АНТИПСИХОТИК ДОРИЛАР


Антипсихотик дорилар бугунги кунда “нейролептиклар” деб аталади. Бундай ном 1967 йили таклиф қилинган. Бироқ, аксарият давлатларда «нейролептиклар» ўрнига «антипсихотик  воситалар» атамаси ҳанузгача қўллаб келинади, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам.
Дастлаб оғир психозларни даволашда ишлатиладиган бу дори воситалари нейролептиклар деб атала бошланди. Чунки нейролептик  синдром дорининг терапевтик таъсирини эмас, балки унинг асоратини акс эттиради. Бугунги кунда кўпчилик фармацевтик компаниялар ножўя таъсири кам ифодаланган антипсихотик воситалар устида  иш олиб бормоқдалар.
   
Нейролептикларга аминазин, галоперидол, дроперидол, френолон, трифтазин, неулептил каби дорилар киради. Уларнинг тури жуда кўп бўлиб, асосан психиатрияда қўлланилади. Классик нейролептикларнинг энг кўп тарқалган ножўя таъсири турли даражада ифодаланган экстрапирамидал бузилишлардир. Шунинг учун ҳам классик нейролептиклар тавсия қилинган беморларга экстрапирамидал бузилишларнинг олдини олувчи дорилар (циклодол, паркопан) буюрилади. Кейинчалик атипик нейролептиклар ишлаб чиқарилди ва улар экстрапирамидал бузилишларни деярли чақирмайди. Булар оланзапин, рисперидон, кветиапин, сулпирид ва ҳ.к. Психосоматик синдромларни даволашда атипик нейролептиклар қўлланилади. Айниқса, сулпирид психосоматик бузилишларни даволашда кенг тавсия қилинади. Атипик нейролептикларни қабул қилган беморларда психомотор ва аффектив реакциялар пасаяди, бироз карахтлик пайдо бўлади, улар уйқусираб юради. Бу дорилар ухлатувчи ва седатив дориларнинг кучини оширади. 
   
Нейролептикларнинг кимёвий тузилиши ва фармакологик таъсирига қараб турли хил таснифлари мавжуд. Биз нейролептикларни типик ва атипик турларга ажратиб, қисқача таъриф бериб ўтамиз.
        
I. Типик нейролептиклар
      
1.    Хлорпромазин (аминазин) – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Кучли седация чақиради. Психомотор қўзғалишлар, алкогол ва наркотик дорилар билан боғлиқ ўткир психоз ва делириялар (абстинент синдром), ўткир галлюцинация ва васвасалар, кучли хавотирли-фобик бузилишлар, маниакал психозлар, кетма-кет қусишлар (шу жумладан, ҳомиладорликда), кучли дерматозлар, Меньер синдроми хуружи, кучли хавотир, тинимсиз безовталикда қўлланилади. Ножўя таъсирлари: АҚБ тушиши, коллапс, паркинсонизм. Ишлаб чиқарилиши: драже – 25, 50 ва 100 мг; ампула – 1, 2, 5 ва 10 мл 2,5 % ли эритмалар.  
    
2.    Галоперидол – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Шизофрения ва шунга ўхшаш оғир руҳий касалликларни даволашда жуда кенг қўлланилади. Неврология амалиётида кучли гиперкинезларни даволашда ҳам буюрилади. Айниқса, Туретт синдромида яхши натижа беради. Қайт қилиш ва тинимсиз ҳиқичоқда ўта самарали. Тезда паркинсонизм чақирганлиги боис биринчи кундан қўшимча равишда циклодол ҳам ичишга буюрилади. КЦЖ туфайли ривожланган органик психозларда мумкин эмас. Ишлаб чиқарилиши: 1,5 мг ва 5 мг ли таблеткалар; 0,5 % ли 1 мл эритма. Галоперидол деканоат номи билан узоқ таъсир қилувчи иньекциялари ҳам ишлаб чиқарилади (Ҳафтада бир маротаба 1 мл мушак ичига қилинади).
     
3.    Левомепромазин (тизерцин) – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Тезда седация чақиради. Кўрсатмалар ва ножўя таъсирлари худди аминазинга ўхшайди. Деярли барча турдаги психотик бузилишларда қўлланилади, невроген қусишларни тезда бартараф этади. Кучли хавотирли-фобик бузилишлар ва безовталикларда ушбу дорини 5 кун венадан томчилатиб юбориб, сўнгра транквилизатор ёки трициклик антидепрессантларга ўтиш мумкин. Баъзида кучли стресс туфайли бемор клиникага тушиб қолса, тизерцинни бир маротаба венадан секин томчилатиб юбориб, сўнгра енгилроқ транквилизаторга ўтилади. Бемор коллапс ҳолатига тушиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак. Одатда, бундай пайтларда кофеин 1 мл м/и га қилинади. Аминазиндан фарқли ўлароқ, тизерцинни узоқ муддат тавсия этса бўлади, айниқса, шизофренияда. Болаларга 6 ёшдан кейин тавсия этилади. Ишлаб чиқарилиши: драже – 25 мг; ампула – 2,5 % ли 1 мл эритма.
     
4.    Трифлуоперазин (трифтазин) – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Кўрсатмалари тизерцинга ўхшаш. Тизерциндан фарқли ўлароқ, бироз стимулловчи хусусиятга ҳам эга, айниқса кам дозада. Апато-абулик синдром ва ҳиссий карахтлик билан кечувчи руҳий бузилишларда кенгроқ қўлланилади. Марказий типдаги қусишларни яхши бартараф этади. Худди бошқа классик нейролептиклар каби, трифтазин ҳам шизофренияда турли галлюцинатор бузилишлар ва суицидал фикрларни йўқотишда жуда самарали. Ножўя таъсирлари: паркинсонизм ва аллергик реакциялар. 6 ёшгача бўлган болаларга тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 5 ва 10 мг; ампула – 0,2 % ли 1 мл эритма. 
     
5.    Флуфеназин (фторфеназин, модитен-депо) – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Кўрсатмалари трифтазинга ўхшаб кетади. Демак, психостимуляция хусусияти ҳам бор. Бироқ галлюцинацияни бартараф этишда трифтазиндан кучсизроқ. Узоқ давом этувчи шизофренияда бу дори 1-5 мг дан кунига 1 маҳал тавсия этилади. Шунингдек, иньекцияси ҳар ойда 1-2 маротаба м/и га юборилади. Таъсири узоқ давом этади. Бироқ иньекция қилишдан олдин циклодол 2 мг буюрилади. Бу дорини кучли безовталиклар билан намоён бўлаётган ва бошқа дорилар таъсир қилмаётган невротик бузилишларда ҳам қисқа муддатга буюриш мумкин. Ножўя таъсирлари: паркинсонизм ва эпилептик хуружлар. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 1, 2,5 ва 5 мг;  ампула – 1 ва 2 мл 2,5% ли ёғли эритма. 
    
6.    Перфеназин (этаперазин) – психостимуляция хусусиятига эга типик нейролептик. Апатоабулик синдромлар билан намоён бўлувчи руҳий касалликлар, психопатия ва психастения, астеник неврозда қўлланилади. Невротик типдаги қусиш (шу жумладан, ҳомиладор аёлларда) ва тинимсиз ҳиқичоқни ҳам бартараф этади. Бошқа нейролептиклар каби психоген гипертермияда ҳам қўлланилади. Енгил антигистамин таъсирга эгалиги учун нейродерматитларда қўшимча равишда тавсия этилади. Ножўя таъсирлари: енгил паркинсонизм, артериал гипотония. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 4, 6 ва 10 мг. 
    
7.    Тиопроперазин (мажептил) – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Седатив таъсири камроқ. Узоқ давом этувчи шизофрения ва сурункали психастенияда (шу жумладан, кататония) қўлланилади. Ножўя таъсирлари бошқа нейролептикларга ўхшаш. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 мг; ампула – 1 мл (10мг) 1% ли эритма. 
    
8.    Перициазин (неулептил) – седатив хусусиятга эга типик нейролептик.  Бу дорини “хулқ-атвор корректори” деб ҳам аташади. Чунки ўсмирларда кузатиладиган агрессия билан намоён бўлувчи хулқ-атвор бузилишларида яхши самара беради. Тунда безовталаниб уйғонишларда уйқудан олдин 1 капс. (10 мг) ичиб ётилади. Психоген гипертермияни ҳам даволашда самарали ҳисобланади. Ножўя таъсирлари бошқа нейролептиклар каби, бироқ суст ифодаланган. Ишлаб чиқарилиши: капсула – 10 мг. Болалар учун флаконларда –  4% ли эритма (1 томчида 1 мг неулептил бор). 
   
9.    Пипотиазин (пипортил) – организмда узоқ муддат сақланувчи типик нейролептик.  Кучли ифодаланган турғун галлютсинация ва шу каби бошқа психопатологик синдромлар билан кечувчи оғир шизофрения ва сурункали психозларда кенг қўлланилади. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 мг; ичиш учун томчилар – 30 мл 4% ли эритма; ампула – 1 мл (25 мг) ва 4 мл (100 мг) ли ёғли мушак ичига инЪекция учун. 
    
10.    Пропазин – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Таъсир қилиш механизми ва кўрсатмалари аминазинга ўхшайди, бироқ ундан бироз кучсизроқ ва кам седация чақиради, токсик таъсири ҳам кам. Шу боис бу дори болалар ва кучсиз беморларга тавсия этилади. Ножўя таъсирлари: аминазинга қаранг. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 2,5 мг, 5 мг; ампула – 2 мл 2,5 % ли эритма.
   
11.    Дроперидол – тез ва қисқа муддат таъсир қилувчи кучли нейролептик. Шу боис анестезиология амлиётида кўп қўлланилади. Операциядан олдинги ва кейинги психомотор қўзғалишлар, бошқариб бўлмайдиган ўткир психозлар, алкогол ва наркотик делириялар, оғриқли синдромлар, оғриқли шокларда (миокард инфаркти, катта куйишлар) қўлланилади. Парентерал юборилгандан сўнг 3–10 дақиқа ичида таъсир этади. Нейролептик ва седатив таъсири 4-12 соат сақланади. Ножўя таъсирлари: артериал гипотония, аритмия, вақтинчалик апатия ва депрессия ҳолати. Дори мушак ичига қилинади ёки венадан жуда секинлик билан юборилади. 2 ёшгача бўлган болаларга мумкин эмас. Ишлаб чиқарилиши: ампула – 10 мл 0,25 % ли эритма.
    
12.    Пимозид (орап, оралеп) – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Таъсир қилиш механизми, кўрсатмалари, ножўя таъсирлари галоперидолга ўхшайди, бироқ таъсири узоқроқ давом этади. Шу боис сурункали кечувчи ифодаланган шизофрения, руҳий ва неврологик касалликлар туфайли ўзгарган турғун давом этувчи хулқ-атвор бузилишлари ва гиперактив ҳолатлар, паранойя, сурункали алкоголизм ва наркомания сабабли ривожланган психопатологик синдромларда қўлланилади. Неврология амалиётида сурункали кечувчи гиперкинезларда (масалан, Туретт синдроми) ҳам самарали. Болаларга 12 ёшдан кейин тавсия этилади. Ишлаб чиқарилиши: 1 мг ли таблеткалар.
  
13.    Трифлуперидол (триседил) – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Яхши ифодаланган антиепилептик таъсири ҳам бор. Психомотор қўзғалишлар, ўткир маниакал-депрессив психоз, турли этиологияли делирия, галлютсинатор-иллюзор бузилишлар, ажитация билан кечувчи депрессияларда кенг қўлланилади. Эпилептиформ психозлар ва турғун эпихарактерда жуда самарали. Бошқа нейролептиклар каби ножўя таъсири бор. Болаларга 2 ёшдан кейин мумкин. Ишлаб чиқарилиши: таблетка 0,5 мг; ампула – 1 мл 0,25 % ли эритма (м/и га қилинади); флаконлар – 10 мл 0,1 % ли эритма (ичиш учун).
    
14.    Флуспирилен – кучли антипсихотик таъсирга эга типик нейролептик. Таъсир механизми галоперидолга ўхшаса-да, седация ва уйқу чақирмайди. Шу боис амбулатор тиббиётда сурункали кечувчи руҳий касалликларда кенг тавсия этилади. Ишлаб чиқарилиши: ампула – 2 мл (суспензия). Бир ҳафтада бир маротаба м/и га қилинади.
   
15.    Алимемазин (терален) – бироз енгил антипсихотик таъсирга эга нейролептик, седатив, антигистамин ва спазмолитик хусусияти ҳам бор. Таъсир доираси санопаксга ўхшайди. Психовегетатив ва психосоматик бузилишларда кенг қўлланилади, ҳиқичоқ, қайт қилиш, тери қичимаси ва турли сенестопатияларда самарали, гипотермияни пасайтиради. Ипохондрик невроз, психастения, хавотирли-депрессив синдром, фобия ва уйқу бузилишларида кенг қўлланилади. Фармакологик таъсири енгил ифодаланганлиги ва ножўя таъсири камлиги боис, болалар (7 ёшдан ошган) ва қарияларга ҳам тавсия этилади. Психосоматик тиббиётда кенг қўлланилади. Шизофрения каби жиддий руҳий касалликларда самараси ўта суст. Кўрсатмага биноан бир кунда 2-3 маҳал тавсия этилади. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 5 мг; ампула – 5 мл 0,5% ли эритма; ичиш учун томчилар  – 4 % ли эритма.
    
16.     Метофеназат (френолон) – енгил типик нейролептик. Антипсихотик таъсири тизертсин ва трифтазинга қараганда сустроқ. Френолон психостимуляция хусусиятига эга. Шу боис ҳам ступор ва апатоабулик синдром билан намоён бўлувчи шизофрения ва бошқа руҳий бузилишлар, шу жумладан, невротик депрессия ва астеник типдаги неврозларда тавсия этилади. Болаларда олигофрения – хулқ-атворнинг кескин бузилишлари билан намоён бўлса ҳам френолон буюрилади. Қарияларда деменция психомотор карахтлик ва депрессия билан намоён бўлса ҳам френолон яхши самара беради. Ножўя таъсири енгил паркинсонизм. Ишлаб чиқарилиши: таблетка (драже) – 5 мг; ампула – 0,5 % ли 1 мл эритма. 
              
II. Атипик нейролептиклар
      
1.    Азалептин (азалептол, клозалан, лепонекс, клозапин) – атипик нейролептик. Экстрапирамидал бузилишлар чақирмайди, бироқ кўп ухлатади. Шу боис психоз билан намоён бўлувчи паркинсонизмда ҳам буюрилади. Шизофрениянинг ҳар қандай турида тавсия этилади, маниакал-депрессив психоз ва доимо кузатилиб турувчи суицидал бузилишларда самарали. Аввал кичик дозада тавсия этилади ва терапевтик дозага етказилгач, узоқ муддат (ойлаб, йиллаб) ичишга буюрилади, доза секин-аста камайтирилади. Терапевтик дозада қабул қилинаётган дорини бирдан тўхтатиш мумкин эмас. Азалептин ва шу каби бошқа дориларни асоссиз равишда кам дозада тавсия этиш ва даволашни вақтли тўхтатиш кўзланган натижани бермайди. 5 ёшдан ошган болаларга тавсия этиш мумкин. УҲА ва карбамазепин билан биргаликда беришдан эҳтиёт бўлиш зарур. Ножўя таъсирлари: мускуллар холсизлиги, уйқучанлик, ортостатик синдром. Монелик қилувчи ҳолатлар: оғир юрак-қон томир, жигар ва буйрак касалликлари, гематологик бузилишлар, эпилепсия, глаукома, ҳомиладорлик. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 25 ва 100 мг; ампула – 2 мл 2,5% ли эритма (м/и га). 
    
2.    Карбидин (дикарбин) – антипсихотик ва антидепрессив таъсирга эга атипик нейролептик. Шизофрениянинг ҳар қандай тури ва шу каби бошқа руҳий бузилишларда алкогол билан боғлиқ психозлар, абстинент синдром, апатия, абулия ва депрессия билан намоён бўлувчи руҳий касалликларда кенг қўлланилади. Ишлаб чиқарилииш: таблетка – 25 мг; ампула – 2 мл 1,25 % ли эритма (м/и га).
   
3.    Оланзапин (зипрекса, эголанза, олзап) – таъсир доираси кенг атипик нейролептик. Психиатрия ва психоневрология амалиётида кўп қўлланилади. Барча турдаги ўткир ва сурункали руҳий бузилишларда тавсия этилади. 18 ёшгача мумкин эмас. Бир кунлик терапевтик дозаси – 5-20 мг. Ишлаб чиқарилиши: таблетка 2,5; 5; 7,5 ва 10 мг; Флакон 5 мл (10 мг оланзапин). Фақат мушак ичига тавсия этилади, т/о ва в/и га эса юборилмайди.
   
4.    Рисперидон (рисполепт, риспаксол, седарекс) – атипик нейролептик. Шизофрения ва шу каби бошқа руҳий касалликларда, шу жумладан, фармакорезистент турларида кенг қўлланилади. Руҳий касалликлар қайта қўзғамаслиги учун ремиссия даврида ҳам профилактик дозаларда буюрилади. Бошқа нейролептиклар каби обсессив-компулсив бузилишларда ҳам тавсия этилади. Енгил седатив, гипотермик ва қусишга қарши таъсирлари ҳам бор. Ўсмирларда хулқ-атворнинг агрессив кўринишларини коррекция қилишда ҳам ишлатилади (15 ёшдан кейин). Ножўя таъсирлари: уйқу бузилиши,  бош айланиши, кўнгил айниши, қабзият ва кам ҳолларда экстрапирамидал бузилишлар. Монелик қилувчи ҳолатлар: паркинсонизм ва эпилепсия. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 1, 2 ва 4 мг (ичиш ва тил остига); флакон – 30 ва 100 мл ичиш учун.
     
5.    Кветиапин (кетилепт) – атипик нейролептик. Кветиапин бош миянинг бир қатор, яъни серотонин, дофамин, гистамин ва адренергик рецепторларига таъсир кўрсатади. Шу боис унинг таъсир доираси кенг. Психиатрлар: “Руҳий касалликларда кветиапин самараси галоперидол билан деярли тенг, бироқ дозани зарур миқдорга етказа олиш керак”, деб ҳисоблашади. Кветиапин организмда 12 соат сақланади, шу боис кунига 2 маҳал тавсия қилинади. Экстрапирамидал бузилишлар деярли кузатилмайди. Шу боис бу дори уйқусизлик ва психотик бузилишлар билан намоён бўладиган паркинсонизмда ҳам кам дозада (25-50 мг) буюрилади.   Кўрсатмалар: эндоген депрессия, ўткир ва сурункали психозлар, шу жумладан, шизофрения, маниакал-депрессив психозлар ва бошқа турдаги биполяр бузилишлар. Тавсия қилиш тартиби: овқатга боғлиқ бўлмаган ҳолда қуйидаги схема бўйича кунига 2 маҳал ичишга буюрилади: бир кунлик доза 1-куни 50 мг, 2-куни 100 мг, 3-куни 200 мг, 4-куни 300 мг. Сўнгги кунлари дорининг дозаси секин-аста 500 мг гача ошириб борилади. Бироқ бундай схема шизофрения ва бошқа оғир руҳий касалликларда қўлланилади. Енгил ҳолатларда кам дозада (25-50 мг)  тавсия этилади. Дастлабки кунлари дори кучли уйқучанлик чақиради ва артериал гипотензия кузатилади. Баъзида ортостатик гипотензия кучлироқ намоён бўлади. Бу ҳақда бемор огоҳлантирилиши керак. Агар шундай вазият рўй берса, 2 мл кофеин мушак ичига қилинади. Шу боис амбулатор тиббиётда кечқурун ичишга буюрилади. Кветиапин, айниқса, маниакал-депрессив бузилишларда кенг тавсия этилади. Чунки унинг ҳам антипсихотик, ҳам антидепрессив таъсирлари бор, бироқ антидепрессив самараси паст. Кветиапинни бошқа нейролептиклар, транквилизаторлар ва антидепрессантлар билан биргаликда буюриш мумкин. Чунки аксарият ҳолларда уларнинг самарасини оширади. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, ортостатик гипотензия, баъзида синкопе, бош айланиши, ринит, тахикардия, оғиз қуриши, диспепсия. Монелик қилувчи ҳолатлар: ҳомиладорлик ва лактация даври, 18 ёшгача бўлган болалар. Нисбий монелик қилувчи ҳолатлар: эпилепсия, инсулт,  инфаркт, оғир юрак-қон томир етишмовчиликлари, артериал гипотензия, кексалик, ёш, жигар етишмовчилиги. Ишлаб чиқарилиши: таблеткалар – 25, 100, 150, 200, 300 мг.
     
6.    Тиоаксантен гидрохлорид (хлорпротиксен, труксал, хлотиксен) – юмшоқ таъсирга эга нейролептик. Амбулатор тиббиётда кенг қўлланилади. Антипсихотик, седатив, антидепрессив ва бирмунча антиконвулсив ҳамда аналгетик таъсирга эга. Турли этиологияли психотик, невротик ва психосоматик бузилишлар, шу жумладан, органик психозларда кенг қўлланилади. Қўрқув, хавотир, ваҳима ва агрессия билан намоён бўлувчи патологик синдромларда самарали ҳисобланади. Алкоголизм ва наркоманияда кузатиладиган абстинент синдром ва хулқ-атвор бузилишлари, болалардаги агрессия ва психомотор қўзғалишларда ҳам буюрилади. Болаларга 6 ёшдан кейин мумкин. Амбулатор тиббиётда суст кечувчи шизофренияда узоқ муддат қабул қилинади. Сенил деменциядаги агрессив хулқ-атворни коррекция қилишда ҳам кенг қўлланилади. Гипотермик ҳусусияти бор, қайт қилишларни камайтиради. Ножўя таъсирлари: гипотония, тахикардия, баъзида экстрапирамидал бузилишлар. Монелик қилувчи ҳолатлар: паркинсонизм, эпилепсия, барбитуратлар, алкоголдан заҳарланиш. Ишлаб чиқарилиши: таблетка (драже) – 15 ва 50 мг.
    
7.    Тиоридазин (сонапакс, меллерил) – юмшоқ антипсихотик таъсирга эга нейролептик. Енгил стимуляцияловчи, тимолептик, антигистамин ва антидепрессив хусусияти ҳам бор. Бироз енгил ифодаланган психотик ва невротик бузилишлар, шу жумладан, органик психозларда кенг қўлланилади. Бу дори сурункали кечуувчи параноидал  шизоаффектив бузилишлар, психопатик хулқ-атвор, инволюцион психоз, сурункали алкоголизм ва абстинент синдромлар, психосоматик ва психовегетатив бузилишлар, депрессив кайфият ва ваҳима билан кечувчи марказий нерв системасининг органик касалликларида тавсия этилади. Теридаги тинимсиз қичима, ярача, доғлар ва психоген гипертермияда ҳам тавсия этилади. Яққол терапевтик таъсири 7-10 кундан кейин билинади. Одатда, 1 таблетка (10 ёки 20 мг) кунига 2-3 маҳал тавсия этилади. Болаларда (7 ёшдан сўнг) гиперактив ҳолатларни пасайтириш учун ҳам буюрилиши мумкин. Ишлаб чиқарилиши: драже – 10 ва 25 мг. 
     
8.    Сулпирид (эглонил, просульпин) – енгил антипсихотик, вегетотроп, тимолептик ва стимуляцияловчи хусусиятга эга атипик нейролептик. Болалар, ўсмирлар ва катталарда кузатиладиган психовегетатив ва психосоматик бузилишларни коррекция қилишда кенг қўлланилади. Шунингдек, апатия, астеник невроз ва невротик депрессияда ҳам самарали. Ножўя таъсирлари: АҚБ ошиши, уйқу бузилиши, ортиқча қўзғалувчанлик, гиперпролактинемия. Ўрганиб қолиш чақирмайди. Болаларга 6 ёшдан кейин мумкин. Монелик қилувчи ҳолатлар: паркинсонизм, эпилепсия, феохромоцитома, кўкрак бези ва гипофиз ўсмалари. Ишлаб чиқарилиши: капсула (табл) – 50 ва 200 мг; ампула – 2 мл 5 % ли эритма (м/и га); флакон – 200 мл (болаларга ичиш учун).

Manba:   ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
              © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича