- Интервьюлар

Ўзбекистонга тиббий психология ва психосоматик тиббиёт нақадар зарур?

Эпиграф: Президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистонга жаҳон тиббиётининг энг илғор технологияларини олиб келиш, соҳанинг етук профессор-ўқитувчилари иштирокида халқаро семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш, ёшларимизни хорижнинг юқори рейтингга эга бўлган Илмий-тиббий марказларида малака оширишларини таъминлашга оид Фармон ва Қарорлари юртимизда психосоматик тиббиётнинг ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшади.

2012 йил юртимизда психосоматик тиббиёт ривожланишига биринчи қадам қўйилди. Чунки шу йили иккита йирик таълим даргоҳи, яъни Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент Педиатрия тиббиёт институтларида “Тиббий психология” бўйича магистратура ва клиник ординатура очилди. Тиббий психолог мутахассисларини тайёрлаш бўйича Давлат таълим стандарти ишлаб чиқилди. Уни ишлаб чиқишда Европа ва АҚШ таълим даргоҳлари таълим дастурлари асос қилиб олинди.

 Ўзбекистонда тиббий психология ва психосоматик тиббиётни ривожлантиришга оид саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев жавоб беради.


 Савол: Зарифбой Ражабович! Айтингчи, Ўзбекистонга тиббий психология ва психосоматик тиббиёт нақадар зарур?

Жавоб: Келинг, аввало сўзимни “Тиббий психология” фанидан бошласам. Бу фан 1924 йили немис олими Эрнст Кречмер томонидан алоҳида фан сифатида психиатриядан ажратиб олинди ва ушбу олим томонидан шу номли биринчи дарслик ҳам яратилди. Бу фан ўрганадиган асосий йўналиш – бу психодиагностика, психотерапия ва психосоматик тиббиётдир. Психосоматик тиббиёт – тиббий психологиянинг юраги ҳисобланади.

Савол: Айтингчи, бизда вазият қандай?

 Жавоб: Бизда 1997 йили “Тиббий психология” психиатрия кафедраси таркибидан чиқариб олинди ва алоҳида “Тиббий психология” курси ташкил қилинди. Мен шу курсга раҳбар этиб тайинландим. Ушбу курс Асаб касалликлари кафедраси таркибида бир неча йил фаолият кўрсатиб келди.

Савол: Ўзбекистонда “Тиббий психология” ни ривожлантириш учун нима ишлар қилинди?

Жавоб: Ўзингиз биласиз ўша даврлар оғир бўлган. Ўзбек тилида адабиётлар мутлақ етишмасди. Тиббий психология бўйича эса ҳатто бир дона брошюра ҳам йўқ эди. Тиббий психологияни нолдан тиклашга тўғри келди. Биз Европа адабиётларини ўрганиб “Тиббий психология” бўйича дарслик тайёрладик. Бу дарсликда асосий урғуни “Психосоматик тиббиёт” га бердик. Тиббий психология бўйича маърузалар ва амалий машғулотларни мутлақ янгидан тузиб чиқдик. Асосий урғуни психодиагностика, психотерапия ва психосоматик тиббиётга бердик.

Савол: Талабалар бу ўзгаришларни қандай кутиб олишди?

 Жавоб: Жуда зўр кутиб олишди. Биласизми, “Тиббий психология” талабалар орасида шу қадар машҳур бўлиб кетдики, хатто аввал маърузага кирган талабалар яна қайта маърузага киришарди. Хатто 1-ТошМИдан талабалар 2-ТошМИга бизнинг маърузани эшитгани келишарди. Биз Ўзбекистонда биринчи бўлиб “Фрейднинг психоанализ назарияси”, “Психосоматик тиббиёт”, “Врач амалиётида психодиагностика ва психотерапия” каби маърузаларни киритдик. “Ёш психоаналитик” тўгаракларини очдик. Аввал умуман бўлмаган “Психосоматик тиббиёт” бўйича амалий машғулотларни ва маърузаларни йўлга қўйдик ва ҳ.к.

Савол: Ўқув адабиётлари билан таъминланиш қандай бўлди?

 Жавоб: Ўзбекистонда илк бора ёзилган “Тиббий психология” дарслигимиз 7 йил мобайнида пул топилмай  нашр юзини кўрмади. Ахийри 2008 йили чоп қилинди ва талабалар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. 2009 йили “Йилнинг энг яхши дарслиги” унвонига сазовор бўлди ва сўнгра яна 2 маротаба нашр қилинди. Сўнгра “Тиббий психология” ни ўқитиш бўйича бир нечта материаллар тайёрладик. Мен битта нарсани очиқ айта оламан, яъни биз Ўзбекистонда соф “Психосоматик тиббиёт” ни 1997 йилданоқ ўқитиб бошладик. Россияда эса биздан 10 йиллардан кейин соғлиқни сақлаш вазири аслида невролог олима бўлган Валентина Скворцова бўлгач бу йўналишга катта урғу берилиб бошланди. Улар 30 га яқин тиббиёт университетларида “Тиббий психология ва психотерапия” кафедрасини очишди, яъни тиббий психология психиатриядан бутунлай ажратиб олинди.

Савол: Мен Сизга яна “Биздачи”? – деб савол беришимга тўғри келяпти.

 Жавоб: 2007 йили Соғлиқни сақлаш вазирлигидан Тошкент тиббиёт академиясига хат келди. Хатда даволаш-профилактика муассасаларида “Психосоматик тиббиёт” бўлимларини очиш масаласи кўрсатилган эди. Илмий ишлар бўйича проректоримиз Д.Қ. Нажмутдинова бу масалада менинг фикримни сўрадилар. Мен бизда “Тиббий психолог” кадрлар йўқ, “Психосоматик тиббиёт” ” бўлимларида тиббий психологлар ишлаши керак, деб айтдим.

Савол: Кейин бу масалага қайтилдими?

 Жавоб: 2012-2013 йиллардан бошлаб Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент тиббиёт академиясида “Тиббий психология” бўйича магистратура ва клиник ординатура таълим йўналишлари очилди. Биз бу борада малакали кадрларни тайёрлаб бошладик. Мен унгача “Ўзбекистонда тиббий психологияни ривожлантириш концепцияси” ни ишлаб чиқдим ва бу борада турли анжуманларда чиқишлар қилдик, бу материални журналларда чоп қилдик. Европа мактаблари асосида “Тиббий психология” бўйича Давлат таълим стандартини ишлаб чиқдик ва унинг асосида ўқув-услубий материаллар тайёрладик.

Савол: Магистрларни ўқитишда қийинчиликлар бўлмаяптими?

 Жавоб: Тошкент тиббиёт академияси “Тиббий психология” бўлими Республикамизнинг 10 та Илмий-тиббий маркази билан шартномалар тузди ва магистрларни ушбу марказларга юбориб ўқитаямиз. Улар айнан шундай марказларда беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш усулларини ўзлаштиришмоқда. Шунингдек Миллий Университет ва Низомий номидаги педагогика университети етук профессор-психологларининг маърузаларини ташкил қилганмиз.

Савол: Талабаларни “Тиббий психология ва психосоматик тиббиёт” га қизиқтириш учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

Жавоб: Тиббий психологияда олиб борилаётган ислоҳотлардан бири – бу юқори курс талабалари орасида психосоматик тиббиётга бўлган қизиқишни оширишдир. Шу боис 2017 йил январ ойида Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчилари, магистрлар, клиник ординаторлар ва юқори курс талабалари иштирокида бизнинг ташаббусимиз билан “Психосоматик тиббиётнинг долзарб муаммолари” мавзусида биринчи бор маҳорат дарси ўтказилди. Унда терапия ва педиатрия йўналиши профессорлари Холматова Б.Т. ва Хамроев А.А. ўз маърузалари билан иштирок этишди. Катта лицей залида деярли барча кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари ва юқори курс талабалари қатнашди. “Ҳар бир врач психолог бўлиши керак”, “Психосоматик тиббиётни ҳар бир врач билиши керак”, “Психодиагностика ва психотерапия” ни умумий амалиёт врачлари иш фаолиятига тўла тадбиқ эта олиши зарур деган хулосага келинди.                                                                                                                                       .

Ушбу маҳорат дарсида профессор-ўқитувчилар психосоматик бузилишларга оид ўзларининг клиник кузатувлари билан ўртоқлашишди. Мен 7 йилдан буён бошқа ташхис билан даволаниб юрган ва даволаниш учун Исроилга кетишга шайланган З. Исмли беморни мисол қилиб келтирдим. Мен бу аёлни текшириб унга “Психосоматик синдром” деб ташхис қўйдим ва уни бошқа усул билан даволадик. 3 маротаба операция столига ётқизилган (бироқ операция қилинмаган) беморни 10 кунда тузатдик. Кўрдингизми, психосоматик бузилишларни тўғри аниқламаса, ҳеч қайси даволаш усули билан бартараф этиб бўлмайди. Бу учрашув айниқса юқори курс талабаларида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу кичик анжуман хулосаларидан келиб чиқиб мен Ўзбекистонда ҳар йили “Психосоматик тиббиётнинг долзарб муаммолари” борасида ҳалқаро анжуманлар ўтказиш ўта зарур деган масалани кўтардим. Икки йиллик ҳаракатларимиз ўз мевасини бериб Европа давлатларидан  “Клиник психология ва психосоматик тиббиёт” борасида йирик олимлар Ўзбекистонга ташриф буюришди.

Савол: Шу ҳақда сўзлаб берсангиз. Айнан кимлар Ўзбекистонга ташриф буюришди?

Жавоб: Психосоматик тиббиётга оид “Психосоматик тиббиёт: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги  анжуман 2017 йил 11-апрел куни Тошкент, 12-апрел куни эса қадимий ва навқирон Самарканд шаҳрида ўтказилди.

Таклиф қилинган олимлар ва маърузачилар.

  1. Профессор Констанциа Паул (Порту, Португалия). Геронтопсихология ассоциацияси президенти, Геронтопсихология Илмий маркази (UNIFAI/ICBAS-U) директори. Бир қатор жаҳон психологлар ассоциацияси аъзооси, психосоматик тиббиёт бўйича дунё миқёсида йирик мутахассис.
  2. Профессор Томас Габриэлевич (Варшава, Польша). 1992-1994 йиллар Польшада Алсхаймер касаллиги бўйича тадқиқот гуруҳи раҳбари, Европада Алсхаймер касаллиги ассоциацияси аъзоси, 2004 йилдан Польша Психиатрлар Ассоциациясининг психогериатрия секцияси раиси.
  3. Профессор Алдис Пукитис (Рига, Латвия). Латвия Университети тиббиёт факультети профессори, Латвия гастроэнтерологлар Ассоциацияси Президенти, Америка гастроэнтерологлар ва клиник фармакологлар Ассоциацияси аъзоси.
  4. Александров А.А., тиббиёт фанлари номзоди, доцент, врач-психиатр (Минск, Белоруссия). Республика руҳий саломатлик илмий-амалий маркази қошидаги Илмий Кенгаш аъзоси, Минск шахрининг бош психотерапевти. “Психотерапия ва тиббий психология” журнали таҳририят аъзоси.

Савол: Ўзбекистонда “Психосоматик тиббиёт” бўлимлари очилганми?

 Жавоб: Ҳозирча йўқ! Вазирлик бу масалани албатта ижобий ҳал қилади, деган умиддаман.

Савол: Ўқув-услубий база яхши бўлса, тиббий психолог кадрлар етарли бўлса, муаммо нимада?

 Жавоб: Асосий муаммолардан бири – бу тиббий психолог дипломига эга ёшларимизни иш билан таъминлаш. Бунинг учун маслаҳат поликлиникаларида ва оилавий поликлиникаларда “Тиббий психолог” штатини очиш, йирик шифохоналарда эса “Психосоматик тиббиёт” бўлимларини очиш мақсадга мувофиқ. Иккинчи муаммо шундаки, Ўзбекистонда ҳанузгача “Тиббий психология ва психотерапия” кафедраси йўқ. Ҳатто Қозоғистон бу борада олдинга чиқиб олмоқда. Биз бундай кафедраларни тиббиёт институтларида очишимиз керак. Кадрлар эса бор. Биз Тиббиёт институтларида талабаларга 3-курсда ҳам, 4-курсда ҳам, 5-курсда ҳам беморнинг ички аъзоларини қандай қилиб текшириш кераклигини ўргатамиз, бироқ “Бемор билан психологик мулоқот санъатини” ўргатмаймиз. Юқорида айтиб ўтганимдек, Тиббий психологияга бор-йўғи 36 соат ажратилган. Бу соат ичида талабаларга на психодиагностикани ўргатиб бўлади, на психотерапияни. Тиббиёт институтларида психотерапия курси ҳам,  кафедраси ҳам йўқ. Терапевтик касалликларнинг деярли 70 % психосоматик бузилишлар экан, дастлаб улар УАШ га мурожаат қилишади. Шунинг учун ҳам бакалавриат босқичидаёқ “Тиббий психология ва психотерапия” га катта урғу бериш зарур.

Савол: Психотерапия ҳақида саволим бор эди. Психотерапевтларни ким тайёрлаши керак? Бундай кафедра врачлар малакасини ошириш институтида бор эди шекилли?

 Жавоб: Ҳозир йўқ! Бу ҳам бир катта муаммо! Ҳатто тиббиёт институтлари учун тузилган янги ўқув режада “Психотерапия” рукни умуман йўқ. Кўз олдингизга келтиринг: Врач психотерапияни ўрганмай 6 йилдан сўнг қўлига диплом олади. Ҳорижда тиббий психология ва психотерапияга ажратилган ўқув соатлари клиник фанларга ажратилган ўқув соатларининг деярли 20% ини ташкил қилади. Бизда эса бор йўғи 0,83 %.

 Савол: Зарифбой Ражабович! Психосоматик бузилишларга ўзи нималар киради?

Жавоб: Руҳий сиқилишлар ва стресслар сабабли ривожланган бош оғриқлар, юрак соҳасидаги оғриқлар, таъсирланган ичак синдроми, бўғимлардаги оғриқлар, жинсий ожизликлар, функционал типдаги урологик касалликлар ва ҳ.к. Уларни тиббий психолог даволайди.

Савол: Психосоматик бузилишлар кўп учрайдими?

Жавоб: Албатта! Барча касалликларнинг деярли 70 % и – булар психосоматик бузилишлардир. Шунинг учун ҳам ривожланган хориж давлатларининг тиббиёт марказларида фаолият кўрсатувчи тиббий психологлар сони врачлар сонидан деярли 2 баробар кўп. Бу мамлакатларда бемор нимага шикоят қилишидан қатъий назар тиббий психолог кўригидан ўтади. Сўнгра уни бошқа врачларга юборишади. Тиббий психолог ҳам худди невропатолог ва психиатр каби юқори малакали врач ҳисобланади. Шу боис уларни магистратура ва клиник ординатура орқали тайёрлашади.

Савол: Неврологик касалликларни тиббий психолог мустақил равишда даволаш ҳуқуқига эгами?

Жавоб: Периферик асаб тизими  касалликларидан ташқари, бош миянинг аксарият касалликларини “Тиббий психолог” даволашга ҳақли. Чунки 70 % неврологик касалликлар психоэмоционал ва нейропсихологик бузилишлар билан намоён бўлади. Шу боис 2013-2014 йиллари невропатолог бўлишни ҳоҳлаган талабалар, тиббий психологияга ҳам ҳужжат топширишган.

Савол: Депрессия ва психозларни (руҳий қўзғалишлар) тиббий психолог даволашга ҳақлими?

 Жавоб: Авваллари бундай беморларни психиатрлар даволашган. Энди уларни тиббий психологлар ҳам даволашади. Тиббий психолог руҳий касалликлар шифохонасида ва психоневрологик диспансерларда психиатрлар билан ҳамкорликда ишлайди. Тиббий психологлар наркологик диспансерларда ҳам мустақил равишда фаолият кўрсатишади. Депрессия билан касалланган беморларни даволаш эса уларнинг бевосита бурчидир.

Савол: Тиббий психолог бош миянинг оғир яллиғланиш касалликларини ўтказган беморларни даволай оладими?

Жавоб: Албатта. Чунки менингит, менингоэнцефалит ва энцефалит ўтказган беморларда олий руҳий функцияларнинг бузилишлари кузатилади. Нутқ, хотира, тафаккур, ҳиссиёт ва ҳулқ-атвор бузилишлари ушбу касалликларда жуда кўп учрайди. Агар уларга зудлик билан тиббий-психологик ёрдам кўрсатилмаса, ақлий ривожланиш билан боғлиқ асоратлар қолиши мумкин. Нейропсихологик бузилишларни ривожланган ҳориж давлатларида невропатолог эмас, балки тиббий психолог (нейропсихолог) даволайди. Тиббий психолог фармакологик даволаш усуллари билан бир қаторда психотерапия усулларини ҳам кенг қўллайди.

 Савол: Инсульт касаллигичи?

Жавоб: Кўпчилик инсульт касаллигини фақат невропатолог даволайди деб ўйлайди. Бу фикр қисман тўғри холос. Инсульт билан касалланган беморни бир нечта мутахассис кўрикдан ўтказади ва даволайди. Инсульт энди ривожланган пайтда уни невропатолог, реаниматолог, ангиохирург ёки нейрохирург даволайди. Агар инсульт хушнинг бузилиши билан намоён бўлса, бемор реанимация бўлимига ётқизилади. Агар инсульт мияга борувчи қон томирлар тиқилиши сабабли ривожланса, бемор ангиохирургия (ангионеврология) бўлимида операция қилинади. Агар мияга қон қуйилса, бемор зудлик билан нейрохирургия бўлимига олиб борилади ва операция қилинади.

Ушбу мутахассислар ёрдамидан сўнг бемор бутунлай тузалгунга қадар, невропатолог ва тиббий психолог назоратида бўлади. Тиббий психолог беморга невропатолог тавсия этадиган барча дори-дармонларни ўзи мустақил равишда тавсия этишга тўла ҳақлидир. Шу билан бирга у нейропсихологик диагностика ва нейропсихореабилитация муолажаларини кенг қўллайди. Албатта беморни қайта ҳаётга қайтаришда реабилитолог вазифаси ҳам жуда катта.

Савол: Зарифбой Ражабович! Сизни Ўзбекистонда нейропсихология бўйича биринчи докторлик диссертациясини ёқлаган олим дейишади. Академик А.Р. Луриянинг 100 йиллик юбилейида ҳам Ўзбекистондан фақат сиз иштирок этгансиз.  Нейропсихолог ўзи ким? Бизда бу йўналишни ривожлантириш имкониятлари қандай? Бу ҳақиқатан ҳам мураккаб фанми?

Жавоб: Нейропсихолог – неврология ва психология илмини чуқур биладиган мутахассис. Нейропсихологлар тиббий психология кафедраларида етишиб чиқишади. Психологиянинг бошқа йўналишларидан фарқли ўлароқ, уларга неврология илмидан чуқур сабоқ берилади. Чунки неврологияни билмасдан туриб, нейропсихолог бўлиб бўлмайди.

Республикамизда биринчи бор нейропсихологияни ўқитишни йўлга қўйганимизни алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки барча давлатларда нейропсихологлар айнан тиббий (клиник) психология кафедраларида етишиб чиқади. Бунинг учун биз нейропсихологиянинг ҳар бир мавзуси бўйича методик тавсияномалар ишлаб чиқдик, нейропсихологик текшириш усулларини ўзбек тилига ўгирдик, кенг қўлланиладиган нейропсихологик тестлар ўзбек тилида тайёрланди ва Ўзбекистон ҳудудига модификация қилинди. Ҳозирда нейропсихология бўйича ўқув адабиётини тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.

 Савол: Вилоятларда жойлашган тиббиёт институтларида тиббий психология ва психосоматик тиббиётни тарғибот қилиш ишлари қандай кетаяпти?

 

Жавоб: Мен Андижон, Самарқанд, Бухоро, Нукус, Урганчга бориб тиббиёт институтларининг юқори курс талабалари билан учрашганман, баъзи вилоятларда бир неча бор бўлганман, уларга тиббий психология ва психосоматик тиббиётнинг амалий тиббиётга нақадар зарарлуги борасида давра суҳбатларимини ўтказаман. 2015 ва 2016 йиллари “Тиббий психолог. У ким” мавзусида савол-жавоблардан иборат 1500 дона методик қўлланма ишлаб чиқиб ушбу институтлар талабаларига бепул тарқатдик. Шунингдек, тиббий психологиянинг махсус сайтини  www.asab.uz  яратдик. Ҳозирда бу сайтга тиббий психологияга оид барча материаллар ўзбек, рус ва инглиз тилларида жойланган. 2017 йили Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида 200-300 нафар умумий амалиёт врачларини йиғиб “Врач амалиётида  психосоматик тиббиёт” мавзусига оид давра суҳбатлари уюштирганмиз.

 Савол: Тиббий психолог тинчлантирувчи дорилардан ташқари бошқа дориларни ҳам мустақил равишда тавсия этишга  ҳақлими?

 Жавоб: Тиббий психологлар авваломбор врач эканликларини унутмаслик лозим. Улар ҳар қандай тоифага кирувчи дори-дармонларни беморларга мустақил равишда тавсия этишга тўла ҳақли. Чунки организмда рўй берадиган ҳар қандай касалликлар психоген бузилишларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан тиббий психолог асосий сабабни бартараф этиш учун зарур бўлган дори воситаларини ўзи мустақил равишда тавсия эта олади. Тиббий психологнинг врачдан фарқи шундаки, у психология илмини ҳам чуқур билади ва психодиагностика, психопрофилактика, психогигиена, психотерапия ва психореабитилация усулларини кенг қўллайди.

Савол: Тиббий психолог беморни КТ, МРТ, ултратовуш ва лаборатория текширувларига мустақил равишда юбориши мумкинми?

Жавоб: Албатта мумкин! Тўғри ташхис қўйиш учун зарур бўлган ҳар қандай диагностика усулларига беморни тиббий психологнинг ўзи юбориши зарур. Масалан, бемордаги психоз (руҳий қўзғалиш) жигар зарарланиши сабабли ривожланди дейлик. Бундай беморни кўрган тиббий психолог жигарни ультратовуш усули билан текширишга юборади, қонда ферментлар миқдорини аниқлайди ва ҳ.к. Шу йўл билан у психоз сабабини излаб топади ва уни бартараф этади. Агар беморга жигар фаолиятини яхшиловчи дорилар берилмаса, психозни ҳам бартараф этиб бўлмайди. Табиийки бу ерда терапевт ва инфекционист ёрдами ҳам керак бўлади.

Савол: Болалар ва ўсмирлар психологияси ҳақида нима дея оласиз?

 Жавоб: Биласизми, аксарият Европа давлатларида болалардаги ҳулқ-атвор бузилишларини психотроп дорилар билан даволашга кескин чекловлар қўйилмоқда. Чунки бундай дорилар ҳулқ-атворни жойига келтиради, бироқ боланинг ақлий ривожланишига жиддий зиён етказади. Шу боис ҳам бу борадаги ўқув қўлланмалари қайта кўриб чиқилмоқда.

Савол: Бундай болаларни психологик йўл билан тузатса бўлмайдими?

Жавоб: Йўқ! Умумий психологларнинг бунга кучи етмайди. Бундай болалар ва ўсмирларни махсус тиббий-психологик дастурлар орқали даволашади. Биз болажон Республикамизда “Болалар ва ўсмирларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш” дастурини ишлаб чиқишимиз керак. Бу муаммо ҳам кечиктириб бўлмайдиган муаммолардан биридир. Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар орасидаги ҳулқ-атвор ҳамда психосоматик бузилишларни ҳанузгача психиатрлар даволаб келишмоқда. Бунинг асоратини биз ҳар куни кўриб турибмиз, чунки 15 ёшгача психотроп дориларни тавсия этиш аксарият давлатларда ман қилинган. Шунинг учун ҳам Россия бу амалиётдан воз кечиб, бу масалани тўла-тўкис “Тиббий психолог” ларга юклаган. Халқимиз менталитетидан келиб чиқадиган бўлсак, ота-она эртага турмушга чиқадиган қизи ёки уйланадиган ўғлини психиатрга олиб бормайди.

Савол: Зарифбой Ражабович! Психиатрнинг тиббий психологдан фарқи нимада?

 Жавоб: Психиатр шахснинг кескин ўзгариши билан намоён бўлувчи руҳий бузилишларни даволайди. Масалан, шизофрения ва ўз жонига қасд қилиш билан намоён бўлувчи руҳий касалликлар. Бундай беморлар ўзи ва атрофдагилар ҳаётига ҳавф солишади. Психологик усулларни чуқур ўзлаштирган психиатрлар ҳам психиатр, ҳам тиббий психолог бўлиб ишлашлари мумкин. Психиатрия тиббий психологияга жуда яқин фандир. Авваллари тиббий психологларни психиатрия кафедрасида тайёрлашган. Ҳозирда тиббий психологларни тиббий психологларнинг ўзлари тайёрлашади.

Савол: Психоневрологлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Жавоб: Психоневролог – ҳулқ-атворнинг турли даражада бузилишлари билан намоён бўлувчи касалликларни даволовчи врач. Масалан, невроз, истерия, психоз, фобия, депрессия ва ҳ.к. Демак, бироз енгил ифодаланган руҳий бузилишларни психоневрологлар даволашади. Психиатрия бўйича махсус курсларни ва магистратурани тугатган мутахассислар психоневролог бўлиб ишлашади. Улар асосан психоневрологик диспансерларда фаолият кўрсатишади. Эндиликда тиббий психология бўйича магистратурани тугатганларга ҳам психоневрологик диспансерларда  психоневролог бўлиб ишлаши мумкин.

Савол: Тиббий психолог қандай тиббий масканларда ишлаши керак?

 Жавоб: Улар турли ихтисосликдаги барча илмий-тиббий марказларда, вилоят, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида ишлашади. Кардиология, педиатрия, гинекология, неврология, психоневрологик диспансерлар, урология, тез тиббий ёрдам, сил касалликлари шифохонаси, ОИТС га қарши кураш маркази, турли сиҳатгоҳлар, болалар ва ўсмирлар шифохоналари ва ҳ.к.

 Савол: Шу ерда психотерапевтлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Психотерапевт ким? Уларни қаерда тайёрлашади?

 Жавоб: Психотерапевт – беморни даволашда психологик усулларни кенг қўлловчи врач. Демак, психотерапевт – у врач. Бундай касб эгалари “Тиббий психология ва психотерапия” кафедраларида етишиб чиқади. Улар ҳам “Тиббий психология” бўйича магистратура ва клиник ординатурани тугатишлари керак.

Савол: Зарифбой Ражабович! Ҳозирги даврни “Стресс асри” дейишади. Одам қаттиқ стрессга тушиб қолса, кимга мурожаат қилиши керак.

 Жавоб: Албатта бундай пайтларда Тиббий психологга мурожаат қилишади. Масалан, деярли барча давлатларда, ҳатто МДҲ давлатларида ҳам  “Стресс марказлари” бор. Бундай марказларнинг асосий ишчилари – тиббий психологлар. Худога шукр бизда тинчлик! Сиз бир кўз олдингизга келтиринг: Ўзбекистонда қандайдир бир табиий офат ёки бошқа бир оммавий фалокат юз берса, кўплаб инсонлар, шу билан бирга аёллар, кексалар ва ёш болалар жабр кўрса, ким уларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатади. 1966 йили Тошкент шаҳрида кучли зилзила бўлганда аҳоли орасида невроз, инсульт ва инфаркт кўпайиб кетган. Бундайларга умумий психологлар ёрдам кўрсата олмайдику?!  Сиз ҳориж практикасига бир назар ташланг. Бундай пайтларда тиббий психологлар армияси керак бўлиб қолиши мумкин. Мен “Тиббий психологнинг квалификацион таснифи” ни тузиб чиққанимда “Табиий офатлар ва бошқа оммавий жабрланишларда аҳолига тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш” тартиб-қоидаларини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтганман. Худо сақласин шундай вазият рўй берса, биз нима қиламиз, қўлимизда “Тиббий-психологик ёрдамга оид” дастур йўқ-ку? – деб соғлиқни сақлаш вазири муовинига ҳам айтганман.

Савол: Реакция йўқми?!

Жавоб: Асло йўқ! Хатто Республикада тез тиббий ёрдамни курация қиладиган битта вазир муовини “Тиббий психология ва психотерапия” ни бутунлай ёпиш масаласини кўтарган. Республикада тиббий таълимни курация қиладиган Вазирнинг бошқа бир муовини “Тиббий психология ва психотерапия” ни тиббиёт институтларида ўқитишни йўқотиш пайида.

Савол: Ўзбекистонда “Тиббий психология ва психосоматик тиббиёт” ни ривожлантириш учун нима қилиш керак? Сизда бу борада ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилганми?

 Жавоб: Албатта ишлаб чиқилган! Мен “Ҳаракатлар стратегияси” ни “Психосоматик тиббиёт: муаммо ва ечимлар” муаммосига бағишланган анжуманда баён қилдим. Бу чиқишимиз ташриф буюрган олимлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Хатто Португалиялик олима Константа Паул бизда ханузгача психосоматик тиббиёт амалиётга тадбиқ этилмаганлигидан ажабланди.

 Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда  “Тиббий психология ва психотерапия” ни ривожлантиришга оид “Ҳаракатлар стратегияси” ни йил бошидаёқ ишлаб чиққанмиз.  Унинг асосий қисмларини келтириб ўтаман: 

  1. Соғлиқни сақлаш Вазирлигида “Тиббий психологнинг квалификацион таснифи” ни тасдиқдан ўтказиш;
  2. “Тиббий психолог ва психотерапевт” лавозимини номенклатурага киритиб “Тиббий психолог” лар учун ишчи ўринларини яратиш;
  3. Тиббиёт институтларида “Тиббий психология ва психотерапия” кафедраларини ташкил этиш, тиббий психолог ва психотерапевтларни ушбу кафедраларда тайёрлаш;
    (Бундай кафедраларда ишлаш учун бизда “Тиббий психолог” дипломига эга малакали кадрлар етарли)
  4. Кардиология, терапия, неврология, нейрохирургия, фтизиатрия, ОИТС га қарши кураш маркази, педиатрия, гинекология, урология, тери-таносил касалликлари, шошилинч тиббий ёрдам илмий марказларида ва йирик шифохоналарда “Психосоматик тиббиёт” бўлимлари, маслаҳат поликлиникалари ва оилавий поликлиникаларда “Тиббий психолог ва психотерапевт” кабинетларини очиш;
  5. Олий аттестация комиссиясида “Тиббий психология ва психотерапия” шифрини яратиш ва илмий кадрларни тайёрлашни жадаллаштириш;
  6. Ўзбекистонда психоген ва психосоматик бузилишлар профилактикасини йўлга қўйиш учун даволаш-профилактика муассасалари таркибида “Психогигиена ва психопрофилактика” лабораторияларини яратиш. Унинг болалар ва ўсмирлар учун ишлайдиган бўлимларини ҳам ишга тушириш;
  7. Турли ҳудудларида психосоматик касалликларнинг аҳоли орасида тарқалиш даражасини ўрганиш учун “Махсус регистр” яратиш ва “Клиник протокол” ишлаб чиқиш;
  8. Барча тез тиббий ёрдам марказларида “Аҳолига тез тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш” хоналарини ташкил этиш;
  9. “Тиббий психология ва психосоматик тиббиёт” журналини таъсис этиш, Ёш тиббий психологлар мактабини яратиш;
  10. Илмий-тиббий марказлар ва тиббиёт институтларида когнитив психология, психокоррекция, психоанализ, психогенетика ҳамда психофизиология лабораторияларини ташкил этиш;
  11. Ривожланган хориж давлатларининг тиббий психология ва психосоматик тиббиёт Илмий марказлари билан ҳалқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш;
  12. Оммавий фалокатли ҳолатларда “Аҳолига тез тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш” дастурини яратиш ва бу борада ҳам махсус ўқитишларни ташкил қилиш, ҳамда Ҳарбий тиббий таълим масканларида ҳам “Тиббий психология ва психотерапия” кафедра ёки курсларини очиш;
  13. Ўзбекистонда “Болалар ва ўсмирлар психосоматик тиббиёт марказини” очиш ёки йирик “Психосоматик тиббиёт Илмий маркази” ни яратиш ва кейинчалик унинг филиалларини вилоятларда ишга тушириш.

Кўрдингизми! Психосоматик тиббиёт билан боғлиқ олдимизда қанчадан-қанча ишлар бор. Талантли ёшларимиз ҳам бор. Бу ишларни амалга ошириш учун янги кафедралар, илмий лабораториялар ва керак бўлса “Психосоматик тиббиёт марказларини” очишимиз керак. Чунки махсус марказлардагина бу ишларни муваффақиятли амалга ошириш мумкин.

Агар Ўзбекистонда психосоматик тиббиёт соғлиқни сақлаш тизимига тўла тадбиқ қилинса ва унинг психодиагностика, психотерапия, психогигиена ва психопрофилактика каби йўналишлари тўла фаолият кўрсатса, соғлиқни сақлашга кетадиган сарф-ҳаражатлар 35-50 % гача камаяди.

 Савол: “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида шифокорларга қандай истак ва тилакларингиз бор?

 Жавоб: Авваломбор шифокорларимизнинг ўзларига соғлиқ-омонлик тилайман. Шифокорлик – бу ўта оғир ва масъулиятли касб. Мен ёш шифокорларимизга эса ҳалқ билан мулоқот йилида бемор билан психологик мулоқот санъатини яхши ўзлаштиришларини тилаб қоламан. Зеро инсон руҳиятини ўрганадиган асосий қурол бу СЎЗ экан, ундан унумли фойдаланайлик. Ҳаммангизга яхши кайфият тилайман. 


Зарифбой Ражабович! Қизиқарли суҳбат учун Сизга миннатдорчилик билдирамиз.


Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.