Янгиликлар » Интервьюлар » «БОЛАГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ»

«БОЛАГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ»


Митти мижоз

БОЛАНГИЗ ЧЕКСИЗ АХБОРОТЛАР ИСКАНЖАСИДАМИ?

           Халқимиз болажон. Икки киши бир бўлса, фарзанддан гап очилади. Унинг тарбияси, хулқи, қилиқлари ҳақида сўзлайди, шундай фарзанди борлиги учун ич-ичидан ғурурланади. Жигарбандларини мол-дунёю ҳою ҳаваслардан устун қўядиган халқимиз учун бу бир қадрият, нодир анъана.
Бироқ бу суҳбатлар орасида айримларнинг: “Болам жиззакироқ бўлиб қолган, негадир тез-тез боши оғрийди, иштаҳаси ёмон, инжиқ, қулоқсиз…”, дея нолиши ҳам қулоққа чалиниб туради. Ҳақиқатан, сўнгги пайтларда компьютер, интернет, телефон, электрон ўйинлар туфайли фарзандларимиз чексиз ахборотлар исканжасида қолиб, руҳан тез толиқадиган бўлиб қолган. Хўш, аслида ҳам шундайми? Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси асаб касалликлари кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВГА мурожаат қилдик.

 Ҳозирги кунда ёш болаларда ҳам асаб бузилиш, жиззакилик, қизиққонлик ҳолатлари кўп кузатиляпти. Бу глобаллашув, техника асрининг таъсирими ё оилавий муҳит оқибатими?

– Нотўғри тарбия ҳам, бош мия касалликлари ҳам боланинг ҳулқатворини кескин ўзгартириб юборади. Чунки бу пайтда мия нафақат анатомик жиҳатдан шаклланади, балки ташқи салбий ва ижобий маълумотлар ҳам хотирада сақланиб қолади. Оқибати эса боланинг хатти-ҳаракатларида, ҳулқатворида акс-садо беради. Болалик ва ўспиринлик даври асосан тақлидга асосланишини унутмаслик керак. У ота-онаси, қўни-қўшни ва тенгдошларига, устозидан тортиб, фильм қаҳрамонлари-ю машҳур футболчиларга ҳам тақлид қилади. Афсуски, уларда болага салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам йўқ эмас.

Баъзан асабий-руҳий бузилишлар болага эътиборнинг пасайишидан юзага келади. Масалан, оилада янги фарзанд дунёга келди ва оиланинг барча аъзолари янги “меҳмон” билан машғул. Бу ҳолат оиладаги бошқа (3-6 ёшли) фарзандларнинг инжиқ бўлиб қолишига сабаб бўлади. Натижада улар ота-онаси эътиборини жалб этиш учун ўзини касалликка солади, “қорним оғрияпти”, “бошим оғрияпти”, “боғчага ёки мактабга боргим келмаяпти”, каби баҳоналар ўйлаб топади. Бундай пайтда бола ҳақиқатан ҳам касал бўлмаса, уни чалғитувчи усуллардан фойдаланиш мумкин: сайрга чиқиш, ёқтирган ўйинчоқларини олиб бериш ва ҳоказо. Лекин ортиқча талтайтириб юбормаслик, хархашаларига учавермаслик лозим, яъни ҳаддан ортиқ эътибор ҳам унинг мурғак руҳиятига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

– Фарзанд комил инсон бўлиб вояга етиши учун тарбияда нималарга эътибор бериш лозим деб ўйлайсиз?

– Заминимиздан не-не алломаю даҳолар етишиб чиққан, бундан кейин ҳам етишиб чиқаверади. Руҳий ва ақлий тарбияга катта эътибор қаратиш лозим. Халқимизда: “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган нақл бор. Сир эмас, бугун атрофимизни ўраб турган салбий омилларнинг саноғи йўқ. Енгил-елпи кўрсатув, ахлоқсиз фильм, клип, чўнтак телефонлари орқали тарқалаётган бемаъни SMS ва фотосуратлар, компьютер ўйинларию, айрим интернет материаллари… буларнинг кўпчилигида ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган яширин мақсадлар жо бўлган. Бу жамиятдан ҳам, ота-онадан ҳам ўта зийракликни талаб қилади! Ота-она лоқайдлик қилса, бола ярим тунгача телевизор ёки интернетда бемаъни кўрсатув ёки сайтларни томоша қилиш билан машғул бўлади. Комил фарзандни тарбиялаш учун уни бундай манбалардан чеклаш керак деган тушунчага ҳам бормаслик лозим. Ғамхўр ота-онанинг вазифаси уни ўраб турган муҳитни соғломлаштириш, салбий таъсирларни имкон қадар камайтириш ва болани маърифатли қилиб тарбиялашдан иборатдир.

Ўсмирнинг мияси кераксиз маълумотларга тўлиб кетгач, ўз-ўзидан салбий ҳолатларни келтириб чиқаради: руҳан чарчайди, жисмонан нимжон, иммунитети паст, касалликларга мойил бўлиб ўсади. Баъзан “Боламга тинчлантирувчи дори ёзиб беринг, уни ҳеч бошқариб бўлмаяпти” ёки “Фарзандимнинг эслаб қолиш қобилияти суст, дарсларни яхши ўзлаштира олмаяпти. Бунинг давоси борми?”, деб мурожаат қилувчи ота-оналар ҳам учрамоқда. Буларнинг бари информациялар таъсири-ку. Табиийки, ҳали 10 ёшга тўлмаган болага асабни тинчлантирувчи дори бериш унинг ақлий ривожланишига салбий таъсир қилади. Бу борада энг мақбул “муолажа” уларнинг ҳаёт тарзини яхшилашдир.

Яқинда менга бир йил олдин ўзини осиб қўйган 11 яшар болани олиб келишди. Уни вилоятда бир йил мобайнида даволашган. Яхшиям уни онаси кўриб қолган ва дарров бўйнидан арқонни ечиб олган. Бироқ, болада оғир асорат қолади. Бир неча сония мияга кислород ва қон бормай қолган болада энг оғир касаллик, яъни “апаллик синдром” ривожланади. Бу синдромда боланинг фақат ички аъзолари ишлайди холос. Бироқ у гапирмайди, чайнов ҳаракатларини бажара олмайди, иккала қўли ва оёғи ишламайди, умумлаштириб айтганда инсон учун хос бўлган барча олий руҳий функциялар ва ҳаракат, сезги фаолияти бутунлай издан чиққан эди. Ота-она болани умид билан Тошкентга олиб келишган. Мен уларга даволаш энди бефойда эканлигини тушунтирдим. Ҳали 11 ёшгача ҳам тўлмаган бола аслида ўзини осмаслиги керак, ахир у ҳали балоғот ёшига етмаган. Бу воқеа нега рўй берди ёки кўп уришармидинглар, деб сўрадим. Ота-онаси: “Хатто бармоғимиз билан ҳам чертмасдик, ўзимиз ҳам билмаймиз нега боламиз бу мудҳиш ишга қўл урди, ўзимиз ҳам сабабини билолмай куйиб юрибмиз”, дейишди. Мен улардан мактабда ёмон воқеа бўлмадими, ҳеч ким уни қўрқитмадими, деб сўрадим. Бу саволимга ҳам “Йўқ” деб жавоб беришди. Уйда нима билан шуғулланарди, компьютер ўйинларига борармиди, DVD дискларда кинолар кўрармиди, деб сўрасам. Ойиси: “Э тўхтанг, у доимо қўрқинчли кинолар кўрарди, қаерда қўрқинчли фильмлар бўлса, уни сотиб олиб келиб кўрарди, бизларга ҳам сўзлаб берарди, баъзан ҳаёлга чўмиб қоларди”, деди. Мен “Болангиз нега ўзини осгани сабаби энди тушунарли” дедим. Онаси “Нахотки ўша кинолар таъсир қилган бўлса, ахир у бор-йўғи киноку” деди йиғламсираб. Мен унга ёмон филмлар ва ўйинларнинг инсон руҳиятига (хатто катталарнинг) ўта оғир салбий таъсир кўрсатишини, хаттоки инсоннинг бутун тақдирини издан чиқариши мумкинлиги ҳақида тушунтирдим. Шунинг учун ҳам турли каналлар орқали берилаётган кўрсатувларда қайси ёшдан бошлаб кўриш мумкинлиги ёзилади, яъни 12+, 16+ ва ҳ.к. бу аянчли воқеа барча ота-оналарга ўрнак бўлади, деб ўйлайман. Болангиз қандай дисклар кўраётганлигини текшириб туринг. Жигарбандингиздан ажралиб қолманг ёки қўйнингизда жохил одамни тарбиялаётган бўлманг.

– Ҳаёт тарзини қандай йўллар билан соғломлаштирган афзал?

– Энг аввало, болани спортга қизиқтириш лозим. Бугун нафақат шаҳар, балки чекка туманларда ҳам замонавий спорт иншоотлари фаолият олиб бормоқда. Спортга ошно бўлиб ўсмаган бола эртага шифокорга серқатнов бўлиб қолиши кўп кузатилган. Спорт – асабни тинчлантиради, юракни бақувват қилади, хотирани яхшилайди, ҳатто иштаҳани ҳам очади. Тарбиявий аҳамияти беқиёс. Масалан, сузиш, футбол, ушу ёки таэквандо каби спорт турларига қатнаётган болага панд-насиҳатлар қилавериш ёки асабни тинчлантирувчи дори беришнинг умуман кераги йўқ. Спортнинг ўзи уни тарбиялайди. “Боламга дори ёзиб беринг”, деб келганларнинг кўпчилиги фарзандини спорт тўгаракларига бериб, хурсанд бўлиб юришганига кўп гувоҳ бўламан.

Шу ўринда айтишни хоҳлардимки, хулқ-атвор касаллик эмас, уни салбийлиги учун даволаб бўлмайди. Уни фақат яхши амаллар орқали ижобий ҳолатга келтириш мумкин. Лозим бўлса, психолог билан маслаҳатлашишни ҳам канда қилмаган маъқул.

Ш. РОФИЕВА

суҳбатлашди




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив