Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси КРАНИОЦЕРЕБРАЛ ЖАРОҲАТЛАР ТАШХИСИ

КРАНИОЦЕРЕБРАЛ ЖАРОҲАТЛАР ТАШХИСИ


Краниоцеребрал жароҳатларда ташхис ва қиёсий ташхис, асосан, жароҳат тури ва бош миянинг шикастланиш даражасини аниқлашдан иборат. Бу мақсадда бир неча алгоритм ишлаб чиқилган. Улардан бирини келтириб ўтамиз (1-жадвал).
                            1-жадвал
          Краниоцеребрал жароҳатларда ташхис қўйиш алгоритми
Клиник турлари
Ташхис қўйиш учун зарур белгилар
Бош мия чайқалиши – КЦЖ нинг енгил тури бўлиб, асосан, функционал бузилишлар билан намоён бўлади ва пайдо бўлган неврологик симптомлар бир ҳафтага етмасдан йўқолади.    
Ҳушдан кетиш бир неча сониядан бир неча дақиқагача давом этади. Бемор ҳушига келгач, кўнгли айниб қусади ва бироз карахт ҳолатда бўлади. Қисқа вақт давом этувчи ретро- ёки антероград амнезия кузатилади (хотира бузилмаслиги ҳам мумкин). Бош оғриқ, бош айланиш, қулоқ шанғиллаши, ортиқча шовқин ёқмаслиги, жаҳлдорлик, умумий ҳолсизлик; вегетатив бузилишлар (гипергидроз, юзнинг оқариб ёки қизариб кетиши, тахикардия) кузатилади. Неврологик симптомлар (горизонтал нистагм, конвергенция сустлиги, Ромберг синовида енгил чайқалиш, бармоқ-бурун синовида енгил интенция, пай рефлекслари анизорефлекцияси) аниқланади. Рентгенограмма, КТ ва МРТ текширувларида калла суяги ва бош мияда структур ўзгаришлар аниқланмайди. 
Барча мавжуд симптомлар 3–7 кун ичида йўқолади.


Бош миянинг енгил эзилиши
Ҳушдан кетиш ярим соатгача давом этади. Бемор ҳушига келгач кўнгли айниб қусади, баъзида кетма-кет қайт қилади. Ретроград ва антероград амнезия кузатилади ва, одатда, бир соатгача давом этади. Бош оғриқ, бош айланиш, қулоқ битиб қолиши ва шанғиллаши, ортиқча ёруғлиқ ва шовқинни ёқтирмаслик, умумий ҳолсизлик кузатилади. АҚБ кўтарилиши мумкин, тахикардия ёки брадикардия пайдо бўлади. Неврологик симптомлар яққол аниқланади. Булар – горизонтал нистагм, конвергенция сустлиги, енгил анизокория, VII ва ХII нервларнинг енгил марказий фалажлиги,  пай ва тери рефлекслари асимметрияси, Ромберг синовида енгил чайқалиш, бармоқ-бурун синовида интенция. Менингеал симптомлар, айниқса, энса мушаклари ригидлиги ва Керниг симптоми аниқланади. Калла суяги синиши, субарахноидал қон қуйилиш, мия паренхимасининг локал эзилиши ва перифокал шиш каби белгилар пайдо бўлади. 
Аниқланган неврологик симптомлар 2 ҳафта ичида йўқолади. Глазго шкаласи бўйича 13–15 балл.
Бош миянинг ўрта даражада эзилиши    
Ҳушдан кетиш бир неча соат давом этади ва бемор сопор ҳолатида бўлади. Бемор ҳушига келгач, кучли оғриқ пайдо бўлади, бош айланади, кетма-кет қайт қилади, психомотор қўзғалишлар кузатилади. Посттравматик амнезия бир кунгача давом этади. Бош миянинг эзилган соҳасига боғлиқ ҳолда яққол ифодаланган неврологик симптомлар аниқланади. Булар – нистагм, анизокория, корнеал ва конюктивал рефлекслар ҳамда қорачиқлар фотореакциясининг сусайиши, нутқ бузилишлари, кортиконуклеар иннервация бузилиши, ҳаракат бузилишлари (монопарез, гемипарез), сезги бузилишлари (моноанестезия, гемианестезия). Менингеал симптомлар ҳам яққол намоён бўлади. Нафас олиш ва юрак-қон томир фаолияти бузилишлари. Калла суяги синишлари, субарахноидал геморрагиялар аниқланади. Рентген, КТ ва МРТ текширувларида калла суяги гумбази ёки асоси синишлари, мия тўқимасининг локал эзилишлари, перифокал шиш, геморрагик ва ишемик ўчоқлар, субарахноидал қон қуйилишлар. 
Неврологик симптомлар 3–5 ҳафта мобайнида регрессга учрайди. Глазго шкаласи бўйича 9–12 балл.
Бош миянинг оғир даражада эзилиши
Ҳушдан кетиш бир неча кунлаб ёки ҳафталаб давом этади, бемор комада ётади. Оғир неврологик симптомлар пайдо бўлади. Нафас олиш ва юрак, қон-томир фаолияти кескин бузилади, беморни сунъий нафас олдириш системасига ўтказишга тўғри келади. Калла суягининг очиқ ва ёпиқ синишлари аниқланади, катта миқдорда паренхиматоз, вентрикуляр ва субарахноидал қон қуйилишлар рўй беради.
Тикланиш ойлаб давом этади ва жуда суст кечади, ногиронлик ва ўлим ҳолатлари кўп кузатилади. 
Глазго шкаласи бўйича 3-8 балл.

Диффуз аконал шикастланиш
бош мия катта ярим шарлари оқ моддаси, қадоқсимон тана ва мия устунидаги аксонлар ёрилиши ва узилиши    Узоқ давом этувчи кома. Мия устуни шикастланиши белгилари (Гертвиг-Мажанди, Парино синдромлари, окулосефалик рефлекснинг йўқолиши), бемор сунъий нафас олдириш системасига ўтказилади. Децеребрацион ригидлик. Декортикацион ригидлик. Вегетатив ҳолат. КТ текширувлари: бош мия бўкиши ҳисобига унинг ҳажми катталашган, қоринчалар босилган, субарахноидал бўшлиқлар торайган, миянинг оқ моддаси, қадоқсимон тана, пўстлоғости тузилмалари ва мия устунида нуқтали геморрагиялар аниқланади.
Бош мия босилиши
– интракраниал гематома, суяк синиқлари ёки шу каби патологик ҳолатларнинг биргаликда мия тўқималарини босиб қўйиши.    Интракраниал (эпидурал,субдурал, субарахноидал, интрацеребрал, вентрикуляр, базал) гематомалар. Ҳушнинг турли даражада бузилиши – сопор, кома. Неврологик симптомлар кучайиб бориши. Интракраниал гипертензия эрта ривожланиши ва кучайиб бо­риши. Фокал ёки тарқалган эпилептик хуружлар. Дислокацион синдром. Жароҳатдан кейин неврологик симптомлар шакллангунга қадар беморнинг аҳволи қониқарли ҳолатда бўлиши ва клиник симптомлар кузатилмаслиги мумкин. Бу давр «ёруғлик даври» деб аталади.

     
.




Текшириш ва ташхис қўйиш алгоритми

Бемор эҳтиёткорлик билан горизонтал ҳолатда текис жойга ётқизилади ва унинг ҳуши, нафас олиши, юрак уриши ва АҚБ зудлик билан текширилади. Агар АҚБ ўта паст бўлса, бемор кўп қон йўқотган бўлиши мумкин. Кўкрак қафаси, бўйин умуртқалари, қорни ва оёқ-қўлларида синган жойлар бор-йўқлиги текширилади.
Беморнинг калла суяги обдон текширилади ва жароҳатнинг ташқи белгилари, яъни кўзойнак симптоми, калла суяги синиши, терининг ёрилиши, эзилиши, териости гематомалари, қон оқаётган жойларга эътибор қаратилади. Агар бурундан ликвор оқаётган бўлса, демак, калла суяги асоси синган. Бурундан оқаётган бошқа суюқликдан фарқли ўлароқ ликвор таркибида глюкоза бўлади. Калла суягининг оғир синишларида ликвор ва қон қулоқдан ҳам оқади. Қулоқдан қон оқиши ноғора парда йиртилиши сабабли рўй бераётган бўлиши ҳам мумкин.
Беморнинг ҳушдан кетиш даврини аниқлаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Унга қараб КЦЖ нинг оғирлик даражаси аниқлаб олинади. Бемор кўзини очгандан кейин у ҳушига келган ҳисобланади. Бу мақсадда Глазго шкаласидан фойдаланилади. Бу шкала жуда оддий бўлиб, ундан КЦЖ қаерда рўй берган бўлишига қарамасдан фойдаланиш мумкин. Бемор ҳушига келгач, унинг ўз шахси, вақт ва жойга ориентацияси текширилади. Бунинг учун беморнинг исми, қаерда яшаши, бугун қандай кунлигини айтиш ва тескари равишда 10 дан 1 гача санаб бериш сўралади.
Бемордан, унинг яқинлари ёки КЦЖ гувоҳи бўлган шахслардан анамнез йиғаётиб жароҳат қандай рўй бергани ва қандай шароитда юзага келгани сўралади. Бошқа касалликлар (эпилепсия, спиртли ичимликлар қабул қилганлиги ва ҳ.к.) бор-йўқлигига эътибор қаратилади.
Хотира бузилишини аниқлаш асосий текширув усулларидан бири ҳисобланади. Ҳушини йўқотмаган беморда ҳам хотира йўқолиши мумкин. Посттравматик амнезиянинг қанча вақт давом этиши КЦЖ даражасини баҳолашга ёрдам беради. Кўпинча, ретроград амнезия кузатилади. Агар бемор жароҳатдан олдинги воқеаларни эслай олмаса – ретроград, жароҳатдан кейинги воқеалар эсида қолмаса – антероград амнезия деб аталади. Хотира тикланганлигини аниқлаш учун бемор билан суҳбат ўтказилади, жароҳат тафсилотлари сўралади. Бундай пайтда хотирани текширишнинг энг оддий усули қўлланилади: бемордан 3 та сўзни эслаб қолиш ва 5 дақиқа ўтгач уни такрорлаш сўралади. Шунингдек, яқинларининг оти, шаҳар, маҳалла ва кўча номи сўралади. Бемор бу саволларга тўғри жавоб берса, унинг хотираси тикланган бўлади.
Неврологик статусни текшираётганда қорачиқлар шакли, ёруғликка реаксияси, оёқ-қўлларда фалажликлар ва менингеал симптомлар бор-йўқлигига эътибор қаратилади. Бу неврологик текширувларни УАШ ҳам ўтказа олиши керак. Менингеал симптомлар борлиги субарахноидал бўшлиққа қон қуйилганидан далолат беради. Энса мушаклари ригидлигини текширишдан олдин бўйин умуртқаларини эҳтиёткорлик билан пайпаслаб кўришни эсда тутиш лозим.
Калла суяги фронтал ва сагитал кесимларда рентген қилинади. Рентгенограмма калла суягининг турли хил синишларини аниқлашга ёрдам беради. КТ текшируви эса калла суяги ҳолатидан ташқари интракраниал тўқималар ҳолатини ўрганиш учун ҳам зарур. КЦЖ да, кўпинча, бўйин умуртқалари ҳам шикастланади. Шунинг учун бўйин умуртқаларини рентгенография қилиб текшириш мақсадга мувофиқ.
Агар бош мия чайқалиши ёки эзилишига оид симптомлар (ҳушни йўқотиш, карахтлик, посттравматик амнезия, қусиш, ўчоқли неврологик симптомлар) аниқланмаса ва фақат бошнинг юмшоқ тўқималари лат еган бўлса, у ҳолда “Бошнинг юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси қўйилади ва зарур ёрдам кўрсатиб, бемор уйига юборилади. Аммо уни уйига юборишдан олдин ренгенологик текширув ўтказилиши керак. Бемор врач назоратида туриши ва аҳволида ёмон ўзгаришлар пайдо бўлса, яна қайта текширувдан ўтиши лозим.
КЦЖ нинг ўткир даврида ЛП қилиш тавсия этилмайди. Чунки интракраниал гематома ва миянинг катта соҳаси эзилишларида бу муолажа мия тўқималари дислокациясини юзага келтириши мумкин. Енгил ҳолатларда эса ЛПнинг диагностик аҳамияти жуда кам. Агар менингеал симптомлар ўтиб кетавермаса ва тана ҳарорати юқори даражада сақланиб қолса, посттравматик менингитни инкор қилиш учун ЛП қилинади.
КЦЖ рўй берган беморни, албатта, травматолог ва нейрохирург кўриши лозим. Бемор травматология ёки нейрохирургия бўлимларига жойлаштирилади. Агар бунга шароит бўлмай бемор бошқа бўлимга ётқизилса, уни травматолог, нейрохирург ёки невропатолог ўз назоратига олиши керак. Сопор ва кома ҳолатларида бемор реанимация бўлимига ётқизилади. Агар нейрохирургик муолажа ўтказиш зарурати туғилса, у кечиктирмасдан амалга оширилади.
КЦЖ да “ёруғлик даври” бўлишини эсда тутиш лозим, чунки у посттравматик гематомада кўп кузатилади. Ёруғлик даври – бемор жароҳатдан кейин ҳушига келиб, яна бироз вақт ўтиб ҳушини йўқотгунга қадар бўлган давр. КЦЖ да болаларнинг аксарияти ҳушини йўқотмайди. Бу эса диагностик хатоликларга сабаб бўлади, яъни врач ҳушини йўқотмаган болага клиник ва рентгенологик текширувлар ўтказмасдан уйига юбориши мумкин. Ҳатто интракраниал гематома катта ҳажмга етмагунча бола ҳушини йўқотмаслиги мумкин. Демак, КЦЖ га гумон пайдо бўлган ҳар қандай ҳолатда клиник ва рентгенологик текширувлар албатта ўтказилиши керак.
 КЦЖ динамик жараён бўлганлиги боис, аксарият ҳолларда нейровизуализация текширувларни қайта ўтказиш зарурати туғилади. Бемор белгиланган муддат ичида врач назоратида бўлади ва врач лозим топган пайтларда нейровизуализация текширувлари қайта ўтказилади. Масалан, бемор ҳадеб ухлайверса интракраниал гематома, мия силжиши ёки бошқа вазиятлар вужудга келган бўлиши мумкин. Бундай пайтларда КТ қайта ўтказилади. Агар зарбадан кейин беморнинг миясида темир парчалари қолганлигига гумон пайдо бўлса, МРТ ўтказиш хавфли. Чунки мия қутиси ичига тушиб қолган темир парчалари кучли магнит майдони таъсирида ўрнидан силжиб, мия тўқималарини шикастлайди. Бу эса ҳаёт учун ўта хавфли! Шунинг учун ҳам КЦЖ да дастлаб КТ қилинади, кейинги текширувларда заруратга қараб МРТ қилиниши мумкин.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича