Ҳушнинг йўқолиши


Ҳушнинг бузилиши ҳар қандай этиологияли кома учун асосий белгидир. “Кома” ташхисини қўйиш ҳушсизлик даражасини аниқлашдан бошланади. Бемор ҳушини йўқотган тақдирдагина кома ташхиси қўйилади. Ҳушсиз ётган бемор унга қаратилган саволларга жавоб бермайди, оддий кўрсатмаларни бажармайди ва оғриқли таъсирларга жавоб қайтармайди. Масалан, кўзингизни очинг, тилингизни чиқаринг, қўлингизни кўтаринг каби саволларга ҳушсиз ётган бемор жавоб бермайди. Беморнинг юқори қовоғи қимирламасдан ётади, киприклари пирпирамайди. Шунингдек, у овоз келган томонга бошини бурмайди, юзига шапиллатиб урса, баданига нина санчса, кўзини очмайди ёки инграмайди. Албатта, бироз кучлироқ таъсирларга беморда ҳимоя реакцияси пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда қуйироқда ёзилган.
       
Ҳушнинг тўла бузилганлигига ишонч ҳосил қилиш учун тананинг сезгир жойларини чимчиллаб кўриш ёки нина санчиб текшириш зарур. Бунинг учун, одатда, юз ва қўл панжаларидан фойдаланилади. Чунки тананинг бу қисмлари пўстлоқда катта проекцион соҳани эгаллаган. Беморда истерик комага гумон қилинса, бурнининг ичига қоғознинг учини тегизишнинг ўзи кифоя. Бунда бемор врачнинг қўлини итариб юборади ёки аксиради.
       
Ҳушсиз ётган беморни бирор жойга олмоқчи ёки унинг оёқ-қўлларини тўғрилаб қўймоқчи бўлсангиз, у пассив ҳолатда ётаверади. Бу пассивликни мускуллар тонуси, пай рефлекслари ва сезгини текшираётганда ҳам кузатиш мумкин. Лекин бош миянинг ўчоқли зарарланишларида (инсульт, ўсма, гематома) беморнинг боши бир томонга қайрилган ҳолатда бўлади. Эслаб қолинг: Кома ташхиси беморнинг ҳуши йўқолган тақдирдагина қўйилади.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              ©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича