Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЗАҲМ МЕНИНГИТИ ВА МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТИ

ЗАҲМ МЕНИНГИТИ ВА МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТИ


Этиологияси. Касаллик тарқатувчиси оқ трепонема бўлиб, у организмга тушгач МНС ни бир неча ойлар ёки йиллар ичида зарарлай бошлайди. Инфекция тушгандан сўнг менингит бир неча ойлар ёки йиллар (3 йилгача) ўтиб ривожланса – эрта, 3 йилдан кейин ривожланса – кеч заҳм менингити деб айтилади. Баъзида менингит ёки менингоэнцефалит инфекция организмга тушгандан 10 ёки 20 йил ўтгандан сўнг ҳам ривожланади.
       Патоморфологияси. Специфик яллиғланиш жараёни, асосан, мия пардаларининг базал қисмида кечади, конвекситал соҳа пардалари кам зарарланади. Параллел тарзда ёки пардалар зарарланишидан ҳам олдин церебрал артерияларда специфик яллиғланиш реакциялари бошланади, яъни заҳм васкулити ривожланади. Майда ва ўрта калибрдаги артериялар девори худди атеросклероздаги каби қалинлашади. Атеросклероздан фарқли ўлароқ, заҳмда артерияларнинг барча деворлари зарарланади ва қалинлашади. Мия пардаларидаги специфик яллиғланиш жараёни уларнинг қалинлашуви ва ушбу соҳаларда экссудатлар пайдо бўлишига олиб келади. Экссудатларда плазматик ҳужайралар ва лимфоцитлар жуда кўп аниқланади. Мия қоринчалари ҳам кенгаяди ва уларнинг девори пролиферацияга учрайди. Мия пардаларидаги специфик яллиғланиш жараёнлари тепадан қаттиқ парданинг висцерал юзасига, пастдан эса мия тўқимасига қараб тарқалиб боради. Менингоэнцефалитда специфик яллиғланиш жараёни мия пардалари, мия тўқимаси ва церебрал артерияларда кечади.
        Клиникаси. Менингит клиникаси нимўткир ёки сурункали тарзда бошланади. Тана ҳарорати 37-38°С дан ошмайди. Беморнинг умумий аҳволи ҳам оғирлашмайди. Баъзи беморлар ўзидаги доимий бош оғриғи ва умумий ҳолсизликни чарчаш аломати деб билишади ва врачга мурожаат қилишмайди. Баъзи беморларда менингеал симптомлар аниқланмайди ёки улар ўта суст ифодаланган бўлади. Шу боис, заҳм менингити ташхисини ўз вақтида аниқлаш қийиндир. Уни аниқлаш имконияти, одатда, краниал нервлар зарарлана бошлагандан сўнг пайдо бўлади. Бемор нарсалар иккита бўлиб кўринаётганлиги, юқори қовоқнинг тушиши, кўзининг ғилай бўлиб бораётганлиги ва юрганда гандираклаб кетаётганлигидан қўрқиб, врачга мурожаат қилади. Одатда, ана шундан кейин чуқур текширувлар ўтказила бошланади ва беморда нейрозаҳм ривожланаётганлиги аён бўлади.
Краниал нервлардан, кўпинча, II, III ва IV нервларни патологик жараён қамраб олади. Ушбу краниал нервлар деярли ҳар доим зарарланади. Чунки заҳм менингити, асосан, мия пардаларининг базал қисмида кузатилади. Патологик жараён мияча-кўприк бурчагида жойлашса, V, VII ва VIII нервлар зарарланади ва атакция ривожланади. Уларнинг зарарланиши кўпинча шу ерда ҳосил бўлган чандиқ ёки гуммалар билан боғлиқ. Аксарият беморлар кучли бош айланиши ва қулоқдаги шовқиндан шикоят қилишади.
       Беморда Аржил-Робертсон симптоми ҳам аниқланади. Қорачиқларнинг ёруғликка тўғри ва ҳамкор реакцияси йўқолиб, конвергенция ва аккомадацияга реакцияси сақланиб қолишига Аржил-Робертсон симптоми дейилади. Бу касаллик учун ўта хос симптом нейрозаҳмнинг сўнгги босқичларида яққол аниқланади.
        Заҳм менингитида бош миянинг конвекситал соҳаси кам зарарланганлиги боис, церебрал типдаги фалажликлар ва сезги бузилишлари кам учрайди. Бу симптомлар енгил моно- ва гемипарезлар, моно- ва гемигипестезиялар кўринишида бўлади. Баъзида пирамидал бузилишлар фақат пай рефлекслари гиперрефлексияси ва патологик симптомлар билан намоён бўлиб, мушаклар кучи эса камаймайди. Конвекситал соҳа пардалари ва пўстлоқнинг юза қисмида заҳм чандиқлари пайдо бўлиши Жексон типидаги тутқаноқ хуружлари сабабчиси ҳамдир. Шунингдек, делирия ва галлюцинациялар, психомотор қўзғалишлар, хотира бузилишлари ва тунги уйқусизлик ҳам кўп кузатилади. Бу симптомлар баъзан касалликнинг дастлабки босқичидаёқ пайдо бўлади, баъзида кейинроқ юзага келади. Касалликнинг сўнгги босқичларида нейропсихологик бузилишлар кучая бориб, оғир деменция даражасигача етиши мумкин.
        Баъзида заҳм менингити ўткир бошланади. Беморнинг тана ҳарорати 39°C гача ошади. Менингеал симптомлар ҳам бироз кучли ифодаланган бўлади. Бош оғриғи, асосан, энса ва чакка соҳаларида кузатилади. Бош оғриғи кўз косаси ва бўйин қисмига иррадиация қилади, жисмоний ҳаракатларда кучаяди. Бош оғриғи кучайганда кўнгил айниши ва қайт қилиш пайдо бўлади. Калла қутиси ва, айниқса, сўрғичсимон ўсиқча соҳаси перкуссия қилинганда бош оғриғи зўраяди. Бош оғриғининг кечаси кучайиши ҳам заҳм менингити учун хос.
      Ликворологик ўзгаришлар. Ликвор босими кўтарилади. Унинг ранги тиниқ бўлиб, енгил лимфоцитар плеоситоз (1 мкл ликворда 50–100 та) аниқланади, оқсил миқдори ошади (0,6–0,9 г/л) ва Вассерман реакцияси мусбат бўлади. Ушбу ликворологик ўзгаришлар заҳм босқичи ҳамда менингит ва менингоэнцефалитнинг қай даражада намоён бўлаётганлигига боғлиқ.
       Ташхис ва қиёсий ташхис. Беморнинг заҳм билан касалланганлиги, менингитнинг нимўткир ёки сурункали бошланиши, қон ва ликворда серологик реакцияларнинг мусбат бўлиши асосида заҳм менингити ташхиси қўйилади. Серологик тестлардан Вассерман, иммунофлюресценция реакцияси (ИФР) ва оқ трепонемалар иммобилизацияси реакцияси (ОТИР) заҳмни аниқлаш учун ўта сезгир тестлардан ҳисобланади.
       Заҳм менингити (менингоэнцефалити) клиникаси ва кечиши сил менингити (менингоэнцефалити) клиникаси ва кечишига жуда ўхшайди. Шу боис, қиёсий ташхис авваламбор ушбу иккала касаллик орасида ўтказилади. Лаборатор ва инструментал текширувларгина тўғри ташхис қўйишга ёрдам беради. Баъзида битта беморнинг ўзида сил ҳам, заҳм ҳам аниқланади. Бундай пайтларда менингит этиологиясини аниқлаш ўта мушкул.
       Шунингдек, касалликни бош мия ўсмаси билан ҳам қиёслаш керак. Чунки иккала касалликнинг кечиши бир-бирига жуда ўхшаш. Эрта ўтказилган МРТ текшируви бу масалага ойдинлик киритади.
      Даволаш. Заҳм ва унинг асоратларини даволашда бензилпенициллин энг асосий антибиотик бўлиб қолмоқда. Бензилпенисиллин 2 000 000–4 000 000 БК дан кунига 6 маҳал в/и га қилинади. Унинг бир кунлик дозаси 12–24 млн БК ни ташкил қилиши ва шу доза 10-14 кун мобайнида қилиниши керак.
Агар беморнинг пенисиллинга аллергияси бўлса, бошқа антибиотиклар тавция этилади. Масалан, хлорамфеникол бир кунда 1 кг тана вазнига 100 мг дан ҳар 6 соатда в/и га қилинади. Дори 6 ҳафта мобайнида қилиниши керак. Шунингдек, сефтриаксон 1 кг тана вазнига 100 мг дан кунига 1 маҳал 10-14 кун мобайнида в/и га юборилади.
      Менингит ва менингоэнцефалитларда бошқа дори воситалари ҳам тавция этилади. Булар – кортикостероидлар, церебрал микроциркуляцияни яхшиловчи дорилар, дегидратация ва десенсибилизация воситалари, аналгетиклар, седатив дорилар, антиконвульсантлар ва ҳ.к.
       Прогноз. Касаллик сурункали кечганлиги боис бемор доимо врач назоратида туриши керак. Бирон ойлардан сўнг даволашни такрорий ўтказишга тўғри келиши мумкин. Даволаш 3 хил натижа билан тугалланади: бемор бутунлай тузалади, касаллик маълум бир босқичда тўхтаб қолади ёки зўрайиб боради.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz








Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича