- Bo'limsiz

МИЯ ИЧКИ БОСИМИ ОШИШИ — АЛОҲИДА КАСАЛЛИКМИ?

Зарифбой Ибодуллаевнинг “Шифо инфо” газетасига берган интервьюси. 2017 йил 7 декабр сони


 МИЯ ИЧКИ БОСИМИ  ОШИШИ — АЛОҲИДА КАСАЛЛИКМИ? 

  • Миянинг ички босими деганда нимани тушунамиз?
  • Бу касаллик кенг тарқалганми?
  • Аломатлари қандай?
  • Ташхис қўйиш қоидаси қандай?
  • Яна қандай касалликларда мия ички босими ошади?

 “Миянинг ички босими босими ошиши қандай касаллик? Унинг сабаблари нима? Бутунлай даволаш мумкинми? Шулар ҳақида китобча шаклида батафсил маълумот беришингизни сўрайман”

Тошпўлат АШУРОВ, Бухоро вилояти, Когон шаҳри 


Одамлар орасида “черепное давление” ибораси шу қадар кенг тарқалганки, баъзида чуқур ўйга толасан киши. Бу ташхисни қўймайдиган врач қолмади, шекилли. Аслида чуқур неврологик текширувлар асосида айнан невропатолог томонидан қўйиладиган бу ташхисни нега бошқа тоифа врачлари ҳам қўймоқда? Уларнинг бунга юридик ҳуқуқи борми? Аксарият одамлар артериал қон босимидан эмас, “черепное давление”дан қўрқадиган бўлиб қолган. Нима учун? Энди туғилган чақалоққа ҳам шу ташхисни қўйишяпти, қари одамларга ҳам. Нима, бу касаллик шу қадар кўп тарқалганми ёки асоссиз ташхислар кўпайганми? Мухлисларни ва менинг қабулимга келаётган аксарият беморларни бундай саволлар кўп қизиқтириши боис, уларга батафсил жавоб бериб ўтишни лозим топдим. 


Савол: Миянинг ички босими ошиши  шу қадар кўп тарқалганми ёки бу ташхисни қўйиш кўпайганми? Ҳалқ тили билан айтганда “черепное давление” нима ўзи?

 Жавоб: Калла суяги русчада “череп”, лотинчада “сranium” деб юритилади. Рус тилидаги “Внутричерепное давление” ўзбекчага “калла суяги ички босими” деб таржима қилинади. Ўзбек тиббий тилида мен “интракраниал гипертензия” иборасини кўп ишлатаман. Китобларимда ҳам шундай ёзганман. “Гипертензия” атамаси “юқори босим” деган маънони англатади. Масалан, артериал гипертензия, интракраниал гипертензия. Халқимизга тушунарли бўлиши учун бугунги суҳбатимизда “миянинг ички босими” иборасини ишлата қоламиз.

Хўш, миянинг ички босими ошиши ёки интракраниал гипертензия ҳақиқатан ҳам кўп тарқалганми? Асло йўқ! Бош оғриқлар сабаби ичида миянинг ички босими ошиши бор-йўғи 12 фоиз холос. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, турли врачлар томонидан бундай ташхисларни қўйиш 70 фоиздан ошиб кетди.

Бу жуда кўп! Кўриб турганингиздек асл кўрсаткичлардан деярли 5 баробар кўп…

Негаки бу ташхисни фақат шифокорлар эмас, одамлар ҳам ўзларига-ўзлари шу ташхисни қўйяпти. Ҳатто маҳалланинг эски дўкони олдида қурт ва писта сотиб ўтирадиган онахоннинг ёнига бориб менинг бошим қаттиқ оғрийди, доимо оғрийди, десангиз  “Сизда черепное давление” ошган, деб жавоб беради.

Мен Тошкент тиббиёт академиясида 1994 йилдан буён талабаларга неврологиядан маъруза ўқийман. Ўша пайтлари компьютер томографиясиЎзбекистонга энди кириб келган йиллар эди. Ушбу аниқ ташхис қўювчи ускуна пайдо бўлгач, асоссиз неврологик ташхисларни қўйиш камаяди, деб ўйловдим. Афсуски, баттар кўпайди.

Бир куни маъруза ўқиётган пайтимда талаба қизлардан бири: “Устоз, миянинг ички босими ошиши аҳоли орасида кўп тарқалганми?” – деб сўраб қолди. Мен унга: “Синглим, бугун дарсдан кейин автобус бекатига боринг-да, (албатта,оқ халат киймасдан) нафақага чиқиб, зерикканидан писта сотиб ўтирган сотувчи аёлдан: “Бошим тинмай оғрийди, нима қилсам экан-а?” – деб сўранг. Албатта, у сизга “Докторга боринг қизим”, дейди. Сиз бироз кутиб туринг-да, яна шу саволни беринг. Шунда нафақахўр аёл:  “Қизим, сизда “черепное давление” ошган”, деб жавоб бериши табиий.

Эртаси куни навбатдаги маърузани энди бошлагандим ҳамки, ҳалиги талаба қизимиз кеча бўлган воқеани тўлқинланиб гапира бошлади:“Тавба! Устоз, худди сиз айтгандек бўлди. Ўша аёл менга иккинчи саволдан кейин “Қизим сенда черепное давление ошган”, деди. Маъруза залидаги 150 дан ошиқ талаба кулиб юборди. Мен талабаларга қараб: “Институтни тугатгач сизлар ҳам бу ташхисни бўлар-бўлмасга қўявермаслик учун яхши ўқинглар”, дедим. Мен аҳён-аҳёнда маъруза пайтида талабаларга шунақа топшириқ бериб тураман. Улар кўчада ҳар хил одамларга шу саволни бериб, деярли ҳар доим “Сизда черепное давление ошибди”, деган жавобни олади.

Ҳозир “Шифо-инфо”ни ўқиб ўтирган мухлисларимиз ҳам кўчага чиқиб дуч келган одамдан “Бошим тинмай оғрийди, нима қилсам экан”, деб сўрасин. Аксарият жавоблар қуйидагича бўлади: “Сизда черепное давления ошибди”… Гўёки бу дунёда бош оғриққа олиб келадиган бошқа сабаб йўқдек! Кимнинг боши оғриса ушбу ташхисни қўйишмоқда.


 Савол: Балки ростдан ҳам бу касаллик кўп учрар?! Тинмай бош оғриши –черепное давление белгиси эмасми ахир?

Жавоб: Барча бош оғриқлар сабаблари ичида  миянинг ички босими ошиши бор-йўғи 10-12 % ни ташкил қилади. Боз устига, “миянинг ички босими” деган ташхис йўқ. Миянинг ички босими ҳаммада бор. Уни ликвор босими деб ҳам аташади. Ликвор (мия суюқлиги) босими горизонтал ҳолатда 100-200, ўтирган ҳолатда 200-400 мм сув устунига тенг. Худди артериал қон босим каби. Масалан, артериал қон босим ҳаммада бор ва у нормада 120/70 мм. симоб устунига тенг. Баъзи катта ёшдагиларда 140/90 мм симоб устуни ҳам меъёр ҳисобланади. Артериал қон босим ўлчов бирлиги – мм симоб устуни билан ёзилади, ликвор босими эса мм сув устуни деб ёзилади. Аслида ликвор босимини аниқлаш учун орқа мия суюқлиги олиб текширилади.


Савол: Шифокорлар менингит (мия пардалари яллиғланиши) билан шифохонага тушган боланинг орқа миясидан ликвор суюқлигини олиб текшириш лозимлигини айтишади. Аммо баъзи ота-оналар бунга розилик беришмайди. Чунки боладан мия суюқлиги олинса, кейинчалик у ақли заиф бўлиб қолади, деб ўйлашади. Шу тўғрими?

Жавоб: Мутлақо нотўғри! Аксинча, менингит бўлган боладан шифохонада орқа мия суюқлиги (ликвор) олиб турилмаса, у кейинчалик ақли заиф бўлиб қолиши мумкин. Нафақат ақли заиф, балки бундай бола жисмоний ривожланишдан ортда қолади ва турли асоратлар билан тузалади.

Айниқса, йирингли менингитни люмбал пункция (орқа миядан суюқлик олиб текшириш амалиёти) қилмасдан даволаш ўта хавфли. Орқа мия, албатта, пункция қилиниши керак.

Изоҳ: бош мия ва орқа мия пардалари орасидаги бўўлиқда мия суюқлиги доимо айланиб туради. Шунинг учун ҳам белдан пункция муолажаси ўтказилиби, орқа мия суюқлиги олинса, билингки, бутун бош мия ичи ва атрофидаги ликвор ҳолати текширилган бўлади. Текшириш усули ушбу расмда кўрсатилган:

 

 

1-расм. Мия суюқлигини (ликвор)  белдан пункция қилиб текшириш усули

Бу касаллик одатда, 2 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Мазкур касалликка чалинган болаларда ҳар 2-3 кунда белдан пункция қилиб, орқа мия суюқлигини олиб туриш керак. Натижада, мия пардалари орасидаги йирингли ликвор тозаланиб, унинг ўрнига булоқ сувидек тоза ликвор ишлаб чиқарилади.

Мия қоринчаларининг махсус ўсиқчаларида бир кунда 350-450 мл ликвор ишлаб чиқарилади ва шунчаси қайта сўрилади. Кўрдингизми, қанча кўп! Бу эса миянинг соғлом фаолият кўрсатиши учун жуда зарур.

Мана ҳозир суҳбатимиз “мия ички босими” ҳақида кетяпти. Айнан йирингли менингит – болада мия ички босимини кескин оширадиган касалликлар ичида биринчи ўринда туради. Бу босимни фақат белдан ликвор олиб пасайтириш мумкин. Акс ҳолда, миянинг ички босими ошавериб мия тўқимасини эза бошлайди ва бола комага тушади. Биласизми, менингит сабабли комага тушган болага 2-3 соат ичида белдан пункция қилиб ортиқча ликвор олинса, у ўша куниёқ ҳушига келади. 


Савол: Нега унда баъзи инфекционист-врачлар “Болангизнинг белидан пункция қилиб мия суюқлигини олишимиз керак. Шунга розимисиз?” деб сўрашади. Ота-она, табиийки, қўрқади…Ушбу тиббий муолажа шу қадар муҳим экан, уни ота-онадан сўрамай қилишаверса бўлади-ку?

Жавоб: Менингит бўлган болада орқа мия суюқлигини олиб текшириш учун врачнинг ота-онадан рухсат олиши – бу бўлмаган гап! Мен бунақа қоидани эшитмаганман. Ундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Люмбал пункция – тиббий кўрсатмалар асосида врачнинг ўзи ҳал қиладиган муолажа. Уни ўтказиш ёки ўтказмасликни фақат врачнинг ўзи ҳал қилади. Менингитни люмбал пункция қилмасдан даволаш – бу ўлим ва оғир асоратлар сабаби деяверинг. Агар баъзи шифохоналарда шундай қоидалар ҳалиям ҳукм сураётган бўлса, бунга зудлик билан чек қўйиш керак. Бундан ташқари, мия лойқали ликвордан тозаланиб турса, унинг ўрнига тоза ликвор ишлаб чиқарилиб туради. Ликвор таҳлили орқали менингитни қайси микроб чақиргани анқиланади ва энг зарур антибиотик танланади ва ҳ.к. Умуман олганда, реаниматологлар ишига ота-оналар аралашмагани маъқул.


 Савол: Қачон миянинг ички босими ошади?

 Жавоб: Авваломбор мен сизга мия ички босими ошиши сабаблари ҳақида маълумот берсам. Ҳали айтиб ўтганимдек, бу патологик ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – бу мия пардаларининг ўткир яллиғланиши, яъни менингитлар. Кейинчалик энцефалитлар (мия тўқимаси яллиғланиши), бош мия жароҳатлари, лептоменингит ва хориоэпендиматитлар.

Лептоменингит – бу мия пардаларининг сурункали яллиғланиши бўлиб, унинг ҳам асосий белгилари бош оғриқлардир. Лептоменингит менингитга ўхшаган оғир касаллик эмас. Менингит юқумли касаллик ва уни инфекционист даволаши керак, лептоменингит эса умуман юқмайди ва уни невропатолог даволайди. Лептоменингитда миянинг ички босими ҳар доим ҳам ошавермайди. Хориоэпендиматит – бу мия қоринчаларининг ички девори яллиғланиши. Айнан мана шу ички девор (эпендима) ликвор ишлаб чиқарувчи ва ортиқча ликворни қайта сўрувчи ўсиқчалардан иборат.

Ушбу расмда мия суюқлиги айланиб юрадиган мия қоринчалари ҳамда парадалар орасидаги бўшлиқ кўрсатилган.

2-расм. Стрелкалар билан бош мия
ва орқа мияда ликвор оқиши
йўналишлари кўрсатилган.

Бу касаллик деярли ҳар доим миянинг ички босими ошиши билан бошланади. Афсуски, ҳозирги невропатологлар бу ташхисни деярли қўйишмаяпти. Бу яхши эмас. Ваҳоланки, “лептоменингит ва хориоэпендиматит” атамаларини Ўзбекистон фахри, ХХ асрнинг буюк неврологи, жаҳон неврологиясига улкан ҳисса қўшган ўзимизнинг олим Наби Мажидов 1972 йили таклиф қилган. Бу иккала касаллик номи “Катта тиббий энциклопедия”да ҳам ўрин олган. Керак бўлса, хориоэпендиматит – “Мажидов касаллиги” деб аталиши керак. Мен бу масалани Халқаро анжуманлардан бирида кўтармоқчиман. Мажидов улкан мерос қолдириб кетди. Унинг барча асарларини инглиз, немис, француз тилларига таржима қилиш вақти келди. Акс ҳолда, ўзбек олими яратган бу ташхисни биздан ўғирлаб қўйишади ва ўзиники қилиб олишади. Илм-фанда бундай воқеалар ҳар доим учраб турган. Илм-фанда нафақат плагиатлик, балки ғоя ўғрилари ҳам анчагина. Хорижда ҳар қандай кашфиёт ҳатто оддий симптомга ҳам олимлар номини беришади.

Масалан, Бабинский симптоми, Керниг симптоми ва ҳ.к. Синдром, яъни симптомлар мажмуаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу боис ҳам қайси тиббий китобни варақласангиз олимлар номи билан аталган жуда кўп симптомлар, синдромлар ва касалликларга кўзингиз тушади. Наби Мажидов бўлса, янги йирик бир касаллик ҳақида кашфиёт қилди. Бироқ ҳанузгача бу касалликка унинг номи берилмаган.

 
3-расм. Соғлом одамда ва миянинг ички босими ошганда мия қоринчалари ҳолати.

Биласизми, мавзудан четлашаётгандек кўринса-да, олим сифатида мен ҳам ўтган олимларни эслаб ўтишим керак. Қолаверса, миянинг ички босимини Наби Мажидов даражасида ўрганган олим йўқ. Боз устига, “Миянинг ички босими ошиши”  — ташхис эмас. 1972 йилгача дунё неврологиясида “Мия ички босими ошиши” ибораси ўз нозологиясига (яъни касаллик номига) эга бўлмаган. “Хориоэпендиматит” ушбу атамага жуда мос келади.


Савол: Миянинг ички босими ошишига хос белгилар ҳақида маълумот берсангиз. Бу ҳолат қандай намоён бўлади?

Жавоб: Миянинг ички босими ошиши қуйидаги аломатлар билан кўзга ташланади:

  1. Бош оғриқлари. Эрталаб уйғонганда кузатилади, бошни пастга энгаштирганда кучаяди, зинадан кўтарилаётганда чакка ва энса соҳаси лўқиллай бошлайди.
  2. Бош айланиши. Чунки тана мувозанати ва коордиация учун жавоб берувчи тузилмалар фаолияти ҳам сустлашади. Шунингдек, миядан қонни олиб чиқиб кетувчи веналарда турғунлик рўй беради. Бунинг натижасида нафақат бош оғрийди, балки бош айланиши ҳам кузатилади.
  3. Кўнгил айниши ва баъзида қайт қилиш. Бу белгиларнинг овқатланишга алоқаси бўлмайди ва бош оғриқ зўрайганда пайдо бўлади ёки кучаяди. Бунинг ҳам сабаблари юқорида кўрсатилган омиллар билан боғлиқ. Шунингдек, мия устунида вегетатив марказлар бор. Мия ички босими ошганда ушбу марказлар қўзғалади ва кўнгил айнийди, қайт қилиш кузатилади.
  4. Диққат тарқоқлиги ва хотира пасайиши, фикрлаш сустлашуви. Бу симптомлар нега пайдо бўлади? Чунки миянинг ички босими ошганда халқ тили билан айтганда “мия димиқади” ва бунинг натижасида миянинг нормал фаолияти сустлашади. Худди кислород кам хонада бош димиққандек ҳолат юзага келади.
  5. Юракнинг уришлари тезлашуви ёки сустлашуви, қон босим “ўйнаб” туриши, кўп терлаш ва ҳ.к. Бу белгилар ҳам мия устунида жойлашган юрак-қон томир фаолиятини бошқарувчи марказлар ишининг сустлашуви билан боғлиқ.
  6. Кўришнинг пасайиб бориши. Бу белги йиллар ўтиб пайдо бўлади.

 Савол: Бу белгилар бошқа касалликларда ҳам учрайдими ёки фақат миянинг ички босими ошиши билан боғлиқми?

Жавоб: Мен ушбу белгиларнинг ҳар бирига изоҳ бериб ўтмоқчи эдим. Мухлислар “Шифо-инфо”ни ўқийвериб, кўпчиликка тиббий иборалар, атама ва касалликлар номи ёд бўлиб кетган. Бу жуда яхши. Яъни ўқувчиларга тушунтириб беришни осонлаштиради. Келинг, ишни ҳамма қўрқадиган бош оғриғини таҳлил қилишдан бошлаймиз. Бу белгига олиб келувчи касалликлар ҳақида озмунча хабардорсиз. Агар мен қандай хасталиклар бош оғриғига сабаб бўлади деб сиздан сўрасам, сиз: мигрен, невроз, зўриқиш бош оғриғи, қон босими, уч шохли нерв невралгияси, гайморит, депрессия, бўйин остеохондрози ва шамоллаш касалликлари деб жавоб беришингиз мумкин.

Аммо аслида бош оғриққа олиб келувчи касалликларнинг сони 200 дан ошиқ. Хусусан бош миянинг деярли барча касалликлари бош оғриқ билан намоён бўлади. Керак бўлса, баъзи жигар ва буйрак касалликлари, доимий сигарет чекиш, ичкилик ичиш, компьютер олдида тинмай ўтириб ишлаш, турли муаммолар ҳақида хаёл суравериш, оддий уйқусизлик ва ҳ.к. ҳам бош оғриққа олиб келиши аниқ.

Шундай экан, нима учун бош оғриқ симптомини фақат миянинг ички босими ошиши билан боғлаш керак?! Шу ерда мен невроз, депрессия ва зўриқиш билан боғлиқ бош оғриқларини алоҳида кўрсатмоқчи эдим.

Юқорида айтганимдек, барча бош оғриқларнинг бор-йўғи 10-12 фоизи мия ички босими ошиши билан боғлиқ бўлса, қолган бош оғриқларнинг 60-70 фоизи — булар зўриқиш билан боғлиқ бош оғриқларидир. Яъни невроз ва депрессия туфайли пайдо бўлган бош оғриқлари.

Зўриқиш бош оғриғи аҳоли орасида шу қадар кўп тарқалганки, ҳатто бу ташхисни “Касалликларнинг халқаро таснифи”га алоҳида касаллик сифатида киритишган. Балки бу касаллик ҳақида кейинроқ маълумот берармиз.


Савол: Мия ичи босими ошишида учрайдиган бошқа ҳолатларни ҳам таҳлил қилиб ўтсангиз…

Жавоб:

  • бош айланиши – камқонликда, қон босим ошганда ёки тушиб кетганда, мияда қон айланиши сустлашганда;
  • кўнгил айниш ва қусиш эса кўпроқ ошқозон-ичак касалликларида;
  • хотира ва тафаккур бузилишлари – Альцгеймер касаллиги ва бошқа деменциялар;
  • кўриш пасайиши – кўз касалликларида кузатилади ва ҳ.к.

Кўрдингизми, симптомлар бир нечта бўлишидан қатъи назар, улар фақат битта касалликка тааллуқли бўла олмайди. Барча неврологик симптомлар марказий асаб тизимининг ҳар қандай касаллигида учраши мумкин. Биз эса тўғри ташхисни аниқламасдан туриб, даволашга берилиб кетамиз.

Шу ерда “Асаб ва руҳият” китобимда ёритилган ҳазиломуз афоризмни эслатиб ўтмоқчи эдим: “Ҳамма даволаш билан овора, ташхис қўйиш билан ҳеч кимнинг иши йўқ”.

Афсуски, бу аччиқ ҳақиқат. Ҳозирги вақтда “Мен даволайман”, деган мазмундаги рекламалар кўпайиб кетди. Ушбу китобимда бошқа афоризм ҳам бор: “Ташхис ва даволаш – гўёки эгизак, улар бир хил диққат ва эътиборни талаб қилади”. Бу афоризм ҳар бир врачга ёд бўлиб кетиши керак.


Савол: Мия ичи гипертензияси, яъни мия ички босими ошиши ташхиси қандай қўйилади? Ташхисни хато қўймаслик учун нима қилиш керак?

Жавоб: Биринчи галда касаллик этиологиясини тўғри аниқлаш зарур. Қачонлардир рўй берган бош мия жароҳати ёки болалик пайтида ўтказилган мия пардалари шамоллашлари – ҳозирги пайтдаги бош оғриққа алоқаси бўлмаслиги мумкин. Албатта, субъектив аломатлар (беморнинг шикоятлари) билан объектив симптомлар (невропатолог текшириб топган симптомлар) бир-бири билан солиштирилади. Улар бир-бирига мос келиши керак.

Масалан, бемор “Дод, бошим ёрилиб кетяпти”, дейди. Неврологик текширув пайтида эса “бош ёрилиб кетишига” хос белги топилмайди. Беморнинг шикоятларига муккасидан берилиб кетиш – бу тиббиётдаги хато ташхислар манбасидан биридир. Албатта, шикоятларни ўрганиш керак. Бироқ танқидий нуқтаи назардан. Мен шогирдларимга: “Ҳар бир касалликка хос белгининг хронологиясини ўрганинг!” деб уқтираман.

Масалан, 7 йил олдин пайдо бўлган бош оғриғи сабаби нима, қандай пайтларда кучаяди, камаяди ёки йўқолади, қайси дорилар ёрдам беради. Мисол учун, баъзи китобларда “Миянинг ички босими ошса, пастга энгашганда бош оғриғи зўраяди” деб ёзилган. Тўғри! Бироқ веноз энцефалопатия ва зўриқиш бош оғриғида ҳам ёки артериал қон босими баланд юрадиган одамларда ҳам бошни пастга энгаштирганда мавжуд бош оғриғи кучаяди.

Керак бўлса, коллежда зўрға ўқиётган инжиқ, асаби тор, артериал қон босими 80/50 мм симоб устунидан ошмайдиган нимжон йигит-қизларда ҳам бошни пастга энгаштирганда бош оғриғи кучайиши мумкин. Ҳатто улар юраётганда тентираб ҳам кетади. Бу нима? Бу “черепное давление” эмас. Бу – қон томирлар тонусини бошқарадиган вегетатив марказлар сустлиги аломати.

Яна бир нарса. Зинадан чиқаётганда ёки юриб бораётганда иккала чаккада лўқилловчи оғриқлар ҳам миянинг ички босими ошиши учун хос. Бироқ худди ушбу ҳолат вегетатив дистония синдромида, қон босим ошганда, чакка артерияси касаллигида ва ҳатто гайморитда ҳам бўлади. Бундай белгилар билан намоён бўладиган касалликлар анчагина. Ҳозир улар ҳақида гапирсам газетхонлар тушунмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам тиббиётда шифокорлар учун аталган олтин қоида бор: “Беморда аниқланган ҳар бир симптомни танқидий баҳола!” Акс ҳолда, кимдир бошим қаттиқ оғрияпти, деса, дарров “миянинг ички босими ошган” ташхисини қўйиб ташлайверасиз.

Мен ушбу китобчада мухлисларга тушунарли бўлсин деб, турли ўхшатишлар, содда халқона иборалардан фойдаландим. Тиббиёт – ўта мураккаб фан. Гиппократ “Барча санъатлар ичида энг буюги – бу тиббиётдир” деб бежиз айтмаган.


Савол: Зўриқиш бош оғриғи нима?

Жавоб: Юқорида мен бош оғриқларнинг асосий сабаби – бу зўриқиш бош оғриғи деб айтдим Бундай оғриқлар бошқа турдаги бош оғриқлардан 4-5 баробар кўп учрайди. Китобчани ўқиётган мухлисларимиз “Зўриқиш бош оғриғи” ҳақида ҳам билиб қўйса фойдадан ҳоли бўлмайди. Халқаро таснифдан ўрин олган “Зўриқиш бош оғриғи” Ўзбекистонда қай даражада тарқалганлигини биз билмаймиз. Ўзбекистонда бу ҳақда аниқ статистик маълумотлар йўқ. Докторларимиз бу ташхисни деярли қўйишмайди. Шунинг учун ҳам ҳақиқий статистикадан бехабармиз. Аҳоли орасида қайсидир касалликнинг тарқалиш даражасини (эпидемиологияси) билиш учун қуйидаги 2 та қоидага амал қилиш керак: биринчиси – ҳар бир докторнинг қўлида касалликнинг асосий симптомлари акс этган “Регистр” бўлиши керак, иккинчиси – ташхисни фақат мутахассис қўйиши керак. Афсуски, бу қоидага амал қилинмаяпти.

Мен зўриқиш бош оғриғи аҳоли орасида кўп тарқалган, деб айта оламан. Чунки ҳозир ҳамма боши оғриса бош оғриқни тўхтатадиган дори ичади. Хўш! Сиз-чи, бошингиз оғриса цитрамон ичасизми ёки анальгинми? Тўғрисини айтсам, кўпчилик боши оғриганда цитрамон ичади.Уни ичишдан олдин ҳеч бир шифокордан сўрамайди. Зўр дори, уни ичгандан кейин 10 дақиқа ўтгач оғриқ қолади-да!


Савол: Одам сиқилса миянинг ички босими ошадими?

Жавоб: Йўқ, ошмайди. Бош оғриғи пайдо бўлади. Тиббиётда “психоэмоционал зўриқиш” деган ибора бор. Оддий қилиб айтганда, олим куни билан илмий иш устида ўтирди, ёзувчи тинмай мақола ёзяпти, ўқитувчи репетирорлик қилди, амалдор оғир мажлис ўтказди ва ҳ.к. Мана шундай пайтларда психоэмоционал зўриқиш пайдо бўлади ва бош оғрийди.

Беморларга маслаҳатлар: 

  1. Ўзингизга ҳеч қачон ўзингиз ташхис қўйманг.
  2. Агар Сизга невропатологдан бошқа доктор “Миянинг ички босими ошибди” деб ташхис қўйса, унга ҳам ишонманг ва албатта невропатологга мурожаат қилинг.
  3. Бош мия жароҳатлари ва мия пардалари шамоллашларини ўзи вақтида даволатиб туринг. Акс ҳолда кейинчалик миянинг ички босими меъёрдан ошиши мумкин;
  4. Агар Сизни доимий бош оғриқлар безовта қилаётган бўлса, албатта диспансер кўриклардан ўтиб туринг;
  5. Агар Сизда ҳақиқатан ҳам “Мия ички босими ошган” деган ташхис тўғри қўйилган бўлса, невропатологда даволаниб унинг кузатувида туринг;
  6. Агар Сизда доимий бош оғриқлар бўлса, спиртли ичимликлар асло ичманг, хатто пиво ҳам. Чунки улар миядаги вена қон томирларида қон туриб қолишига сабабчи бўлади ва мия қоринчаларида ортиқча ликвор ишлаб чиқарилади. Шунинг учун ҳам кўп ароқ ёки пиво ичган одамнинг боши ўша куни ёрилиб кетай деб оғрийди.
  7. Мева-сабзавотларни кўп истъемол қилинг, айниқса пишиб кетган сариқ бодринг. Ҳар доим бодринг истъемол қилиб юриши – миядаги ортиқча суюқликни ҳайдаб туради. Бу ишни наъматак ва кийин ўти ҳам бажаради.
  8. Сизни сурункали бош оғриқлар безовта қилса, мияни зўриқтириб ишламанг, тоза ҳавода сайр қилинг, спортнинг енгил турлари билан шуғулланинг.
  9. Соғлом турмуш тарзига амал қилинг. У нималиги ҳақида газетамизда кўп бора маълумотлар берилган.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan