Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Вегетатив нерв системаси

Вегетатив нерв системаси


Анатомияси ва топографияси. ВНС функционал жиҳатдан симпатик ва парасимпатик нерв системаларига, топографик жиҳатдан марказий ва периферик қисмларга ажратилади.
    ВНС нинг марказий қисми қуйидаги бўлимлардан иборат: 
  1. Мезенцефал – ўрта мияда жойлашган иккита парасимпатик ядро. Булар III нервнинг жуфт (Эдингер-Вестфал) ва тоқ (Перлиа) ядролари; 
  2. Бульбар – кўприкда ва узунчоқ мияда жойлашган учта парасимпатик ядро. Булар: 1) nucleus salivatorius superior (VII нерв); 2) nucleus salivatorius inferior (IX нерв); 3) nucleus dorsalis (X нерв).
  3.  Тораколюмбал – C8, Th1-Th12, L1-L2 спинал сегментларнинг ён шохларида жойлашган  симпатик ядролар;
  4. Сакрал – S2-S4 спинал сегментларнинг ён шохларида жойлашган парасимпатик ядролар.
Демак, симпатик нерв системасига мансуб ядролар фақат тораколюмбал сегментларда, парасимпатик нерв системасига мансуб ядролар эса бош миянинг мезенцефал, бульбар ва орқа миянинг сакрал қисмларида жойлашган.
Симпатик нерв системаси ҳам, парасимпатик нерв системаси ҳам икки нейронли тузилишга эга. Биринчи нейрон МНС да, яъни бош мия ва орқа мияда ётади ва унга преганглионар нейрон дейилади. Иккинчи нейрон периферик вегетатив тугунларда (шу жумладан, truncus sympathicus дажойлашади ва унга постганглионар нейрон деб айтилади. Преганглионар толалар миелин парда билан қопланган ва шу боис оқ рангга эга.  Постганглионар толалар эса миелин парда билан қопланмаган ва шу боис кулранг тусга эга. 
       ВНС нинг периферик қисмига вегетатив тугунлар, нервлар, симпатик поя (truncus sympathicus), вегетатив чигаллар ва уларнинг периферик толалари киради.
Симпатик нерв системаси
Юқорида қайд қилинганидек, симпатик нерв системасининг марказий ва периферик қисмлари фарқ қилинади.  
      А. Симпатик нерв системасининг марказий қисми
Симпатик нерв системасининг марказий қисми С8, Th1-Th12, L1-L2 спинал сегментларнинг ён шохларида жойлашган. Булар барчаси биргаликда симпатик марказ ёки тораколюмбал система деб айтилади.   
     В. Симпатик нерв системасининг периферик қисми
Симпатик нерв системасининг периферик қисми чап ва ўнг томондаги симпатик поя (truncus sympathicus), ундан чиқувчи нервлар, ички аъзолар ёнида ва ичида ётган симпатик тугунлардан иборат. Ҳар бир симпатик поя вегетатив тугунлардан (ganglia trunci sympathici) ташкил топган бўлиб, улар тугунлараро тармоклар (rr. interganglionares) билан ўзаро боғланган. 
Симпатик поялар умуртқа поғонасининг иккала ён томони, яъни паравертебрал йўналиш бўйлаб жойлашган. Бир-бирига симметрик равишда жойлашган симпатик пояларнинг устки қисми биринчи бўйин умуртқаси (atlas), пастки қисми дум суяги (os coccygis) соҳасига тўғри келади. 

Ҳар бир симпатик поя 4 қисмдан иборат: 
  1. бўйин – 3 та тугун (ganglia cervicalia);
  2. кўкрак – 9–12 та тугун (ganglia thoracica);
  3. бел – 4–5 та тугун (ganglia lumbalia);
  4. думғаза  – 4 та тугун (ganglia sacralia)
Чап ва ўнг томондаги симпатик поянинг энг пастки қисми тос ичида ўзаро бирлашиб тоқ тугунни (ganglion impar) ҳосил қилади. Ganglion impar топографияси дум суяги олдига тўғри келади. 
Кўзнинг симпатик иннервацияси. Кўзнинг симпатик иннервацияси С8-Th1 спинал сегментларнинг ён шохлари билан боғлиқ. Бунга цилиоспинал марказ дейилади. 
Ушбу марказда 1-нейрон танасии ётади. Уларнинг аксонлари юқори бўйин тугунида (ganglion cervicale superius) тўхтайди. Унда 2-нейрон танаси ётади. Унинг постганглионар толалари кўз косаси ичига кириб ganglion ciliare да тўхтайди. Цилиар тугунда 3-нейрон танаси жойлашган бўлиб, унинг аксонлари қорачиқни кенгайтирувчи мускулга (m. dilatator pupillae) боради. 
Симптомлари. Кўзни иннервация қилувчи симпатик ядро ва йўллар зарарланса, Клод Бернар-Горнер синдроми ривожланади. Унинг симптомлари қуйидагилар: 1) m. dilatator pupillae фалажланиши ҳисобига миоз; 2) m. tarsalis superior зарарланиши ҳисобига кўз ёриғи торайиши (птоз); 3) m. orbitalis фалажланиши ҳисобига кўз олмаси ўтириши (чўкиши) энофталм. 

Парасимпатик нерв системаси
Парасимпатик нерв системаси ҳам марказий ва периферик қисмлардан иборат. Марказий қисми мезенцефал, бульбар ва сакрал қисмларга ажратилади. Периферик қисми эса преганглионар ва постганглионар парасимпатик толалар, вегетатив тугунлар, чигаллар ва унинг тармоқларидан иборат.  Симпатик нерв системаси таркибига кирувчи вегетатив тугунлардан фарқли ўлароқ, парасимпатик нерв системаси таркибига кирувчи вегетатив тугунлар иннервация қилинувчи аъзоларга яқин жойлашган.
III нервнинг парасимпатик қисми. Мезенцефал соҳада ётган парасимпатик ядролардан иборат бўлиб, улар қорачиқни торайтирувчи ва аккомодиацияга масъул киприк мускулини  иннервация қилади. 
Кўзнинг парасимпатик иннервацияси. Эдингер-Вестфал ва Перлиа ядроларидан бошланган толалар fissura orbitalis superior орқали кўз косаси ичига кириб цилиар тугунга (ganglion ciliare) боради. Цилиар тугундан бошланган постганглионар толалар кўз олмаси ичига кириб қуйидаги иккита юмшоқ мускулга боради: Эдингер-Вестфал ядросидан келаётган толалар қорачиқни торайтирувчи мускул (m.sphincter pupillae), Перлиа ядросидан келаётган толалар аккомодация функциясини таъминловчи киприк мускулини (m.ciliaris) иннервация қилади.
Эслатиб ўтамиз, қорачиқ рефлектор ёйининг афферент қисми II нерв таркибида ўтса, эфферент қисми III нерв таркибида ўтади. Бунда Эдингер-Вестфал ядроси билан боғлиқ йўллар қорачиқ рефлектор ёйининг эфферент қисми ҳисобланади. Эфферент йўллар орқали ўтувчи мотор импульслар m.sphincter pupillae томон йўналади. 
Симптомлари. Қорачиқни торайтирувчи мускул фалажланиши ва симпатик иннервация олувчи m. dilatator pupillae функцияси кучайиши ҳисобига ўчоқ томонда мидриаз ривожланади. Қорачиқ рефлектор ёйининг эфферент қисми издан чиққанлиги боис, ўша томонда қорачиқ фотореакцияси сўнади. Киприк мускули фалажланиши ҳисобига, аккомодация функцияси издан чиқади. 
VII нервнинг (аниқроғи n. intermedius, XIII нерв) парасимпатик қисми. Кўприкда жойлашган юқори сўлак ажратувчи ядродан (nucleus salivatorius superior) иборат. 
IX нервнинг парасимпатик қисми. Узунчоқ мияда ётган n. glossopharyngeus нинг пастки сўлак ажратувчи ядросидан (nucl. salivatorius inferior) преганглионар толалар бошланади ва қулоқ олди сўлак безларини иннервация қилади.
Х нервнинг парасимпатик қисми.  Nucl. dorsalis nervi vagi дан бошланган преганглионар толалар Х нерв таркибида бош, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғида жойлашган парасимпатик тугунларга боради. Улардан бошланган постганглионар толалар юрак мускуллари, қон томирлар ва ички аъзоларнинг юмшоқ  мускулларини иннервация қилади. 
Парасимпатик нерв системасининг думғаза қисми. Таъкидлаб ўтганимиздек, S2-S4 спинал сегментларнинг ён шохларида жойлашган. Унинг аксонлари преганглионар толаларни ташкил қилади ва олдинги спинал илдизчалар таркибида орқа мияни тарк этади. Сўнгра бу толалар тоснинг ички аъзолари нервлари (nn. splanchnici pelvini) сифатида  сигмасимон ичак, тўғри ичак ва қовуқни иннервация қилади.
Вегетатив нерв системаси функцияси
Симпатик ва парасимпатик нерв системаси функцияси бир-бирига қарама-қарши фаолиятдан иборат (12.1-жадвал).

12.1-жадвал. Симпатик ва парасимпатик нерв системаси функциялари 
Ички аъзолар
Симпатик нерв системаси қўзғалиши
Парасимпатик нерв системаси қўзғалиши
Қорачиқлар
Кенгаяди
Тораяди
Юрак уришлари 
Тезлашади 
Сустлашади 
АҚБ 
Ошади 
Пасаяди 
Қон томирлар 
Тораяди 
Кенгаяди 
Бронхлар 
Кенгаяди 
Тораяди
Безлар секрецияси 
Сустлашади 
Кучаяди 
Ичаклар перисталтикаси
Сустлашади 
Тезлашади 
Қовуқ мускуллари 
Қисқаради 
Бўшашади 
Тўғри ичак сфинктери
Қисқаради 
Бўшашади 

Айтиш жоизки, теридаги умумий сезгининг сегментар иннервацияси, симпатик иннервация билан мос келмайди. Буни билиш топографик ташхис қўйишда ёрдам беради (12.2-жадвал).
Тана соҳалари
Сегментар иннервация
Умумий сезги
Симпатик иннервация
Бош ва бўйин
C– C3
C–Th3
Қўллар 
C– Th2
Th–Th7
Тана 
Th3 – Th12
Th– Th14
Оёқлар 
L– S2
Th14 – L2
12.2-жадвал. Терида умумий сезги ва симпатик иннервацияси топографияси.Терлаш патологияси. Маълумки терлаш жараёни жуда кўп физиологик ва патологик ҳолатларда ўзгариб туради. Тер безлари ташқи таъсиротларга ва ички касалликларга жуда сезгир. Терлаш бузилишининг энг асосий симптомлари – булар гипергидроз ва ангидроз. 
Гипергидроз локал ва умумий бўлиши мумкин. Локал гипергидроз кўпинча идиопатик ҳусусиятга эга бўлиб, кафт, бош ва қўлтиғостида кўп учрайди. Ўсмирлик ёшида бошланган бундай терлаш, одатда ёш ўтган сайин камайиб боради.
Ангидроз, яъни терлашнинг йўқолиши, асосан, симпатэктомиялар сабабли рўй беради. Масалан, бундай операциялар Рейно касаллигида ўтказилади. Кафтлар ва қўлтиғости терлашидан азият чекадиганлар симпатэктомия операциясига мурожаат қилишади.
pastedGraphic.png 
Захарин-Хэд соҳалари. Ички аъзоларда кузатиладиган оғриқлар симпатик ва парасимпатик йўллар орқали вегетатив марказларга йўналтирилади. Шунингдек, бундай оғриқлар ички аъзо жойлашган проекцияда эмас, балки ундан чеккароқларда акс этади. Теридаги бу жойларга Захарин-Хэд соҳалари деб айтилади (14.10-расм).
    Юқоридаги, яъни 12.3-жадвалда кўрсатиб ўтганимиздек, умумий сегментар сезги билан вегетатив (симпатик) сези иннервацияси аксарият ҳолларда бир-бирига мос келмайди. Нафақат неврология амалиётида, балки ички касалликлар, шу жумладан психосоматик касалликларда Захарин-Хэд соҳаларини билиш катта диагностик аҳамият касб этади.

    Вегетатив функцияларни текшириш 
Аксарият неврологик ва соматик касалликлар ВНС дисфункцияси билан кечади. Текшириладиган вегетатив функциялар қуйидаги жадвалда келтирилган (12.3-жадвал).

Вегетатив функциялар ва синамалар
  • Кўз ёриғи ва қорачиқлар ҳолати
  • Тери эластиклиги ва трофикаси
  • Шиллиқ қаватлар ҳолати ва трофикаси
  • Соч ва тирноқлар ҳолати
  • Маҳаллий ва рефлектор дермографизм
  • Пиломотор рефлекслар
  • Тер ажралиши
  • Сўлак ажралиши
  • Клиностатик синама
  • Ортостатик синама
  • Юрак-қон томир, нафас олиш, ошқозон-ичак, сийдик ажратиш ва жинсий аъзолар дисфункциялари ҳам ўрганилади.


Вегетатив бузилишлар. Кўп терлаш (гипергидроз) ёки кам терлаш (гипогидроз), сўлак ажралиши кучайиши (гиперсаливация), оғиз қуриши (гипосаливация), кўз қуриши (ксерофталмия), нафас ритми бузилиши (брадипноэ, тахипноэ), юрак ритми бузилишлари (тахикардия, брадикардия, аритмия), юрак санчиши, синкопал ҳолатлар, юз ва тананинг қизиб кетиши, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, ич бузилишлари (қабзият, диарея, метеоризм), тез-тез сийиш (поллакурия), либидо сусайиши, ҳайз цикли бузилиши, семириш ёки озиб кетиш, қон босимнинг «ўйнаб туриши», оёқ-қўллар совуқ қотиб музлаб юриши, турли периферик шишлар пайдо бўлиши, уйқу бузилишлари (кўп ухлаш ёки ухлай олмаслик), тана ҳарорати кўтарилиши (ҳеч қандай инфекцион омилларсиз), қўлларда титроқлар, фобия ва хавотир каби симптомлар вегетатив марказлар дисфункцияси ҳисобига ивожланади. Ушбу симптомларнинг қай тарзда намоён бўлиши симпатик ёки парасимпатик вегетатив марказларнинг устуворлигига боғлиқ. 
Албатта акроцианоз, ангионевротик шиш, Горнер синдроми (птоз, миоз, энофталм), трофик ўзгаришлар ва дермографизм бор-йўқлигига эътибор қаратилади. Вегетатив синамалардан Даньини-Ашнернинг кўз-юрак рефлекси ва ортоклиностатик синамалар ўтказилади.
Даньин-Ашнернинг кўз-юрак рефлекси. Синалувчи горизонтал ҳолатда ётқизилади. Унинг кўз олмаларига иккала бармоқ билан 20-30 сония мобайнида секин-аста сезиларли даражада босиб турилади (12.6-расм)
pastedGraphic_1.pngНормада пульс бир дақиқага 8-9 та уришга камаяди. Масалан, томир уриши 80 бўлса, у 70 га тушади. Бундай пайтда ушбу рефлекс мусбат ҳисобланади. 
12.6-расм. Даньин-Ашнер рефлексини текшириш усули





Парасимпатик тонус устуворлигида, яъни ваготоникда пульс 16-20 уришга камаяди, симпатик тонус устуворлигида пульс ўзгармасдан қолади ёки бироз тезлашади. Агар ушбу синамада пульс тезлиги ўзгармаса, рефлекс манфий деб ёзилади.
Соляр рефлекс. Синалувчи горизонтал ҳолатда ётқизилади (12.7-расм).
pastedGraphic_2.pngСўнгра қуёш чигалига расмда кўрсатилганидек иккала қўл билан 20-30 сония мобайнида босиб турилади. Нормада АҚБ бироз пасаяди ва пульс  5-9 уришга камаяди.

12.7-расм. Соляр рефлексни текшириш усули


Клиностатик синама. Синалувчи 5 дақиқа мобайнида тик ҳолатда туради. Бу пайтда у тинч ҳолатга мослашиб олади ва унинг пульси саналади. Сўнгра унга горизонтал ҳолатгда ётқизилади ва 15 сония мобайнида томир уриши саналади. Соғлом одамда пульс 8-12 уришга  камаяди. Одам вертикал ҳолатдан горизонтал ҳолатга ўтганда ВНС нинг парасимпатик қисми фаоллашади ва пульс камаяд. Масалан, вертикал ҳолатда турган синалувчининг томир уриши 90 бўлса, горизонтал ҳолатга ётизилса, унинг пульси 78-80 га тушади. Бу соғлом одамда кузатиладиган нормал ҳолат. Вегетатив лабилликда пульс 12-15 дан ошиқ тушиб кетади.
Ортостатик синама. Горизонтал ҳолатда ётган синалувчининг пульси ўлчанади. Сўнгра ундан вертикал ҳолатга ўтиш сўралади. Нормада пульс 12-16 уришга тезлашади. Томир уриши бир дақиқага 16-18 дан ошиб кетса, демак синалувчида симпатик қўзғалувчанлик кучли. Бу патологик ҳолат. Демак, ортостатик синама ВНС нинг симпатик қисми қўзғалувчанлигини баҳолайди.
Маҳаллий дермографизм. Ташқи таъсиротларга жавобан тери ранги ўзгаришига дермографизм дейилади. Маҳаллий дермографизм терини ўтмас нарса билан чизиб чақирилади. Бир неча сониядан сўнг чизилган жойда оқимтир ёки қизил доғ пайдо бўлади (12.8 (а)-расм). Симпатик тонус устуворлик қилувчиларда чизилган жой оқариб, ваготоникларда қизариб қолади. Бу синамани билак, кўкрак соҳаси ёки иккала курак орасида текшириш мумкин. ВНС нинг кучли дисфункциясида чизилган жой қизариб бўртиб қолади.
pastedGraphic_3.png       а
pastedGraphic_4.png                                        б
12.8 (а)-расм. Маҳаллий дермографизм. Болғачанинг ўтмас учи билан чизилгандан қолган из.
12.8 (б)-расм. Рефлектор дермографизм. Тўғноғичнинг ўткир учи билан чизилгандан қолган из.

Рефлектор дермографизм. Тўғноғичнинг ўткир учи билан терига чизиб чақирилади. Бунга жавобан бироз кенгайган қизил чизиқ пайдо бўлади ((12.8 (б)-расм). Тўғноғични кучли босиш тавсия этилмайди! Рефлектор дермографизмни текшириш орқали спинал вегетатив тузилмалар ҳолати ўрганилади. Периферик капиллярлар кенгайиши учун жавоб берадиган спинал вегетатив марказларнинг органик зарарланишларида рефлектор дермографизм чақирилмайди. Кучли вегетатив дисфункцияларда чизилган жой ортиқча қизариб бўртиб қолади ва узоқ сақланади.
Пиломотор рефлекс. Терининг маълум бир жойига (масалан, елкага) эфир ёки совуқ сув сепилади. Бунга жавобан ғоз терисига ўхшаш ҳолат пайдо бўлади. Бу рефлексни терини чимчиллаб ҳам чақириш мумкин. Пиломотор рефлекс қаттиқ қўрққанда ва совуқ қотганда ҳам чақирилади. Бу рефлекс спинал рефлекслар сирасига киради. Шу боис орқа мия касалликларида ушбу рефлекс сустлашади ёки сўнади.
pastedGraphic_5.pngМанба:  © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси
               © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича