Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Ишемик инсульт патогенези

Ишемик инсульт патогенези


Ишемик инсульт патогенези асосида церебрал гемодинамика ва, шу сабабли, церебрал ауторегелуяциянинг бузилиши ётади. Церебрал ауторегуляциянинг асосий вазифаси турли вазиятларда церебрал перфузион босимни таъминлаб туришдан иборат. Умумий гемодинамика «ўйнаган» ҳолларда церебрал ауторегуляция бош мияда қон айланишини таъминлаб туради. Масалан, систем артериал босим ошганда мия томирлари тораяди ва шу йўл билан бош миянинг ортиқча қон билан тўлиб кетиши ҳамда мияда вазоген шиш пайдо бўлишининг олди олинади. Агар систем артериал босим тушиб кетса, мия томирларида дилатация рўй беради ва шу билан мия тўқималарининг ишемик гипоксияси олди олинади.

Мия инсультига сабаб бўлувчи бир қатор патологик ҳолатлар ва касалликлар, айниқса, гипертония касаллиги, атеросклероз, юрак касалликлари, қандли диабет, экстра- ва интракраниал томирлар патологияси, васкулитлар церебрал ауторегуляциянинг нормал фаолият кўрсатишини аста-секин издан чиқаради ва ўткир цереброваскуляр бузилишлар ривожланишига мезон яратади. Чунки патологик ўзгарган артериялар церебрал ауторегуляцияни таъминлаб бера олмайди, яъни бирон-бир церебрал артерияда тромбоз, эмболия ёки спазм рўй берса, коллатерал қон айланиш системаси ишемия рўй берган соҳани етарли даражада қон билан таъминлай олмайди. Натижада, мия тўқимасида ишемия рўй беради ва мия инфаркти ривожланади. Инфаркт рўй берган соҳанинг ўртасида, яъни ядро қисмида нейронлар ҳалок бўлади. Унинг атрофида эса ишемик «пенумбра» ҳосил бўлади.

 Эслатма. Ишемик пенумбра – бу ўз функциясини тўла бажара олмайдиган, бироқ қайта тикланиши мумкин бўлган мия тўқимаси.
Бу соҳа ҳужайралари коллатерал қон томирлар ҳисобига фаолият кўрсатиб тура олади. Патологик жараёнлар салбий тус олса, пенумбра соҳаси цитотоксик ва экзайтоксик реакциялар ҳисобига тўла инфаркт соҳасига айланади. 

Бош мияда ишемик инфаркт шаклланиши қандай кечади? Бош мия тана вазнининг 2 фоизини ташкил қилса-да, организмга тушаётган кислороднинг 20 фоизи ва глюкозанинг 17 фоизини сарф қилади. Маълумки, бош мия глюкоза захирасига эга эмас. Қон томирлари орқали мияга тушган глюкоза ўша заҳоти сарфланиб туради. Ишемия сабабли глюкоза ва кислороднинг мия тўқималарига етарли миқдорда етиб келмаслиги анаэроб гликолизни фаоллаштиради. Бунинг натижасида сут кислотаси ҳужайра ичида тўплана бошлайди, ион каналлари иши издан чиқади, нейронларга Na ва Cа ионлари ўтиши кучаяди, липидларнинг перекисли оксидланиш жараёни фаоллашади. Са ионларининг ҳужайра ичига катта миқдорда ўтишининг яна бир сабаби глутамат ва аспартатнинг ҳужайрадан ташқарига катта миқдорда ташланиши билан ҳам боғлиқ. Агар Nа ионларининг ҳужайра ичига ўтиши унда сувнинг кўп тўпланишига сабабчи бўлса, Са ионларининг кўп миқдорда ўтиши ферментатив жараёнларга фалокатли таъсир кўрсатади. Бунинг оқибатида цитотоксик моддалар пайдо бўлади ва нейронларнинг ҳалок бўлиши жадаллашади.

Шу ерда миянинг қон ва кислород билан таъминланишига оид маълумотларни келтириб ўтсак. Маълумки, соғлом одамда 1 дақиқа ичида 100 г мия тўқимаси 50-55 мл қон ва 45 мл кислородни истеъмол қилади. Агар унинг миқдори камая бошласа, ишемия ривожлана бошлайди (2-жадвал).

2-жадвал
Бош мияда ишемик инфарктнинг шаклланиш босқичлари
Бир дақиқада 100 г мия тўқимаси
Мия ишемияси ривожланиши
50-55 мл қонни истеъмол қилса
Бош миянинг қон билан таъминланиши сақланган бўлади.
35-30 мл қон билан таъминланса
Цереброваскуляр етишмовчилик
ривожланиб бошлайди.
25-20 мл қон билан таъминланса
Бош мияда ишемик жараён кучайиб, структур ўзгаришлар пайдо бўлиб бошлайди.
Бор-йўғи 15-10 мл қон билан таъминланса
Бир неча дақиқа ичида ишемик инфаркт
ривожланади

Эслатма. Соғлом одамда бир дақиқа ичида бош миядан 800 мл қон оқиб ўтади.

Агар мия тўқимасига қон оқиб келиши 6-8 дақиқага тўхтаса, мияда қайтмас жараёнлар рўй бера бошлайди, яъни мия тўқимаси ҳалок бўлади. Ўлган тўқиманинг атрофида қайта тикланиши мумкин бўлган ишемик соҳа, яъни пенумбра шаклланади. Бу соҳада микроциркуляция сақланган бўлади ва у нейронлар фаолиятини бир неча соатгача (одатда 3 соатгача) таъминлаб туради. Бироқ бу вақт уларнинг тўла фаолият кўрсатиши учун етарли эмас. Агар пенумбра соҳаси кислород ва бошқа озиқлантирувчи моддалар билан етарли миқдорда дарров таъминланса, нейронларни ҳалок бўлишдан сақлаб қолиш мумкин. Церебрал ишемия ривожланган дастлабки 3 соат ичида ёрдам кўрсатиб, инфаркт шаклланишидан сақлаб қолиш мумкин бўлган даврга «терапевтик дарча» даври деб аталади. Агар бу даврда ёрдам кўрсатиш кечиктирилса, пенумбра соҳасидаги нейронлар ҳам ўлади, ишемик инфаркт соҳаси кенгаяди ва кейинги даволаш муолажалари самараси пасаяди. Пенумбра шаклланиш босқичини ПЭТ ёрдамида кузатиб бориш мумкин.
Ишемик инсульт патогенезининг ажралмас қисми – бу мия шиши. Церебрал ишемия ривожлангач, мия шиши ҳам шакллана бошлайди. Ишемик жараён қанча катта жойни эгалласа, мия шиши ҳам шунча тез ривожланади ва зўрайиб боради. Мия шиши ривожланишининг биринчи сабаби – бу мияда электролитлар алмашинувининг бузилишидир. Ишемия сабабли ионлар транспортини бошқарувчи механизм издан чиқади. Бунинг натижасида ҳужайралараро суюқликдаги Nа ионлари катта миқдорда ҳужайралар ичига ўта бошлайди ва ўзи билан сувни ҳам олиб киради. Ҳужайралар ичидаги К ионлари эса ҳужайралараро бўшлиққа чиқади. Бу ҳолат диспропорционал тарзда юзага келади. Нормал фаолият кўрсатаётган натрий-калий насоснинг бузилиши сабабли ҳужайра ичига ўтиб олган ортиқча электролитлар ва сув қайтадан ҳужайра ташқарисига чиқа олмайди. Натижада, цитотоксик шиш ривожланади.

Цитотоксик шиш пайдо бўлгач, бир неча соатлардан сўнг вазоген шиш ҳам ривожланади. Баъзида бу жараён параллел тарзда кечади. Вазоген шиш плазманинг қон томирлардан ташқарига сизиб чиқиб, ҳужайралараро бўшлиққа ўтиши билан боғлиқ. Ишемик инсультда ГЭБ нинг издан чиқиши вазоген шиш шаклланишида асосий ўрин эгаллайди. Худди цитотоксик шиш каби вазоген шишнинг қай даражада тез шаклланиши ҳам церебрал ишемия ҳажмига боғлиқ. Катта ишемик ўчоқларда вазоген шиш тез шаклланади ва дислокацион синдром ривожланади. Томир деворлари мўртлашуви ва қон элементларининг ташқарига сизиб чиқиши ҳисобига пердиапедик геморрагия ҳам рўй беради. Баъзида пердиапедик геморрагия бош миянинг катта қисмини эгаллайди. Бундай пайтларда аралаш инсульт ҳақида сўз кетади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Insult va koma. Qo`llanma. Toshkent, 2013., 193 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича