Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ГИПЕРВЕНТИЛЯЦИОН СИНДРОМ

ГИПЕРВЕНТИЛЯЦИОН СИНДРОМ


Гипервентиляцион синдром (ГВС) – нафас олиш ритмининг бузилиши билан намоён бўлувчи психовегетатив бузилишлар мажмуаси.
Тарихи. «Гипервентиляцион синдром» атамасини 1871-йили дастлаб америкалик врач Д. К. Жакоб (Да Коста Жакоб, 1833–1900) қўллаган. У тез-тез нафас олиш билан кечадиган невротик бузилишларни фуқаролар урушида иштирок этаётган аскарлар орасида кузатган. Ушбу урушда ўзи ҳам иштирок этган врач бу ҳолатни «гипервентиляцион синдром» деб атайди. Д. К. Жакоб ГВС келиб чиқишида психологик омилларга катта урғу беради. Нафас олишнинг функционал бузилиши билан намоён бўладиган ҳар қандай невротик ҳолатлар “гипервентиляцион синдром” деб атала бошланди. Кейинчалик бу синдромнинг турли синонимлари пайдо бўлди: “нейрореспиратор синдром», “нафас неврози”, “психовегетатив синдром”, “невроген астма” «респиратор синдром», «идиопатик гипервентиляция», «нейрореспиратор синдром» ва ҳ.к. Аммо бу атамалар врачлар эътиборини қозонмади. 1918-йили Д. Левис ГВС ва шунга ўхшаш ҳолатларни номлаш учун «нейроциркулятор дистония» атамасини таклиф этди. Бу атама терапевтлар ва неврологлар томонидан яқин кунларгача қўллаб келинди. Ўша даврдаёқ врачлар ГВС нафақат нафас олиш ритми бузилиши, балки бош айланиши, юрак беҳузур бўлиши, умумий ҳолсизлик, кўкрак қафасида оғриқ каби симптомлардан ҳам иборат бўлиши керак, деб ҳисоблашган.
Йиллар ўтган сайин мутахассислар ГВС га хос симптомлар сонини кўпайтириб боришди. 1930-йилдаёқ илмий адабиётларда ГВС нафақат психоэмоционал стресс, балки жисмоний зўриқишлар сабабли ҳам ривожланади, деган хулосалар пайдо бўлди. Иккинчи жаҳон уруши давридаёқ бу хулоса ўз тасдиғини топди. Чунки ўша пайтларда ГВС урушда қатнашаётган аскарлар орасида ҳам, фронт ортида оғир меҳнат билан шуғулланаётганлар орасида ҳам кўп учраган. Психоэмоционал стресс ва жисмоний зўриқишлар биргаликда намоён бўлса, ГВС тез ривожланади, деган ҳақли фикрлар пайдо бўлди.
Баъзи мутахассислар ГВС ни алоҳида ажратиб кўрсатиш шарт эмас, балки у истерик невроз ёки вегетатив дистонияда кўп учрайдиган клиник синдромлардан бири дейишади. Лекин аксарият мутахассислар нафас олиш ритмининг яққол бузилиши билан намоён бўладиган невротик ҳолатларни ГВС деб алоҳида ажратиш лозимлигини кўрсатиб ўтишган. Бугунги кунда ГВС нинг клиник симптомлари батафсил ўрганилган ва ташхис қўйиш алгоритми ишлаб чиқилган. ГВС аҳоли орасида қай даражада тарқалганлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Бунинг асосий сабабларидан бири ГВС-ташхисининг кам қўйилишидир. Бироқ Л. Лум (1987) фикрича, ГВС аҳоли орасида кўп тарқалган. У шундай деб ёзади: «Ҳар бир врач ҳафтасига бир маротаба бўлса-да, ГВС билан оғриган беморни учратади». Албатта, бу иборада бироз муболағага йўл қўйилган бўлса-да, ГВС аҳоли орасида кенг тарқалганлигига шубҳа йўқ. Гиподинамия, вақтнинг ўта тиғизлиги ва ўзига хос психоэмоционал зўриқишлар билан жадал ривожланаётган информацион технологиялар асрида ГВС нинг кўп учраши табиий. Шу боис ҳар бир врач, айниқса, УАШ бу синдромни мукаммал билиши керак. Неврологлар, нейропсихологлар, тиббий психологлар ва терапевтлар ГВС ни ўз амалиётида кўп кузатишади. Аммо бу синдромга ҳар доим ҳам урғу берилавермайди. ГВС турли ёшда учраса-да, унинг ёшлар ва аёллар орасида кўп учраши алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Этиологияси ва патогенези. ХХ асрнинг 80–90-йилларида ГВС психовегетатив синдромнинг ядросини ташкил қилади, дейилган. ГВС ни юзага келтирувчи асосий этиологик омиллар – булар ўткир психоэмоционал стресс, доимий хавотир ва депрессиядир. Айнан кучли психоэмоционал бузилишлар нафас олиш ритмини дарров издан чиқаради ва гипервентиляцион синдромни юзага келтиради. Чунки нафас олиш системаси, худди юрак-қон томир системаси каби ҳиссий қўзғалишларга ўта сезгир ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу синдром этиологиясида психоген омилларга катта урғу берилади. ГВС жуда кам ҳолларда соматик ва эндокрин касалликлар, метаболик бузилишлар ва интоксикациялар сабабли ривожланади.
ГВС қандай этиологияли бўлишидан қатъи назар, унинг патогенезида биокимёвий бузилишларга алоҳида эътибор берилади. Гипервентиляция сабабли организмдан СО2 ортиқча чиқа бошлайди ва, шу сабаб, алвеолаларда СО2 миқдори камаяди, гипокапния ва респиратор алкалоз ривожланади. Бунинг натижасида мия устунидаги вегетатив марказлар ортиқча қўзғалади ва нормал физиологик жараёнлар янада издан чиқади. Алкалоз, артериал қонда кислород миқдорининг камайиши ва мия устунидаги вегетатив марказлар фаолиятининг издан чиқиши бир-бирига боғлиқ бўлган занжирли реакцияни юзага келтиради. Бунинг оқибатида гипервентиляция, психоэмоционал бузилишлар (қўрқув, хавотир), вегетатив пароксизмлар (шу жумладан, ҳушдан кетиш), бош айланиш, кардиосенестопатия, миалгия ва парестезиялар ривожланади.
Клиникаси. Нафас олиш ритми бузилиши, қўрқув ва хавотир, бош айланиши, синкопал ҳолатлар ва тетаник спазмлар ГВС нинг асосий клиник симптомларидир. Нафас олиш бузилишлари нафас олишдан қониқмаслик, ҳаво (кислород) етишмаслиги, кўп эснаш, чуқур хўрсиниш каби белгилар билан намоён бўлади. Бемор ўпкасини ҳавога тўлдириш учун чуқур-чуқур нафас олиб қўяди ва бу одатий ҳолга айланади. Шунинг учун ҳам бу синдромнинг номида “гипервентиляция” сўзи акс этган. Бемор деярли ҳар доим ҳаво (кислород) етишмаётганидан шикоят қилади, ёқаси очиқ кийимлар кийиб юради, деразаларни очаверади. Агар бемор одамлар гавжум автобуслар, метро ва катта йиғилишлар ўтказиладиган залларга тушиб қолса, унинг нафас олиши янада қийинлашади, иложи борича тоза ҳавога чиқишга ҳаракат қилади. Шунингдек, психоэмоционал стресс (имтиҳон ёки одамлар олдида сўзга чиқиш) пайтида нафас бузилишлари кучаяди. Нафас етишмовчилигининг сурункали кўринишларида баъзан адашиб, бронхиал астма ташхиси ҳам қўйилади.
Аксарият беморларда бош айланиши (баъзида, бош оғриғи), кўп терлаш, юз ва оёқ-қўлларда парестезиялар, уйқу бузилиши, ҳушдан кетишлар, қўрқув ва хавотир каби симптомлар кўп кузатилади. Шу ерда синкопал бузилишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Улар енгил тарзда намоён бўлади: беморнинг кўз олди қоронғилашади, ҳолдан тойиб ўтириб қолади, боши айланиб, бироз ҳушдан кетади. Бу пайтда умумий ички титроқ вужудга келади ва беморни тер босади. Яққол ифодаланган синкопал ҳолатлар, одатда, қаттиқ стресс (уриш-жанжаллар) пайтида рўй беради. Баъзида врачлар бу ҳолатни истерияга йўйишади. Бироқ у навбатдаги гипервентиляцион пароксизм бўлиши мумкин. ГВС нафас олиш ритмининг бузилишидан ташқари яна бир қатор клиник симптомлар билан намоён бўлади.
Вегетатив марказлар дисфунксияси сабабли юрак-қон томир фаолияти ҳам бузилади. Юракнинг тез-тез уриши, “юракнинг бўғизга тиқилиб келиши”, юрак соҳасида увишиш, оғриқлар, кўкрак қафасининг сиқиши кўп кузатилади. АҚБ ўзгаришлари беморнинг қайси вегетатив типга киришига боғлиқ. Агар у ваготоник бўлса, АҚБ гипервентиляцион хуружлар пайтида тушиб кетади, симпатикотоник бўлса – АҚБ ошади.
ГВС клиникасида нерв-мушак қўзғалувчанлиги ошиши алоҳида ўрин тутади. Бунинг натижасида мускуллар спазми, яъни тетаниялар (юн. tetanos – мускулларнинг тоник титраши ва спазми) пайдо бўлади. Титроқ билан намоён бўлувчи тоник спазмлар кўпинча қўлларнинг дистал қисмида кузатилади. Тоник спазмлар ва титрашлар пайтида беморнинг қўл панжаси тортишиб, «акушер қўли» симптоми пайдо бўлади, оёқ панжаси ҳам тортишиб, ичкарига ва пастга букилиб қолади. Тоник спазмлар ва титрашлар юз мускулларида ҳам кузатилади. Хвостек ва Труссо симптомлари аниқланади. Мускулларнинг тоник спазми ва титрашлари гипервентиляцион пароксизмлар пайтида вужудга келади ёки кучаяди. Улар тинч пайтда кузатилмаслиги мумкин.
Гипервентиляцион синдромда ошқозон-ичак системасида ҳам турли хил функционал бузилишлар аниқланади: кекириш, дисфагия, оғиз қуриши, қорин соҳасида нохуш сезгилар ва оғриқлар, қабзият ва ҳ.к. Бемор ичаклар ғўриллашини сезиб туради, қорни, кўпинча дам бўлиб юради, иштаҳаси бузилади. Ҳаётий муҳим аъзолар дисфункцияси ва минераллар алмашинувининг бузилиши, яъни нормал физиологик жараёнларнинг издан чиқиши беморнинг умумий аҳволига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Умумий ҳолсизлик, тез чарчаб қолиш, жисмоний ва ҳиссий зўриқишларни талаб қиладиган ишларга беморнинг лаёқати сўнади.
ГВС да гипервентиляцион кризлар ёки пароксизмлар кўп учрайди. Гипервентиляцион кризларнинг пайдо бўлишига психоэмоционал стресс ва жисмоний зўриқишлар туртки бўлади. Бу пайтда тўсатдан беморнинг нафас олиши бузилади, ҳаво етишмай бўғилиб қолади, чуқур-чуқур нафас ола бошлайди. Беморни қўрқув ва ваҳима босиб, титрай бошлайди, юзи ва оёқ-қўл мускулларида тетаниялар пайдо бўлади, боши айланади, совуқ терга ботиб, синкопе ривожланади. Бу пайтда беморнинг қўл панжасига разм солинса, унда “акушер қўли”ни кузатиш мумкин. Локал тетаник спазмлар умумий титрашлар фонида намоён бўлади.
Гипервентиляцион кризни бартараф этиш учун беморга селофан қопча берилади. Бемор ушбу селофан қопчани икки қўли билан герметик тарзда ушлаб, унинг ичида нафас олиб-чиқара бошлайди. Бунинг натижасида селофан ичидаги ҳавода СО2 миқдори ошади. Бемор ушбу селофандан нафас олиб-чиқаргач, алвеолаларда СО2 миқдори кўпаяди ва нафас алкалози барҳам топади. Бунинг натижасида криз белгилари ўтиб кетади. Бундай пайтда тўғри нафас олиш машқларини ўтказиш ҳам кризнинг тез ўтиб кетишига ёрдам беради.
Ташхис қўйиш. Гипервентиляцион синдром ташхиси, асосан, клиник симптомларга асосланиб қўйилади. Бу ерда беморнинг шикоятлари асосий ўрин тутади. ГВС нинг асосий клиник симптомлари 16.4-жадвалда акс эттирилган. Ташхис қўйишда ушбу жадвалдан фойдаланиш мумкин.
                                                                                                                 16.4-жадвал
            Гипервентиляцион синдромнинг диагностик белгилари
Респиратор бузилишлар
Тўлиқ ва равон нафас ола олмаслик, кислород етишмаслиги, нафас олишдан қониқмаслик, қуруқ йўтал, кўп эснаш, чуқур хўрсиниш
Нейровегетатив ва психоэмоционал бузилишлар
Бош айланиши, баъзида бош оғриши, синкопал ҳолатлар, қулоқ шанғиллаши ва битиб қолиши, кўп терлаш, қизиб ёки совиб кетиш, парестезиялар, қўрқув ва хавотир, дистимия, уйқу бузилиши
Тетаник синдром
Юз, қўл ва оёқлар мускулларида тоник спазмлар ва титрашлар, миалгиялар
Кардиоваскуляр бузилишлар    
Тахикардия, экстрасистолия, кардиалгия, АҚБ тушиб кетиши ёки кўтарилиши, кардиосенестопатия
Гастроентерологик бузилишлар
Дисфагия, оғиз қуриши, кекириш, аерофагия, эпигастрал соҳада ёқимсиз сезгилар, абдоминалгия, метеоризм, қабзият
Умумий белгилар    
Умумий ҳолсизлик, тез чарчаш, ички титроқлар, жисмоний меҳнатга лаёқатнинг сустлашиб кетиши


Нерв-мушак қўзғалувчанлиги ошганлигини кузатиш учун Хвостек ва Труссо симптомлари текширилади. Хвостек симптоми – юз нерви ўтадиган соҳаларга болғача билан уриб текширилади ва бунда юз мускуллари қисқариши пайдо бўлади. Бу симптом нормада кузатилмайди. У фақат нерв-мушак қўзғалувчанлиги ошганлигини кўрсатувчи патологик ҳолатларда пайдо бўлади. Масалан, гипокальциемия, гипомагниемия ва алкалозларда Хвостек симптоми чақирилади. Труссо симптоми эса қуйидагича текширилади: АҚБ ни ўлчашга мўлжалланган манжет қўлга (елкага) тақилади ва унга ҳаво юборилади. Елка мускуллари ва томирлари сиқилгандан сўнг қўл панжасида тоник спазм ва титрашлар пайдо бўлади. Труссо симптоми нормада кузатилмайди.
Яширин тетанияни текшириш мақсадида электромиография қўлланилади. ГВС да нерв-мушак ўтказувчанлиги ошишининг асосий сабаби – минерал алмашинувнинг бузилиши, яъни гипокапник алкалоз сабабли кальций, магний, калий ва хлоридлар миқдорининг камайиб кетиши. Гипервентиляция билан нерв-мушак қўзғалувчанлиги орасида бевосита боғлиқлик бор: гипервентиляция кучайган сайин нерв-мушак қўзғалувчанлиги оша боради.
Беморда ГВС борлигига ишонч ҳосил қилиш учун бу синдромни сунъий тарзда чақириш мумкин. Бунинг учун бемордан 3–5 дақиқа мобайнида чуқур-чуқур нафас олиб-чиқариш сўралади. Бу пайтда ГВС белгилари пайдо бўлади. Бунга гипервентиляцион синама деб айтилади.
Алвеоляр ҳавода СО2 миқдори ва қонда рН кўрсаткичини ўрганиш ҳам катта диагностик аҳамиятга эга. Бунда алкалоз белгилари аниқланади. Қонда кальций, магний, калий, натрий, хлор, РСО2, СО2 миқдори текширилади. Заруратга қараб бошқа лаборатор ва параклиник текширувлар ўтказилиши мумкин. Қиёсий ташхис, асосан, бронхиал ва юрак астмалари билан ўтказилади.
Даволаш. Даволаш комплекс тарзда олиб борилади. Бунда асосий урғу беморга психотерапевтик таъсир кўрсатиш, тўғри нафас олиш кўникмасини шакллантириш ва минераллар бузилишни бартараф этишга қаратилади.
Психотерапевтик даволаш усуллари. Беморнинг ҳаёт ва ишлаш тарзи тўлалигича ўрганилади. ГВС ривожланишига туртки бўлувчи асосий стресс омили психодиагностик усуллар ва тестлар ёрдамида аниқлаб олинади. Касаллик сабаби аниқлангач, психодинамик терапия ёрдамида ушбу бузилишлар коррекция қилинади. Психодинамик терапияни психоанализ усулларини чуқур биладиган мутахассис ўтказиши керак. Бу ерда хатога йўл қўйиш турли ятропатияларни юзага келтириши мумкин. Бемор соғлом турмуш тарзига ўргатилади, чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ман этилади. Баъзида ГВС ни юзага келтирган асосий сабаб бартараф қилинса, касаллик дарров орқага чекинади. Масалан, ўзига ёқмайдиган ишхонадан бўшади, эри ичкиликни ташлади, бетоб ётган боласи тузалиб кетди ва ҳ.к. Эрталаб ва кечқурун тоза ҳавода сайр қилиш, пиёда юриш каби енгил жисмоний машқларнинг фойдаси жуда катта. Аксарият ҳолларда бемор дори-дармонларсиз тузалиб кетади.
Фармакологик даволаш усуллари. Асосан, психотроп ва вегетотроп дорилар тавсия этилади. Бу дорилар қўрқув, хавотир ва депрессия аломатларини яхши бартараф этади. Айниқса, анксиолитиклар ўта самаралидир. Амитриптилин, пароксетин, флувоксамин, велаксин каби дорилардан фойдаланиш мумкин. Амитриптилин кунига 50–75 мг дан тавсия этилади. Унинг дастлабки кунлари намоён бўладиган седатив таъсири гипервентиляцияни бартараф этишда жуда самарали ҳисобланади. Агар дорининг ножўя таъсирлари (оғиз қуриши, тахикардия) беморни безовта қилса, у ҳолда флувоксамин кунига 50–100 мг, пароксетин 20–40 мг, сертралин 50–100 мг, велаксин 75 мг дан тавсия этилади. Антидепрессантлар билан даволаш, одатда, 2–4 ой мобайнида давом эттирилади. Агар бемор тез тузалиб кетса, бу дориларни узоқ вақт давомида беришга ҳожат йўқ.
Минераллар алмашинувини маромга келтириш ва нерв-мушак қўзғалувчанлигини пасайтириш мақсадида кальций ва магний препаратларини ичиш тавсия этилади. Бу мақсадда эргокальциферол (D2 витамини) кунига 20000–40000 ХБ, кальций глицерофосфат ва кальций глюконат каби дорилар 1–2 ой мобайнида ичишга буюрилади. Бемор таркибида кальций ва магний тузларини сақловчи ҳар қандай поливитаминларни (Магне В6) қабул қилиши мумкин. Магне В6 таркибида лактат магний ва пиридоксин бор. Магне В6 нерв марказлари қўзғалишини пасайтиради, мускулларда минераллар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Магне В6 ни 2 табл. кунига 3 маҳал ичиш тавсия этилади.
Прогноз. Деярли ҳар доим яхши.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича