Интрамедулляр ўсмалар


Ушбу ўсмалар диссоциалашган типда сезги бузилишлари, атрофик фалажликлар ва кам ҳолларда вегетатив-трофик бузилишлар билан бошланади, радикуляр оғриқлар эса кузатилмайди. Интрамедулляр ўсма ён устун томон ўса бошласа, аввал медиал жойлашган калта ўтказувчи йўллар, кейинчалик латерал жойлашган узун йўллар зарарланади. Ўтказувчи типда сезги бузилишларининг бу тарзда намоён бўлиши, асосан, бўйин сегментларида жойлашган интрамедулляр ўсмаларда кузатилади. Тананинг пастки қисмидан сезги импульсларини олиб келувчи спиноталамик йўл ён устунда латерал жойлашган, тананинг юқори қисмидан келувчи йўллар эса ён устунда медиал жойлашган бўлади. Бунга Ауербах-Флатау қонуни (ён устундаги узун сезги йўлларининг эксцентрик жойлашиш қонуни) деб аталади. Шунинг учун ҳам юқори спинал сегментларда жойлашган интрамедулляр ўсмада ўтказувчи типда сезги бузилишлари аввал тананинг юқори қисмида пайдо бўлади ва ўсма катталашган сайин сезги бузилишлари тананинг пастки қисмига тушиб келади.

Эслатма. Интрамедулляр ўсма радикуляр оғриқларсиз бошланади.

Бўйин кенглиги сегментларидан ўсган интрамедулляр ўсмаларда мускуллар атрофияси ҳам яққол кўзга ташланади. Интрамедулляр ўсмалар учун Броун-Секар синдроми хос эмас, субарахноидал бўшлиқ тиқилиши ҳам жуда кеч ривожланади. Касалликнинг сўнгги босқичида орқа мия кўндаланги тўла эзилади ва бунинг натижасида зарарланган жойдан пастда ўтказувчи типда сезги бузилишлари, марказий фалажликлар, сийдик ва нажас тутилиши кузатилади.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича