ВЕСТИБУЛЯР АНАЛИЗАТОР


 Вестибуляр анализатор маркази (20 – 21-майдонлар) ўрта ва пастки чакка пушталарда жойлашган. Ҳидлов ва таъм билиш анализатори филогенетик нуқтаи назардан миянинг энг кекса қисмлари – uncus ва аммон шохида (11-майдонлар) жойлашган. Таъм билиш учун шунингдек, g. postcentralis нинг энг пастки қисми (43-майдон) ва оролча (uncus) жавоб беради. Вернике маркази оғзаки нутқни тушуниш ва хотирада сақлашни таъминлайди. G.temporalis  superior нинг ўрта қисмида (22-майдон) мусиқал товушларни англаш маркази жойлашган.
   Эшитув агнозиялари. Эшитув анализаторининг бирламчи майдони, яъни 41-майдон зарарланса, марказий карлик ривожланмайди, чунки эшитув аппаратидан келаётган сигналлар иккала ярим шарда ҳам қабул қилинади. Бемор товушларнинг баланд-пастлигини эшитади, бироқ товуш нимага тааллуқли (сув шилдираши, қўнғироқ жиринглаши, эшиқ ғичирлаши) эканлигини англамайди. Агар сувни шириллатиб оқизиб қўйиб, бемордан бу ниманинг товуши деб сўралса, бу сувнинг товуши эканлигини айта олмайди. 
         Шу ерда эшитув анализаторининг ўзига хос хусусиятини айтиб ўтиш жоиз. Нейропсихологияда нутқ товушлари ва нутққа алоқадор бўлмаган товушлар фарқланади.
      1)    Нутқ товушларини анализ ва синтез қилиш – ҳарфлар, сўзлар ва иборалар билан боғлиқ товушлар бўлиб, улар асосида инсон ўзининг ва ўзгалар нутқини таҳлил қилади. Бунга чап чакка бўлаги жавобгар.
     2)    Нутққа алоқадор бўлмаган (турли шовқинлар ва мусиқали товушлар) – атроф-муҳитдаги ва инсон нутқига алоқадор бўлмаган товушлар. Бунга ўнг чакка бўлаги жавобгар.
        Чап ва ўнг чакка бўлаклари зарарланганда бир-биридан фарқ қилувчи симптомлар ривожланади. Чап чакка бўлаги зарарланганда нутқ товушларини анализ ва синтез қилиш бузилади, нутққа алоқадор бўлмаган (шовқин ва мусиқа) товушларни таҳлил қилиш эса ўнг чакка бўлаги зарарланганда издан чиқади. Чакка бўлаги зарарланган беморлар товушлар турини ҳам, сонини ҳам фарқлаб айтиб бера олмайди. Бу ҳолатни А.Р. Лурия аритмия деб атаган. Чап чакка бўлаги зарарланганда сенсор афазия (акустик-гностик афазия), ўнг чакка бўлаги зарарланганда амузия кузатилади. Сенсор афазия негизида фонематик эшитув бузилиши ётади. Фонематик эшитув – бу нутқ товушларини фарқлай олишдир. Сенсор афазиянинг асосий белгиси – бу нутқни тушунмаслик. Сенсор афазияда бемор ўз фикрини турли хил  мимик ҳаракатлар билан ифодалашга уринади. Кўп сўзлайди (логоррея). 
    Амузия – мусиқал товушларни англай олмаслик, билмаслик. Ушбу синдром ўнг чакка бўлаги зарарланиши учун хос.
   Акустик-мнестик афазия – нутққа алоқадор бўлган сўзлар ва ибораларни эслаб қолиш бузилиши сабабли ривожланган афазия. Чунки ҳар қандай нутқ хотирада сақлаб қолинган сўзлар асосида тузилади. Бундай беморларда ушбу хотира жараёни издан чиққанлиги боис беморда афазия ривожланади. Бундай афазия чап чакка бўлагининг медиобазал қисми зарарланганда пайдо бўлади. 
     Эмоционал бузилишлар. Чакка бўлагининг медиобазал қисми лимбик системани ташкил қилувчи тузилмалар таркибига киради. Лимбик система эса эмоционал реакциялар учун масъул. Шу боис ҳам чакка бўлагининг медиобазал тузилмалари зарарланса, турли тоифадаги эмоционал бузилишлар ривожланади. Булар – қўрқув, хавотир, депрессия, баъзида эйфория, кардиофобия ва бошқа вегетовисцерал пароксизмлар. 

Манба:  © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси   
               © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича