- Мақолалар

НЕВРОЛОГИК ОҒРИҚЛАР

Зарифбой Ибодуллаев, Тошкент тиббиёт академияси

Ушбу мақолада невр системаси зарарланиши билан боғлиқ оғриқлар ёритилган. Асосий урғу вертеброген ва новертеброген оғриқларга берилган.

Вертеброген ва новертеброген оғриқларни бир–биридан фарқлай олиш ўта муҳим диагностик аҳамиятга эга. Умуртқа поғонаси патологияси сабабли юзага келган оғриқларга вертеброген оғриқлар деб айтилади. Орқа мия, унинг пардалари, илдизчалари, спинал ганглиялар ва нервлар зарарланиши сабабли юзага келган оғриқларга новертеброген оғриқлар деб айтилади.

1жадвал

Вертеброген ва новертеброген оғриқлар этиологияси

 

Вертеброген оғриқлар

 

Новертеброген оғриқлар
Умуртқа остеохондрози Яллиғланиш касалликлари (миелит, менингомиелит, радикулопатия, плексопатия,  невропатиялар)
Диск чурралари Специфик касалликлар (заҳм, ОИТС, бруцеллёз)
Умуртқа жарохатлари Орқа мия ўсмалари (айниқса, экстрамедулляр ўсмалар, мия пардалари карциноматози)
Остеофитлар Туннел синдромлар
Умуртқа поғонаси ўсмалари Herpes zoster ва постгерпетик невралгиялар
Умуртка канали стенози Периферик вегетатив етишмовчилик
Умуртқа остеомиелити Метаболик, токсик, радиацион поли– ва мононевропатиялар
Умуртка остеопорози Панкост синдроми
Спондилоартрит Спинал артериялар патологияси (спинал инсулт ва гематорахис)
Спондилолистез Сирингомиелия
Спондилит (сил, бруцеллёз ва ҳ.к) Эпидурал абсцесс
Метаболик ва токсик спондилопатиялар Спинал операциялар асорати
Спондилез Веноз тромбозлар, лимфоаденопатия
Кифоз, сколиоз, гиперлордоз Васкулитлар, артериал тромбозлар
Гиперостоз Миофасциал синдром, миозит
Умуртқа поғонаси турғунсизлиги Психоген оғриқлар
Краниовертебрал аномалиялар Тарқоқ склероз
Люмбосакрал аномалиялар (сакрализация, люмбализация) Безовта оёқлар синдроми
Педжет касаллиги Паранеопластик синдром
Специфик ва носпецифик спондилоартропатиялар Таламик синдром

(таламик оғриқлар)

Умуртқа поғонасида ўтказилган операциялар асорати Алкоголизм ва гиёҳвандлик
Умуртқа поғонасини зарарловчи бошқа касалликлар Бошқа сабаблар (ички аъзолар касалликлари)

 

Бўйин, елка ва қўллар соҳасидаги оғриқлар

Бўйин-елка ва қўллар соҳасидаги оғриқларнинг асосий сабабчиси остехондроздир. Остеохондроз (osteo – суяк, chondros – тоғай) суяк ва тоғай тўқимасининг дистрофияси деган маънони англатади. Остеохондроз турли даражада ифодаланган оғриқлар билан намоён бўлади. Оғриқларнинг қандай номланиши 2-жадвалда келтирилган.

 

 

2-жадвал

Оғриқлар билан намоён бўлувчи касалликлар номи

 

Краниоцервикалгия

 

Бошнинг энса қисми ва бўйин соҳасидаги оғриқлар
Цервикобрахиалгия

 

Елкага тарқалувчи бўйиндаги оғриқлар
Цервикалгия

 

Бўйин соҳасидаги оғриқлар
Плексалгия

 

Нерв чигаллари иннервация қиладиган соҳадаги оғриқлар
Невралгия

 

Нерв толаси ва унинг шохчалари бўйлаб тарқалувчи оғриқлар
Миалгия

 

Мускулларда кузатиладиган оғриқлар
Торакалгия

 

Кўкрак соҳасида кузатиладиган оғриқлар
Радикулалгия

 

Спинал илдизчалар иннервация қилувчи соҳадаги оғриқлар
Дорсалгия

 

(лот. dorsum орқа) – тананинг орқа қисмидаги оғриқлар
Люмбаго ёки люмбалгия Бел соҳасидаги оғриқлар

 

Люмбоишиалгия Бел ва қуймич нерви соҳасидаги оғриқлар

 

Сакралгия Думғаза соҳасидаги оғриқлар

 

Кокцигодиния Дум соҳасидаги оғриқлар

 

 

Бўйин, елка ва қўл соҳасидаги оғриқлар бўйин умуртқалари остеохондрози, ўсмалари, травматик жарохатлари, сил касаллиги, остеомиелит, эпидурал абсцесс, субарахноидал геморрагиялар ва яллиғланиш касалликларидир. Бу соҳадаги оғриқлар, шунингдек, скелет мускуллари яллиғланиши, пай чўзилишлари ёки ички аъзолар касалликлари сабабли ҳам юзага келиши мумкин.

Бўйин остеохондрози – вертеброген радикуляр оғриқларнинг асосий сабабчиси. Бу оғриқлар умуртқалараро дисклар, фиброз ҳалқа, фасеткали бўғимлар, спинал илдизчалар зарарланиши ҳисобига пайдо бўлади. Агар диск чурраси ривожланса, радикуляр оғриқлар кучаяди ва нерв толалари бўйлаб ирради иррадиация қилади. Бўйин умуртқалари атрофидаги тўқималар симпатик чигалларга бой ҳисобланади ва уларнинг зарарланиши радикуляр оғриқларни кучайтиради. Симпатик толалар зарарланиши ачиштирувчи, куйдиргувчи оғриқларни юзага келтиради. Диск силжиб фиброз ҳалқанинг ташқи толаларини эза бошласа, оғриқлар янада кучаяди. Чунки фиброз ҳалқанинг ташқи толалари оғриқ сезувчи рецепторларга бой бўлади. Агар силжиган диск спинал илдизчаларни босиб қўйса, иррадиация қилувчи радикуляр типдаги оғриқлар яққол намоён бўлади, яъни радикулопатиялар ривожланади. Бу оғриқлар иррадиациясига қараб қайси спинал илдизча зарарланганини билиб олиш мумкин.

Радикулопатияда кучли, санчувчи ва иррадиация қилувчи оғриқлар билан биргаликда, радикуляр типдаги сезги бузилишлари (гиперестезия, гипестезия), рефлекслар пасайиши ва мускуллар гипотонияси ҳам кузатилади. Бу оғриқлар йўталганда, аксирганда, бошни турли томонларга бурганда кучаяди.

С1  илдизча зарарланиши. Ушбу илдизча умуртка артерияси эгатида ётади. Жуда кам ҳолларда зарарланади. Турли жарохатлар сабабли атлант ўз  ўрнидан силжиса ёки краниовертебрал аномалияларда (Киммерли аномалияси) С1 илдизча зарарланиши мумкин. Бошнинг тепа соҳасида оғриқ ва сезги бузилишлари билан намоён бўлади.

С2 илдизча зарарланиши. Ушбу илдизча зарарланиши жуда кам учрайди. У краниовертебрал аномалиялар, остеофитлар ва турли хил жарохатларда зарарланади. Бошнинг тепа ва энса қисмида оғриқ ва сезги бузилишлари билан намоён бўлади.

С3 илдизча зарарланиши. Кам ҳолатларда зарарланади. Ушбу илдизча СII–СIII умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар, бўйин жарохатлари ва яллиғланиш касалликларида кўп зарарланади. Бўйин соҳасида сегментар типда сезги бузилишлари ва оғриқлар пайдо бўлади. Шунингдек, дизартрияга ўхшаш ҳолатлар ва тил ости мускуллари гипотрофияси ва фалажлиги кузатилиши мумкин. Бунинг натижасида бемор овқатни беўхшов чайнайди, чайналган овқатни оғизнинг орқа томонига итаришга қийналади. Бундай симптомларнинг пайдо бўлиши С3  илдизчасининг ХII нерв илдизчаси толалари билан анастомози борлиги билан изоҳланади.

С4 илдизча зарарланиши. Бу илдизча ҳам нисбатан кам зарарланади. Асосан, СIII–IV умуртқалараро диск чурралари, остеофитлар ва бўйин умуртқалари жарохатларида зарарланади. Елка камари устида ва ўмров суяги соҳасида оғриқ ва сегментар типда сезги бузилишлари пайдо бўлади. Камарсимон, трапециясимон ва куракни кўтарувчи мускуллар атрофияси ва гипотонияси кузатилади. Диафрагма нерви толалари С4 илдизча толалари таркибида ўтганлиги учун нафас олиш бузилиши, дисфония ва ҳиқичоқ каби симптомлар пайдо бўлиши мумкин.

C5 илдизча зарарланиши. СIV–V умуртқалараро диск чурралари, остеофитлар ва турли хил жарохатларда зарарланади. Елка устида ва елканинг ташқи юзаси бўйлаб сегментар типда сезги бузилиши ва оғриқлар пайдо бўлади. Оғриқ бўйиндан елкага ўтади ва унинг ташқи юзаси бўйлаб тарқайди. Делтасимон мускул кучи пасаяди ва унинг гипотрофияси кузатилади.

C6 илдизча зарарланиши. СV–VI умуртқалараро диск чурралари, остеофитлар ва турли хил жарохатларда зарарланади. Елка устида ва елканинг ташқи юзаси бўйлаб сегментар типда сезги бузилади. Оғриқ бўйин, курак, елка соҳасининг ташқи юзаси бўйлаб тарқалиб билакнинг олдинги қисмига ўтади ва биринчи бармоққача тарқайди. Оғриқ кузатилган соҳада (n. radialis соҳаси) парестезиялар ҳам кузатилади. Бу оғриқлар бошни ён томонларга бурганда кучайиши мумкин. Икки бошли мускулда гипотрофия, гипотония кузатилади ва кучи пасаяди. Бицепс рефлекс пасаяди ёки йўқолади.

С7 илдизча зарарланиши. СVI–VII умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар ва турли жарохатланишларда зарарланади. Оғриқ бўйиндан куракка, ундан билакнинг ташқи–орқа юзаси бўйлаб тирсакнинг орқа томонига тарқалиб II ва III–чи бармоқларгача етиб келади. С7 дерматомаси соҳасида сезги бузилади. Баъзан фақат шу бармоқларнинг ўзида оғриқ ва парестезиялар кузатилади. Уч шохли мускул кучи пасаяди, унда гипотрофия ва гипотония кузатилади. Трицепс рефлекс пасаяди ёки йўқолади.

С8 илдизча зарарланиши. СVII–TI диск чурраси, остеофитлар ва бошқа жарохатланишларда зарарланади. Оғриқ бўйин ва елка соҳасидан қўлнинг орқа томони бўйлаб V бармоққача тарқалади. Ушбу соҳаларда, яъни С8  дерматомасида гипестезия кузатилади. Қисман уч шохли мускул гипотрофияси ва гипотенар атрофияси кузатилади. Трицепс рефлекс бироз пасаяди. Сва С7 илдизчалар энг кўп зарарланадиган илдизчалардир.

Латерал диск чурралари спинал илдизчаларни эзиб қўйса, медиал диск чурраси орқа мияни эзиши билан ҳавфлидир. Айниқса, умуртқа канали торайган беморларда медиал диск чурраси миелопатия ривожланишига олиб келади. Бундай пайтларда вертеброген миелопатия ҳақида сўз кетади. Умуртқа каналининг торайишида остеофитларнинг ўрни каттадир. Остеофитлар нафақат радикулопатия ва миелопатиялар, балки умуртқа артериясини ҳам эзиб қўйиб вертебробазиляр синдром ривожланишига ҳам сабабчи бўлади.

Остеохондроз, кўп ҳолларда фасеткали бўғимлар зарарланиши билан  ҳам кечади. Бундай пайтларда спондилоартроз (спондилоартрит) ҳақида сўз боради. Фасеткали бўғимлар, айниқса турли оғир инфекциялар (сил, бод, бруцеллёз) ва систем касалликларда (СҚБ, Бехтерев касаллиги) кўп зарарланади. Фасеткали бўғимларнинг зарарланиши умуртқа поғонаси деформациясига сабабчи бўлади. Спондилоартрозларда умуртқа поғонаси соҳасида сурункали оғриқлар кузатилади. Бу оғриқлар вақти–вақти билан кучайиб туради ва бўйиннинг спастик қийшайишларига сабабчи бўлади. Тана ҳарорати кўтарилиши билан намоён бўлувчи инфекцияларда оғриқлар кучайиб кетиб янада сурункали тус олади. Нотўғри ҳаракат ва оғир юк кўтариш патологик синишлар сабабчиси бўлиши ҳам мумкин. Бундай пайтларда ўткир миелопатия ривожланади.  Артроз учун умуртқалар ҳаракатининг чегараланганлиги ва ушбу ҳаракатларни бажарганда оғриқларнинг кучайиши хос. Артроз учун радикуляр типдаги оғриқлар хос эмас. Бундай оғриқлар спинал илдизчалар таъсирланганда ёки зарарланганда пайдо бўлади. Фасеткали бўғимлар артрозини аниқлаш учун паравертебрал соҳа перкуссия қилиб ёки босиб текширилади.

Энса нерви невралгияси энса соҳасида қисқа муддат давом этувчи санчиб ўтиб кетувчи оғриқлар билан намоён бўлади. Ушбу оғриқларни бемор шундай таърифлайди: “Худди энсамга ўткир тиғли пичоқ тиқиб олгандек”. Энса нерви невралгияси ташхисини аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Ушбу нерв чиқиш нуқтасини босиб текширганда оғриқ кучайиб кетади. Бу соҳада гиперестезия ҳам аниқланади. Бу нерв чиқадиган жойни новокаинли блокада қилиш оғриқни кескин камайтиради.

Бўйин–елка соҳасида миофасциал оғриқлар ҳам кўп учрайди. Уларнинг пайдо бўлиши мускуллар спазми ва фасциялар чўзилиши билан боғлиқ. Миофасциал оғриқлар, кўпинча, энса остидаги, трапециясимон ва кураклараро мускулларда кузатилади. Олдинги нарвонсимон ёки кичик кўкрак мускули спазмида елка чигали эзилиб кучли оғриқлар пайдо бўлиши ҳавфи бор. Зарарланган соҳада кучли локал ва диффуз оғриқлар аниқланади. Мускулларни пайпаслаганда гоҳида оғриқли тугунли нуқталар аниқланади. Ушбу оғриқли нуқталарга триггер нуқталар деб айтилади. Мускулларда юзага келган локал оғриқлар нерв толалари бўйлаб бошқа жойларга ҳам узатилиши мумкин.  Миофасциал оғриқларни бартараф этиш учун триггер соҳаларга новокаин ва кортикостероидлар билан блокада қилинади, димексид эритмалари аппликация қилинади, оғриқ қолдирувчи пластирлар ёпиштирилади, мазлар билан уқаланади. Махсус гимнастика ва нуқтали уқалашлар ёрдамида мускуллар спазми бартараф этилади. Яллиғланишга қарши ностероид дорилар (диклофенак, кетопрофен) берилади. Беморни тинчлантириш учун карбамазепин ва амитриптилин тавсия этилади.

Елка-курак синдроми, асосан, юмшоқ периартикуляр тўқималар патологияси (кўпинча, яллиғланиш) билан боғлиқ. Касаллик клиникаси елка–курак соҳасида диффуз ва локал оғриқлар билан намоён бўлади ва елканинг ҳар қандай ҳаракатларида оғриқ кучаяди. Айниқса елкани танадан узоқлаштирса оғриқ кучайиб кетади. Елка–курак атрофи палпация қилинганда оғриқли нуқталар аниқланади. Дастлаб бемор оғриқ сабабли елка ва қўлини қимирлатишга қийналса, кейинчалик эса ушбу бўғим функцияси издан чиққанлиги сабабли ҳаракатлар чегараланиб қолади. Оғриқ кўкрак ва билак мускулларига ҳам тарқалади. Ушбу синдромни бартараф этиш учун кортикостероидлар, яллиғланишга қарши ностероид дорилар, аналгетиклар, десенсибилизация қилувчи дорилар, оғриётган жойга димексид аппликацияси ёки гидрокортизон фонофорези қилинади, оғриқсизлантирувчи плёнкалар ёпиштирилади,

Бўйин–елка соҳасидаги оғриқларнинг яна бир сабаби – булар  дисцит,  сил спондилити ва эпидурал абсцессдир. Ушбу касалликлардаги оғриқлар доимий хусусиятга эга бўлиб, тана вазиятини ўзгартириш оғриқларни камайтирмайди. Қонда яққол ифодаланган яллиғланиш реакциялари аниқланади.

Бўйин умуртқалари жарохатлари. Турли ножўя ҳаракатлар, йиқилиб тушиш, нотўғри ўтказилган мануал терапия каби омиллар бўйин умуртқалари жароҳатига сабабчи бўлади. Ушбу травматик омиллар натижасида бўйин умуртқалари пайлари ва мускуллари чўзилади, лат ейди, фасеткали бўғимлар ўрнидан силжиб уларнинг капсуласи ёрилиши мумкин. Натижада бўйин турли ҳолатларда қийшайиб қолади, оғриқлар пайдо бўлади. Бундай жарохатлар ҳар доим ҳам спинал илдизчалар ёки нервларнинг зарарланиши билан намоён бўлавермайди. Бўйин қийшайиб қолиши кўпинча бош айланиши, қулоқ битиб қолиши ёки шанғиллаши, юрганда чайқалиб кетиш билан биргаликда намоён бўлади. Объектив текширувлар пайтида бўйин умурқталари ҳаракати чегараланганлиги, қийшайганлиги, паравертебрал мускуллар тонуси ўзгарганлиги, палпацияда локал оғриқлар аниқланади. Қўллардаги пай рефлекслари ва мускуллар тонуси ўзгармайди. Бундай пайтларда бўйин умуртқаларини рентген қилиб уларнинг чиққан ёки синганлигини ва бошқа патологик ҳолатларни инкор қилиш керак. Давоси муолажалари травма даражаси ва рентген маълумотларига асосланиб олиб борилади. Бўйинга корсет тақилади. Оғриқсизлантирувчи дорилар қилинади, физиотерапевтик муолажалар ва даволаш гимнастикаси ўтказилади. Оғриқни олиш учун новокаинли блокадалар қилинади.

Умуртқа поғонаси бўйин қисми ўсмалари ҳам бўйин–елка соҳаси оғриқлари сабабчисидир. Бу ўсмалар, кўпинча, метастатик хусусиятга эгадир. Шунинг учун ҳам бошқа аъзоларда (ўпка, кўкрак бези, простата) хавфли ўсмалар аниқланиш эҳтимоли жуда юқори. Оғриқлар доимий хусусиятга эга бўлиб, тинч ҳолатларда ва кечаси кучаяди. Метастатик ўсмалар, кўпинча экстрамедулляр жойлашган ўсмалар кучли радикуляр оғриқлар билан намоён бўлади. Ўсма орқа мия томон ўсса Броун–Секар синдроми, кейинчалик марказий тетрапарез ривожланади. Одатда беморнинг аҳволи бу даражага етмасдан ташхис қўйилади ва даволаш муолажалари бошланади. Ташхис қўйишда КТ ёки МРТ текширувлари ўрни катта ҳисобланади. Агар метастатик жараён елка чигалига ҳам тарқалса, елка ва қўлда кучли каузалгик оғриқлар пайдо бўлади, қўл мускуллари атрофияга учраб бошлайди, пай ва периостал рефлекслари пасаяди. Атрофдаги симпатик чигаллар ҳам зарарланса, куйдургувчи оғриқлар, трофик бузилишлар ва псевдостенокардия белгилари (чап томонда) пайдо бўлади.

Панкост синдроми. Ўпканинг юқори бўлаги ракида елка чигалининг пастки қисми, яъни С8 ва Тh1 илдизчалар ва симпатик тугунлар зарарланади. Бунда елка ва қўл соҳасининг улнар юзаси бўйлаб каузалгик типдаги оғриқлар ва сезги бузилишлари кузатилади. Горнер синдроми (птоз, миоз, энофталм) – Панкост синдромининг ажралмас қисмидир. Худди шундай симптомлар ушбу соҳа саркомаси ва лимфогранулематозда ҳам ривожланиши мумкин.

Бўйин-елка соҳасидаги оғриқлар ўмров ости артерияси тромбозида ҳам кузатилади. Кучли оғриқлар билан биргаликда бармоқларнинг оқариб–кўкариб кетиши пайдо бўлади, оғир ҳолатларда эса гангрена ривожланади.

Кўкрак соҳасидаги оғриқлар (торакалгиялар)

Кўкрак соҳасидаги оғриқлар, яъни торакалгиялар кўкрак умуртқалари остеохондрози, травматик жарохатлари, бирламчи ва метастатик ўсмалар, менингорадикулит, эпидурал абсцесс, қовурғалараро невралгия, Нerpez zoster, спондилоатрит, остеопороз, дисцит, диск чурралари, спондилит, миофасциал синдром, ўпка раки, зотилжам, бронхит, плеврит, диафрагмал абсцесс, стенокардия, миокард инфаркти, аорта аневризмаси, ўпка артерияси тромбоэмболияси, панкреатит, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси ёки раки, холецистит, ошқозон ости бези ракида кўп кузатилади. Шунингдек, психоген этиологияли торакалгиялар (невроз ва депрессияларда) ҳам учраб туради.

Бўйин остеохондрози  иккала курак орасида учрайдиган оғриқларнинг асосий сабабларидан биридир. Санчувчи ва ачиштирувчи хусусиятга эга бу оғриқлар баъзида миозит сабабли юзага келган деб хулоса қилинади. Ушбу оғриқлар нотўғри ҳолатда ухлаб қолганда, бир хил вазиятда узоқ ўтирганда, бўйин  билан кескин ҳаракатлар қилганда кучаяди. Оғриқ пастки бўйин умуртқаларини перкуссия қилганда ҳам кучаяди

Кўкрак остеохондрози бошқа соҳа остеохондрозларига қараганда кам учрайдиган касалликдир. Кўкрак умуртқаларида дегенератив жараёнларнинг кам учраши уларнинг топографияси ва камҳаракатланиши билан боғлиқ. Оғриқлар шу соҳанинг диск чурралари, спондилити ва остеопорозида кўп кузатилади. Кўкрак остеохондрози орқа томонда  ўткир ва сурункали радикуляр оғриқлар билан намоён бўлади.  Бу оғриқлар гавда билан нотўғри ҳаракатлар қилганда пайдо бўлади ёки зўраяди. Баъзида кўкрак қафасининг пастки қисмида ўта кучли оғриқлар кузатилади. Бу оғриқлар пастки қовурғаларнинг умуртқага бириккан жойи тоғай тўқимасининг патологияси билан боғлиқ бўлиб, энгашиб ўтирганда, ён гавдани ён томонларга бурганда кучаяди. Бу оғриқлар худди буйрак хуружини эслатади ва нотўғри хулосалар сабабчиси бўлади. Ташхисни тўғри аниқлаш учун пастки қовурғаларни босиб текшириб кўриш керак. Бунда оғриқлар кучайиб кетади.

Умуртқа канали стенози, яъни  торайиши турли оғриқлар сабабчиси бўлиб, 40 ёшдан ошганларда кўп учрайди. Ёш ошган сайин умуртқа канали стенозини юзага келтирувчи этиологик омиллар кўпая боради. Умуртқа канали стенози қуйидаги патологик ҳолатларда ривожланади: остеохондроз, умуртқа поғонаси жароҳатлари, спондилолистез, диск чурраси, остеофитлар, умуртқа каналининг олдинги юзаси бўйлаб жойлашган сариқ бойлам ва умуртқа каналининг орқа юзаси бўйлаб жойлашган орқа узун бойлам гипертрофияси ва калцификацияси, специфик жараёнлар (сил касаллиги, бруцеллёз), носпецифик яллиғланиш касалликлари, ўсмалар ва ҳ.к. Умуртқа канали стенози сурункали тарзда ривожланиши ёки диск чурраси ва травматик жарохатларда тўсатдан рўй бериши ҳам мумкин. Агарда патологик ўзгарган диск уни ўраб турган фиброз ҳалқани ёриб чиқиб, умуртқа канали томон силжиса, орқа узун бойламни канал ичига итаради ва уни торайтириб қўяди. Умуртқа канали стенози авваломбор миелопатия ривожланиши билан ҳавфлидир. Миелопатия асосан спастик фалажликлар, ўтказувчи типда сезги бузилишлари, тос аъзолари функциясининг марказий типда бузилишлари билан намоён бўлади. Умуртқа канали стенози бор–йўқлигини клиник симптомларга асосланиб аниқлаш анча мушкул албатта. Шунинг учун ҳам бу патологик жараён рентгенологик ва МРТ текширувлари ёрдамида аниқланади.

Умуртқа остеопорози ҳам турли оғриқлар (айниқса, аёллар ва катта ёшдагиларда) сабабчисидир. Бу оғриқлар, кўпинча умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида кузатилади ва турли ҳаракатларда пайдо бўлади ёки кучаяди.  Ортопедик ва вертеброневрологик текширувлар уларда кифоз, сколиоз ва локал оғриқлар мавжудлигини кўрсатади. Остеопороз рентгенологик текширувларда жуда осон аниқланади. Баъзида остеопороз шу қадар кучли бўлади–ки, хатто патологик синишлар ҳам рўй беради. Бундай пайтларда кучли радикуляр оғриқлар пайдо бўлади ва спинал фалажликлар ривожланади. Агар остеопороз кучли бўлса, умуртқа поғонасининг синиши учун нотўғри ҳаракатнинг ўзи кифоядир. Шунинг учун ҳам умуртқа поғонаси бўйлаб рўй бераётган ҳар қандай оғриқларга шикоят қилган беморларни рентгенологик текширувлардан ўтказиш керак.

Герпетик радикулопатия – кўкрак соҳасида учрайдиган новертеброген оғриқларнинг яққол намоёндасидир. Чунки, herpes zoster билан боғлиқ радикуляр оғриқлар бу соҳада кўп кузатилади. Агар белбоғ типидаги санчувчи, куйдиргувчи ва ачиштирувчи чидамсиз оғриқлар бошланса, беморда герпетик радикулопатия бошлаётган бўлиш эҳтимоли юқори. Герпетик оғриқларни тасаввур қилиш учун бирор жойингиз куйганда кузатиладиган оғриқни эсланг. Бу оғриқлар худди шундай намоён бўлади ва бунга қўшимча равишда санчувчи оғриқлар ҳам вужудга келади. Кейинчалик бу соҳага герпетик тошмалар тошса, ташхис бутунлай тасдиқланади.

Юрак ишемик касаллигида (ЮИК) кузатиладиган оғриқлар тўш суяги орқаси ва кўкрак қафасининг чап томонида кузатилади. ЮИК ёш билан боғлиқ касалликдир, яъни 40–50 ёшдан сўнг кўп учраб бошлайди. ЮИК, асосан , АГ ва АС фонида ривожланади. Бу оғриқлар кучли психоэмоционал ва жисмоний зўриқишлардан кейин бошланади. Шунингдек, оғриқларнинг пайдо бўлиши кучли овқатланиш, совуқ қотиш, иссиқ ва кислород кам бўлган жойда бўлиш, тинмай сигарет чекиш ёки спиртли ичимликларни ортиқча қабул қилиш билан ҳам боғлиқ.

Ўткир тарзда пайдо бўлувчи бу оғриқлар стенокардия ва миокард инфаркти билан боғлиқдир. Улар санчувчи, сиқувчи ва босувчи хусусиятга эга бўлиб, одатда 1–15 дақиқа давом этади. Стенокардияда оғриқлар қисқа муддат давом этади. Миокард инфарктида эса оғриқлар узоқ вақт, яъни 15 дақиқадан ошиқ давом этади. Оғриқлар кўпинча чап қўлга, баъзида пастки жағ соҳаси ва ўнг  кўкрак қафасига ҳам иррадиация қилади. Кардиоген оғриқлар билан бир қаторда нафас бўғилиши, юракнинг тез–тез уриши, кучли тер босиши, қўрқув, ҳолдан тойиб ўтириб қолиш ёки хушдан кетиб йиқилиш каби белгилар ҳам кузатилади. Беморнинг ранги оқариб АҚБ тушиб кетади (касаллик рўй бераётганда АҚБ ошган бўлади). Стенокардия ва миокард инфарктида кузатиладиган оғриқлар жисмоний ҳаракатни тўхтатганда ва нитроглицерин қабул қилганда кескин камаяди ёки ўтиб кетади. Ҳар қандай ортиқча ҳаракат (хаттоки қўлни кўтариш) оғриқни кучайтириб юборади.

Ташхис қўйишда касалликнинг бошланиши ва клиник симптомлар хронологиясига эътибор қаратилади. ЭКГ – кардиоген оғриқлар сабабини аниқлашда энг асосий текшириш усулидир. Миокард ишемияси хуружида Т тиш шакли ўзгаради ва ST сегменти изометрик чизиқдан тепага (субэндокардиал ишемия) ёки пастга (трансмурал ишемия) силжийди.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.