Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Чакка бўлаги анатомияси ва патологияси

Чакка бўлаги анатомияси ва патологияси


Чакка бўлагини (lobus temporalis) пешона ва тепа бўлакларидан Силвий эгати (sulcus lateralis Sylvii) ажратиб туради. Чакка бўлагининг ташқи юзасида устки (sulcus temporalis superior) ва пастки (sulcus temporalis inferior) эгатлар бор. Бу эгатлар чакка бўлагини уч пуштага ажратади. Булар – юқори, ўрта ва пастки чакка пушталари (gyri temporales superior, media et inferior). Юқори чакка пуштаси тагида, яъни латерал эгат тубида чакка бўлагининг кўндаланг пушталари (gyri temporаles transversi) яширинган. Бунга Гешль пушталари дейилади. Уларни бир-биридан кўндаланг эгатчалар (sulci temporаles transversi) ажратиб туради.
Чакка бўлагининг Гешль пуштаси зарарланса, эшитув агнозияси ривожланади: бемор товушни англамайди, яъни товуш нимага тааллуқли эканлигини билмайди. 

Юқори чакка пуштасиининг орқа қисми (чап яримшар)  зарарланса, сенсор афазия (Вернике афазияси) ривожланади. Шунингдек, акустик-мнестик афазия ва амнестик афазия ҳам чап чакка бўлаги зарарланишида кузатилади. Бундай афазиялар вербал хотира бузилишлари билан биргаликда намоён бўлади. Ўнг яримшар зарарланса, амузия ривожланади. Амузия – мусиқал товушларни англай олмаслик, билмаслик. аутотопагнозия

Чакка бўлаги зарарланса турли тоифадаги психоэмоционал бузилишлар ҳам ривожланади. Булар “аввал кўрган ёки ҳеч қачон кўрмаганлик” феномени, қўрқув, хавотир, ваҳима, депрессия, булмия, дисфория, эйфория, сексуал фаоллик ошиши кузатилади. 
Чакка бўлагининг латерал юзаси қўзғатилса, эпилептик хуружлар эшитув галлюцинацияси, медиобазал юзаси қўзғатилса, таъм ва ҳид билиш галлюцинацияси каби ауралар билан намоён бўлади. Мезотемпорал эпилепсия вегетатив-висцерал пароксизмларга бой бўлиб, кўп ҳолларда бош айланиб кетиши, сомноленция, тахикардия, нафас етишмовчилиги ва эпигастрал оғриқлар аура сифатида намоён бўлади. 
Чакка бўлагидан энса бўлаги томон Грациоле тутами ўтганлиги боис, бу соҳа зарарланишида ёки қўзғалишида кўрув галлюцинацияси, микропсия, макропсия ва квадрант гемианопсиялар ҳам учрайди. 

Гиппокамп зарарланса ёки қўзғалса, деярли ҳар доим эпилептик хуружлар рўй беради. Гиппокамп зарарланиши бирламчи хотира бузилишига ҳам олиб келади (Корсаков амнезияси).

Manba: ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiyasi. Darslik., T.; 2021., 312b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича