Қаттиқ парда синуслари


Қаттиқ парданинг устки ва пастки қатламлари баъзи жойларда бир-биридан ажралиб узоқлашади. Бунинг натижасида бўшлиқлар ҳосил бўлади ва уларга қаттиқ парда синуслари  (sinus durae matris) дейилади. Синуслар ичида веноз қон тўпланиб оқади. Шу боис улар веноз синуслар деб ҳам аталади. Баъзи дарсликларда бош мия синуслари атамаси қўлланилади. 

Қаттиқ парда синуслари
  1. Юқори сагиттал синус (sinus sagittalis superior)falx cerebri нинг устки қирраси бўйлаб жойлашган. Энса томонга тушаётиб кўндаланг синусга қўшилиб кетади.
  2. Пастки сагиттал синус (sinus sagittalis inferior) – falx cerebri нинг пастки қирраси бўйлаб жойлашган ва тўғри синусга қўшилиб кетади.
  3. Тўғри синус (sinus rectus) – юқори ва пастки сагиттал синусларнинг орқа учларини қўшиб туради ва кўндаланг синусга очилади.
  4. Кўндаланг синус (sinus transversus) – мияча чодирининг орқа чеккаси бўйлаб жойлашган йўғон синус. Энса суягининг кўндаланг эгатида ётади. Чап ва ўнг томондаги кўндаланг синуслар энса суягининг ички бўртиғи (рrotuberantia occipitalis interna) соҳасида ўзаро бирлашади. 
  5. Сигмасимон синус (sinus sigmoideus) – иккала томондаги кўндаланг синусларнинг S-симон шаклда эгилиб пастга тушиб келаётган қисми. Чакка суягининг сигмасимон эгатида ётади. Бу синус foramen jugulare дан ўтгач ички бўйинтириқ вена (v. jugularis internus) номи билан давом этади. Агар пастдаги расмга эътибор қилсангиз, v. jugularis internus синусларда тўпланган веноз қонни калла суяги (cranium) ичидан олиб чиқиб кетувчи энг йирик вена эканлигига гувоҳ бўласиз (13.2-расм).
  6. Каверноз синус (sinus cavernosus) – калла суягининг пастки қисмида турк эгари чеккалари бўйлаб жойлашган. Бу синус бошқа синусларга қараганда катта клиник аҳамиятга эга. Чунки унинг ичида симпатик толалар билан ўралган a. carotis interna ётади. Шунингдек, бу синуснинг ташқи девори бўйлаб III, IV, VI нервлар ва V нервнинг 1-шохи (ramus ophthalmicus) ўтади. 
  7. Энса синуси (sinus occipitalis) – катта энса тешигининг ён томонларида жойлашган. Сигмасимон синусга қўшилиб кетади.
  8. Юқори тошсимон синус (sinus petrosus superior) – каверноз синусдан бошланувчи синус. Иккала томондаги чакка суягининг юқори тошсимон эгатида ётади ва кўндаланг синусга қўшилиб кетади.
  9. Пастки тошсимон синус (sinus petrosus inferior) – энса ва чакка суяклари бўйлаб ўтувчи пастки тошсимон эгатда ётади ва сигмасимон синусга қўшилиб кетади.
  10. Интеркавернал синус (sinus intercavernosi) – турк эгари атрофида иккала томондаги каверноз синусларни ўзаро бирлаштириб ёпиқ веноз айлана ҳосил қилувчи синус.


Манба:  © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси   
               © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича