- Интервьюлар, Янгиликлар

МЕНИНГ ҚАҲРАМОНИМ КИМ БЎЛГАН?

(“Ёш куч” журналига берилган интервью).

Ассалому алайкум, Зарифбой Ражабович! Ёшларимиз шифокор, инженер, олим ёки космонавтларга ҳавас қилиб касб танлашади. Биз турли соҳада фаолият кўрсатаётган инсонлар билан суҳбат қуриб, уларнинг ёшлик давридаги ҳою-ҳаваслари билан қизиқаяпмиз.

1-савол. Мактабда ўқиб юрган даврингизда кимларга интилиб яшагансиз, қандай орзу-умидлар қилгансиз?

Жавоб. Мен 10-12 ёшимда, яъни 3-5 синфда ўқиб юрган пайтларимда қурувчилик касбига жуда қизиқардим. Чиройли иморатлар тиклагим келарди. Чунки бизнинг битта қариндошимиз уйимизга ташриф буюрганида тўрт қаватли янги иморатлар тиклаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирганди. У қурувчилик ҳақида сўзлаганида ҳар бир болани ўзига ром қилиб қўярди. Ўша пайтлари телевизорда намойиш этилаётган “Маҳаллада дув-дув гап” филмидаги янги қурилаётган иморатларни томоша қилиб, қурувчилик касбига жуда қизиққанман. Бироз улғайгач, физика фани мени ўзига ром қилиб қўйган ва физик олим бўламан деганман. Физика устозимиз жуда билимли инсон эдилар. Улар бутун олам тортишиш қонуни, атомларнинг парчаланиши, магнит майдонлари ҳақида жуда қизиқарли қилиб бизга дарс ўтардилар. Улар, айниқса, Резерфорд ва Эйнштейн тажрибалари ҳақида кўп гапирардилар.

2-савол. Уйингизда қандай китоблар бўлган?

Жавоб. Менинг отам тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлганлар. Отам жуда чиройли мисраларни бир зумда тўқиб ташлардилар, бизларга эсдан чиқмайдиган ҳикоялар сўзлаб берардилар. Бизнинг уйимизда жуда катта кутубхона бўлган. Уйимизга тўпланган журналларнинг ўзи бир хонага сиғмасди. Отам Ўзбекистонда чиқадиган деярли барча газета ва журналларга обуна бўлганлар. Почтачи бизнинг уйга келганидан сўнг унинг халтаси бўшаб қоларди. Бизнинг уйда ҳатто 30-40 йиллик газеталар ҳам сақланиб турарди. “Гулхан”, “Фан ва турмуш”, “Шарқ юлдузи” журналларини роса мутолаа қилардик. Менга “Калила ва Димна” асари ёд бўлиб кетганди.

         3-савол. Нега тиббиётни танлагансиз?

Жавоб: Тиббиётга қизиқиб қолишимга онам сабабчи бўлганлар. Улар мигрен касаллигидан азият чекканлар ва бош оғриқ хуружлари тез-тез қийнаб турган. Эсимда, 8-синфда ўқиб юрган кезларим мактабдан уйга келсам, онам бош оғриқ хуружига чидай олмай, бувимга суяниб ўтирибдилар. Бошларини рўмол билан боғлаб олганлар. Мени кўриб бағирларига тортдилар-да: – Болам, бу азобдан қачон қутуламан? – деб йиғлаб юбордилар. Юрагим эзилиб кетди. Ўша ондан бошлаб “Мен доктор бўлишим керак”, деб ўз олдимга қатъий мақсад қўйганман.

4-савол. Менинг қаҳрамонларим ким бўлган?

Жавоб. Менинг қаҳрамонларим ўзгариб турган. Масалан, қурувчи бўламан деган пайтларим қаҳрамоним ўша қурувчи қариндошимиз эди. Физикага қизиққан пайтларим Резерфорд ва Эйнштейнга маҳлиё бўлганман. Уларга ўхшаб кашфиётлар қилишни орзу қилганман. Тўғрисини айтсам, мен жуда хаёлпараст эдим. Ўша пайтлари расм ҳам чизардим, кичик шеърлар ҳам ёзардим. Бизнинг уйда акам, мен ва икки укам яхши расм чизардик. Мен Эйнштейннинг расмини чизиб, хонамга осиб қўйганман.  “Калила ва Димна” ни ўқиб шунга ўхшаш ҳикоялар тўқиб, отамга сўзлаб берардим. Отамга ҳар томонлама ҳавасим келарди. Улар фикрлаш доираси жуда кенг, бироқ жуда содда одам бўлганлар. Тиббиёт институтига кирганимда академиклар Ўктам Орипов, Комилжон Зуфаров, Наби Мажидовларга ҳавас қилганман. Улар менинг қаҳрамонларим эди.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.