БЕККЕР МИОПАТИЯСИ


Этиологияси. Касаллик рецессив ва Х-хромосомага бириккан типда наслдан-наслга ўтади. Асосан, ўғил болаларда учрайди. Патологик ген Х-хромосоманинг Хр21 локусида жойлашган. Дюшен миопатиясига ўхшаб, ушбу миопатиянинг ривожланиши ҳам дистрофин генининг мутацияси билан боғлиқ. Бу ген мускул толаларининг оқсили ҳисобланмиш дистрофин синтезини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Агар дистрофин синтези бутунлай бузилса, Дюшен миопатияси қисман бузилса, Беккер миопатияси ривожланади.

Беккер миопатияси клиник жиҳатдан Дюшен миопатиясига жуда ўхшаб кетади, бироқ у анча кеч ривожланади ва енгил кечади.
       
Клиникаси. Дастлабки белгилари 20-40 ёшларда бошланади. Касаллик жуда секин ривожланади, яъни бемор 15-20 йил мобайнида мустақил юриш қобилиятини сақлаб қолади. Атрофиялар дастлаб тос ва оёқларнинг проксимал мускулларидан симметрик тарзда бошланади. Кейинчалик спинал, елка ва қўлларнинг проксимал мускулларида атрофия вужудга кела бошлайди. Юз мускуллари кам зарарланади. Болдир мускуллари псевдогипертрофияси эрта бошланса-да, Дюшен миопатиясидаги каби катта даражага етмайди. Касаллик қанча кеч бошланса, у шунча енгилроқ кечади. Касалликнинг енгил кечиши уни огир кечувчи Дюшен миопатиясидан фарқлаб турувчи яна бир белгидир. Ўз функциясини тўла бажара олмаётган оёқ мускуллари чарчаши сабабли турли оғриқлар (миалгиялар) пайдо бўлади. Кейинчалик кардиомиопатия ривожланади. Суяк-бўғим деформацияси ҳам жуда кеч, яъни бир неча йилдан сўнг шаклланади. Интеллект сақланиб қолади.
      
Ташхис қўйиш алгоритми:

       •    Наслдан-наслга рецессив ва Х-хромосомага бириккан типда ўтиши.
       •    Касалликнинг 20-40 ёшларда бошланиши.
       •    Тос ва оёқларнинг проксимал мускуллари атрофияси.
       •    Болдир мускуллари псевдогипертрофияси.
       •    Кеч ривожланувчи кардиомиопатия.
       •    ЭМГ да мускулларнинг бирламчи атрофияси.
       •    Енгил кечиши ва узоқ давом этиши.
       •    Қон зардобида КФК миқдори ошиши.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича