Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ДЕПРЕССИЯДА ДАВОЛАШНИНГ БОШҚА УСУЛЛАРИ

ДЕПРЕССИЯДА ДАВОЛАШНИНГ БОШҚА УСУЛЛАРИ


Жисмоний тарбия ва спорт. Ҳаракатга бўлган мотивациянинг сўниши  депрессиянинг жиддий симптомларидан биридир. Авваллари беморларни депрессиядан чиқаришда жисмоний тарбия имкониятларига жиддий эътибор қаратилмаган. 2005–2010 йилларда бир қатор давлатларда ўтказилган рандомизациялашган клиник тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики,  депрессияни даволашда жисмоний тарбия имкониятлари психотерапия ва фармакотерапия билан бир қаторда туради. Ҳатто 2015 йили Европалик мутахассислар ўтказган тажрибалар жисмоний тарбиянинг ўзи билан беморни депрессиянинг енгил турларидан буткул чиқариш мумкинлигини исботлади. Жисмоний тарбия ва спортни мусиқатерапия билан биргаликда олиб бориш эса даволаш самарадорлигини янада оширади.   
   Шунингдек, депрессияда кузатиладиган психосоматик бузилишлар, айниқса, доимий бош оғриқ ҳамда артериал гипертензия белгилари югуриш, сузиш ва енгил бадантарбия билан шуғуллана бошлаганда 2-3 ой ичида барҳам топади. Жисмоний ҳаракатлар билан депрессия орасида қандай боғлиқлик бор? 
Жисмоний тарбия ва спорт орқали депрессиядан халос бўлиш механизмлари қуйидагилардан иборат: 
  1. Жисмоний ҳаракатлар мияда кайфият гормонлари ҳисобланмиш эндорфин ва серотонин миқдорини оширади.
  2. Артериал гипертензия ривожланишида асосий омиллардан бири бўлган қондаги адреналин ва кортизол миқдорини пасайтиради. 
  3. Организмнинг вегетатив тонуси маромлашиб, вегетатив ҳамда соматоформ бузилишлар барҳам топади.
  4. Организмда Т- ва В-лимфоцитлар миқдори ошиб, иммунитет мустаҳкамланади ва вирусли инфекцияларга чидамлилик ошади.
  5. Психотерапевт билан ўзаро мулоқотга бемор осонгина киришиб кета олади ва даволаш самараси тез кўзга ташланади. 
  6. Қабул қилинаётган антидепрессантлар миқдори камайтирилади ва давомийлиги қисқартирилади. 
  7. Шахслараро муносабатлар яхшиланиб, социал адаптация кучаяди ва беморнинг иш фаолияти қайта тикланади.
        Ёруғлик билан даволаш. Ушбу даволаш усули, айниқса, мавсумли депрессияда кенг қўлланилади. Эрталаб уйғонгандан сўнг қуёш нурлари тушадиган ҳавода 30-60 дақиқа сайр қилиш тавсия этилади. Бу терапияни камида бир ой мобайнида амалга ошириш керак. Қуёш нурлари билан даволаш талассотерапия (денгизда чўмилиш) билан биргаликда олиб борилса, натижаси янада юқори бўлади. Қуёш нури кам бўлган шимолий ўлкаларда яшайдиганларга депрессия мавсуми бошланган пайтлари денгизга ва  иссиқ ўлкаларга саёҳат уюштириш тавсия этилади. 
        Уйқу депривацияси. Инглизчадан sleep deprivation – уйқудан маҳрум қилиш. Бу усул қачон қўлланилади? Депрессиянинг тинмай уйқу билан кечадиган турлари бор. Ана шундай беморларни депрессиядан чиқариш учун уйқу депривацияси усулидан фойдаланилади. Бироқ бу усулни инсомния, яъни уйқусизлик билан кечувчи депрессияда қўллаб бўлмайди.
        Нима учун депрессияга тушган беморлар кўп ухлайди ёки кўп ухлашни маъқул кўради? Чунки уларнинг онг тубига қуйидаги фикрлар яширинган бўлади: “Менинг депрессияга тушишимга ушбу бевафо дунё ва ундаги яшаётган одамлар сабабчи. Яхшиси, кўзларимни юмиб, уларни ҳам, ўзимни ҳам кўрмай”. Ўзини ёмон кўриш, одамларни ёмон кўриш ва ташқи оламдан қочиш – биламизки, депрессияга хос белгилар. Фикримизча, улар ушбу учта муаммони битта ўқ, яъни уйқу билан ҳал қилиб қўя қолишади. Уйқу ҳам ўлимнинг бир тури. Уйқу – ўлимнинг бу дунёдаги кичик бир шакли. Депрессияда уйқуни маъқул топиш (улар баъзида уйқуси келмаса ҳам ётаверади, чунки шуниси маъқул) ва ўз жонига қасд қилишга уриниш тагида бир хил фикр ётади – бу дунёдан, одамлардан ва ҳатто ўзидан қочиш. Бу фикрлар унинг онг тубида депрессия бошланишидан олдин қўним топган бўлиши мумкин. 
         Уйқу депривацияси техникаси қуйидагилардан иборат: бемор учун махсус дастур тузилади ва у психотерапевт томонидан назорат қилиб борилади. У 1-2 кун мобайнида тунда ҳам, кундузи ҳам ухламаслиги керак. Ўша кунлари унга фаол жисмоний ҳаракатлар, яъни спортнинг ҳар қандай енгил турлари билан шуғулланиш тавсия этилади. Буни уйда ҳам ёки тунда фаолият кўрсатадиган психотерапевтик клиникаларда ҳам амалга ошириш мумкин. Албатта, бу усул махсус клиникаларнинг спорт залида мусиқатерапия билан биргаликда олиб борилса, самараси жуда юқори бўлади. Ушбу терапия орада 3-5 кунлик танаффус билан 1 ой мобайнида олиб борилади. Уйқу депривацияси билан даволаш усули суицидал фикрларни ҳам бартараф этишга ёрдам беради.
    Транскраниал магнит стимуляция (ТМС). Бир қатор неврологик касалликларни даволашда қўлланиладиган ушбу усул депрессияни даволашда ҳам тавсия этилади. Олдинроқ яратилган ТМС методи 2000 йилдан кейин тиббий амалиётда кенг қўлланила бошланди. АҚШ да 2008 йили ТМС методи депрессияда қўшимча даволаш усули сифатида қўллашга рухсат берилган. ТМС ноинвазив даволаш усули бўлиб, унда миянинг чуқур нейронал тузилмаларига магнит тўлқинлари орқали таъсир ўтказилади. Ушбу терапия тарафдорлари фикрича, ТМС ўтказилган беморларнинг миясида кайфиятни кўтарувчи нейромедиаторлар фаоллашади, нейронлараро импулслар ўтказувчанлиги яхшиланади ва депрессия ҳамда унинг соматик белгилари камаяди.
        Депрессия профилактикаси. Депрессия ривожланишини олдиндан билиш қийин. Врач фақат энди ривожланаётган депрессия аломатларини ўз вақтида илғаб олиши мумкин. Депрессия такрорланиши, вақти-вақти билан клиник белгиларининг кучайиб туриши ва сурункали кечиши бу касаллик билан оғриган беморни доимий назоратга олишни тақозо этади. Даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатадиган врачлар депрессия белгиларидан воқиф бўлишлари керак. Депрессиянинг енгил турлари, айниқса, соматик бузилишлар билан намоён бўлган турлари билан мурожаат қилган беморларни терапевтлар мустақил равишда даволай олишлари лозим. Албатта бундай пайтларда тиббий психолог консултациясидан ҳам фойдаланилади. Доимий жисмоний фаоллик, соғлом турмуш тарзи, психологик тренингларга қатнаб туриш, вақтида дам олиш, сиҳатгоҳлар ва саёҳатларга тез-тез бориш ҳам депрессия ривожланишининг олдини олади ва ҳатто унинг енгил турларини бартараф этишга ёрдам беради.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Asab va ruhiyat. 4-nashr. Toshkent. 2019. 312 b
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича