Узунчоқ мия


Топографияси. Узунчоқ мияда (medulla oblongata) ҳаёт учун ўта муҳим марказлар жойлашган. Узунчоқ мия усти кесилган тўнтарилган конус шаклига ўхшайди. Авваллари уни мия пиёзчаси (bulbus cerebri) деб аташган. Узунчоқ мия билан орқа мия орасидаги чегара – бу пирамидал кесишув (decussatio pyramidum) ёки Cилдизча чиққан жой. 
Мия устуни, шу жумладан узунчоқ миянинг вентрал (олдинги) ва дорсал (орқа) юзалари фарқланади (5.3 ва 5.4-расмлар).
Узунчоқ миянинг вентрал юзаси. Узунчоқ миянинг вентрал юзасидан олдинги ўрта ёриқ (fissura mediana anterior) ўтади. Унинг иккала ён томонида пирамидалар бўртиб туради. Ундан пирамидал йўллар ўтади. Пирамиданинг орқа-ён томонида пастки олива (oliva inferior) жойлашган. Пастки олива nucleus dentatus билан боғланган бўлиб, тана мувозанатини таъминлашда иштирок этади. Пирамидани оливадан олдинги латерал эгатча (sulcus lateralis anterior) ажратиб туради. Бу эгатчадан XII нерв илдизчалари чиқади. Оливаларнинг орқа томони бўйлаб орқа латерал эгатча (sulcus lateralis posterior) ўтади. Ундан IX, X, XI нервлар илдизчалари чиқади.  
Узунчоқ миянинг дорсал юзаси. Узунчоқ миянинг каудал қисмида ромбсимон чуқурчадан пастда олдинги ўрта эгатча (sulcus medianus posterior) ўтади. Ушбу эгатчанинг иккала ён томонида нозиқ тутам дўнглиги (tuberculum nuclei gracilis), улардан латерал томонда понасимон тутам дўнглиги (tuberculum nuclei сuneati) жойлашган. Булар Голл ва Бурдах дўнгликлари бўлиб, уларнинг орасидан орқа латерал эгатча (sulcus lateralis posterior) ўтган. Ушбу дўнгликларда чуқур сезги йўлларининг 2-нейрони ядролари ётади. Шунинг учун ҳам бу ерда дўнглик пайдо бўлган. Бурдах дўнглигининг орқа томонидан орқа оралиқ эгатча (sulcus intermedius posterior) ўтади.
Узунчоқ миянинг пастки қисмида жойлашган ядролар. Бу ерда каудал гуруҳга мансуб, яъни IX, X, XII нервлар ядролари ётади (5.2-расм). XII нерв ядроси trigonum nervi hypoglossi, Х нервнинг дорсал ядроси (nucleus dorsalis n. vagi), IX ва Х нервлар учун умумий ҳисобланган nucleus ambiguus (ҳаракат ядроси) ва пастки сўлак ажратувчи ядро (nucleus salivatorius inferior) жойлашган. Шунингдек, nucleus tractus spinalis n. trigemeni топографияси ҳам шу жойга тўғри келади.
Узунчоқ миянинг кўприк билан чегара қисмида жойлашган ядролар. Бу ерда VII нервнинг ҳаракат ядроси, VIII нервнинг сезги ядролари, трапециясимон тана, юқори олива, Дейтерс ва Бехтерев ядролари жойлашган. 

Манба:   © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси 
               © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича