Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Уч шохли нерв ШАМОЛЛАСА НИМА БЎЛАДИ?

Уч шохли нерв ШАМОЛЛАСА НИМА БЎЛАДИ?


Уч шохли нерв (n. trigeminus) – аралаш нерв. 
V нервнинг сезги йўллари. Гассер тугунида (ganglion trigeminale) I нейрон (псевдоуниполяр хужайра) танаси ётади. Унинг дендритлари периферияга қараб йўналиб 3 шохга ажралади: 1-кўз нерви (n. ophthalmicus); 2-юқори жағ нерви (n.maxillaris); 3-пастки жағ нерви (n. mandibularis) 6.25-расм. 
pastedGraphic.png
6.25-расм. Уч шохли нерв: 1 – radix sensoria; 2 – nucl. pontinus n. trigemini; 3 – nucl. motorius n. trigemini; 4 – nucl. spinalis n. trigemini; 5 – nucl. tractus mesencephali n. trigemini.

I нейрон аксонлари бирлашиб йирик сезги илдизчасини (radix sensoria)  ҳосил қилади ва кўприкнинг ўрта қисмидан ичкарига киради. Ушбу толаларнинг катта қисми V нервнинг кўприк ядросида тугайди. Қолган толаларнинг бир қисми юқорига йўналиб мезенцефаликкинчи қисми пастга тушиб спинал ядрога боради. Кўприк ва мезенцефал ядроларда проприорецептив ва тактил, спинал ядрода эса оғриқ ва ҳарорат сезгисини ўтказувчи йўллар тугайди. 
Мия устунида II нейрон ётади. Унинг аксонлари кесишиб қарама-қарши томонга ўтади. Қарама-қарши томонга кесишиб ўтган йўлларга тригеминал ҳалқа (lemniscus trigemini) дейилади. Бу йўллар таламусга бориб тугайди.
Таламусда III нейрон ётади. Унинг аксонлари ички капсуланинг орқа сонидан ўтиб орқа марказий пуштанинг пастки қисмига бориб тугайди. Шундай қилиб, уч шохли нервнинг сезги йўллари ҳам умумий сезги йўллари каби 3 нейронли.
V нервнинг ҳаракат йўли. Кўприкдаги nucl. motorius n. trigemini дан бошланади. Унинг ингичка аксонлари ҳаракат илдизчасини (radix motoria) ҳосил қилиб бевосита radix sensoria тагида жойлашиб кўприкдан чиқади. 

V нерв ядролари топографияси
Сезги ядролари. Улар 3 та: 1) мезенцефал ядро (nucl. tractus mesencephali). Функцияси – проприорецептив ва тактил импульсларни қабул қилиш. 2) Кўприк ядроси (nucl. pontinus n. trigemini). Функцияси – проприорецептив ва тактил импульсларни қабул қилиш. 3) Cпинал ядро (nucl. spinalis n. trigemini). Узунчоқ шаклга эга. Функцияси – оғриқ ва ҳарорат сезгисини қабул қилиш. 
Ҳаракат ядроси. Битта ҳаракат ядросига (nucl. motorius n. trigemini). Икки томонлама кортикал иннервацияга эга. Функцияси – чайнов мускулларини иннервация қилиш. 
     Uch shoxli nervning periferik qismi 3 tarmoqdan iborat.
  1. Кўз нерви (n. оphthalmicus) – сезги нерви. Калла суяги ичидан fissura orbitalis superior орқали кўз косасига ўтади. У ердан foramen supraorbitale орқали ташқарига чиқади. N. оphthalmicus толалари бошнинг олдинги сочли қисми, пешона териси, кўз, бурун, фронтал синус ва ғалвирсимон суяк ковакларини иннервация қилади (6.26-rasm). 
pastedGraphic_1.png
6.26- rasm. Yuzning nevral (a) va segmentar (b) innervatsiyasi / - n. ophthalmicus; II - n.maxillaris; III - n.mandibulars. Zeldeming ichki (1), o'rta (2) va tashqi (3) aylanasi.

  1. Юқори жағ нерви (n.maxillaris) – сезги нерви. Калла суяги ичидан юмалоқ тешик (foramen rotundum) орқали чиқади. Юқори жағ териси, тишлари ва синуслари ва мия пардаларини иннервация қилади. 
  2. Пастки жағ нерви (n.mandibularis) – аралаш нерв. Овал тешик (foramen ovale) орқали чиқиб иккига бўлинади. Сезги толалари пастки жағ териси, тишлари ва тилни, ҳаракат толалари чайнов мускулларини (m. masseter et temporalis) иннервация қилади. Юз терисини иннервация қилувчи толалар foramen mentale орқали ташқарига чиқади. 

Уч шохли нервни текшириш усуллари
pastedGraphic_2.pngpastedGraphic_3.png
pastedGraphic_4.pngpastedGraphic_5.png
pastedGraphic_6.pngpastedGraphic_7.png
6-21-расм. Уч шохли нервнинг биринчи
(а-расм), иккинчи (б-расм) ва учинчи (в-расм) шохчалари чиқадиган нуқталарни, яъни Валле нуқталарини босиб текшириш.
6-22-расм. Уч шохли нервнинг 1- шохчаси (а-расм), 2-шохчаси (б-расм) ва 3-шохчаси (в-расм) иннервация қиладиган соҳаларда оғриқ сезгисини текшириш.

Бу мақсадда қуйидаги функциялар текширилади: 1) сезги, шу жумладан оғриқлар; 2) таъм билиш; 3) ҳаракат; 4) рефлекслар.
  1. Умумий сезги ва оғриқларни текшириш. Дастлаб бемордан оғриқлар бор-йўқлиги сўраб-суриштирилади. Одатда, бу нерв зарарланиши учун ток ургандек бир зумда ўтиб кетувчи оғриқлар хос. Кучли оғриқ кузатиладиган нуқтага триггер соҳа дейилади. Сўнгра for. supraorbitale, infraorbitale ва mentalе нуқталари босиб текширилади. Оғриқ, ҳарорат ва тактил сезгилар аввал V нерв шохчалари соҳасида (неврал иннервация), сўнгра юзнинг ички, ўрта ва ташқи айланасида (сегментар иннервация) текширилади (6.27 ва 6.28-расмлар).
  2. Таъм сезгисини текшириш. Аввал қоғозга нордон, ширин, шўр ва аччиқ деган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилади. Бемордан тилини чиқариб туриш сўралади. Сўнгра тилнинг олдинги 2/3 қисмининг бир томонига томизғич орқали маълум таъмга эга модда томизилади (6.29-расм). Бемор тилини ичкарига тортмай туриб қоғозда ёзилган таъмлардан бирини кўрсатиб бериши керак. Кейин бемор оғзини сув билан чайиб ташлайди. Сўнгра тилининг иккинчи томонига бошқа таъмга эга модда томизиб таъм сезиш яна текширади.  
pastedGraphic_8.png
6.23-расм. Таъм сезишни текшириш усули

  1. Ҳаракат (чайнов) функциясини текшириш. Бемордан пастки жағни чап ва ўнг томонларга ҳаракатлантириш ва оғизни очиб-юмиш сўралади. Сўнгра иккала томонда m. temporalis ва m. masseter таранглиги текширилади. Бунинг учун врач бармоқларини ушбу мускуллар устига қўйиб туради ва бемордан чайнов ҳаракатларини бажариш сўралади. Иягнинг пастига врач кафтини қўйиб туради ва бемордан оғзини очишни сўрайди. Врач бунга қаршилик кўрсатади ва шу йўл билан пастки жағ кучи текширилади.
  2. Рефлексларни текшириш
    1. Шох парда (корнеал) рефлекси. Бунинг учун бемордан юқорига ва четга қараб туриш сўралади. Сўнгра буралган тоза қоғознинг учи шох пардага (қорачиққа эмас) тегизилади. Бунга жавобан кўз юмилади. Бу рефлекс нормада ҳар доим чақирилади. Корнеал рефлекснинг афферент қисмини n.ophthalmicus (V нерв), эфферент қисмини n. facialis (VII нерв) таъминлайди. Шунинг учун иккала нерв патологиясида ҳам корнеал рефлекс пасаяди ёки сўнади.
pastedGraphic_9.png
6.24-расм. Корнеал рефлексни текшириш усули

  1. Конъюктивал рефлекс. Врач беморнинг пастки қовоғини бироз очиб тоза қоғоз учи билан конъютивани таъсирлантиради. Бунга жавобан кўз юмилади. Текширув пайтида бемор ён томонга қараб туриши керак. Рефлекснинг афферент қисмини n.ophthalmicus (V нерв), эфферент қисмини n. facialis (VII нерв) таъминлайди.
  2. Қош усти рефлекси. Синалувчи очиқ турган кўзлари билан чеккага қараб туради. Текширувчи неврологик болғачани бошни тепасида ушлаб туриб қош устининг ички томонидан секин уради (6.31-расм). Бунга жавобан ўша томонда юқори ва пастки қовоқлар қисқаради. Агар неврологик болғача билан пешонанинг ўртасига урса, қовоқлар қисқариши иккала томонда ҳам рўй беради. Рефлекснинг афферент қисмини n.ophthalmicus (V нерв), эфферент қисмини n. facialis (VII нерв) таъминлайди.    


pastedGraphic_10.png
6.25-расм. Қош усти рефлексини текшириш усули

  1. Пастки жағ (мандибуляр) рефлекси. Бунинг учун бемордан оғзини бироз очиб туриш сўралади. Сўнгра ияг устига неврологик болғача билан секин урилади. Бунга жавобан чайнов мускуллари қисқариб пастки жағ бироз кўтарилади. Бу рефлекс нормада ҳар доим чақирилавермайди. Мандибуляр рефлекснинг афферент қисми ҳам, эфферент қисми ҳам V нерв фаолияти (ramus mandibularis) билан боғлиқ. Демак, мандибуляр рефлекснинг юз нервига алоқаси йўқ. Псевдобульбар фалажликда бу рефлекс ошади. 

pastedGraphic_11.png
6.27-расм. Мандибуляр рефлексни текшириш усули
Зарарланиш симптомлари ва топик диагностикаси 

Уч шохли нерв тармоқлари зарарланса, улар иннервация қилувчи соҳаларда қуйидаги симптомлар ривожланади: 1) барча сезгиларнинг периферик типда бузилиши; 2) кучли санчувчи оғриқлар, яъни невралгиялар; 3) рефлекслар (қош усти, корнеал, конъюктивал ва мандибуляр) пасайиши ёки сўниши; 4) чайнов мускулларининг периферик фалажлиги. Юзда триггер нуқталар пайдо бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. 

Ҳар бир нeрв ва ядронинг зарарланиш симптомлари билан танишиб чиқамиз.
  1. Кўз нерви зарарланиши. Бошнинг олдинги сочли қисми, пешона соҳаси ва буруннинг устки қисмида сезги бузилади, невралгиялар кузатилади, қош усти, корнеал ва конъюктивал рефлекслар сўнади. Foramen supraorbitale босиб текширилса, оғриқ янада кучаяди. Бу оғриқлар супраорбитал невралгия номини олган. 
  2. Юқори жағ нерви зарарланиши. Юқори жағ териси соҳасида сезги бузилади, невралгия кузатилади. Foramen infraorbitale босиб текширилса оғриқлар кучаяди. Оғриқ ва дизестезия кўзнинг пастки қисми ва юқори жағнинг шиллиқ қаватида ҳам пайдо бўлади. 
  3. Пастки жағ нерви зарарланиши. Пастки жағ териси соҳасида сезги бузилади, невралгия кузатилади. Foramen mentale босиб текширилса, оғриқлар кучаяди. Мандибуляр рефлекс сўнади.  Тилнинг олдинги 2/3 қисмида таъм сезиш бузилади.
  4. Гассер тугуни зарарланиши. Ўта оғир ҳолат. Юзнинг бир томонида  барча сезгилар бузилади, кучли невралгия пайдо бўлади, супра-, инфраорбитал ва ментал нуқталарда триггер соҳалар шаклланади. Юз терисида вегетатив-трофик ўзгаришлар пайдо бўлади, невралгияга симпаталгия қўшилади (чунки бу соҳада симпатик чигаллар кўп), кератит ва конъюктивит ривожланади. Гассер тугуни герпетик инфекцияда кўп зарарланади.
  5. Нерв илдизчаси (radix sensoria) зарарланиши. Юзда радикуляр типда сезги бузилади. Қолган барча симптомлар Гассер тугуни зарарланиши белгиларига ўхшайди. Бироқ вегетатив-трофик ўзгаришлар бўлмайди.
  6. Спинал ядро зарарланиши. Спинал ядро зарарланганда юзнинг ярмида диссоциациялашган типда сезги бузилади: оғриқ ва ҳарорат сезгилари бузилиб, чуқур ва тактил сезгилар сақланиб қолади.  Ядронинг орал қисми зарарланса Зельдернинг ички (яъни оғиз-бурун атрофи), ўрта қисми зарарланса – ўрта, каудал қисми зарарланса – ташқи айланасида (қулоқ олди соҳалари) сезги бузилади. Оғриқлар бўлмайди.
  7. Кўприкдаги сезги ядроси зарарланиши. Юзнинг ярмида чуқур ва тактил сезгилар бузилади. Юзаки ва ҳарорат сезгилари сақланиб қолади. Оқриқлар бўлмайди.
  8. Кўприкдаги ҳаракат ядроси ёки унинг илдизчаси зарарланиши. Ўчоқ томонда чайнов мускулларининг периферик фалажлиги ривожланади. Чакка ва чайнов мускуллари таранглиги сустлашади, атрофия пайдо бўлади. Оғизни очганда пастки жағ зарарланган томонга оғади. Мандибуляр рефлекс сўнади. Агар ушбу ядрога келувчи кортиконуклеар йўллар икки томонда ҳам зарарланса, мандибуляр рефлекс ошади, бироқ атрофия кузатилмайди. 
  9. Тризм. Чайнов мускулларининг тоник қисқариши натижасида жағларнинг бир-бирига қаттиқ қисилиб қолишига тризм дейилади. Trismus – лотинчадан тоник спазм дегани. Тризм бош мия ва унинг пардаларида кучли қўзғалишлар (субарахноидал қон қуйилиш, қоқшол, эпилепсия) рўй берса кузатилади.
  10. Альтернирлашган синдромлар. Агар патологик ўчоқ V нервнинг сезги ядролари билан биргаликда шу ердан ўтувчи спиноталамик йўлларни қамраб олса, альтернирлашган типда сезги бузилишлари ривожланади: зарарланган томонда юзда, қарама-қарши томонда эса танада гемианестезия кузатилади.

Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
              © Ибодуллаев энциклопeдияси
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича