- Асаб ва руҳият китоби, Янгиликлар

Психосоматик синдромлар

Эпиграф: «Менинг иштаҳам йўқолиб оза бошладим. Овқат есам қорним оғрийдиган бўлиб қолди, овқатим яхши сингмасди ҳам. Докторга бордим. У менга иштаҳани очадиган ва овқатни ҳазм қилдирадиган дорилардан ёзиб берди. Уларни 20 кун ичдим, бироқ фойда қилмади. Ҳолим қочиб, юрагим тез-тез урадиган, жаҳлдор бўлиб қолдим. Қорним оғрийверди. Шланг ютқизиб, қорнимни текшириб кўришди. Гастрит деб ташхис қўйишди. Жигарни ультратовуш усули билан текшириб, ўт йўллари қийшайган, жигар бир оз катталашган дейишди. Ўт яхши томмагани сабабли овқатингиз ҳазм бўлмаяпти, деб хулоса беришди. Буюрилган барча дориларни ўз вақтида истеъмол қилдим. Бироқ фойда қилмади. Қон босимим ўйнайдиган, юрагим тез-тез урадиган, қўлларим титрайдиган бўлиб қолди. Мени кардиолог ва эндокринологга юборишди. Кардиолог «Нейроциркульятор дистония», деса, эндокринолог: «Бўқоқ», деб ташхис қўйди. Уларнинг тавсиялари бўйича ҳам дорилар қабул қилдим. «Тузалмаяпман-ку», деб мени даволаётган докторлар олдига борсам, «Сенда ҳеч қанақа касаллик йўқ, сенинг асабингни даволаш керак, невропатологга бор», дейишди. Ҳатто баъзи шифокорлар: «Бу наркоман бўлса керак, ранги-рўйини қара, худди наркоманга ўхшайди», деди. Невропатолог «невроз» деб ташхис қўйди ва тинчлантирувчи дорилар буюрди. Бир оз яхши бўлиб юрдим, бироқ тўла тузалиб кетмадим. Ҳатто психоневрологик диспансерда ҳам даволандим. Таниш-билишлар: «Сенинг касалинг табиблик, табибда даволан», деб айтишди. Турли хил гиёҳлар билан табибда ҳам даволандим, барибир кор қилмади. Менга қўйилган ташхислар сони 10 дан ошиб кетди. Ҳаммаси бўлиб 3 йил даволандим. Уйимда тинчим йўқолиб, яқинларим билан уришадиган бўлиб қолдим. Баттар озиб кетдим».

Ушбу шикоятлар билан бизга мурожаат қилган беморнинг ташхиси «психосоматик касаллик» эди. Хўш психосоматик касаллик ёки синдромлар деганда нимани тушунамиз. Энди шу ҳақда маълумот берсам.

Психосоматик синдром – руҳий-асабий зўриқишлар (стресслар) оқибатида ривожланган ички аъзолар фаолияти бузилиши билан кечувчи касаллик. Уларнинг баъзи турлари билан танишиб чиқамиз.

  • Юрак соҳасидаги оғриқлар ёки психоген кардиалгия нима? 

Психоген кардиалгия – руҳий сиқилишлар сабабли юрак соҳасида пайдо бўлган оғриқ. Кўкрак қафасининг чап томонидаги ҳар қандай нохуш сезгилар ва оғриқ қандайдир бир хавотирлик билан қабул қилинади. Негаки, бу ерда юрак жойлашган! Мабодо бошимиз оғриб қолса, бемалол анальгин ёки цитрамон ичиб ишга кетаверамиз (баъзан, ичмасдан ҳам), лекин юрак соҳасида оғриқ пайдо бўлса дарров доктор чақирамиз. «Ҳаммаси жойида, юрагингиз бир оз сиқилибди, холос», деган хулосани эшитгандан сўнг тинчланамиз.

Юрак соҳасидаги оғриқлар, яъни кардиалгияларни келтириб чиқарувчи сабаблар бирмунча. Улар – юрак ишемик касаллиги, яъни стенокардия, инфаркт, ўша соҳадаги нервлар шамоллаши (невралгия), бўйин остеохондрози ва асабий-руҳий бузилишлар. Буларнинг ичида асабий-руҳий бузилишлар алоҳида ўринга эга. Бу ерда шу ҳақда сўз юритамиз. Демак, юрак соҳасидаги оғриқларни фақат стенокардия ва инфаркт билан боғлаш нотўғри.

Руҳий сиқилишлар сабабли пайдо бўлган оғриқларда, яъни психоген кардиалгияда юракка ҳаво етишмаслиги, унинг тез-тез ёки тўхтаб-тўхтаб уриши, қизиб кетиши ёки музлаб қолиши, юракнинг томоққа бориб тиқилиши каби белгилар кузатилади. Оғриётган жойни бемор бармоғи билан кўрсатади. Бу нуқта, асосан, юрак учига тўғри келади, бунда оғриқ доимо битта жойда бўлади ёки кўчиб-кўчиб туради.

Бемор ўзининг одатдаги ишлаш ёки яшаш услубини ўзгартирса, узоқ вақт транспортда юрса ёки руҳий-ҳиссий зўриқишларга олиб келувчи ҳар қандай вазиятларда юрак уриши тезлашиб кетади. Бемор ёзнинг иссиқ кунларини ёмон ўтказади, доимо салқин жойга интилади, асосан куннинг иккинчи ярмида юрак уриши кучайгани ёки сусайиб кетганига ва нафас етишмаётганига шикоят қилади. Овқатни (айниқса, хамир овқатни) тўйиб ейиш, меҳмонда узоқ вақт қолиб кетиш ҳам юрак уришининг кучайишига олиб келади.

Эслатма: Юрак соҳасидаги ҳар қандай оғриқ­ларда ЭКГ текширувидан ўтишни унутманг! 

  • Бўғимлар нега оғрийди? 

Доимий руҳий сиқилишларда бўғимларда ҳам оғриқлар кузатилишини кўпчилик беморлар билмаса керак. Оёқ ва қўлларда, турли бўғимларда ҳар хил оғриқлардан шикоят қилувчи беморлар анча. Бўғимлар соҳасидаги оғриққа шикоят қилиб, «бод» (ревматизм) ташхиси қўйилган беморларни кейинчалик чуқурроқ текширувлардан ўтказганда, уларнинг деярли ярмисида бу оғриқлар руҳий-асабий зўриқишлардан эканлиги маълум бўлиб қолади.

Бундай оғриқлар фақат бўғимларда кузатилмасдан, суяк ва мушакларга тарқалиб, беморнинг равон юришига халақит беради. Узоқ вақт бир хил ҳолатда туриб қолиш, станок ёнида бир неча соат тик туриб ишлаш беморда оёқдаги оғриқларни кучайтиради. Иккала оёғимга худди тош осиб қўй­гандек, юраётганда оёқларимни қимирлата олмайман, қадам ташлаган сайин юришим қийинлашиб бораверади, деб шикоят қилади улар. Бўғимдаги оғриқлар мушаклар тортишуви билан биргаликда намоён бўлиб, тунда кучаяди. Баъзида бўғимлар атрофида шиш ҳам пайдо бўлади.

  • Қандай хатога йўл қўйилди?

 Баъзи ҳолларда бўғимдаги оғриқлар сабаби асаб бузилишлари эканлигига эътибор қилинмайди. Шу ҳақда бир мисол келтириб ўтаман. Бу воқеа 1995 йили рўй берган. Ўзим билан бирга ўқиган курсдошим менга «жуда оғир» беморни консультацияга юборди. А. исмли 15 яшар қиз травматология-ортопедия бўлимида даволанган. Чунки унинг иккала оёғи тизза бўғимида букилмайдиган бўлиб қотиб қолган эди. Унинг бошқа ҳеч жойи оғримасди, бироқ оёқларини тизза бўғимидан бука олмас эди. Касалликнинг бошланганига уч ой бўлган. Қилинган барча чоралар ёрдам бермаганлиги сабабли уни пойтахтга даволанишга юборишади. Беморга турли ташхислар қўйилган: «бўғимлар яллиғланиши», «бод касаллиги», «бўғимлар орасига суяк ўсиб чиққан» ва ҳоказо. Мен беморнинг рентген хулосаларини кўриб чиқдим. Рентген кўрсаткичлари тоза эди. Бунга вилоятдаги докторлар ҳам эътибор қилишган, албатта. Лекин даволаш муолажалари ёрдам бермаётгани сабабли беморни марказга юборишган. Ҳатто тиззани операция қилмаса бўлмайди, деган хулосага ҳам келишган. Бемор ташқи кўринишидан жуда тинч, ўзига бино қўйган, ёшига қараганда гавдали эди. Унинг отасидан (бемор отаси билан келган) қизнинг хулқ-атвори ҳақида сўраганимда, қизига ижобий таъриф берди: «Уйдаги ҳамма ишларни қилади, онасига қарашади, лекин сал эркароқ, ўз билганидан қолмайди».

«Қизда касаллик бошланишидан олдин руҳий сиқилишлар бўлганми», деб сўраганимда, отаси «Йўқ», деб жавоб берди. Мен беморни текшириб кўрдим. Беморнинг отасидан қизнинг кечқурун ухлаганда оёқлари қай ҳолатда бўлишини билиб беришини сўрадим. Маълум бўлишича, бемор кечаси ухлаб ётганида у ёқ-бу ёққа ўгрилиб ётар ва ҳатто ғужанак бўлиб оларкан. Демоқчиманки, оёқдаги ҳаракатлар тўла бажариларкан. Ушбу маълумотлардан сўнг менда касаллик руҳий жароҳат эканлигига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Беморга ўтказилган нейропсихологик даволаш муолажаларидан кейин у тўла тузалиб кетди.

Икки кундан сўнг қизнинг онаси менга қўнғироқ қилиб муҳим бир маълумотни берди. Маълум бўлишича, қиз отасидан дугонасиникига ўхшаш қимматбаҳо пальто олиб беришини сўраган. Отаси рад жавобини берган ва қизини қаттиқ койиган. Онаси ҳам отасининг тарафини олган. Қиз йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолади. Эрталаб турса, иккала оёғи ҳам қотиб қолган бўлади. Табиийки ота-она қизидаги бу ҳолатни кечаги жанжал билан боғламаган ва «Қизимизнинг оёқлари шамоллаб қолибди», деб шифохонага югуришган. Бу воқеа отасининг эсидан чиқиб кетган. Онаси эса фақат менинг «Руҳий сиқилишлар бўлмаганми?» деб берган саволимдан сўнг шу воқеани эслаган эди.

2002 йили рўй берган кичик бир воқеани мисол қилиб келтираман. Бундай ҳолатлар ёш болаларда ҳам бўлади. Қўшнимизнинг 3 яшар ўғли кўчада ўйнаб юрган пайтида қаттиқроқ йиқилиб тушади ва чап оёғининг сонидан лат ейди. Оғриқдан оёғини қимирлата олмай қолади, қаттиқ йиғлай бошлайди. Қўрқиб кетган онаси болани ўша заҳоти шифохонага олиб бориб, травматологга кўрсатади. Оёғи рентген қилинганда болада суякнинг синган белгилари топилмайди. Лекин боланинг оёғи озгина лат еганди. Шунинг учун болага оддий укол қилиб, лат еган жойни боғлаб уйига жўнатишади. Уни бир ҳафта мобайнида эҳтиёт қилиш, иложи борича оёқни авайлаш буюрилади. Шу муддат ичида докторнинг тавсиялари бажарилади ва бола иложи борича қўлда кўтариб юрилади. Лат еган жой бутунлай битиб кетади. Доктор боғламларни олиб ташлайди ва болани ерга қўйиб «Энди ўзинг юр!» дейди. Бола бу илтимосни рад этиб, чинқириб йиғлаб онасига ёпишади. Онаси уни кўтариб олгандан сўнг бола йиғлашдан тўхтайди. Бола йиқилганда нерв толалари эзилган бўлиши мумкин, оғриқ ўшандан бўлса керак, деб невропатологга маслаҳатга бориш тавсия қилинади.

Болани кечқурун менинг уйимга олиб чиқишди. Унинг инжиқлиги, жуда эркалиги ва бунинг устига қаттиқ қўрққанлиги шундоқ кўриниб турарди. Болани курсига ўтқазиб текшираётганимда йиғлаб юбориши, онасининг олдига ўтқазиб текширганда эса жим ўтириши эътиборимни тортди. Чалғитиш услубига ўтдим. Болага: «Мен текшираётганимда сен курсида индамай ўтирсанг, мана шу конфетни оласан», деб уқтирдим. Бола айтганимни қилди. Топшириқни янада мураккаблаштирдим: «Энди курсидан ўзинг тушсанг, мана бу ўйинчоқни бераман». Ўйинчоқ жуда чиройли бўлганидан бола «оғриқни» ҳам эсидан чиқариб, курсидан сакраб тушди. «Энди сен мана шу ўйинчоқни ўйнаб тур, биз онанг билан маслаҳатлашиб оламиз», деб боланинг ҳаракатларини чеккадан кузатиб турдик. У менинг энди 3 ёшга кирган ўғлим билан ўйинга берилиб кетди. Улар биргаликда гилам устига чўккалаб олиб, хонанинг у ёғидан бу ёғига ғилдиракли машинани ҳайдаб роса ўйнашарди. Она-бола кетишга шайланишганда, бола яна кўтаринг, деб онасига ёпишиб олди. Болага «Агар сен зинапоядан пастга ўзинг юриб тушсанг, мен сенга балкондан мана шу коптокни ташлайман», деб ваъда бердим. Менинг ўғлим эса коптокни бермайман деб уйнинг тўрига кетди. Қўшнимизнинг ўғли эса онасининг қўлидан тушиб, ўғлимнинг ёнига чопиб бориб коптокни бер деб йиғлай бошлади. (Бола оёқ оғриғини унутган эди!) Биз болани зўрға тинчлантирдик. Мен: «Агар ўзинг юриб пастга тушсанг сенга ушбу коптокни балкондан ташлайман», дедим такроран. Биз 5-қаватда яшардик. Бола беш қаватли уйнинг бешинчи қаватидан онаси билан ўзи юриб пастга тушди. Ўғлим: «Коптокни балкондан ман ташайман», деб қизиқиб қолди. Балкондан пастга ташланган копток думалаб анча жойга кетиб қолди. Бола хурсанд бўлганидан «оғриқни» ҳам унутиб, коптокнинг изидан югуриб кетди.

  • Психоген астма – ҳақиқий астмами?

Астма, яъни нафас бўғилишлари руҳий сиқи­лишлардан сўнг кўп кузатилади. Афсуски бу ҳолатни беморлар (баъзида врачлар ҳам) ҳақиқий астма билан боғлашади. Агар врач-аллерголог махсус текширувлар орқали сизда ҳақиқий астмани инкор қилса, билингки сизда нафас бўғилиши асабий-руҳий бузилишлар сабабли пайдо бўлган. Буни врачнинг ўзи ҳам сизга уқтиради. Бундай пайтларда сизни аллерголог эмас, тиббий психолог даволаши керак. Бироқ тиббий-психологик усулларни яхши ўзлаштирган аллерголог ҳам психоген астмани бемалол даволаши мумкин.

Хўш, психоген астма ҳақиқий астмадан нимаси билан фарқ қилади? Психоген бўғилишлар томоқнинг қуриб қолиши, қичишиши, нафас етишмовчилиги каби турли хил белгилар билан намоён бўлади. Психоген бўғилишлар учун тик турганда бемалол нафас олиш, ётганда эса бўғилиш жуда хос. Шу нарсага эътибор бериш лозимки, нафас етишмаслиги чалқанчасига ётганда пайдо бўлади, чап ва ўнг томонга қараб ётганда кузатилмайди. Нафас етишмовчилиги кўпинча кечаси ва тунда кучаяди. Бизнинг назоратда турган бир бемор «Тунда доимо бўғилиб уйғониб кетсам чалқанча ётган бўламан, шунинг учун ухламоқчи бўлсам ёнбошлаб деворга суяниб ётиб оламан», деган эди. 

  • Невроз касаллигида ҳам нафас бўғиладими?

Невроз билан касалланган беморларнинг деярли ярмида нафас етишмовчилиги кузатилиб туради. Шу боис мутахассислар ушбу бузилишларни неврознинг асосий белгиси деб ҳисоблашган. «Бўғилиб қолиш, нафас йўлларига бирор нарса тиқилиб қолгандек бўлиши, нафас олишнинг қийинлашиб бораётганлиги»дан шикоят қилиш, айниқса, ёш беморлар орасида кўп учрайди. Мабодо бу белгилар хуружлар билан кузатилса, баъзи ҳолларда беморларга «астма касаллиги» ташхиси қўйилади.

Қуйидаги воқеа бунга яққол мисол бўла олади. Бу воқеа 1994 йили рўй берган. Менга 20 яшар йигитни кўрсатишди. У аллергология бўлимида «Астма касаллиги» ташхиси билан даволаниб келарди. Бемор жуда озиб кетган. У ҳар 30 дақиқада қўлидаги беротекни оғзига сепиб, нафас олишини осонлаштирарди. Бўғилишнинг ҳар 30 дақиқада пайдо бўлиб туриши менинг эътиборимни тортди ва қўйилган ташхисга шубҳа уйғотди. Беморнинг касаллик тарихи билан биргаликда, унинг психологик ҳолатини ҳам ўрганиб чиқдим. Бунинг натижасида бўғилиш хуружлари психоген хусусиятга эга эканлигини аниқладим. Бемор болалик давридан нимжон бўлиб ўсган, тез-тез касалланиб турган. Оилада ёлғиз бола бўлганлиги учун ота-онаси боласининг ҳар бир хоҳишини бажариб келишган. Боланинг ёшлигидан асаби бузилса, нафаси бўғилиб қоладиган бўлган. Бироқ уни чуқур текширмасдан, «астма» ташхиси билан даволаб келишган. Бора-бора хуружларни оддий дорилар билан тўхтатиш қийинлашади ва беморга гормонал дорилар (беротек) тавсия қилинади. Лекин бу дорини ҳам бемор доимо ишлатмаган (баъзан ойлаб). Бемор яна бир бор тажрибали аллергологга кўрсатилади ва «бронхиал астма» ташхиси инкор қилинади.

Беморнинг психологик статусини яхшилаб ўрганиб чиққанимдан сўнг психотерапияда кенг тарқалган «стресстерапия» усулини қўллашни маъқул топдим. Беморга «беротекка ўрганиб қолса, эркаклик функцияси сусайиши (бемор яқинда уйланиши керак эди) ва уйланган тақдирда ҳам бола бўлмаслиги мумкинлигини айтдим. Шунинг учун ҳам уни қандай бўлмасин бошқа дорига ўзгартириш зарурлигини» уқтирдим. Гап шундаки, беморга беротекни тавсия қилган доктор: «Мана шу дори сен учун асосий дори, бу астманинг ҳар қандай турида оғизга сепган заҳоти бўғилишни тўхтатади», деб айтган. Шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, бўғилишни беротекнинг кучи эмас, балки доктор айтган сўзлар («сенга фақат шу дори ёрдам беради») тўхтатган. Ҳар 3 кунда ўтказиладиган махсус психотерапевтик муолажалар бор. Мен унга ушбу усулни бир ой мобайнида қўлладим. Бемор бир йиллардан буён азият чекаётган нафас бўғилишидан тузалиб кетди. Чунки унда ҳақиқий аста эмас, балки психоген астма эди.

  • Яна нимага эътибор қаратиш лозим?

Баъзан шундай ҳодисалар бўладики, беморда бўғилиш аниқ бир шароитларда юзага келади. Бундай пайтларда шароитни ўзгартириш бўғилишни камайтиради ёки бутунлай йўқотади. Бу воқеа 1996 йили рўй берган. Мен ёзда Хоразмга борганимда ёш бир келинни маслаҳатга олиб келишади. Бемор турмушга чиққанидан сўнг уйида турмуш ўртоғи билан келишмай доимо жанжал чиқиб тураркан. Жанжал авжига чиққанда ёш эр-хотинлар бир-бирини бўғишгача боришаркан. Бора-бора ёш келинда турмуш ўртоғи ишдан қайтганидан сўнг бўғилиш хуружлари пайдо бўладиган ва тинчлантирадиган дори ичмагунча ёки турмуш ўртоғи уйдан чиқиб кетмагунча бўғилиш давом этаверадиган бўлади. Бемор барча даволаш усулларидан фойдаланган ва ҳар қандай янги таклиф этилган усулдан бош тортар эди. Беморга онаси билан бир ойга дарё бўйига бориш, дориларни эса уйга ташлаб кетиш зарурлигини айтдим. Бу таклиф беморга маъқул тушди. Она ва қиз дарё бўйидаги уйлардан бирида ижарада яшашди. Орадан бир ҳафта ўтгач «беморнинг» холидан хабар олгани дарё бўйига унинг эри билан бирга бордим. Беморда бўғилиш хуружи у дарё бўйига келган куниёқ тўхтаган экан. Эрини кўрсада ёш келинда ҳеч қанака бўғилиш хуружи кузатилмади. Беморнинг эрига хотинидан хабар олгани дарё бўйига келиб туришини тайинладим. Эр-хотин эса дарё бўйида бир ой бирга яшашди. Мен Тошкентга қайтишимдан олдин иккаласи ҳам менга учрашиб, «Ҳаммаси жуда яхши», деб хурсанд бўлиб гапиришди.

  • Гипнознинг кучи нимада? 

Психоген бўғилишнинг яна бир хусусияти шундан иборатки, беморда доимо чайқалиш ҳисси бўлади: у худди ўзини транспортда, лифтда, самолётда кетаётгандек ҳис этади. Бундай беморлар мет­ронинг эскалаторидан туша олмайдилар. Бизнинг назоратда турган бемор тунда ухлаб ётганида, худди зилзила бўлгандек тез-тез сесканиб уйғониб кетишини айтган эди.

Баъзан психоген бўғилишлар хуружи тўсатдан, қаттиқ қўрқувдан сўнг бошланади. Бу воқеа 1998 йили рўй берган. Мен ўша пайтлари гипноз усулларини ўрганиб юрардим. Бизнинг институтда ўқийдиган талабалардан бири кечқурун деразага қараб ётиб қоронғида ниманингдир аксини кўради ва қўрқиб кетади. Шу пайтдан бошлаб у кўзини юмса, ҳаммаёқ зимистон бўлиб, атрофни қўрқинчли нарсалар ўраб олади, қора калхатлар учиб юради. Бунинг натижасида у нафас ололмай қийналади, бўғилади. Менга бу беморни ушбу белгилар бошланганидан икки кун ўтиб кўрсатишади. Кечаси соат ўнда мен беморни кўргани талабалар турар жойига бордим. Унинг хонасига кирсам бемор чуқур депрессия ҳолатида бўлиб, бир хил оҳангда гапирарди, қаттиқ қўрққани кўзидан билиниб турарди. У воқеа худди тушида бўлаётгандек, мабодо ухлаб қолса, яна шунақа ёмон тушлар кўришдан қўрқишини айтди. Мен уни транс ҳолатига туширдим ва қуйидаги сўзлар билан гипноз қилишга ўтдим: «Ҳозир сен ширин уйқуга кетасан, туш кўрасан, тушингда мовий денгизни кўрасан, денгизга чарақлаган қуёш нурлари сочилиб, унинг юзидаги томчилар марвариддек товланиб туради. Қирғоқ эса бир-биридан гўзал гулларга бурканган, гулларнинг устида ранг-баранг капалаклар учиб юради. Сен денгизда чўмиласан, тўйгунингча сузасан, сувдан ҳеч чиққинг келмайди, сузишдан чарчаганингдан сўнг қирғоққа чиқиб, гуллар устида ётиб дам оласан. Атроф гўзал, бирорта қора нарса йўқ. Эрталаб енгил бўлиб, хурсанд бўлиб уйғонасан ва тушингда нималар кўрганингни менга айтиб берасан».

Эртаси куни эрталаб ётоқхонага беморнинг олдига бордим. Бемор уйғонган ва ўзини яхши ҳис қиларди. Лекин уйқусираётгани кўзидан шундоқ сезилиб турарди. Мен айтган вазият, яъни мовий осмон, маржондек товланаётган денгиз, қирғоқдаги гуллар, капалаклар беморнинг тушида тўлалигича намоён бўлганди. Бу ёқимли ҳолат унга катта ҳузур бағишлаганини айтиб берди. У, ҳатто тушидаги вазиятнинг кичик деталларигача менга сўзлаб берди. Ўзини жуда ҳам енгил ҳис қилаётгани ва яна ухлаб худди шундай туш кўришни хоҳлаётганлигини  айтди.

Бу услубни машҳур немис гипнозчиси Н. Лефенвелд «Тетиклик ҳолатидаги гипноз» деб атаган. Мен беморни даволашда олимнинг ушбу усулидан фойдаландим. Хонада беморнинг ўзидан ташқари отаси ва талабалар ҳам бўлишига қарамасдан уни транс ҳолатига тушириш жуда осон кечди. Ҳаттоки, унинг қандай туш кўриши ҳақидаги сўзлар бир марта айтилди, холос. Маълумки, чуқур депрессия пайтида транс ва гипнозга тушириш осон кечади.

Эслатма. Психосоматик бузилишларни, асосан, тиббий психологлар даволашади.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.