Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ДЕПРЕССИЯНИ ТЕСТ ОРҚАЛИ АНИҚЛАСА БЎЛАДИМИ?

ДЕПРЕССИЯНИ ТЕСТ ОРҚАЛИ АНИҚЛАСА БЎЛАДИМИ?


Ҳа, бўлади. Психологлар депрессияни аниқловчи тестларнинг 2 хил турини яратишган. Бири ҳар бир кишининг ўзи қўллай олиши мумкин бўлган психологик тест. Масалан, Цунг сўровномаси. Бу сўровномани ўзингиз тўлдириб, депрессия бор-йўқлигини ва унинг даражасини билиб олишингиз мумкин. Иккинчиси, тиббий психолог ёки психиатр иштирокида тўлдириладиган тест.
       Мабодо Сизда Цунг тести натижалари депрессия борлигини кўрсатса, мен депрессияга тушибман деб сиқилиб ўтирманг ва тиббий психологга мурожаат қилинг. У Сиз билан психологик суҳбатлар ўтказади ва қўшимча равишда Гамилтон шкаласини қўллаб, сизда ҳақиқатан ҳам депрессия борми-йўқми ёки бу оддий апатиями (тушкун кайфият) аниқлаб беради. Демак, тўғри хулосани мутахассис беради. 
       Унда нима учун оддий одамларга мослаб бундай психологик тестлар ўйлаб топишган? Уларни қўрқитиш учунми? Асло йўқ. Бемор баъзида доимо паст кайфиятда юради, фикрини бир жойга жамлай олмайди, оиласига ва ишга иштиёқи сўнади ва натижада ўзини омадсиз инсон деб юради. Охир-оқибат у ишдан ҳайдалиши мумкин, оиласи парчаланиши мумкин ва ҳ.к. Бу ҳолат омадсизлик белгиси эмас, балки яширин кечаётган депрессия бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир инсон ўзида Цунг тестини қўллаб кўриб, унинг натижасини тиббий психологга кўрсатиши лозим. Чунки депрессия аҳоли орасида кенг тарқалган. Фараз қилинг, ҳар бир инсон ўзида ушбу тестни қўллаб кўрди ва психологга бориб ўз муаммоларини ҳал қила бошлади. Натижада қанчадан-қанча инсонлар тиббий психологлар ёрдамида яна шўх-шодон ҳаётга қайтади, оиласини сақлаб қолади, суисидлар олди олинади, ўша одамнинг иш унумдорлиги ошади, жамият ривожланади.
       Келинг, энди ушбу сўровнома ҳақида маълумот берсам ва унинг натижаларини таҳлил қилишни ўргатсам.


                               Цунг сўровномаси
            (депрессияни аниқлаб баҳолаш учун)

Исм-шарифи___________________________Текширув санаси____

Кўрсатма: Қуйида келтирилган ҳар бир жумлани диққат билан ўқинг ва айнан ҳозирги пайтда ўзингизни қандай ҳис қилаётган бўлсангиз шунга мос жавобларни белгиланг. Саволлар устида узоқ ўйланманг ва хаёлингизга келган биринчи жавобни доира ичига олинг.


   Саволлар, вазиятлар
Хеч качон
Баьзан
Тез-тез
Деярли хар доим
1.
Мен тушкунликни ҳис қилаяпман
1
 2
 3
4
2.
Эрталаб мен ўзимни жуда яхши ҳис қиламан.
 4
 3
 2
1
3.
Мен йиғлаб тураман
 1
 2
 3
 4
4.
Мен тунда ёмон ухлайман.
 1
 2
 3
 4
5.
Иштаҳам ёмон эмас, яъни одатий.
 4
 3
 2
 1
6.
Менга ёққан одамлар билан суҳбатлашгим, уларнинг ёнида бўлгим келади.    
 4
 3
 2
 1
7.
Мен вазнимни йўқотаётганимни сезаяпман.    
 1
 2
 3
 4
8.
Мени қабзият безовта қилади
 1
 2
 3
 4
9.
Юрагим одатдагидан тезроқ уради.
 1
 2
 3
 4
10.
Мен ҳеч қандай сабабсиз чарчайман
 1
 2
 3
 4
11.
Фикрларим ҳар доимгидек аниқ ва равшан.    
 4
 3
 2
 1
12.
Қўлимдан келадиган ишларни осонликча бажараман.
 4
  3
2
1
13.
Безовталикни ҳис қилаяпман ва бир жойда ўтира олмаяпман.    
 1
 2
3
4
14.
Менда келажакка ишонч бор.
 4
 3
2
1
15.
Жаҳлим одатдагидан тезроқ чиқяпти
 1
 2
3
4
16.
Менга бир қарорга келиш жуда осон.
 4
 3
2
1
17.
Мен фойдали ва зарур эканлигимни ҳис қиламан.

 4
3
2
1
18.
Мен тўлақонли ҳаёт кечиряпман.
 4
 3
2
1
19.
Мен ўлсам бошқаларга яхши бўлишини ҳис қиляпман.    
 1
 2
3
4
20.
Мени авваллари хурсанд қиладиган нарсалар ҳозир ҳам хурсанд қилади.    
 4
 3
2
1


Ушбу жадвалда барча саволлар, яъни вазиятлар “тўғри” ва “тескари” турларга ажратилган. Депрессия учун хос бўлганлари “тўғри”, хос бўлмаганлари эса “тескари” саволлар тоифасига киритилган. Масалан, 1 рақами остида берилган жумлага эътибор қилинг: “Мен тушкунликни ҳис қилаяпман”. Бу белги депрессия учун хос. Шунинг учун ҳам у “тўғри” саволлар ичига киритилган. Ана энди 14 рақами остида берилаётган жумлага назар ташланг: “Менда келажакка ишонч бор”. Бу савол “тескари” саволлар ичида ўрин олган. Чунки депрессияда келажакка ишонч бўлмайди, шу боис уни тескари саволлар ичида кўрсатишган.
Тўғри саволлар: 1, 3, 4, 7, 8, 9, 10, 13, 15, 19
Тескари саволлар: 2, 5, 6, 11, 12, 14, 16, 17, 18, 20
Депрессия даражаси (ДД) қуйидаги формула орқали аниқланади:

ДД = ∑тўғ + ∑тес

Бу ерда ∑тўғ – белгиланган “тўғри” саволлар йиғиндиси;
∑тес – белгиланган “тескари” саволлар йиғиндиси. 

      Хулоса қандай? Агар тўпланган баллар йиғиндиси 50 дан ошмаса, демак, Сизда депрессия йўқ ва мазмунли ҳаётингизни давом эттираверинг. Мабодо, 50-59 балл тўпласангиз Сизда енгил депрессия бор ва ўз устингизда ишлаб, ундан қутулишингиз мумкин. Бундай пайтларда тиббий психолог шарт ҳам бўлмайди. Агар тўпланган баллар 60-69 орасида бўлса, демак, Сизда ўрта даражали депрессия бор ва албатта тиббий психологга мурожаат қилинг. Баллар йиғиндиси 70 дан ошса, бу оғир депрессия ҳисобланади. Сиз вақтни йўқотмасдан албатта тиббий психологга мурожаат қилинг. Тиббий психолог ушбу хулосага аниқлик киритиш учун Сиз билан суҳбат қуради, бошқа психологик тестларни яна қўллаб кўради. У Сизни қисқа муддатда ушбу дарддан халос этади. Оддий психологлардан фарқли ўлароқ, тиббий психологлар ҳам психологик суҳбатлар орқали, ҳам дори-дармонлар орқали даволайди, зарурат шуни тақозо этса, Сизни психиатрга юборади.
Изоҳ сифатида. Битта талаба мендан сўраб қолади: Устоз, агар ушбу 
тестдаги саволларни психологни синаш учун атайин нотўғри белгиласамчи, унда нима бўлади? Унда психологни эмас, аввало, ўзингизни алдаган бўласиз. Ахир Сиз бош оғриғи сабабли докторга борсангиз, уни синаш учун атайин қорним оғрияпти демайсиз-ку! Психологик тест ҳам шунақа. Агар Сиз ўзингиз ҳақингизда ҳаққоний ҳолатни билмоқчи бўлсангиз, барча саволларга тўғри жавоб беришингиз керак. Юқорида айтиб ўтганимдек, тиббий психолог қўшимча суҳбатлар ва бошқа тестлар орқали ташхисга янада ойдинлик киритади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича