ИЛМГА БАХШИДА УМР


(Зарифбой Ибодуллаев ҳақида устозлари ва касбдошлари фикрлари)
Дилором Маҳмудова, Тошкент педагогика университети амалий психологлар тайёрлаш кафедраси доценти: Биз бир неча бор кафедрамиз ўқитувчилари билан профессор Ибодуллаевнинг маърузаларида қатнашганмиз. Айниқса, у кишининг “Фрейд таълимоти” ва “Психосоматик бузилишлар” ҳақидаги маърузалари бизда доимо қизиқиш уйғотган. З.Ибодуллаевнинг “Тиббиёт психологияси” ҳамда “Асаб ва руҳият” номли асарлари талаба ва ўқитувчиларнинг севимли китобларига айланган (2015 й).
Эргаш Ғозиев, психология фанлари доктори, профессор: Зарифбой изланиш кўлами кенг, ҳам тиббиёт психологияси, ҳам нейропсихология бўйича қалам тебратувчи олимдир. У психологиянинг энг мураккаб соҳасига дадил кириб келди. Биз ҳамкорлик ришталарини ўрнатганимизга 20 йилдан ошди. Зарифбой мени психология бўйича устозим деб атайди. Унинг “Тиббиёт психологияси” дарслиги менда жуда катта қизиқиш уйғотган. Зарифбой Ўзбекистонда биринчи бўлиб, 1998 йилдаёқ “Фрейд назарияси”ни ўзбек тилига ўгириб, дарс жараёнига киритди. Шунинг учун ҳам олимни кўзга кўринган психоаналитик деб атаган бўлур эдим.
Зарифбой иқтидорли ёшларни ўз атрофига тўплаб, психоаналитиклар мактабини яратишини истардим. Психоанализ таълимоти психологиянинг энг мураккаб ва жумбоқли йўналишларидан бири. Энг қувончли илмий воқелик шуки, у бир қанча психологик тестларни ўзбек тилига ўгирди ва модификасия қилди. Бу, албатта, жуда мураккаб жараён. Чунки ҳар бир ибора орқасида инсон руҳияти ётади. Келажакда теран фикрловчи олимдан катта ижодий маҳсуллар кутиб қоламан (2015 й).
Озод Хўжаев, тиббиёт фанлари доктори, профессор: Мен Зарифбойнинг номзодлик ва докторлик диссертацияларига биринчи оппонент бўлганман. У ўзининг ўта тиришқоқлиги ва илмга чанқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб турган. Зарифбой доимо фанда янгилик яратишга интилган. У 39 ёшида Ўзбекистонда нейропсихология бўйича биринчи фан доктори бўлди. Унинг докторлик диссертациясида дунё миқёсида биринчи бор амбидекстрия ҳақидаги концепция илгари сурилган. Зарифбой Ражабович амбидекстрларда инсульт моделини яратди. Энг қизиғи, у биринчи бўлиб “Миянинг психологик ҳимоя концепцияси”ни ишлаб чиқди. Ёш тадқиқотчининг илмий ғоялари хорижлик олимларни жуда қизиқтириб қўйган (2015 йил). 
Шуҳрат Боймуродов, Тошкент тиббиёт академияси проректори: Зарифбой Ражабович неврология ва нейропсихология соҳасида етукликка интилаётган профессор. Олим 42 ёшида “Тиббиёт психологияси” бўйича дастлабки дарсликни яратди. Бу асар 2009 йили “Йилнинг энг яхши дарслиги” совринига сазовор бўлди ва уч маротаба қайта нашрдан чиқди. Олимнинг саккиз йиллик меҳнати эвазига яна бир йирик асар – “Асаб касалликлари” дарслиги дунё юзини кўрди. Бу китоб Европанинг нуфузли дарсликлари асосида неврология бўйича яратилган дастлабки йирик дарсликдир (2015 й). 
Саъдулла Абдуллаев, профессор, реаниматолог: Зарифбой Ражабовични мен 1990 йиллардан бери биламан. У комада ётган беморларни текширишга жуда қизиққан. Мен унга орқа мия суюқлигини олиб текшириш сирларини ўргатганман ва бу усулни қисқа муддат ичида ўзлаштириб олди. У реанимация бўлимида деярли 10 йилдан ошиқ консультант-невропатолог бўлиб ишлади. Зарифбой институтни тугатганига икки йил ҳам ўтмасдан Аҳмад Воҳидов деган математик йигит билан 14 та комага ташхис қўйиш дастурини ишлаб чиққан. У пайтлари “Искра” деган компьютер бўларди. Бу иккала ёш йигит ишлаб чиққан компьютерлаштирилган дастур асосида комада ётган беморга ташхис қўйиш даражаси 86-90 % га етказилган. Бир куни у ёнимга чиқиб, “Энди биз кома прогнозига оид янги дастур ишлаб чиқдик. Унга асосан бемор яшаб қоладими ёки йўқми, шуни айтиб бера оламиз” деди. Бу дастурни ҳам биз реанимацияда қўллаб кўрдик. Натижаси жуда юқори бўлди. Мен тиниб-тинчимас ёш докторнинг ҳар бир ташхисини диққат билан кузатардим. Зарифбой 5-курсда ўқиб юрган пайтидаёқ “Тез тиббий ёрдам”га ишга кириб, оғир беморлар билан ишлашни ўзлаштириб олган. У институтни тугатганидан сўнг 3-4 йил ўтмай, инсульт ва кома ҳақида китоб ёзаман деб юрарди. Ушбу китоб ҳам яқинда нашрдан чиқди (2015 й).
Зариф Ашуров, Тошкент тиббиёт академияси психиатрия ва тиббиёт психологияси кафедраси мудири, шогирди: Устоз Зарифбой Ражабович менда мия ва руҳий жараёнларга жуда катта қизиқиш уйғонишига сабабчи бўлган инсон. Ўз касбий йўналишимни танлашимда у кишининг ҳиссаси катта. Республикамизда неврология ва психологияни бир-бирига уйғун тарзда олиб борадиган олим бўлмаса керак. Зарифбой ака 29 ёшидаёқ талабаларга неврологиядан маърузалар ўқий бошлаган. Устоз 1995 йиллари “Тиббиёт психологияси” дарслигини ривожланган Европа давлатлари дарсликлари асосида тайёрлаб бошладилар. З.Ибодуллаев деярли 15 йиллар олдин “Тиббиёт психологияси”ни алоҳида фан сифатида кўрсатиб бера олди ва республикамизда ушбу фанни ўқитиш концепциясини ишлаб чиқди. Зарифбой Ражабович раҳбарлигида тиббиёт психологиясидан Давлат таълим стандарти, фан дастурлари ишлаб чиқилди. Ҳозирда устоз ёзган дарсликлар ва фан дастурлари асосида тиббиёт психологиясидан магистрлар ва клиник ординаторлар тайёрланмоқда (2015 й).
Зулайҳо Болтаева, шогирди: Инсон ҳаётида шундай тасодифлар рўй берадики, бу унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Курсимизда ҳафтанинг бир куни тўла маърузаларга бағишланарди, яъни кун бўйи турли фанлардан маърузалар ўқиларди. Тиббий психология энг сўнгги маъруза эди. Ҳамма талабалар чарчаган. Ўша куни дугонам: “Шу маърузага кирмай қўя қолайлик, чарчаб кетдим, бу лектор барибир талабаларни йўқлама қилмас экан” деди. Мен ҳайратланиб, тўрт йилдан буён талаба бўлиб ҳали бундай ҳолатни кўрмаганман, юр, кириб кўрайлик, охирги қаторда ўтирамиз, ёқмаса чиқиб кетамиз дедим. Биз маърузага кирдик. Ўртадаги танаффуссиз 90 дақиқа қандай ўтиб кетганини билмай қолибмиз. Маъруза тугагандан сўнг ҳам талабалар устозни қўйиб юбормай саволларга кўмиб ташлашди. Маъруза олқишлар билан тугади. Ўша кундан бошлаб устозга ўхшаб нейропсихолог бўламан деб қатъий мақсад қўйдим (2015 й). 
Нодир Нурметов, шогирди: Устоз Ибн Сино мавзесида жойлашган хусусий клиникага ҳафтада икки маротаба беморларни кўргани келадилар. Беморга тўғри ташхис қўйилмагунча бепул текширув ўтказаверадилар. Бемор келмай қолса, телефон қилиб чақиринг дейдилар. Бошқа профессорларга юбориб, уларнинг фикри билан албатта қизиқадилар. Катта шифохоналарда ёки бошқа давлатларда даволаниб келган беморларни албатта синчиклаб ўрганадилар. Ўзлари бошқараётган хусусий клиникада касаллиги жиддий беморлар сони камайиб кетганидан, ҳатто газетада “Мураккаб ташхисли беморлар бепул кўрилади” деб эълон берганлар. Устоз невроз ва депрессияга қарши ҳамда хотирани яхшиловчи дори яратиш устида ишламоқда. Мана, бир неча йилдан буён хусусий клиника жойлашган ҳудудга қарашли маҳалладаги кам таъминланган оилалар бепул қабул қилинади (2015 йил). 
Дилшода Абдуллаева, невропатолог, рафиқаси: Турмуш ўртоғим нафақат фарзандларим отаси, балки устозим ҳамдир. Биз 3 нафар фарзандни тарбиялаяпмиз. Уларнинг 2 нафари ота-она касбини, яъни тиббиётни танлашди. 
У киши ўз касбини жуда севади. Бирор кун йўқки китоб мутоала қилмаган бўлсалар. Мен буни ҳеч қандай муболағасиз айта оламан. Талабалик пайтларидаёқ тиббиётнинг барча йўналишлари бўйича 800 дан ошиқ китоб тўплаганлар. Ҳатто 3-курсда ўқиб юрганларида жарроҳликка оид бир неча жилдли китобни Москвадан олдирганлар. У пайтлари китоблар почта орқали келарди. 5-курсгача кардиохирург бўламан деганлар. Сўнгра неврологияга қизиқиб қолганлар. Чунки 5-курсда асаб касаллигига дучор бўлган оғир бир беморни даволаганлар. Шоназар исмли бу йигит ҳозир соппа-соғ юрибди. Ўша пайтлари сотиб олинган китобларнинг аксариятини яхши ўқийдиган талабалар ва шогирдларига совға қилиб юборганлар. Уларнинг ўрнини замонавий янги китоблар билан тўлдирдилар. Бироқ қийин ташхисларга оид ўтган асрнинг 30-йиллари ёзилган китобларни сақлаб қолганлар. Улар кафедрада ассистент бўлиб, кундуз куни талабаларга неврология ва психологиядан дарс берган бўлсалар, дарсдан кейин кечгача поликлиникада оддий невропатолог бўлиб ишлаганлар, тунлари неврология ва реанимация бўлимларида навбатчилик қилганлар. Шунинг учун улар ҳар доим мукаммал доктор учта жойда шаклланади дейдилар: бири – поликлиника, у ерда врач энди мурожаат қилган беморни мустақил равишда текширишни ўрганади, иккинчиси – шифохона, у ерда беморни даволаниш жараёнини кузатади, учинчиси – реанимация, у ерда ўлим билан олишаётган беморни даволайди. 
Мендан кўпинча қизингизга ўзи даволаган беморнинг исмини қўйганлари ростми деб сўрашади. Ҳақиқатан ҳам шундай. 1995 йил феврал ойлари эди. Иккала оёғи шол бўлиб қолган бир қизни даволай бошладилар. Унга энди сен тузалмайсан деб айтишган ва тўрт-беш ой самарасиз даволашган. Хўжайиним ушбу беморни даволашга шу қадар берилиб кетдики, ҳатто унга хотиним қиз туғса, сенинг исмингни қўяман деб ваъда берганлар. Менга бу хабарни айтганларида “Ҳали туғилмаган боламга касал қизнинг исмини қўймайман” деб қаршилик қилгандим. “У қиз албатта тузалади, ҳали ўзи юриб олдинга келади” деганлар. Ҳалиги қиз ҳақиқатан ҳам бир ой ичида тузалиб кетди. Биз 9 қаватли бинонинг 7-қаватида ижарада яшардик. Бир кун уйга хурсанд бўлиб кириб келдилар ва “Ойиси, меҳмонларни кутиб ол” дедилар. Эсимда, ўша куни лифт ҳам ишламай турувди. Эшикдан чиройли бир қиз онаси билан кулиб кириб келди. У ўз оёқлари билан 7-қаватга юриб чиққан Дилдора эди...
Турмуш ўртоғим беморларни консультация қиладиган куни талаба ва магистрлар атрофини ўраб олишади. У кишининг ҳар бир кўриги мактабга айланиб кетади. Ҳар қандай беморни синчковлик билан текширадилар. Ташхис қўйишдан олдин шогирдларининг фикри билан албатта қизиқадилар. 
Ташхис қўйиш билан боғлиқ ғаройиб вазиятларнинг кўп гувоҳи бўлганман. Бир куни қабулга доим бошим оғрийди деб шикоят қиладиган қизалоқни олиб келишди. Ота-онаси уни турли клиникаларда даволатишган. Бироқ қизалоқ бошим оғриши тўхтамаяпти деб шикоят қилаверган. Қиз цитрамон ичишга ўрганиб қолган. Зарифбой акам барча текширувларни қайтадан ўтказдилар, аммо барча хулосалар “тоза” чиққан эди, яъни бош оғриққа олиб келувчи бирорта сабаб топилмади. Магистрлар ҳам устоз қандай ташхис қўяркан деб кутиб туришарди. У киши ўрнидан туриб деразани очдилар. Ўтган-кетганларга бир оз тикилиб қараб турдилар. Сўнг жойига қайтиб ўтирди-да, ҳалиги қизалоқдан “Сенинг бувинг борми?” деб сўрадилар. У “ҳа” деб жавоб берди. “Бувингнинг ҳар доим боши оғрийди, тўғрими?” дедилар. Қизалоқ “ҳа” деб бошини қимирлатди. “Бувингга бош оғриқ дорисини ўзинг берасан, ўзинг бошларини силайсан, тўғрими?” Қизча яна “ҳа” деди. Домланинг бу сирли саволларидан биз ҳайрон бўлдик. “Бу қиз соппа-соғ, фақат бирон ойлар бувисидан узоқроқда яшасин, сўнгра менга телефон қиласиз”, дедилар. Бирон ҳафта ҳам ўтмай қизалоқ бош оғриғига умуман шикоят қилмаётгани ҳақида бизга хабар келди. Бунинг сабабини қизиқиб сўраганимда Зарифбой акам: “Қиздаги бош оғриқ психоген хусусиятга эга. Доимо боши оғрийдиган бувисининг ёнида бўлган қизнинг ботиний онгига бош оғриқ сингиб қолган. Аслида унинг боши оғримаган” дедилар. Кечқурун уйга келганимизда “Адаси, нима учун тўсатдан бувиси ҳақида сўраб қолдингиз, ахир ота-онасининг ҳам боши оғриши мумкин эди-ку” деб сўрадим. Улар кулиб: “Билмадим! Ҳали деразадан қараб турганимда битта кекса аёл невараси билан ўтиб бораётувди. Неварасининг қўлида шаффоф салафан пакетда бир қанча цитрамон кўринди. Биласанми, қизалоқ бувисига нима деди. “Бувижон, бошингиз нега оғрийверади?”. Шундан сўнг психоаналитик Фрейднинг психоген типдаги бош оғриқлар таълимоти ҳаёлимдан ўтди. Қизга эса таваккал қилиб, шу саволларни берувдим ҳаммаси тўғри чиқди” дедилар. Шундан сўнг менга “Қизнинг ота-онаси билан телефонда боғланинг, унинг бувисини текшириб кўришсин, бош оғриғи жиддий касаллик билан боғлиқ бўлмасин яна” дедилар. 
Ташхис қўйиш билан боғлиқ бундай қизиқарли вазиятлар жуда кўп бўлган. Аксарият ҳолларда бемор ўз касаллиги билан боғлиқ битта белгини айтиб берса, қолган 10-20 та белгини ўзлари бемалол топиб айтиб бера оладилар. Бунинг сирини сўраганимизда: “Агар ўша белги бўлмаганида қолганлари ҳам бўлмасди” деб жавоб берадилар. Зарифбой акам ҳар доим “Неврология – бу тиббиёт математикаси” дейишни хуш кўрадилар. Тиббий фанлар ичида энг аниқ фан бу – неврология! Унинг қоидалари худди математик формулаларга ўхшайди. Математик формулаларни ўзлаштирган одамгина ҳар қандай масалани еча олади” дейдилар. Фарзандларимиз бахтига соғ бўлсинлар! (2015 й) 

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича