Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЖИНСИЙ ФАОЛИЯТНИ БОШҚАРУВЧИ МАРКАЗЛАР

ЖИНСИЙ ФАОЛИЯТНИ БОШҚАРУВЧИ МАРКАЗЛАР


Одамнинг жинсий фаолиятини бошқаришда қуйидаги марказлар иштирок этади:
  1. Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи – жинсий фаолиятни онгли тарзда бошқаради ва умумий назорат қилади.
  2. Гипоталамус – жинсий фаолият пайтида кузатиладиган вегетатив реакцияларни таъминлайди.
  3. Орқа мия – бу ерда эрекция (S2-S4) ва эякуляция (L2-L4) марказлари жойлашган.

Спинал марказлар гипоталамус ва  пўстлоқ марказлари ҳамда жинсий аъзоларда жойлашган рецепторлар билан икки томонлама афферент ва эфферент алоқаларга эга. Жинсий марказларнинг ўзаро иши юқори даражада мувофиқлаштирилган. Жинсий майл (либидо) ва оргазм цереброспинал марказларнинг мураккаб фаолияти натижасида юзага келадиган мураккаб психофизиологик жараёндир. Эрекция ва эякуляция спинал рефлекслар сирасига киради, шунинг учун ҳам бел-думғаза сегментларидан юқорида жойлашган жароҳатланишларда бу функциялар сақланиб қолади. Бироқ жинсий фаолиятни бошқаришда иштирок этувчи марказлардан бири издан чиқса, қолганларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 
           Жинсий гормонлар жинсий марказларнинг шартсиз рефлектор қўзғатувчиси ҳисобланади ва жинсий майлнинг кучини белгилаб беради.  Бу жараёнда простата, гипофиз ва  буйракусти бези гормонларининг аҳамияти жуда катта. Простата бези гормонлари мунтазам қонга тушиб туради: улар кам миқдорда тушса, уруғдон секрециясини фаоллаштиради, кўп миқдорда тушса, сусайтиради. Агар эркак киши бир неча кун жинсий алоқасиз яшаса, унда жинсий майл (либидо) сусайиши мумкин ва аксинча, яна жинсий алоқа қила бошласа, либидо пайдо бўлади. Бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаш мумкин: тез-тез бўладиган жинсий алоқада эякуляция билан ташқарига кўп миқдорда простата секрети чиқарилади ва унинг жуда оз миқдори қонга сўрилади. Секретнинг қонга тушишининг камайиши уруғдон фаолиятини оширади, унинг гормонлари эса либидони кучайтиради. Аксинча, жинсий алоқа қанча камайиб кетса, унга бўлган талаб ҳам янада кам бўлади, чунки простатанинг секрети қонга кўп миқдорда тушади ва уруғдон фаолиятини сусайтиради. Мабодо, 50 дан ошган эркакда жинсий майл кучайса, бу, одатда, простата аденомаси билан боғлиқ бўлади, чунки аденома безнинг фаолиятини пасайтиради.
           Жинсий гормонлар секретор функцияни бошқаришда катта аҳамиятга эга бўлса-да, либидо, эрекция ва эякуляция кастрация қилинган эркак ва аёлларнинг деярли 50 фоизида у ёки бу даражада сақланиб қолади. Лекин фақат балоғатга етгандан сўнг қилинган кастрацияда жинсий функция сақланиб қолиши мумкин. Битта уруғдоннинг халтачасига тушмай қолиши ёки яллиғланиши ҳам жинсий қобилиятни пасайтирмайди.
          Аёлларда либидони нафақат аёллар, балки эркаклар гормони ҳам кучайтиради. Аёллар либидоси буйракусти безининг пўстлоқ ҳужайраларида ишлаб чиқариладиган андрогенларга, яъни эркаклар жинсий гормонларига ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам тухумдонларни олиб ташлаш, одатда, либидо сўнишига сабаб бўлмайди, буйрак усти безлари фаолиятининг сусайиши эса аёлларда либидони пасайтиради. Эркаклар жинсий гормонлари аёлларда эротик тусдаги ҳис-туйғулар уйғотади, организмга фаоллаштирувчи таъсир кўрсатади, эроген соҳалар сезгирлигини оширади. Бундан фарқли ўлароқ, эркакларга юборилган аёллар гормони эркаклик функциясини сустлаштиради.
           Аммо жинсий қўзғалиш нафақат гормонлар таъсири остида, балки эроген соҳалардан мияга келувчи сигналлар орқали ҳам пайдо бўлади. Энг сезгир эроген соҳалар – эркакларда пениснинг калласи ва унинг асоси, камроқ сезгир соҳа мояк халтаси бўлса, аёлларда кучли эроген соҳа – бу клитор, сўнг кичик лаблар, ундан сўнг эса қиннинг кириш жойидир. Аксарият аёлларда кўкрак безининг учи ҳам кучли эроген соҳа ҳисобланади ва уни таъсирлантириб, оргазмни чақириш мумкин. Лекин кўкрак безининг учи ва қиннинг орқа қисми сезгирлиги суст ривожланган аёллар ҳам бор.
           Гинекологлар уқтиришича, 86 % аёл қинига киргизилган нарсанинг ҳажмини айтиб бера олмайди. Бироқ аксарият аёллар жинсий алоқа пайтида қиннинг тубида пайдо бўладиган тўлқинларни яхши сезишади. Лекин коитус (жинсий алоқа) пайтида кузатиладиган оргазм олатнинг қин деворига ишқаланишидан ҳосил бўладиган импулслар ҳисобига пайдо бўлади, деб қаралади. Жинсий алоқадан сўнг оргазм кузатилмаса, клиторни қўл билан таъсирлантириш орқали оргазмни чақириш мумкин. Бу, албатта, вагинал оргазмдан кўра, клитор оргазми кучли ривожланган аёлларда осонроқ. Лекин оргазм келишини фақат тананинг маълум бир эроген соҳалари билан узвий боғлаш хато бўлур эди. Ваҳоланки, оргазм келишида жинсий қовушиш пайтида кузатиладиган бошқа (ўпишиш, қучоқлашиб ётиш, эркалаш) омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, оргазмнинг қайси усулда ва қачон келиши, аёл кишининг биринчи бор эркак киши билан жинсий яқинликни қандай бошлаганига ҳам боғлиқ.
           Жинсий қўзғалиш шартли рефлектор қўзғатувчилар (кўриш, эшитиш, ҳид билиш ва ҳ.к.) таъсири остида ҳам юзага келади. Лекин у ҳар кимда ва турли ёшда ҳар хил ривожланган: эшитиш ёки кўриш аъзолари орқали келган таъсиротлар орқали жинсий қўзғалиш ҳосил бўлиши мумкин. Бундай жинсий қўзғалишлар  айниқса, ўспиринларда кучли ривожланган. Улар яланғоч аёллар сурати ёки эротик тусдаги расмларни кўриб, кучли таъсирланиши ва бу ҳолат оргазм билан тугаши мумкин. Бироқ эркакларнинг яланғоч сурати ҳамма вақт ҳам аёлларда эротик қўзғалишни чақиравермайди. Баъзан ташқи таъсирлар жинсий ҳирсни сусайтириши ёки тўхтатиб қўйиши мумкин (масалан, ҳадеб эротик филмлар кўравериш). Эротик фантазияларга берилиш эркакларда жинсий қўзғалишга сабабчи бўлса, одатда, аёлларга бу кам таъсир қилади. Жинсий алоқа бошланаётган пайтда эркаклар аёлларга қараганда кучлироқ қўзғаладилар. Шунинг учун ҳам уларда баъзан жинсий алоқа бошланмасдан туриб, эякуляция рўй беради. Лекин жинсий қўзғалиш даражаси жинсий мизожга ҳам боғлиқ.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича