ЮЗ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ


Юз нерви невропатияси – юз нерви зарарланиши сабабли мимик мускулларнинг фалажланиши билан намоён бўлувчи касаллик. Аксарият ҳолларда юз нерви невропатияси сабаби аниқланмай қолади. Бундай ҳолатлар идиопатик невропатия ёки Белл фалажи деб аталади. КХТ-10 да юз нервининг идиопатик невропатияси Г51.0 рукнда Белл фалажи номи билан юритилади. Юз нерви зарарланиши белгилари 1836-йили англиялик невролог К. Белл томонидан ёзилган.
   
Этиологияси. Касаллик ҳар қандай ёшда учрайди. Касалланиш даражаси эркаклар ва аёлларда деярли бир хил. Ҳар йили 100 000 аҳоли сонига 25–30 кишида Белл фалажи кузатилади. Белл фалажи барча юз невропатияларининг 75% ини ташкил қилади.
   
Касаллик сабаблари
  • Вируслар – ОГВ, Эпштайн-Барр, грипп, аденовируслар, эпидемик паротит, полиомиелит, ОИТС вируси. Вирусли невропатиянинг энг кўп сабабчиси ОГВ-1 ҳисобланади.
  • Бактериялар – бруцеллез, бореллиоз, лептоспироз, дифтерия, заҳм ва бошқалар.
  • Қон томир ва эндокрин касалликлари – артериал гипертензия, атеросклероз, қандли диабет.
  • Ҳомиладорлик. Ҳомиладорликда юз нерви зарарланиш хавфи 10 баробарга ошади.
  • Яллигланиш касалликлари – менингит, менингоэнцефалит, йирингли отит, мастоидит, сил лимфаденити, пастки жағ соҳасидаги йирингли жараёнлар (абсцесс, флегмона) ёки уларни операция қилиб олиб ташлаш.
  • Фаллопий канали торайиши ёки унинг туғма торлиги.
  • Экзоген ва эндоген интоксикациялар (заҳарланишлар, алкоголизм, диабет, уремия).
  • Аутоиммун касалликлар – Гийен-Барре синдроми, ТС, СҚБ, Шегрен синдроми, саркоидоз, амилодиоз.
  • Ўсмаларда – кўприк-мияча бурчаги, айниқса, VIII нерв невриномаси, холестеатома, лимфома, лейкоз, энса чуқурчаси ва чакка суяги ўсмалари.
  • Бош мия жароҳатлари – калла суягининг юз нерви ўтадиган соҳалари, айниқса, чакка суяги пирамидаси жароҳатланиши.
  • Генетик бузилишлар – Мелкерссон-Розентал синдроми ва ҳ.к.
   
Патогенези. Юз нервининг анатомо-топографик хусусиятлари касаллик патогенезида алоҳида ўрин тутади. Этиологияси қандай бўлишидан қатъи назар, юз нервининг Фаллопий каналидаги қисми кўп зарарланади. Этиопатогенетик омиллар ичида ушбу каналнинг баъзи одамларда тор бўлиши, канал ичида нерв васкуляризацияси сустлиги ва, албатта, юз нервининг бошқа краниал нервларга қараганда филогенетик жиҳатдан ёшлиги ҳам эътиборга олинади. Юз нервининг канал ичидаги қисми зарарланса, туннел синдром ҳақида сўз боради. Фаллопий канали торлиги ва деворлари суякдан ташкил топганлиги боис юз нервининг канал ичидаги қисми ишемия ва компрессияга кўп дучор бўлади. 
   
Ишемиянинг кетма-кет келувчи бирламчи ва иккиламчи турлари фарқланади. Агар ишемия юз нервини қон билан таъминловчи томир (vasa nervorum) спазми сабабли ривожланса, бирламчи, перифокал шиш сабабли ривожланса, иккиламчи ишемия деб юритилади. Ишемия ва компрессия даражасига боғлиқ бўлган ҳолда юз нерви миелинопатияси ёки аксонопатияси ривожланади.
  
Юқорида кўрсатилган патологик омилларнинг таъсир доирасига боғлиқ бўлган ҳолда юз нервининг зарарланиши турлича кечади. Вирусли ёки бактериал инфекциялар сабабли ривожланган невропатия патогенезида яллиғланиш реакцияси, перифокал шиш, нуқтали геморрагиялар ва лимфоцитар инфилтрациянинг ўрни катта. Ушбу патологик жараёнлар сабабли юз нервида деструктив ўзгаришлар ривожланади. Аксарият ҳолларда нервнинг миелин пардаси емирилади, аксон эса сақланиб қолади. Бундай ҳолатлар миелинопатия деб юритилади. Миелинопатия билан кечувчи юз невропатияси яхши тикланади. Агар аксон ҳам зарарланса, Валлер дегенерацияси рўй беради. Бундай ҳолатлар аксонопатия деб юритилади. Аксонопатияда нерв регенерацияси жуда суст кечади, яъни у бир неча ойлаб ёки йиллаб давом этади. Аксарият ҳолларда нерв функцияси тикланмай қолади.
   
Клиникаси. Касаллик, одатда, ўткир бошланади, яъни мимик мускуллар фалажлиги бир неча соат ичида ривожланади. Баъзида бу жараён 1–2 кунга чўзилади. Мимик мускуллар бир томонда фалажланади ва натижада беморнинг юзи қийшайиб қолади. Мимик мускулларнинг фалажланиши прозопарез ёки прозоплегия деб аталади. Беморнинг юзига диққат билан назар ташланса, юз асимметрияси яққол кўриниб туради. Зарарланган томонда оғиз бурчаги осилиб қолади ва оғиз соғлом томонга тортилиб кетади. Бу ҳолат, айниқса, бемор гаплашганда ёки кулганда кучаяди. Зарарланган томонда пастки лаб осилган ва бурун-лаб бурмалари силлиқлашган бўлади. Бемор қошини юқорига кўтарса, юзнинг соғлом томонида ажинлар пайдо бўлади, фалажланган томонда эса бемор қошини кўтара олмайди ва натижада пешонанинг бир томони силлиқ бўлиб қолади. Фалажланган томонда кўз ёриғи катта бўлади.
   
M. orbicularis oculi фалажланиши оқибатида бемор кўзини юма олмайди. Агар юмишга ҳаракат қилса, кўз олмаси тепага кетиб, кўзнинг оқи кўриниб қолади.  Кўзнинг оқи кўриниб қолиши «қуён кўзи», яъни лагофталм (yun. lagos – қуён) деб аталса, кўз олмасининг тепага кетиб қолиши Белл симптоми номини олган. Кўзни юмаётганда Белл симптомининг пайдо бўлиши VII нерв билан III нервнинг ҳамкорликдаги фаолияти бузилиши билан боғлиқ.   M. orbicularis oculi нинг енгил фалажлигида бемор кўзини юмса, киприклари соғлом тарафдагидан кўра яққол кўриниб туради (киприк симптоми).
   
Зарарланган томонда қош усти рефлекси чақирилмайди. Бемор кўзларини юмиб-очганда фалажланган томондаги кўзи бироз кечикиб юмилиб-очилади. Беморнинг яхши юмилмаган кўзидан доимо ёш оқиб туради. Бунинг асосий сабаблари – очиқ қолган кўзнинг ҳаво билан доимо таъсирланиши ва пастки қовоқ фалажланганлиги учун кўз ёшининг бурун каналига тушмаслигидир. Шунингдек, бемор лунжига ҳаво тўлдириб пуфламоқчи ёки ҳуштак чалмоқчи бўлса, ҳаво оғиз бурчагининг фалажланган томонидан чиқиб кетади. Бемор оғзига сув олиб уни ушлаб туролмайди, сув оғизнинг фалажланган бурчагидан оқиб тушади. Беморнинг оғзи яхши ёпилмаганлиги боис оғиз бурчагининг фалажланган томонидан сўлак оқиб туради.
   
Демак, бемор қошларни кўтариш ва чимириш, кўзларни чирт юмиш ва хўмрайиш, лабларни чўччайтириш, лунжни ҳавога тўлдириш ва пуфлаш каби мимик синовларни асимметрик тарзда бажаради. Баъзида қулоқ атрофида оғриқлар пайдо бўлади. Бу оғриқлар VII ва V нерв толалари орасида анастомозлар мавжудлиги ҳамда ХIII нерв толалари зарарланиши билан изоҳланади. Фалажланган томонда кузатиладиган парестезия ва шишлар веноз турғунлик ва шу сабабли уч шохли нерв рецепторларининг қўзғалиши билан ҳам боғлиқ.
   
Мимик мускулларнинг асимметрик фалажидан ташқари, юз нервининг қайси қисми зарарланганлигига қараб қўшимча симптомлар ҳам пайдо бўлади. Ушбу симптомларни аниқлаш орқали патологик жараён юз нервининг қайси қисмида жойлашганини билиб олиш мумкин (5.1-жадвал).
                                                                                                                     5.1-жадвал
Юз нервининг турли соҳалари зарарланганда кузатиладиган симптомлар

Юз нерви зарарланадиган жойлар    
                     Симптомлари

Нервнинг интракраниал, яъни ички эшитув тешиги (porus acusticus internus) га кирадиган қисми. Бу ердан эшитув ( VIII нерв) нерви ҳам ўтади    
Мимик мускуллар фалажи+эшитиш пасайиши ва вестибуляр бузилишлар (VIII нерв зарарланганлиги учун), тилнинг олдинги 3/2 қисмида таъм билиш бузилиши, кўз ёши ажралиб чиқиши пасайиши, баъзида кўзнинг бутунлай қуруқлашиб қолиши (ксерофталмия)

Фаллопий канали ичида нервнинг тизза тугунигача (ganglion geniculi) бўлган қисми, яъни n. petrosus major чиқадиган жойдан олдинги қисми
    Мимик мускуллар фалажи+ксерофталмия, гиперакузия, тилнинг олдинги 3/2 қисмида таъм билиш бузилиши

Фаллопий канали ичида нервнинг n. petrosus major ажралиб чиққандан кейинги қисми
Мимик мускуллар фалажи+ёш оқиши кучайиши, гиперакузия, тилнинг олдинги 3/2 қисмида таъм билиш бузилиши ва кўз ёши оқиши кучайиши

Фаллопий каналида нервнинг n. stapedius ажралиб чиққандан кейинги ва чорда тймпани ажралиб чиқишидан олдинги қисми
Мимик мускуллар фалажи+тилнинг олдинги 3/2 қисмида таъм билиш бузилиши ва кўз ёши оқиши кучайиши

Нервнинг экстраканал қисми, яъни Фаллопий каналидан чиққан қисми (foramen stylomastoideum орқали)    
Мимик мускуллар фалажи + кўз ёши оқиши кучайиши
  
Ташхис ва қиёсий ташхис. Клиник ташхис қўйиш кўпинча қийинчилик туғдирмайди. Барча қийинчиликлар этиологик ташхис қўйиш билан боғлиқ. Юз невропатияси (Белл фалажи) бир қатор касалликлар билан қиёсланади.
  • Мияча-кўприк бурчаги ўсмаси ёки яллиғланиш касалликлари учун мияча симптомлари, мимик мускуллар фалажи ва эшитув нерви зарарланиши белгилари хос. Касаллик белгилари кетма-кет пайдо бўлади ва аста-секин ривожланиб боради.
  • VIII нерв невриномаси эшитишнинг пасайиши, вестибуляр бош айланиш ва атаксиялар билан намоён бўлади. Кейинчалик, яъни юз нерви зарарлана бошласа, мимик мускуллар фалажланади. Касаллик белгилари аста-секин пайдо бўлади ва кучая боради.
  • Хант синдроми, яъни тиззасимон тугун ганглионитида мимик мускуллар фалажлиги кузатилгани учун ҳам уни юз нерви невропатияси билан қиёслаш зарур бўлади.
  • Мелкерссон-Розентал синдроми. Этиологияси ноаниқ бўлмиш ушбу синдром кам учрайди ва юз нервининг кетма-кет келувчи икки томонлама зарарланиши билан намоён бўлади. Аввал бир томондаги, кейин иккинчи томондаги юз нерви зарарланади. Касаллик мимик мускуллар фалажи, юзда ангионевротик шиш, гранулематоз хейлит (yunonch. cheilos – лаб) ва тил юзасининг ёрилиши билан кечади. Касаллик қайталанувчи хусусиятга эга ва ҳар доим юзнинг ангионевротик шиши кузатилади. Баъзида Белл фалажи ҳам қайталаниши мумкин. Бироқ унда юзнинг ангионевротик шиши хейлит ва тил юзасида патологик ўзгаришлар вужудга келмайди.
  • Юз нервининг икки томонлама зарарланиши Гийен-Барре синдроми, Мебиус синдроми, нейробореллиоз, лейкоз, мия пардалари карсиноматози, заҳм, саркоидоз, миастения, порфирия, ОИТС, дистрофик миотония, мия қутиси жароҳатлари, инфекцион мононуклеаз, идиопатик краниал пахименингит ва Педжет касаллигида ҳам учрайди.
  • Юз гемиспазми. Юз нерви иннервасия қилувчи мимик мускулларнинг ихтиёрсиз қисқаришлари билан намоён бўлувчи пароксизмал ҳолатларга юз гемиспазми деб айтилади. Спазм тўсатдан пайдо бўлади ва, одатда, кўзнинг айлана мускулларидан бошланади, кейин бошқа мимик мускулларга тарқайди. Касаллик клиникаси баъзида юз неврити асоратларига ўхшаб кетади (5.2-расм). Юз гемиспазмида барча мимик мускуллар асимметриясини кузатиш мумкин: кўз ёриғи асимметрияси, лаб бурчаклари асимметрияси ва ҳ.к. Аммо бу асимметриялар мимик мускуллар фалажлигидан эмас, балки уларнинг тўсатдан рўй берган спазми билан боғлиқ.   Улар тез-тез кузатилади ва стресс пайтида зўраяди. Гоҳида кулиш, гапириш ва врач текширувлари пайтида спазм пайдо бўлади ёки кучайиб кетади. Спазм ўтиб кетгач, юз асимметрияси кузатилмайди ёки йенгил кўринишда бўлади.
Шунингдек, ташхисни тўғри аниқлаш учун юз нервининг марказий фалажлиги белгиларини ҳам билиш зарур. Юз нервининг марказий фалажлиги юз нерви ядросига келувчи кортико-нуклеар йўллар зарарланганда кузатилади. Бу ҳолатни кўпинча бош мия катта ярим шарлари инсултлари, айниқса, a.cerebri media соҳасида кузатиладиган инсултда кузатиш мумкин. Юз нервининг марказий зарарланишида қарама-қарши томонда фақат пастки мимик мускуллар фалажланади, юқори мимик мускуллар эса фалажланмай қолади. Бунда юқори мимик синовлар симметрик тарзда бажарилади, қош усти рефлекси иккала томонда ҳам чақирилади.
Баъзида, яъни мия шиши ва бўкиши билан кечувчи оғир ҳолатларда, кортико-нуклеар йўллар зарарланиши нафақат пастки мимик мускуллар фалажланиши, балки юқори мимик мускулларнинг енгил фалажлиги билан ҳам намоён бўлади. Бу ҳолатни, айниқса, оғир серебрал инсултнинг ўткир даврида кузатиш мумкин. Бундай вазиятларда ХII нервнинг марказий фалажлиги ва пирамидал симптомлар аниқланиши ташхисни тўғри қўйишга ёрдам беради. Шунингдек, қош усти рефлексига, албатта, эътибор қаратиш лозим. 

Эслатма. Юз нервининг периферик фалажлигида қош усти рефлекси йўқолади, марказий фалажликда эса сақланиб қолади.

Даволаш. Юз нерви невропатияси зудлик билан даволаш муолажаларини бошлашни талаб қиладиган патологик ҳолат. Ҳар бир кечиктирилган кун оғир неврологик ва психологик асоратларга олиб келиши мумкин. Чунки касаллик белгилари инсон юзида намоён бўлаяпти. Беморни амбулатория шароитида даволаса ҳам бўлади. Агарда ташхис қўйишда қийинчиликлар пайдо бўлса ва бошқа мутахассислар кўриги зарур бўлса, беморни стационарга жойлаштириш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ташхисни зудлик билан аниқлаб, даволаш муолажаларини эрта бошлаш талаб этилади.
  
Кортикостероидлар. Даволашда кўзланган асосий мақсад – бу авваламбор, нерв атрофидаги шишни бартараф этиш ва микросиркулясияни тиклашдир. Бу мақсадда кортикостероидлардан фойдаланилади. Кортикостероидлар қанча эрта бошланса, унинг натижаси шунча юқори бўлади. Шунинг учун ҳам кортикостероидлар билан даволашни касаллик аниқланган куниёқ бошлаш тавсия этилади. Бу мақсадда, асосан, преднизолон қўлланилади. Преднизолонни 1 кг тана вазнига 1-1,5 мг дан ичишга буюрилади. Катталар учун дорининг кундалик доҳаси 80–120 мг га тенг.  Преднизолон ушбу миқдорда 7 кун мобайнида ичилади ва унинг дозаси ҳар 3–4 кунда камайтириб борилади. Преднизолонни бундан ҳам катта дозаларда (кунига 250–500 мг) тавсия этишнинг самараси исбот қилинмаган. Турли мамлакатларда ўтказилган тадқиқот натижалари юз невропатиясида кортикостероидларнинг юқори дозаси эмас, балки уларни эрта тавсия этиш самарали эканлигини кўрсатди. Агарда кортикостероидлар билан даволаш касаллик ривожлангандан сўнг 2 ҳафта ўтгач 
бошланса, унинг самараси жуда паст бўлади. Чунки бу пайтга келиб юз нервида қайта тикланмайдиган патологик ўзгаришлар (масалан, аксонопатия) рўй бера бошлайди. Шу боис, юз невропатиясида кортикостероидларни қўллаш Халқаро даволаш стандартларидан ўрин олган.
  
Кортикостероидлар билан даволашнинг ошқозон-ичак системасига зарарли таъсирини камайтириш учун антасид дорилар тавсия этилади. Масалан, омепразол кунига 20 мг дан 2 маҳал, ранитидин 150 мг дан 2 маҳал буюрилади.   Кортикостероидлар билан даволашда уларни тавсия қилишга монелик қилувчи патологик ҳолатлар ва касалликларни ҳам эътиборга олиш зарур.
  
Антивирус дорилар. Юз невропатияси келиб чиқишида вирусларнинг ўрни катта. Шунинг учун дастлабки кунларданоқ антивирус дорилар тавсия этилади. Бу мақсадда асикловир 1 кг тана вазнига 5 мг дан натрий хлорнинг 0,9% – 200 мл эритмасида кунига 2–3 маҳал венадан томчилатиб юборилади. Агар беморнинг тана вазни 60 кг бўлса, ацикловирнинг бир марталик дозаси 300 мг, бир кунлик дозаси 600–900 мг ни ташкил қилади. Дори ушбу дозада 5 кун мобайнида парентерал йўл билан қилинади, кейинчалик яна 5 кун давомида 200 мг дан кунига 5 маҳал ёки 400 мг дан 3 маҳал ичишга буюрилади. Агарда юзда герпетик тошмалар пайдо бўлмаса, антивирус дориларни 4–7 кун мобайнида тавсия этишнинг ўзи кифоя.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича