат етказиши мумкин. Бундай ҳолатлар, айниқса, бирга ишлайдиганлар ва қўни-қўшнилар ташриф буюрганда рўй бериши эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар бемор: «Танишларим мени кўргани келишаяптими?» деб сўраса, унга «Албатта келишаяпти, бироқ докторлар уларга рухсат беришмаяпти, бир оз тузалганингиздан сўнг уларни ёнингизга қўйишади. Барча келиб-кетаётганлар сизни тезроқ соғайиб кетсин дейишмоқда» қабилидаги сўзлар билан беморни тинчлантириш лозим. Айниқса, нутқи бузилган беморлар ёнига келувчилар сонини нутқ тиклангунга қадар тўхтатиб туриш лозим. Нутқ эса аксарият ҳолларда 2–3 ҳафта ичида тиклана бошлайди. Даволаш муолажалари тўғри ва ўз вақтида олиб борилса, олдин беморнинг оёқларида ҳаракат пайдо бўлади, қўлнинг тикланиши эса бир оз суст боради. Чунки мия пўстлоғида жойлашган оёқ марказларини иккала қон томир қон билан таъминлайди, Қўл марказларини эса фақат битта қон томир қон билан таъминлайди. Шунинг учун ҳам ушбу артерия соҳасида кузатилган инсультларда қўл ҳаракатларининг тикланиши суст чекади.

Савол: Бемор шифохонадан чиққандан сўнг уни қандай парвариш қилиш керак?

Жавоб: Бемор шифохонадан ҳар доим ҳам тузалиб чиқиб кетмайди. Чунки 3 ҳафтада фалажланган қўл ва оёқлар тўла тикланмаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда нутқ ҳам тўла тикланмай қолади. Инсультда бузилган функцияларнинг тикланиши, одатда, бир йил мобайнида давом этади. Бироқ вақт ўтган сайин тикланиш жараёни сустлашиб боради. Шунинг учун ҳам ушбу даврда реабилитация усуллари ўта устамонлик билан олиб борилиши керак. Афсуски, инсульт ўтказган беморларда турли даражада ифодаланган ногиронлик 80% га етади. Ҳеч қандай ўткир ривожланувчи касалликда ногиронлик бу даражада юқори эмас. Демак, ушбу беморларни нормал ҳаёт тизимига қайтариш лозим. Бу йўналишда бир қанча мутахассислар, яъни реабилитологлар, невропатологлар, психологлар, логопедлар, терапевтлар иштирок этади. Умумий амалиёт шифокори эса ушбу мутахассисларнинг кўригини таъминлайди ва уларнинг тавсияларига асосланиб, беморни даволаб кузатиб боради.

Инсультнинг оғир турини ўтказган беморларга ўз-ўзини эплай олиш, яъни овқатланиш, ювиниш, чўмилиш, соқол олиш, кийиниб-ечиниш, ҳожатхонага бориб келиш каби кундалик юмушларни мустақил равишда бажара оладиган ҳолатга келтириш реабилитациянинг асосий вазифаларидан биридир. Инсульт енгил кечган ҳолатларда эса, меҳнат қобилиятининг тикланиш даражасига қараб, беморни аввал ўзи фаолият кўрсатган ишларга яна жалб қилиш мумкин.

Инсультда кузатиладиган фалажликларда мушаклар тонусининг кескин ошиши бўғимларда ҳа­ракатларнинг пасайишига сабабчи бўлади. Мушак-бўғим контрактуралари (қотиб қолишлар), айниқса, қўл панжалари ва тирсак бўғимида кучли ифодаланган бўлади. Бу ҳолат табиийки, беморга ўзини эплаш билан боғлиқ бўлган юмушларни бажариш имкониятини чегаралайди. Бу муаммоларни бартараф этиш ёки олдини олиш учун турли жисмоний машқлар мавжуд. Мутахассислар тавсиясига кўра бемор ушбу машқларни бажариши, фалажланган оёқ-қўлларга нуқтали уқалашлар олиши, физиотерапевтик муолажаларни ва мушак тонусини пасайтирувчи дориларни истеъмол қилиши зарур. Нутқ бузилишларини даволашда доривор воситалардан ташқари логопедик муолажалар ўтказиш ҳам ўта муҳимдир. Одатда, касаллик сабабли пайдо бўлган нутқ ва хулқ-атвор бузилишларини нейропсихологлар даволаши зарур. Нейропсихологлар йўқ жойларда нейропсихологик муолажаларни яхши тушунадиган невропатолог ёки тиббий психолог даволаш муолажаларини ўтказиши мумкин.

Савол: Инсульт ўтказган беморлар ишлаши мумкинми?

Жавоб: Инсульт ўтказган беморларни жамиятдан ва оилада бўлаётган тадбирлардан чеккалаб ташлаш асло мумкин эмас. Беморни оилавий ва маҳаллада режалаштирилаётган ишларга унинг имконият даражасига қараб жалб қилиш лозим. Акс ҳолда бемор ўзини оилага ҳам, жамиятга ҳам кераксиз деб ҳис қилиб, чуқур депрессияга тушади ва психологик изоляцияда қолади. Баъзи ҳолларда касаллик сабабли бир ой ичида иш жойи ва яқинларининг эътиборини йўқотган беморда ўз жонига қасд қилишлар ҳам рўй бериб туради. Ушбу беморнинг ҳаёт тажрибасидан маҳалла фаоллари, қариндошлар ва оила аъзолари унумли фойдаланишлари лозим.

Савол: Зарифбой Ражабович! Одам узоқ яшаб ҳаётдан кўз юмса, у одам ўз ажали билан ўлган дейишади, яъни касал бўлмай ўлди, дейишади. Одам касал бўлмаса, у нега ўлади? Шунга изоҳ берсангиз!

Жавоб: Сиз жуда қизиқ савол бердингиз! Менимча, одам ўз ажали билан ўлмайди! Одам тўқсонга кирадими, юзгами, у ё инфарктдан, ё инсультдан вафот этади. Агар ажалнинг иккита эшиги бўлса, унинг бирига «Инфаркт», иккинчисига «Инсульт» деб ёзиб қўйилган. У қайси эшикни тақиллатса, унга ўша эшик очилади. Қизиғи шундаки, ушбу иккала эшикка олиб борадиган йўлаклар «Атеросклероз» ва «Артериал гипертония» номи билан аталади. Образли қилиб айтганда, ушбу хавфли йўлакларга осиб қўйилган «Ажал эшиги кўрсаткичлари» эса нотўғри ҳаёт тарзи, ёғли овқатларни кўп тановвул қилиш, ичиш, чекиш, жисмоний меҳнат билан шуғулланмаслик, бўлар-бўлмасга сиқилавериш, тинмай телевизор кўриш ва компьютер олдида соатлаб ўтириш, спорт билан шуғулланмаслик, уриш-жанжаллар ва ҳ.к. Буларнинг барчасидан воз кечиб, бошқа йўлни танлаш керак.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.