Янгиликлар » Энциклопедия » АБСТИНЕНТ СИНДРОМ

АБСТИНЕНТ СИНДРОМ


Алкоголизмда абстинент синдром – ўткир спиртли ичимликлар ичишни бирдан тўхтатганда рўй берадиган, неврологик, психопатологик ва психосоматик бузилишлар билан намоён бўладиган ўткир патологик ҳолат. Ушбу синдром, кўпинча, ўткир спиртли ичимликларни муттасил равишда ва катта миқдорда қабул қиладиганларда ривожланади. Уларда спиртли ичимлик дозасини камайтирса ҳам абстинент синдром рўй беради. Агар бемор ўша вақтдаёқ спиртли ичимликни яна қабул қилса, абстиненция белгилари камаяди ёки ўтиб кетади. Абстинент синдром, кўпинча уй шароитида рўй беради. Чунки уйда беморнинг яқинлари ундан спиртли ичимликларни яшириб қўйишга интилишади, уни топиб ичишига турли йўллар билан тўсқинлик қилишади. Бунинг натижасида бемор спиртли ичимликни етарли дозада қабул қила олмайди ва унда абстинент синдром ривожланади. 

Клиникаси. Абстинент синдромнинг қай тарзда намоён бўлиши беморнинг  индивидуал ҳолати ва умумий саломатлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўта нимжон беморда бу синдром оғир кечади. Бу синдромнинг асосий белгиси – психомотор қўзғалишдир. Бемор ўзини агрессив тута бошлайди, яқинларига ташланади, нарсаларни отиб синдиради, атрофдагиларга бақиради, сўкади, ароқни топиб бер деб ҳамма ёқни титкилай бошлайди. Баъзида эса йиғлаб зорланади, қўллари ва бутун танасини титроқ босади, терлаб кетади, жони қочиб ётиб қолади. Агар беморга бир-икки пиёла ароқ ичириб юборса, у бироз тинчланади ва ухлаб қолади. 

Абстиненция пайтида беморда аввал мавжуд бўлган нейропсихологик ва психопатологик бузилишлар янада кучаяди, яъни нутқ бузилишлари, фикрлар тарқоқлиги ва карахтлиги, хотира сустлиги авж олади. Бемор фикрини бир жойга жамлай олмайди, атрофдагиларнинг гапини илғаб ола олмайди, гапларни тез унутиб қўяди, хатти-ҳаракатлари ўзгаради, нима қилаётганини ўзи ҳам билмайди. Унинг ўзини тутиши худди телба одамни эслатади. У фақат ароқ излайди ва бунга эришса ҳурсанд бўлади, ароқни топиб берган одамни бағрига босиб ўпа бошлайди ёки йиғлаб юборади. Оғир ҳолатларда кўрув ва эшитув галлюцинациялари ривожланади: беморнинг кўзига турли одамлар кўринади ва улар билан гаплашади, ёнига чақиради. Бу ҳолат табиийки беморнинг яқинларига қаттиқ руҳий зарба бўлади ва улар беморнинг талабини бажаришга рози бўлишади. Баъзида тутқаноқ хуружлари рўй беради. Кучли аффектив бузилишлар сабабли бемор яқинларига ташланиб улардан бирини ўлдириб қўйиши ҳам мумкин.

Даволаш. Дастлаб бемор тинчлантирилади ва унинг атрофида руҳий тинчлик яратилади. Агар абстинент синдром уй шароитида ривожланса, врачлар келгунга қадар беморни тинчлантириш учун бир пиёла ароқ ичириш ҳам мумкин. Унинг изидан эса даволаш муолажалари бошланади. Сурункали алкоголизмдан азият чекадиган одамнинг уйида тез ёрдам учун зарур бўлган дори воситалари (фаоллаштирилган кўмир, ичимлик содаси) ва тиббий анжомлар (клизма учун) бўлиши лозим. Спиртли ичимликнинг ичакдан сўрилишини пасайтириш учун беморга тозаловчи клизма қилинади, фаоллаштирилган кўмир ичирилади. Ҳозирда ичакни тозаловчи ва фаоллаштирувчи махсус клизма воситалари мавжуд. Бундай воситалардан уй шароитида ҳам фойдаланиш мумкин. 

Дори воситалардан натрий хлорид ёки глюкозанинг изотоник эритмасига С витамини, панангин  қўшиб венадан томчилатиб юборилади. Шунингдек, В1 ва В6 витаминлари катта дозада (6 мл) қилинади. Беморнинг уйқуси келавермаса унга феназепам 1-2 мг ёки диазепам 5 мг ичирилади. Уйқусизлик кучли безовталик билан намоён бўлса, 12,5–25 мг тизерцин берилади. Агар бемор эпилепсия билан касалланган бўлса, унга клоназепам 0,5–1 мг ичирилади. Тиаприд (тиапросан) 100-200 мг/кун 2-3 ой мобайнида ичишга буюрилади. Седация жуда кучайиб кетган ҳолатларда вена ичига 10–20 мл пирацетам юбориш мумкин.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив