Ҳидлов нерви


Ҳидлов нерви (n. оlfactorius I жуфт)  сезги нерви бўлиб, 3 нейронли йўлдан иборат: 1 нейрон танаси бурун бўшлиғи шиллиқ қаватида, 2 нейрон ҳидлов пиёзчасида, 3 нейрон эса ҳидлов учбурчагида жойлашган.
Нерв йўли. Биполяр тузилишга эга 1 нейрон дендритлари бурун шиллиқ қаватига тарқалади, аксонлари ҳидлов ипчаларини (fila olfactoria) ҳосил қилади. (6.4-rasm). Ҳидлов ипчалари калла суяги ичига ғалвирсимон суякда жойлашган lamina cribrosa орқали киради ва ҳидлов сўғонида (bulbus olfactorius) тугайди. Bulbus olfactorius пешона бўлагининг пастки юзасида жойлашган.
Ҳидлов сўғонида жойлашган 2 нейрон аксонлари ҳидлов трактини (tractus olfactorius) ҳосил қилади ва бирламчи ҳидлов марказлари (trigonum olfactorium, substantia perforata anterior, septum pellucidum) томон йўналади. 
 Бирламчи ҳидлов марказларида 3 нейрон танаси ётади ва унинг аксонлари қадоқсимон тананинг устки ва пастки қисми бўйлаб чакка бўлагининг медиобазал юзасида жойлашган ҳидлов маркази, яъни gyrus hyppocampi ва унинг атрофидаги тузилмаларга бориб тугайди. Ҳидлов йўллари иккала яримшарда ҳам проекцион марказларга эга. Шу боис бир томонлама кортикал зарарланишларда ҳид билиш бузилмайди.

              Ҳидлов нервини текшириш усуллари

Текшириш қоидаси. Текширилаётган моддалар номи бемордан сир тутилади, бироқ бу моддалар унга аввалдан таниш бўлиши керак. Бу мақсадда енгил ҳид таратувчи моддалар (қаҳва, суюлтирилган валериан, камфора, лимон) қўлланилади. Улар бемордан чеккароққа туради ва усти ёпиб қўйилади. Ҳидлов функцияси ҳар бир бурун тешигида алоҳида-алоҳида текширилади. Текширув пайтида бемор кўзлари ва оғзини юмиб ўтиради, иккинчи бурун тешигини бармоғи билан ёпиб туради (6.4-расм).


Зарарланиш симптомлари: аносмия – ҳид билмаслик; гипосмия – ҳид билишнинг пасайиши; гиперосмия – ҳид билишнинг кучайиши; ҳидлов галлюцинацияси – аслида йўқ бўлган ҳидларни сезиш.  

Топик диагностикаси

  1. Бир томонлама гипосмия ва аносмия ҳидлов сўғони, ҳидлов тракти ва ҳидлов учбурчаги зарарланганда учрайди. 
  2. Икки томонлама гипосмия, аносмия, одатда, ЎРВИ сабабли юзага келади ва неврологик жиҳатдан диагностик аҳамиятга эга эмас.
  3. Гиперосмия ҳомиладорлик, камқонлик, авитаминоз, хайз пайти, шизофрения ва маниакал-депрессив психозда кузатилади. Баъзи одамлар турли ҳидларга ўта сезгирлиги ва уларни ажрата олиш қобилиятига эга бўлади. Бу эса норма. 
  4. Ҳидлов парестезияси (дизосмия) вегетатив-висцерал пароксизмлар ва психосоматик бузилишлар учун хос.   
  5. Ҳидлов галлюцинацияси ҳид билишнинг пўстлоқ марказлари (гиппокамп) таъсирланишида кузатилади. Гиппокамп – аксарият ҳолларда эпилептик хуруж генератори. 

Манба:  © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси    © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича