Нейропсихология


Тарихга бир назар     

Нейропсихология тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида олий руҳий функциялар марказларини аниқлашга уринишлардан бошланган. 1836-йили Франциянинг кичик бир шаҳрида тиббий жамият йиғилишларидан бирида оддий врач Марк Дакс жамият раисидан ўзининг кузатувлари тўғрисида маълумот беришга рухсат сўрайди. Унинг нутқида қуйидаги жумлалар бор эди: «Мен бош миянинг чап ярим шари зарарланган беморларнинг барчасида нутқ бузилишларини кузатдим, лекин ўнг ярим шар зарарланган беморларнинг бирортасида ҳам нутқ бузилиши учрамади. Демак, айнан бош миянинг чап ярим шари нутқ учун масъул, яъни у ерда нутқ марказлари жойлашган». Бу пайтгача нутқ учун бош миянинг иккала ярим шари ҳам жавоб беради деб, фараз қилинарди. Лекин у ўз мулоҳазаларини анатомик текширувлар билан тасдиқламаган (бунга имконият бўлса-да) ва чоп қилдирмаган. Шунинг учун ҳам М.Дакснинг оғзаки қилган маълумотига ўша куни олимлар эътибор ҳам қилмади ва ушбу тўғри фикр тез орада унутилди.

1861-йили ёш француз олими атрополог Пол Брок нутқи бузилган ва тананинг ўнг томони фалажланган битта беморни кузатади. Бу бемор тез орада вафот этади. Унинг бош мияси очиб текширилганда, чап ярим шарнинг пастки пешона пуштасининг орқа қисмида инфаркт ўчоғи аниқланади (бу соҳа кейинчалик Брок маркази деб аталиб бошланди). Ушбу беморнинг мияси ханузгача Париждаги тиббиёт музейида сақланиб келади. Бемор атрофдагиларнинг гапига тушунса-да, ўзи гапира олмасди, фақат “та-та-та” деган товуш чиқарарди холос. Нутқ бузилишининг бу тури кейинчалик «мотор афазия» деб ном олди. Ўша даврдан бошлаб бош мияда турли марказларни излаш катта қизиқиш билан бошланиб кетади. Бироз вақт ўтмай, немис психиатри К.Вернике 1874-йили  чап чакка бўлагининг устки пуштаси зарарланганда ҳам нутқ бузилишини кузатиб, сенсор нутқ марказини аниқлайди.

1876-йили Ферриер чакка бўлагида эшитув марказини, 1881-йили Мунк итларнинг бош миянинг энса қисми олиб ташланганда «нарсаларни кўрсада, танимаслигини», ўша йили Экснер ўрта пешона пуштасининг орқа қисми зарарланганда ёзиш бузилишини аниқлайдилар.
Албатта, бу кашфиётлар ўша даврдаги олимларни ҳайратга солади, яъни улар бош мияда турли марказлар, ҳатто онг, хотира, тафаккур марказларини излаб бошлашади. Шу даврдан бошлаб фанда «локализационизм» деган йўналиш юзага келади. “Локализация” ибораси французчада «жой» деган маънони англатади.

1870-йили Финкелнбург локализациончиларга қарши чиқиб, бош мия пўстлоғи зарарланганда «асимболия» ривожланади, холос дейди. Унинг фикрича, символларни ишлатиш қобилияти бузилиши натижасида нутқ фаолияти, нарсаларни таниш ва турли онгли ҳаракатларни бажариш бузиларкан. Локализациончилар  нуқтаи назарини 1864-1874 йиллари ўзининг кузатувларига асосланиб, машҳур инглиз неврологи Д. Жексон танқид қилади. Д. Жексон, асосан, нутқнинг динамик томонлари билан қизиқди. У «бош мияда нутқ бузилишига сабабчи бўлган зарарланишни жойлаштириш» ва «нутқнинг ўзини жойлаштириш» икки хил нарса, деган эди.

Д. Жексон афазияда нутқ функциясининг тўла йўқолмаслигига эътибор қаратади. Афазия кузатилган беморда мақсадга йўналтирилган нутқ бузилиши мумкин, бироқ ҳиссий нутқ сақланиб қолади, деб фикр юргизади у. Масалан, бирон-бир сўзни бемор аффект ҳолатида айтиб юбориши, лекин ихтиёрий ҳолда эса гапира олмаслиги мумкин. Д. Жексон «нутқини йўқотган» одам «сўзлардан ҳам жудо» бўлган дегани эмас, чунки сўзнинг англанмаган қисми ҳам мавжуддир дейди. Шунинг учун «нутқидан жудо» бўлган беморнинг фикрлаш жараёни бироз пасайса-да, ҳали фикр юргизишга қобилиятли. Д. Жексон мақсадга йўналтирилган нутқ бош миянинг чап ярим шари билан, ҳиссий нутқ эса ўнг ярим шар фаолияти билан боғлиқ, деб айтган. 

Д. Жексон биринчилардан бўлиб, МНС функцияларининг мураккаб тузилиши тўғрисидаги ғояни илгари сурди. Унинг фикрига кўра, ҳар бир функция 3 босқичдан иборат: «қуйи» (орқа мия, мия устуни), «ўрта» (бош мия пўстлоғининг ҳаракат ва сезги марказлари) ва «олий» (бош миянинг пешона бўлаги). «Олий» марказлар зарарланганда нафақат патологик симптомлар пайдо бўлади, балки ижобий ўзгаришлар ҳам кузатилади: «қуйи» марказлар «олий» марказлар назоратидан халос бўлиб, ўз фаолиятини кучайтиради. Бунга марказий пирамидал йўллар зарарланганда спинал рефлексларнинг кучайишини мисол қилиб кўрсатади. Агар афазияда сўзлаш, ўқиш ва ёзиш қобилиятларининг бузилиши салбий аломатлар бўлса, ҳиссий нутқ сақланиб қолиши ва бировнинг сўзига тушуниш ижобий хислатлардир, деган эди Д. Жексон. У 1868-йили афазия нафақат бош миянинг чап ярим шари, балки ўнг ярим шари зарарланганда ҳам кузатилишини эълон қилган. Бу беморлар чапақай бўлган. Д. Жексоннинг бу хулосалари бош миянинг функционал асимметриясини ўрганишга туртки бўлди. Кейинчалик бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида бир қанча марказлар кашф қилинди. Шунинг учун олимлар Д.Жексонни “миянинг функционал асимметрияси” ҳақидаги таълимотни биринчи бўлиб илгари сурган деб ҳисоблашади.
               
Нейропсихология фани ҳақида тушунча
Нейропсихология – бош миянинг локал ва диффуз зарарланишларида олий руҳий функцияларни ўрганувчи фан. Албатта бу фан олий руҳий функцияларнинг онтогенезда шаклланиш босқичларини миянинг морфофункционал системаларига боғлаб ўрганади. Нейропсихология неврология, психология ва физиология негизида шаклланди.

Дастлаб нейропсихологияда қўлланиладиган асосий атамалар ва иборалар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

  1. Функционал система – турли хил онгли фаолият учун масъул бўлган афферент ва эфферент системалардан иборат морфофункционал тузилма. 
  2. Нейропсихологик симптом – бош миянинг локал зарарланишларида пайдо бўладиган олий руҳий функциянинг бузилиши.
  3. Бирламчи нейропсихологик симптом – аниқ бир психологик функцияга жавоб берувчи марказнинг бевосита зарарланиши сабабли юзага келган симптом.
  4. Иккиламчи нейропсихологик симптом – бирламчи нейропсихологик симптом пайдо бўлганлиги сабабли юзага келган бошқа олий руҳий функциянинг бузилиши.
  5. Нейропсихологик синдром – келиб чиқиш механизми бир-бирига боғлиқ бўлган бир нечта нейропсихологик симптомлар йиғиндиси.
  6. Нейропсихологик фактор – нейропсихологик синдромни юзага келтирувчи  этиологик омил.
  7. Синдром анализи (фактор анализи) – морфофункционал тузилмалар зарарланиши сабабли юзага келган нейропсихологик бузилишларни аниқлаш усули.
  8. Нейропсихологик ташхис – бош миянинг локал ва диффуз зарарланишларида топик ташхисни аниқлаш мақсадида ўтказиладиган  нейропсихологик текширувлар натижасида олинган хулоса.
  9. Олий руҳий функциялар локализацияси – бош миянинг маълум бир соҳасини аниқ бир олий руҳий функцияга масъуллигини кўрсатиб берувчи тушунча.
  10.  Яримшарлараро функционал асимметрия – бош миянинг чап ва ўнг ярим шарларида функцияларнинг асимметрик тарзда жойлашуви.
  11.  Яримшарлараро муносабатлар – маълум бир функцияларни бажаришда иккала ярим шарнинг ўзаро иштирокини кўрсатиб берувчи ибора.

Нейропсихологик терапия

  • диққат ва хотира бузилишлари ташхиси ва давоси
  • Алсхаймер касаллиги ва бошқа деменциялар ташхиси ва давоси
  • инсультдан кейинги нутқ бузилишлари ташхиси ва давоси
  • болаларда ақлий заифлик ташхиси ва давоси
  • уйқу бузилишлари ва ташхиси ва давоси



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив