Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Бош миянинг орқа артерияси ҳавзаси ва инсульти

Бош миянинг орқа артерияси ҳавзаси ва инсульти


А. cerebri posterior нинг юзаки тармоқлари оксипито-париетал соҳанинг пўстлоқ қисми ва чакка бўлагининг медиобазал юзасини қон билан таъминлайди. Артериянинг чуқур тармоқлари таламус, гипоталамус ва қадоқсимон тананинг орқа қисми, Грациоле тутами, Люис танаси ҳамда ўрта миянинг бир қисмини қон билан таъминлайди. А. cerebri posterior нинг анастомози бошқа артериялар билан яхши ривожланган. Бу артерия, хусусан, миянинг ўрта ва олдинги, томир чигали артерияси ва базиляр артерия тармоқлари билан анастомоз қилади. Шунинг учун ҳам миянинг орқа артериясида тотал инфарктлар деярли кузатилмайди ва инсульт ҳам кам учрайди.
       Миянинг орқа артерияси юзаки тармоқлари зарарланса, бош миянинг энса соҳаси, учинчи ва қисман иккинчи чакка пуштаси, базал ва чакка бўлагининг медиобазал пушталари (шу жумладан, парагиппокампал пушта) да инфаркт ривожланади.
       Клиник симптомлар, асосан, гомоним гемианопсия ёки юқори квадрант гемианопсия, метаморфопсия ва кўрув агнозияси билан намоён бўлади. Инфаркт чап ярим шарда кузатилса, алексия ва амнестик афазия ҳам вужудга келади. Энса пўстлоғида жойлашган икки томонлама ўчоқлар икки томонлама гемианопсия билан намоён бўлади ва бунда макуляр (марказий) кўриш сақланиб қолади. Пўстлоқ марказлари зарарланиши сабабли пайдо бўладиган гемианопсияда қорачиқнинг ёруғликка реакцияси сақланиб қолади. Бунинг сабаби – кўз тўр пардасидан пўстлоқ томон йўналган кўрув йўлларининг зарарланмаганидир. 
       Энса-тепа соҳаларини қон билан таъминловчи артериялар зарарланиши учун кўрув агнозияси хос. Кўрув агнозияси деб, аввал таниш бўлган объектларни танимасликка айтилади. Бу синдром пўстлоқдаги 18, 19 ва 39-майдонлар зарарланганда ривожланади. Кўрув агнозияси кўпинча оптик-фазовий бузилишлар билан биргаликда намоён бўлади, яъни бемор чап-ўнг, юқори-паст муносабатларни чалкаштиради, атроф-муҳитдаги объектлар жойлашувини нотўғри қабул қилади. Ушбу симптомлар пайдо бўлишида топографик хотира бузилишининг ўрни катта. Чунки энса-тепа соҳалари топографик хотира шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Энса бўлагининг пастки қисмида жойлашган икки томонлама ишемик ўчоқларда баъзан ранглар агнозияси ҳам рўй беради. Бундай беморлар оқ-қорани ажратади, холос, қолган рангларни эса танимайди.
       Таламуснинг вентролатерал қисми, яъни nucl. caudatus ва corpus geniculatum lateralae ни қон билан таъминловчи артерия зарарланса, классик тарздаги таламик синдром (Дежерин-Русси синдроми) ривожланади. Бу синдром қарама-қарши томонда гемигипестезия ёки гемианестезия, гиперпатия, гемиалгия, гемиатаксия ва гемианопсия билан намоён бўлади. Шунингдек, ўтиб кетувчи афферент гемипарез, атетоид гиперкинезлар трофик ва вегетатив бузилишлар ҳам вужудга келади.
       Гипоталамуснинг орқа қисми, таламуснинг дорсомедиал ядроси ва Люис танасини қон билан таъминловчи a. talamo-perforata зарарланса, контралатерал томонда гемиатаксия, интенсион тремор ва кучли вегетатив бузилишлар ривожланади. Бу артерия билан боғлиқ геморрагик инсульт кўп кузатилади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi    © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича