Янгиликлар » Асаб ва руҳият клиникаси маълумотлари » Когнитив-бехевиорал психотерапия

Когнитив-бехевиорал психотерапия


Когнитив-бихевиорал психотерапия – инсон фикри ва ҳулқ-атвори билан боғлиқ муаммоларини енгиб ўтиш учун ўзига баҳо бериш қобилияти, стратегияси  ва йўналишларини ўзгартиришга қаратилган психотерапевтик ёндошув. Бу йўналиш асосчиси америкалик психотерапевт А. Бек (1921 йил туғилган). Когнитив-бихевиорал психотерапия когнитив психотерапия (англ. сognitive therapy, 1967) негизида яратилди.  КБП 2 хил мактаб, яъни когнитив ва бихевиориал психотерапия негизида шаклланади:

КБП да қуйидаги триада фарқ қилинади:

  1. Когниция – маълумотни эсга олиш, фикрида қайта ишлаш, аргументация қилиш ва англаб етиш каби тушунчалардан иборат.
  2. Конация – мақсадга йўналтирилган харакат, мотивация, инстинкт, ҳоҳиш ва ирода каби тушунчалардан иборат.
  3. Аффект – ҳиссий реакциялар ва кайфиятдан иборат.

КБП қуйидаги мақсад ва вазифалар ечимини излайди:

  1. Когнитив хатолар ва ҳулқ-атвор бузилишлар сабабини излаб топиш.
  2. Мияга ўрнашиб қолган патологик фикрлар ва шу сабабли юзага келган ҳулқ-атвор бузилишларини коррекция қилиш.
  3. Рецидив ҳолатларининг олдини олиш.
  4. Фармакотерапия самарасини ошириш.
  5. Ижтимоий-психологик муаммолар ечимини топиш.

Когнитив-бихевиорал терапия, асосан, обсессив-компульсив бузилишлар, хавотирли-фобик бузилишлар, миядан кетмайдиган фикрлар неврози,  ҳулқ-атвор бузилишлари, ипохондрик невроз, спорт тиббиётида кенг қўлланилади.

КБП авваломбор мияга ўрнашиб олиб беморга азоб бераётган салбий тусдаги фикрлар, яъни айбдорлик ҳисси, ўзини-ўзи камситиш, фикрларни бартараф этишга қаратилган. Бемор техникани мустақил бажаришни ўргангунга қадар психотерапевт назоратида бўлади.

Психотерапевтик муолажа техникаси.Беморнинг кўзлари юмуқ ҳолатда бўлади. Ундан миясига ўрнашиб қолган ёмон ўй-ҳаёлларнинг майда деталларигача диққатини қаратиш буюрилади. Ўша негатив тусдаги фикрлар аҳамиятлими, аҳамиятсизми фарқи йўқ. Шу йўл билан барча ўй-хаёллар бир жойга жамланади. Ҳамма ёмон фикрлар мияда жамлангач бемор бармоғи билан психологга ишора беради (масалан, кўрсаткич бармоғини кўтаради). 

Бемор ишора берган захоти психотерапевт дадил ва жарангдор овозда, “ТЎХТАНГ” деб буйруқ беради. Сўнгра психолог бемордан ушбу сўздан кейин хаёлига нималар келганини сўрайди. Одатда бу пайтда  беморнинг негатив фикрлари ўчган ва йўқолган бўлади. Агарда ижобий натижа бўлмаса, яъни миядан ёмон фикрлар ўчмаса,  машқ бир неча бор қайтарилади. Ушбу машқ уйга вазифа қилиб ҳам берилади. Бемор ўзига-ўзи буйруқ бериб шу машқни уйда ёлғиз такрорлаши мумкин. 

Психологик бўшлиқни тўлдириш техникаси. Мияга ўрнашиб қолган фикрларни ўчиришдан кейинги вазифа – бу негатив фикрлар ўрнини позитив фикрлар билан тўлдириш. Агар ушбу вазифа бажарилмаса, мияга яна негатив фикрлар қайтиб келаверади.  Фанда антиципатия деган тушунча бор. Антиципатия   ваҳимали фикрларнинг яна қайтиб келишидан қўрқиш. Шу ҳолат кузатилмаслиги учун ҳар бир сеансда психологик бўшлиқни позитив фикрлар билан тўлдириб бориш зарур. Акс ҳолда бемор миядаги негатив фикрлар орқали “ўзи билан ўзи гаплашиб юраверади”. Бу ҳолат эса обсессияни кучайтиради ва бемор яна азобли ўй-ҳаёллар исканжасида қолади.

Психотерапевтик муолажадан сўнг беморга уй вазифаси берилади. Бугунги кундан бошлаб Сиз фақат аввал позитив фикрлар орқали ўзингиз билан ўзинингиз гаплашиб юришингиз лозим. Психотерапевтик машқлар бошида бемор билан “Позитив сухбат қуриш” сценарийсини тузади Буни амалга ошириш учун турли хил роликлар ўйлаб топилади. Олинган натижаларга қараб ушбу сценарий бора-бора такомиллаштириб борилади.

Психологик бўшлиқни тўлдириш методи Альберт Эллис томонидан ишлаб чиқилган схема бўйича амалга оширилади. Бу мақсадда ABC-методи қўлланилади. А– вазиятни юзага келтирган омил; В– автоматик пайдо бўлган хаёл; С– эмоционал жавоб реакцияси

АВС билан ишлаш алгоритми. 1. Муаммо ҳақида сўралади; 2. Муаммони тарқатишга киришилади; 3. С ва А ларга баҳо берилади; 4. В билан С нинг ўзаро боғлиқлиги тушунтирилади; 5. В га баҳо берилади; 6. В билан С боғланади; 7. Беморнинг тушунганлик даражаси ўрганилади; 8. Уйга вазифа берилади. 

Когнитив психотерапия тарафдорлари инсондаги барча муаммолар негатив фикрлаш сабабли келиб чиқади, деб ҳисоблашади.  Муаммо ташқи вазиятларни инсон томонидан қуйидаги схема бўйича интерпретация қилишидан бошланади: ташқи вазият (стимуллар) → когнитив система → интерпретация (хаёллар) → ҳиссиёт ёки ҳулқ-атвор. «Хаёлларимиз ҳиссиётимизда акс этади, ҳиссиётимиз ҳулқ-атворимизни ўзгартиради, ҳулқ-атворимиз бизнинг кимлигимизни кўрсатиб туради ва унга қараб ўзгалар бизга баҳо беришади. 

Муаммо бу дунё ёмонлигида эмас, биз уни қанчалар кўп ёмон деб билишимизда, деган эди А. Бек (1967). А. Бек бўйича когнитив-бихевиорал терапия – бу маълум бир тизимга асосланган фикрлаш ва ҳулқ-атворни ўзгартиришга қаратилган методлар мажмуаси. Ушбу метод асосида беморни тўғри фикрлаш ва шу аснода ҳулқ-атворини ўзгартиришга асосланган ўргатиш техникаси ётади.

Психотерапевт олдида турган асосий вазифалар: 1) социумда яшаш учун инсонга азоб берувчи автоматик фикрларни аниқлаш; 2) мижозга ушбу ўй-хаёллардан халос бўлиши зарурлигини тушунтириш; 3) беморни позитив фикрлар билан ишлашга ўргатиб ҳулқ-атворини ижобий томонга ўзгартириш.

Автоматик фикрларни аниқлаш босқичлари:

Биринчи қадам. Бемор миясига ўрнашиб қолган, унга ҳар доим азоб берадиган ва унинг ҳулқ-атворини ўзгартириб юборган автоматик фикрларни излаб топиши ва бир жойга жамлай олиши керак; 

Иккинчи қадам. Автоматик фикрлар аниқлангандан сўнг бемор уларни психотерапевтга бирин-кетин овоз чиқариб айтиб бериши керак;

Учинчи қадам. Психотерапевт беморни диққат билан тинглайди, унинг ифодаланишига назар солади, беморнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб боради ва азобли фикрлар даражасини қоғизга белгилаб боради.

Автоматик фикрлар– одамни ўзи билан ўзи сўзлашиб юришига мажбур қиладиган ва тўсатдан пайдо бўладиган ўй-хаёллар. Автоматик фикрлар ҳар бир одамда мавжуд бўлиб, ушбу фикрларнинг азобли ёки азобсиз бўлиши уларнинг мазмун-моҳиятига боғлиқ. Агар Сизга негатив фикрлар ўрнашиб олган бўлса, улар “миянгизни эговлайверади, ақлингизни чайнайверади” ва оғир ҳис-туйғулар манбаига айланади. Бунинг оқибатида ҳулқ-атворингиз ўзгаради ва шунга муносиб равишда одамларнинг Сизга нисбатан муносабати ўзгариб занжирли реакция юзага келади. 




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив