Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЭНГ БУЮК ТАРБИЯЧИ – БУ ҲАЁТ!

ЭНГ БУЮК ТАРБИЯЧИ – БУ ҲАЁТ!


Савол: Зарифбой Ражабович, айтингчи, ота-оналар орасидаги низо ва келишмовчиликлар фарзандлар тарбиясига қандай таъсир кўрсатади?
Жавоб: Жуда жиддий таъсир кўрсатади. Мен бу ҳақда ўз китобларимда, ОАВга берган интервюларимда кўп бора гапирганман, ёзиб ўтганман. Ҳатто “Бебош бола синдроми” остида катта материал ҳам берганман. Ушбу материал “Асаб ва руҳият” номли китобимнинг барча нашрларида чоп қилинган. Айнан ота-оналар учун мўлжалланган ушбу мақолам бир нечта сайтларга ҳам қўйилган. Уни ёш ота-оналар ўқиб кўришларини илтимос қилган бўлар эдим. 
Савол: “Асаб ва руҳият” китобингиздан бир парча келтириб ўтсангиз, лоақал от-оналаримиз уни олиб ўқишса ва ўз фарзандларига бўлган муносабатларини ўзгартиришса.
     Жавоб: Албатта! Бир нечта тилларга таржима қилинган ушбу мисралар қадимда яшаб ўтган буюк мутафаккирга тегишли. “Болалар яшашни ҳаётдан ўрганадилар. Агар бола танқид қилинаверса, у нафратланишни ўрганади, бола адоватда яшаса, у тажовузкорликка ўрганади, масхара қилинса, у индамас, одамови бўлиб қолади, ҳадеб танқид қилинаверса, ўзини гуноҳкор ҳис қилиб ўсади. Агар бола сабр-тоқат, хотиржамлик билан ўстирилса, у бошқаларни тушунишни, қўллаб-қувватланса, у ўз кучига ишонишни ўрганади, мақталса, у миннатдор бўлмоқликни ўрганади. Агар бола виждонийлик ва ҳалолликда улғайса, у адолатли инсон бўлиб етишади, агар хавфсизликда яшаса, у инсонларга ишонишни ўрганади. 
Савол: Ҳозирда ўз фарзанди характеридан шикоят қилиб келувчилар кўпаймоқда? Буни ҳаммамиз сезаяпмиз ва билаяпмиз. Нейропсихолог сифатида айтингчи, асосан, қайси ёшдаги ўғли ёки қизидан арз қилиб келувчилар кўп? 
Жавоб: Бу борадаги фактлар жуда қизиқ. Гап шундаки, 12 ёшдан ошган ўғли ёки қизидан шикоят қилиб келувчи ота-оналар кўп. Ўша ота-оналарнинг шикояти деярли бир хил: “Буни бошқариб бўлмай қолди, ўз билганидан қолмайди, айтганингни қилмайди, инжиқ ва гапга кирмас бўлиб қолган”. Нега шундай? Бунинг жавоби диний китобларда ва сўнгра болалар психологиясига оид адабиётларда ёзилган: “Бола 12 ёшгача ота-онаси айтганини қилади, ундан кейин эса ўз билганидан қолмайди”. Мана шу мисраларни ҳар бир ёш ота-она, буви ва буважонлар ўз қалбига ёзиб қўйишсин. Қиссадан-ҳисса шуки, ҳар қандай болани 12 ёшгача қандай тарбияласанг, умрининг охиригача шу тарбия негизида шаклланади. 
Савол: Бунга бир илмий асос борми?
Жавоб: Ҳа бор! “Нега айнан 12 ёш” деб ўзим ҳам қизиқиб қолганман. Машҳур нейропсихолог Александр Лурия 1973 йили шундай деб ёзган эди: “Пешона бўлаги – инсон руҳий фаолиятини бошқарувчи, назорат қилувчи ва келажакка дастурлар тузувчи блок”. Менинг деярли барча илмий ишларим катта ёшдагилар нейропсихологиясига бағишланган. Болалар доктори бўлмасам-да, илк болалик давридан олий руҳий функциялар қандай ривожланишини қизиқиб ўрганганман. Бу ҳақда “Тиббиёт психологияси” дарслигимнинг “Асаб системаси филогенези ва онтогенези”, “Бола руҳияти шаклланишининг асосий босқичлари” деган қисмларида ёзганман. Энг қизиғи шундаки, айнан 12 ёшга келиб “Мен” онги учун масъул бўлган тузилма, яъни бош миянинг префронтал соҳаси (бу миянинг олдинги қисмида жойлашган) назоратни ўз қўлига олиб бошлайди ва болага: “Энди сени мен бошқараман” дейди. Демак, 12 ёшгача ва ундан кейинги даврда бола руҳияти ва хулқ-атвори билан боғлиқ ҳолатлар илмий томондан жуда яхши исбот қилинган. Шуни билингки, 12 ёшгача мия ҳужайраларига қандай информация ёзилса, ана шу ахборотни кейинчалик миядан ўчириш ўта қийин.
Савол: Ахир бу хавфли-ку?! Бола 10 ёшда ҳам бола, 40 ёшда ҳам бола ва тарбия эса бир зум ҳам тўхтамасин дейишади-ку. 
Жавоб: Тўғри! Бу хавфли ва биз турли хил тарбиянинг оқибатларини атрофимизда кўриб турибмиз. Барибир 10-12 ёшдан сўнг болани тарбиялаш жуда қийин ва болалар психологи ёрдами керак бўлади. Бу сир эмас. Баъзида 20 ёшар бола 20 йилдан буён ичадиган 40 ёшли отасига ўгит қилиб, ароқхўрликни ташлатади. Табиийки, ичкиликни ташлаган отанинг характери ҳам ўзгаради. Чунки мия тўғри ишлай бошлайди. Мен “Асаб ва руҳият” китобимда шундай бир ҳазиломуз афоризм берганман: “40 ёшгача отам боқади, 40 ёшдан сўнг болам”. 
Биз 10 ёки 40 ёш ҳақида сўз юритадиган бўлсак, баъзи 40 ёшга кирган “болага” 10 ёшда олмаган тарбияни беришга тўғри келади ёки уларни ҳаёт зарбаси тарбиялайди. Буюк мутафаккир Рудакий шундай деб ёзган эди: “Гар киши ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргата олмас ҳеч бир муаллим”. Халқимиз табиблар ҳақида сўз юритса, “Энг буюк табиб – бу табиат” дейишади. Шу ерда мен тарбия ҳақида сўз юритаётиб “Энг буюк тарбиячи – бу Ҳаёт” деган бўлар эдим. 


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича