Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ДЕПРЕССИЯНИНГ КЛИНИК ТУРЛАРИ

ДЕПРЕССИЯНИНГ КЛИНИК ТУРЛАРИ


Депрессиянинг баъзи клиник турлари билан танишиб чиқамиз.
      Кичик депрессия (субдепрессия, субклиник депрессия) – ўта енгил ифодаланган депрессия. Ундаги белгилар КХТ-10 даги F32.0 “Енгил депрессив эпизод”га тўғри келади (аввалги саҳифаларга қаранг). Кичик депрессияни психоген депрессия деб ҳам аташади.
       Униполяр депрессия – маниакал даврларсиз кечадиган депрессия.
       Атипик депрессия – депрессия учун хос бўлган типик симптомлар аниқланмайдиган депрессия. Кайфият тез-тез ўзгариб туриши, парадоксал ангедония (paradoxical anhedonia), безовталик, иштаҳаси очилиб кетиб, кўп овқатланиш (“кайфиятимни овқат еб кўтараман”) ва шу сабабли семириб кетиш, кўп ухлаш, оғир қадам ташлаш (“юрганда оёқларим оғир бўлиб қолади”) ва кўпчиликка қўшилиб кетиш қийинлиги билан намоён бўлади. Ушбу соматик симптомлар ва характерологик ўзгаришларга депрессиянинг бир тури сифатида қараб “атипик депрессия” атамаси киритилган. Боз устига, уларга антидепрессантлар яхши ёрдам беради. Бироқ аксарият мутахассислар бу терминни маъқуллашмайди.
       Ниқобланган депрессия (соматизациялашган депрессия) – руҳий бузилишга қараганда соматоформ бузилишнинг устунлиги билан намоён бўлувчи депрессия. Соматик бузилишлар ниқобида намоён бўлаётган ушбу депрессиянинг клиник симптомлари КХТ-10 бўйича “депрессив эпизодлар” клиникасига тўғри келади, бироқ психопатологик симптомлар суст ифодаланган бўлади. Депрессия билан касалланган беморларнинг аксарияти тиббий психолог ёки психиатрга эмас, балки УАВ ёки бошқа мутахассисларга мурожаат қилиб юришининг асосий сабаби ҳам умумий популяцияда ниқобланган депрессиянинг кўп учрашидир. Ниқобланган депрессия кўп ҳолларда узоқ давом этувчи моносимптомлар билан намоён бўлади. Масалан, доимий бош оғриқ, доимий кардиалгия, абдоминалгия, артралгия, цисталгия, невралгиялар. Ниқобланган депрессиянинг клиник кўринишлари ҳақида батафсил маълумот ушбу китобнинг “Психосоматик тиббиёт асослари” бобида ёритилган.
       Меланхолик депрессия – ҳеч нарсадан қониқмаслик, яъни ангедония ва кайфиятни кўтарувчи воқеалардан роҳатланиш ҳиссининг йўқлиги билан намоён бўлувчи депрессия. Бундай депрессия, асосан, меланхолик типдаги шахсларда учрайди. Уларнинг кайфияти доимо паст бўлиб, атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга қизиқишмайди, ақлий ва жисмоний меҳнат қилишга хоҳиш-истак ўта суст бўлади. Бундай тоифага кирувчилар эрталаб тушкун  кайфиятда уйғонишади, иштаҳаси бўлмайди ва юз-кўзидан ҳиссий карахтлик яққол сезилиб туради.  
       Инволюцион депрессия лотинчадан involutio – тескарига ривожланиш, орқага қараб кетиш деган маъноларни англатади. Психиатрлар инволюцион даврни аёллар учун 45-55 ёш, эркаклар учун 50-65 ёшдан сўнг бошланади, деб ҳисоблашади. Бироқ ЖССТ таснифига кўра, бу даврлар ўрта ёшга киритилган. Катта ёш – 60-75 ёш, кексалик даври – 75 – 89 ёш,  90 ёшдан ошганлар эса узоқ умр кўрувчилар тоифасига киритилади. Инволюцион депрессия эндокрин ва жинсий безлар атрофияси бошланиши билан боғлиқ депрессив бузилишлар мажмуаси бўлиб, доимий тушкун кайфият, қўрқув ва хавотир, ипохондрия, ҳаётга бўлган иштиёқ пасайиши, турли соматовегетатив бузилишлар ва ўз жонига қасд қилишга уринишлар билан кечади. Баъзан кучли психопатологик ўзгаришлар психоз даражасигача етади. Бундай ҳолатда инволюцион психоз ҳақида сўз боради. Бундай ҳолат, айниқса, жуфти ҳалолидан айрилганларда яққол намоён бўлади ёки кучаяди.
        Постнатал депрессия (туғруқдан кейинги депрессия) айниқса, боласи ўлик туғилган аёлларда ривожланадиган аффектив бузилишлар бўлиб, депрессиянинг барча аломатлари билан намоён бўлади. Одатда, бу ҳолат 1-3 ой давом этади. Бундай депрессия боласи соғлом туғилган аёлларда ҳам кузатилади, бироқ унинг белгилари бир неча кун ичида ўтиб кетади.  
       Мавсумли депрессия (мавсумли аффектив бузилишлар) – йилнинг маълум бир мавсумида кузатилиб, бошқа пайтлари ўз-ўзидан ўтиб кетадиган депрессия. Ушбу депрессия куз ёки қиш мавсумида кузатилади, баҳор ёки ёз ойида ўтиб кетади. Баъзи одамлар мавсумли депрессияга жуда мойил бўлишади. Бундай шахслар йилнинг ўша мавсумида (масалан, қишда) депрессияга тушиб, меҳнат фаолиятини умуман йиғиштириб қўйишади. Баъзан уларда психомотор қўзғалишлар ҳам кузатилади. Депрессиянинг қишда кўп учраши бу фаслда ёруғ кунларнинг камлиги билан изоҳланади. Шунингдек, депрессияда гелиотерапия, яъни қуёш нурлари билан даволаш самара берганлиги учун ҳам мавсумли депрессия ривожланишига булутли кунлар туртки бўлади, деб ҳисоблашади. Шу боис ҳам қишда одамлар қуёшли ўлкаларга интилишади ва депрессиянинг енгил ҳамда ўрта даражадаги турларидан бу дарддан халос бўлиб қайтишади.  Бироқ шундай бўлса-да, мавсумли депрессия клиник ташхис сифатида кўрсатилмайди ва унинг мавжудлигига эътирозлар бор.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича