Янгиликлар » Энциклопедия » ЮВЕНИЛ АБСАНС ЭПИЛЕПСИЯ

ЮВЕНИЛ АБСАНС ЭПИЛЕПСИЯ


Ювенил абсанс эпилепсия (ЮАЭ) – ўсмирлик даврида бошланувчи ва, асосан, абсанслар билан кечувчи идиопатик тарқалган эпилепсия. Бироқ 40 % ҳолатларда касаллик тарқалган тоник-клоник хуружлар билан ҳам бошланади. Бу эса ЮАЭ ни БАЭ дан фарқлаб турувчи асосий белгилардан биридир. Чунки БАЭ фақат абсанслар билан бошланади ва тоник-клоник хуружлар эса кейин қўшилади.

ЮАЭ 10-21 ёшларда бошланади. Аммо касаллик энг кўп учрайдиган давр - бу 10-14 ёшлар. Ёш ошган сайин ЮАЭ кам учраб боради. Масалан, 17 ёшдан сўнг бу касаллик жуда кам кузатилади, 21 ёшдан кейин эса ривожланмайди. Эпилепсиянинг ушбу тури ўсмирлик даврида бошланганлиги ва асосан, абсанслар билан намоён бўлганлиги учун ҳам "ювенил абсанс эпилепсия" номини олган.

Абсанслар клиникаси худди БАЭ да кузатиладиган абсанслар каби намоён бўлади. Аммо ЮАЭ да абсанслар сони жуда кам. Агар БАЭ да абсанслар бир кунда ўнлаб ёки юзлаб рўй берса, ЮАЭ да бир кунда 2-3 маротаба кузатилади, холос. Абсанслар давомийлиги ўртача 5-10 сонияга тенг. Баъзида улар 30 сониягача давом этади. БАЭ да гипервентиляция деярли 100 % ҳолатларда абсансларни қўзғаб юборса, ЮАЭ да бу кўрсаткич 10 % дан ошмайди.

Айтиб ўтилганидек, ЮАЭ тарқалган тоник-клоник хуружлар билан ҳам бошланади ва бу кўрсаткич ёш ошган сайин кўпайиб бораверади. Чунки, касалликнинг абсанслар билан бошланувчи турида ҳам кейинчалик тоник-клоник хуружлар кузатила бошлайди. Тоник-клоник хуружлар қисқа вақт давом этади ва кўпинча уйқу пайтида ёки эрталаб уйғонганда рўй беради. Уларнинг сони ҳам кам. Ушбу хуружлар уйқу депривацияси, яъни бемор ухламаган пайтларда кучаяди. ЭЭГ да 3-3,5 Гц ли тарқалган билатерал-синхрон пик-тўлқинли комплекслар аниқланади. Асосий биоэлек­трик фаоллик сақланиб қолади. Неврологик ва интеллектуал бузилишлар кузатилмайди.

Ташхис қўйиш алгоритми

  • Абсансларнинг, асосан, 10-14 ёшларда бошланиши.
  • Наслий мойиллик борлиги.
  • Абсансларнинг кам учраши.
  • Тоник-клоник хуружлар билан ҳам бошланиши.
  • Неврологик статусда ўзгаришлар бўлмаслиги.
  • Бош мияда структур ўзгаришлар кузатилмаслиги.
  • Интеллект сақланиб қолиши.
  • Хуруж пайтида частотаси 3-3,5 Гц бўлган билатерал-синхрон пик-тўлқинли фаоллик пайдо бўлиши.

Прогноз. Аксарият ҳолларда (90 %) яхши. Бироқ касалликнинг тоник-клоник хуружлар билан бошланувчи турида тўла тузалиш фақат 70 % ҳолатларда кузатилади.

 

Тошкент тиббиёт академияси профессори,

нейропсихолог Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив