ВРАЧ, ТАБИБ ВА БЕМОР


 Савол: Зарифбой Ражабович! Врач қандай инсон бўлиши керак?
  Жавоб: Врач, аввало, ҳақиқий инсон бўлмоғи керак. Мен врачни жанг майдонидаги аскарга ўхшатаман. Ҳақиқий аскар душман билан олишаётиб, фақат ватани ҳақида ўйлайди. Врачнинг ҳам фикри-хаёли унга шифо излаб келган беморда бўлади, уни оёққа турғазиб юбориш ҳақида ўйлайди. Бунда у ўз манфаатини эмас, балки беморнинг тезроқ соғайиб кетиши ҳақида қайғуради. Қадимда врачни ёниб турган шамга ўхшатишган, у ўзи ёниб эриб тугагунча атрофга нур сочиб, ёруғлик таратиб туради. Шифокорлик касбидан улуғ касб бўлмаса керак! Шунинг учун ҳам Гиппократ: “Барча санъатлар ичида энг улуғи тиббиётдир” деб хитоб қилган.
  Савол: “Деонтология ва этика” сўзлари нима маънони англатади? Бўлғуси врачларга шу ҳақда тушунча берсангиз. Шу ўринда “шифокор” ва “врач” атамаларига изоҳ бериб ўтсангиз. Бу кўзлар синонимми? 
  Жавоб: Тиббиёт деонтологияси врач бурчи, қиёфаси, обрўси, номуси ва виждони ҳақидаги фан. Деонтология – юнончадан бурч, этика – грекчадан ахлоқ деган маънони англатади. Гиппократ қасамёдида тиббиёт деонтологияси ва этикасига оид кўп иборалар келтирилган. У “Ахлоқсиз врачнинг беморни даволашга ҳаққи йўқ” деб хитоб қилган. Гиппократ қасамёди тиббиёт этикасининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. “Шифокор” атамаси “Врач” сўзининг синоними эмас. Бу саволга атоқли олим Эркин Қосимов 1998 йили қуйидагича ойдинлик киритганлар: “Шифокор” атамаси “Врач” атамасига қараганда кенгроқ маъно касб этади. Беморни даволашда иштирок этувчи тиббиёт ходимлари, яъни врач, ҳамшира ва фармасевтларни “Шифокор” деб аташ лозим. 
  Савол: “Шу врачга ихлос қўйдим”, “Ихлос – халос” деган ибораларни кўп эшитамиз. Нима учун одамлар даволаниш ҳақида сўз кетганда ихлос ва ишонч ҳақида кўп гапиришади? 
   Жавоб: Тўғри қилишади! Устоз Эркин Қосимов деонтологияга оид чиқишларида шундай сўзларни кўп такрорлар эдилар: “Давонинг боши ишончдан бошланади, яъни бемор шифокорга ихлос қўйиши керак. Бу ишончни пайдо қиладиган инсон, албатта, шифокорнинг ўзи ва унинг гўзал нутқидир. Шифокор ўзининг хатти-ҳаракатлари, ширин сўзи ва ташқи кўриниши билан бемор ҳурматини қозониши зарур”. Албатта, тиббиётга пуллик хизматнинг кириб келиши деонтологиянинг баъзи йўналишларини бошқача таҳлил қилишга ундайди. Бу энди деонтологиянинг аҳамияти пасайди дегани эмас. “Ахир пул тўлагандан сўнг барибир яхши қарайди-да”, деган фикр янглиш фикр. Ваҳоланки, беморнинг тузалиб кетиши унинг врачга тўлаган пулининг миқдори билан белгиланмайди, балки унинг билими, тажрибаси ва муомаласи билан белгиланади. Қолаверса, деонтология дегани беморга ширин сўзлаб, унга кулиб қараб туриш дегани ҳам эмас. Деонтологиянинг устувор йўналишларидан бири – бу ишонч. Баъзан ҳадеб ваҳима қилаверадиган бемор
ни қаттиқроқ “койиб” қўйишга тўғри келади. Ана шундагина у врачга ишонади. “Агар касалим ҳақиқатан ҳам тузалмас бўлганида, доктор мени уришиб бермасди” деган фикр хаёлидан ўтади.
  Савол: Баъзи беморлар тўғри даволанаётган бўлишса-да, олаётган муолажаларидан қониқишмайди ва у врачдан бу врачга, у шифохонадан бу шифохонага сарсон бўлиб юришади. Шу тўғрими?
  Жавоб: Бундай ҳолатларни мен ҳам кўп кузатганман. Ҳақиқатан ҳам, баъзан беморга берилаётган даво усули уни қониқтирмайди. Кўп дори-дармон ёзилса, “Шунча дори шартмикан ёки касалим оғирми, балки врач тажрибасиздир?” деган фикрга боради. “Фалончи доктор фалончи беморни иккита дори бериб тузатиб юборибди” деганга ўхшаш гапларни баъзан эшитиб қоламиз. Беморга кам дори ёзсангиз, озгина дори билан ҳам тузаламанми деб ваҳима қилади. Хўш, бундай пайтларда қандай йўл тутиш керак? Айтиш жоизки, баъзи касалликларни бирмунча узоқ даволашга тўғри келади ва берилаётган даво чоралари дарров натижа беравермайди. Бундай пайтда касалликнинг моҳиятини бемор тушунадиган тилда баён этиш лозим. Керак бўлса, бемор кўнглидаги ғулғулани бартараф этиш ва ташхисни янада ойдинлаштириш учун врач ўзидан тажрибалироқ ҳамкасбларидан маслаҳат сўраши зарур. Бунинг уяти йўқ.
Шуни эсда тутиш лозимки, врач беморни текширади, бемор эса врачни. Беморларимиз шуни ёдда тутишларини жуда ҳоҳлардим: “Аввало, кўнглингизга ёқмаган врачга ҳаётингизни ишониб топширманг, агар унга ишондингизми, сизни даволаётганда халақит берманг”. 
  Савол: Тиббиётда замонавий текшириш усуллари кўпайиб бормоқда, янги даволаш усуллари татбиқ қилинмоқда, бироқ шундай бўлса-да, нима учун табибларга қизиқиш катта? Бунга қандай изоҳ берасиз? 
  Жавоб: Авваллари врачлар билан табибларни доимо бир-бирига қарши қўйишган. Бу жуда нотўғри ёндашув! Ҳатто табибларни “шарлатан” деб аташган. Врач табибни ёмонлаган, табиб эса врачни! Қисман ҳозир ҳам шундай. Кейинги пайтларда табибларга ҳам катта имкониятлар яратиб берилди ва тўғри иш қилинди. Чунки одамзод пайдо бўлибдики, халқ табобати ҳукм сурган. Уларни ҳеч қачон бир-бирига қарши қўйиш керак эмас. Чунки иккаласининг ҳам мақсади битта: Беморларга шифо бериш! Сиз “табибларга қизиқиш катта” деб айтдингиз. Халқ табобатига қизиқиш катта деганингизда тўғри бўларди. Табиблар эса, асосан, халқ табобати билан шуғулланишади. Врачлар ҳам даволаш жараёнида халқ табобатидан фойдаланишлари мумкин. Нимага энди минг йиллардан буён қўллаб келинаётган наъматак ёки мойчечакни мен инкор қилишим кераг-у, аналгинни буткул тан олишим керак! Ҳеч ким врачга беморни даволашда фақат фармакологик дорилардан фойдалан, гиёҳларни эса ишлатма деган кўрсатма берган эмас-ку! 
Нима учун шифохонада даволаниб юрган бемор табибга ҳам боради ёки фақат табибга қатнайди? Бу саволга жавобларни қуйидагича ёритиш мумкин. Биринчидан, афсуски, кўп касалликлар сурункали турга ўтиб кетган бўлиб, бир марта эмас, бир неча бор даволашни талаб қилади; иккинчидан, беморни даволашдаги изчилликнинг бузилишида, яъни бемор шифохонадан чиқиб поликлиникада, у ерда даволаниб бўлганидан сўнг кўрсатилган муддатларда санаторияларда даволаниши зарур. Ҳамма беморлар ҳам бунга амал қила олмайди; учинчидан, инсон пайдо бўлибдики, антиқа нарсаларга, мўъжизаларга интилади, кўрмаган нарсасини кўргиси, емаган нарсасини егиси, бормаган мамлакатига боргиси келади. Булар ҳар бир инсон учун азалдан хос фазилатлар. Мана шу фазилатлар бор экан, инсон мўъжиза излайверади! Кимдан, нимадан ва қаердан излашининг фарқи йўқ, энг асосийси “мўъжиза” топса бўлгани! Одамларнинг табибларга интилишини ҳам шундай изоҳлайман. 
Шу ўринда, табибларни четга суриб, врачларни улуғлаш ниятим ҳам йўқ. Юқорида келтирилган мулоҳазалар табибларни эмас, айнан врачларни ўйлантириб қўймоғи керак. Ҳақиқатан ҳам, кўп ҳолларда, врач беморнинг сўзини охиригача тингламайди. Бунга сабаб қилиб, ташқарида кутиб турган беморларни ва вақти зиқлигини рўкач қилади. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳозир ёнингизга кирган бемор ташқарида кутиб ўтирган беморларнинг ёки вақтингиз озлигининг қурбони бўлмаслиги керак. Бу бемор сиздан шифо излаб келганлигини унутмаслик керак. Беморнинг дардини охиригача эшитиш зарур. Тўғри, баъзан бемор бир оз гапирганидан сўнг унинг дарди докторга аён бўлиб қолиши мумкин. Бироқ бемор ҳали дардини охиригача айтиб бўлгани йўқ. У ўзини безовта қилаётган барча шикоятларини докторга айтиб бермаса, кўнгли жойига тушмайди. Гап шундаки, бемор дардини қанча тўкиб солса, шунча енгиллашади. Буни психонализда катарсис, яъни руҳий покланиш деб аташади. Беморнинг узундан-узоқ сўзлари докто
рга ташхис қўйиш учунгина эмас, балки унинг дардини енгиллаштириш учун ҳам керак. Демак, врач беморни эшитаётиб нафақат унинг касалини аниқлайди, балки даволайди ҳам! Тўғри, бемор касаллигига тааллуқли бўлмаган маълумотларни кўп сўзлаши, докторнинг вақтини беҳуда ўғирлаши мумкин. Бундай пайтларда, беморга касаллигига доир қўшимча саволлар бериб, уни тўғри йўлга йўналтириш лозим.
Айниқса, неврозга чалинган бемор кўп сўзлашни, шикоятларини ранг-баранг қилиб айтишни хуш кўради, замонавий аппаратларда текширувлардан ўтишни хоҳлайди. Булар шарт бўлмаса-да, беморнинг имкониятига қараб, унинг илтимосини бажариш керак ёки бир-иккита текширувлар ўтказилгандан сўнг “Буларнинг хулосаси яхши чиқди, қолган текширувлар энди шарт эмас” деб уни тинчлантириш лозим.
Мен вазиятни тўлақонли қилиб ёритганим сабаби, нейропсихолог сифатида беморлардан сабр тоқатли бўлишни сўрардим. Сизни дарддан халос қилиш 
учун бутун вужудини бериб даволаётган врачларни ҳурмат қилинг ва даволаш жараёнига сабр тоқатли бўлинг демоқчиман, холос.
Яна энг катта муаммо шундаки, аксарият беморлар врачлар тавсиясига ёки телевизорда докторлар томонидан берилаётган маслаҳатларга қулоқ тутмай, тиббий ёрдамга ўз вақтида мурожаат қилишмайди ва ўз ҳаётларини хавф остига солиб қўйишади. Касалликни ўтказиб юбориб, врачга мурожаат қилишади. Менинг ўзим бундай ҳолатларнинг жуда кўп гувоҳи бўлганман. Бор йўғи уч ой олдин врачга мурожаат қилса, оёғидаги фалажликнинг олдини олса бўладиган бемор бугун бораман, эрта бораман деб вақтни ўтказиб юради ва бир кун келиб ногиронлик аравачасига михланиб қолади. Бу жуда ачинарли ҳол! 
 Савол: Зарифбой Ражабович! Врач хатоси ҳақида нима дейсиз? У хатога йўл қўйиши мумкинми? Агар врач хатога йўл қўйса, у албатта жазога тортилиши керакми? “Бемор доимо ҳақ” деган нақл тўғрими? 
  Жавоб: Врач хатога йўл қўйиши мумкин. Чунки у ҳам инсон, ҳар бир касб эгаси каби у ҳам хатога йўл қўяди. “Бемор доимо ҳақ” деган нақл эса нотўғри. Ҳақлиги исбот қилинган одам ҳақ! Биласизми, ҳамма гап ўша хатонинг олдини олишда ёки уни тезроқ бартараф этишда, унинг оғир асоратлар билан тугашига йўл қўймасликда. Бошқа касб эгаларига қараганда халқ орасида врач хатосининг кўп муҳокама қилинишига асосий сабаб – гап инсон ҳаёти ҳақида кетаётганлигида. Биз врачлар, албатта, бу масъулиятни ҳис қилиб яшаймиз. Тўғри, врачнинг ҳар бир хатоси орқасида беморнинг ҳаёти ётади. Бу хато сабабли кимдир отасидан, кимдир онаизоридан, кимдир суюкли ёридан ёки фарзандидан жудо бўлиши мумкин. Врач хатосининг сабабларини 2 гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси, врачнинг саводсизлиги бўлса, иккинчиси, унинг чарчаганлигидадир. Хўш, врач хатосини қандай аниқлаш мумкин? У саводсизлигидан хато қилдими ёки чарчаганлигидан? Иккала ҳолатда ҳам жазо бир хил бўлиши керакми?
Афсуски, илмсизлик оқибатида врачлар орасида хатолар кўп учраб туради. Лекин баъзан тажрибали врач ҳам хатога йўл қўяди. Номи чиққан тажрибали врачга кўринишни орзу қиладиганлар сони жуда кўп. Шундай ҳолатлар бўладики, бир кунда кўринадиган беморлар сони 30 нафардан ошиб кетади. Тажрибали врачга уйда ҳам, ишда ҳам, меҳмондорчиликда ҳам, ҳаттоки дам олиш сафарида ҳам тинчлик йўқ. Албатта, бундай пайтларда унинг ҳам хато қилмаслигига ким кафолат беради! Беморга “Йўқ, мен чарчадим” дея олмайди. “Ҳозир сизни кўра олмайман” деса, врач этикасига тўғри келмайди. “Кўриб қўяман” деса, врач ҳам руҳан, ҳам жисмонан чарчаган. Шуни унутмаслик керакки, руҳий чарчаш кўп хатоликларга сабабчи бўлади! Бунинг устига, тўғри келган жойда беморни кўриб бўлмайди. “Илтимос, доктор, менга беш дақиқа вақт ажратинг” деб врачни ҳол-жонига қўймайдиган бемор ўз ҳаётини хавф остига қўяди. Беморни кўриш учун врач ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр бўлиши керак. 
Врач доимо изланишда ва ўрганишда бўлиши лозим. Бешикдан қабргача илм изла деб бекорга айтилмаган. Ўқимай, бир жойда тўхтаб қолган врач худди кўлмак сувни эслатади. Унинг ёнига ҳеч қайси жонзот яқинлашмайди, чунки бу сувдан истеъмол қилса ўлади. Шифокор доимо илм олишга интилиши керак, чунки тиббиёт доимо ривожланиб борувчи фан.



Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича