ХОТИРА


Ўтмишда идрок қилинган нарса ва ҳодисаларни, тажрибани эслаб қолиш, эсда сақлаш, эсга тушириш ва унутиш каби руҳий жараёнларга хотира деб айтилади. Ҳар қандай кечинмани, ҳар қайси таъсирни одам қисқа ёки узоқ вақт мобайнида, ана шу воқеалар «изи» кўринишида эсида сақлаб қолади. Биз сўз ва ибораларни, шунингдек, тасаввурлар ҳолида тикланиши мумкин бўлган образларни эслаб қоламиз ва хотирада сақлаб юрамиз.
       
Хотиранинг учта асосий функцияси фарқ қилинади: эслаб қолиш (эсда олиб қолиш), эсда сақлаш ва эсга тушириш. Шунингдек, унутиш ҳам хотира жараёнларидан биридир. Эслаб қолишда излар орасидаги муваққат алоқалар муҳим аҳамият касб этади. Бу муваққат алоқалар ёки ассоциациялар шартли рефлекснинг бир тури ҳисобланади. Масалан, болага унинг учун нотаниш бўлган нарса, дейлик, кўзойнак, биринчи бор кўрсатилса, унинг номини айтиб бера олмайди. Лекин у аввал кўзойнакнинг тузилиши ҳақида эшитган бўлса, бу маълумот мияда хотира излари сифатида сақланиб қолади ва унга кўрсатилган кўзойнакнинг номини айтиб бера олади. Чунки кўриш образи ва «кўзойнак» сўзидан пайдо бўлган миядаги излар орасида шартли рефлектор боғланишлар, яъни ассоциациялар пайдо бўлади ва бунинг натижасида буюмнинг номи хотирада қайта тикланади. Демак, хотира жараёнида ассоциацияларнинг роли жуда катта. Ассоциация сўзи лотинчада – associo – бирлаштириш, боғлаш деган маънони англатади.
       
Эсда олиб қолиш муддатига қараб қисқа ва узоқ муддатли хотира фарқланади. Ҳар қандай ахборот аввалига қисқа муддатли хотира сифатида сақланади. Агар мия тузилмаларида маълумот зарурлиги тўғрисида «қарор» қабул қилинса, у узоқ муддатли хотирага айланади. Акс ҳолда, қисқа муддатли хотиралигича қолаверади, яъни ахборот миядан ўчириб юборилади. Қисқа муддатли хотирада ахборот 20 сония атрофида сақланади. 
       
Қисқа муддатли хотиранинг узоқ муддатли хотирага ўтиши ахборотнинг нақадар зарурлигига ҳам боғлиқ. Масалан, биз телефон рақамлари битилган китобга қараб, ўзимизга керак бўлган телефон рақамини топамиз ва шу рақамни терамиз. Агар бу рақам жавоб бермаса ёки бир марта гаплашиб, сўнг ўша рақамга қайтишнинг зарурати бўлмаса, биз бу рақамни узоқ муддат хотирамизда сақлаб қололмаймиз. Кейинчалик бу рақамни эслаш учун яна телефон китобини варақлашга тўғри келади. Мабодо, одам ушбу телефон рақамини узоқ вақтга эслаб қолса, демак, шу рақам билан боғлиқ бўлган маълумот ўша одамда қизиқиш уйғотди ва бу рақам узоқ муддатли хотирага айланди.
       
Немис психологи Эббингауз қисқа муддатли хотира ҳажми 7 элементга тенг деб ҳисоблаган. Агар одам 7 рақамдан ортиқ бўлган қандайдир сонларни эслаб қолмоқчи бўлса, уларни бир нечта қисмларга бўлиб ташлайди. Масалан, қуйидаги рақамлар тўпламини эслаб қолиш керак: 3912213354. Бу рақамларни эслаб қолиш мушкул, албатта. Лекин уларни 3-9-12-21-33-54 га бўлиб ташласак, эслаб қолиш осонлашади. Бунинг учун ҳар бир «–» дан сўнгги рақам бир-бирига қўшиб борилаверади (3+9=12; 9+12=21 ва ҳ. к.).
       
Қисқа муддатли хотирада материал эсда қолиши учун унинг ҳажми унча катта бўлмаслиги лозим. Масалан, рекламада бу қоидага қаттиқ амал қилишади. Шу боис ҳам рекламада узундан-узун матнлар учрамайди. Демак, бемор билан суҳбатлашаётган врач ёки психолог ҳам қисқа ва лўнда жумлаларни ишлатиши ва суҳбат узоққа чўзилиб кетмаслиги керак. Ана шунда уларнинг тавсияси беморнинг эсида узоқ сақланиб қолади. Ёки зарур сўзларга алоҳида урғу берган ҳолда сўзлаш мақсадга мувофиқ. Эслаб қолишда алоҳида таъкидланган сўзлардан бошқаси фақат шовқин тусида қолади, урғули сўзлар эса хотирада асосий ахборот бўлиб сақланиб қолади. Бу усул гипнозда кенг қўлланилади.
       
Шуни таъкидлаш лозимки, узундан-узоқ гапирувчи нотиқлар кўпинча жумлаларни грамматик жиҳатдан нотўғри талаффуз қилишади. Уларда гапнинг бошланиш мазмуни унинг тугалланишига тўғри келмайди. Чунки улар сўз бошида нима демоқчи бўлганини узоққа чўзилиб кетган гапи туфайли унутиб қўяди. 
       
Қисқа муддатли хотира жараёнларини ўрганишда психологлар кўп тадқиқотлар ўтказишган. Ахборот қисқа муддатли хотирадан қандай қилиб узоқ муддатлига ўтиши мумкин?
       
Дастлаб ахборот қисқа муддатли хотира блокларига тушади. Бу блокларда нейронларнинг муайян гуруҳлари фаоллашади. Ана шу блокларда сақланиб турган ахборот кейинчалик узоқ муддатли хотира блокларига ўтказилади. Лекин ҳамма вақт ҳам шундай бўлавермайди. Қисқа муддатли хотира узоқ муддатли хотирага айланиши учун ахборот «танланади». Аёнки, узоқ муддатли хотира блокларининг ахборот излари нейронларда ўта турғун жойлашган бўлади. Бу жараён хотиранинг ана шу икки тури билан чекланмайди. Чунончи, ўта қисқа муддатли ёки оператив хотира ҳам фарқланади. Матн терувчининг хотираси бунга мисол бўла олади. У хотирасида атиги бир неча сўзларни клавиатурада босилгунгача сақлаб қолади, холос. Шуни айтиб ўтиш лозимки, қисқа муддатли хотиранинг узоқ муддатли хотирага ўтиш механизми етарлича ўрганилмаган, лекин бу жараёнда такрорлаш асосий аҳамиятга эгадир.
       
Шу ўринда одам ўз она тилида ва бегона тилда айтиладиган сўзларни қанча давргача эслаб қолиши ҳақида сўз юритсак. Баъзи мутахассислар ўз она тилидаги сўзлар яхши эслаб қолинишини таъкидлашади. Бу, албатта, узоқ муддатли хотирага тааллуқли. Лекин қисқа муддатли хотирада-чи? Бу саволга жавоб топиш учун турли илмий марказларда тадқиқотлар ўтказилган ва турли хил натижалар олинган. Биз ҳам ушбу муаммога қизиқиб ўз тадқиқотларимизни ўтказганмиз (Ибодуллаев З.Р., 2001) Бунинг учун рус тилини яхши биладиган ўзбек талабаларини танлаб олганмиз. Ўзбек ва рус тилидаги 10 та сўзни (5 та ўзбек + 5 та русча) ёдлатиб, қайта эсга тушириш – Эббингауз усули билан текшириб кўрганмиз. Ушбу тадқиқотни бошлашдан олдин фақат ўзбек, сўнгра фақат рус тилидаги сўзлар қатори ёдлатиб текшириб кўрилди. Натижа иккала ҳолатда ҳам деярли бир хил даражада  ёдлаб қолишни кўрсатди. Талабалардан қоидага биноан маъно жиҳатдан бир-бирига ўхшаш бўлмаган сўзлар (масалан, уй, вода, ҳаво, зима, қогъоз, трава, барг ва ҳ.к.)ни ёдлаш ва қайта эсга тушириш сўралди. Тажриба бир неча бор қайтарилди. Талабалар ёдлаб қолган ва қайта эсга туширган ўзбек ва рус тилидаги сўзлар сони деярли бир хил бўлиб чиқди (1-расм). Фақат ўзбек тилидаги сўзлар (а), ўзбекча-русча аралаш сўзлар (б) ва фақат рус тилидаги сўзлар (в) билан ўтказилган тажрибада ҳам натижалар деярли бир хил бўлди. Демак, айнан ўзбек ва рус тили билан боғлиқ бўлган мана шу тадқиқотда қисқа муддатли хотира учун тилнинг аҳамияти аниқланмади. Бироқ бу ҳолатда рус тилидаги сўзлар танишлигини ва тушунарли эканлигини ҳам эътиборга олиш керак.
 
1-расм. Эббингауз усули бўйича соғлом одамларда 10 та сўздан иборат қаторни ёд олиш ва қайта эсга тушириш (Ибодуллаев З.Р. тажрибаси, 2001 й).


       Хотира механизмлари. Хотира бош миянинг умумий функцияси бўлиб, уни таъминлашда деярли барча анализаторлар иштирок этади. Мия пўстлоғига сигналларнинг деярли 70 % кўрув анализаторлари орқали келиб тушади. Хотира механизмлари ҳақида жуда кўп таълимотлар мавжуд. Уларнинг деярли барчаси хотира механизми сирларини тўла-тўкис очиб бера олмайди. Ҳозирги кунда нуклеин кислоталарнинг ирсий ахборотни сақлашда ва ирсий белгиларни узатишда тутган ўрни беқиёслиги тасдиқланган. Айниқса, РНК хотира жараёнида бевосита иштирок этади. Уни айрим олимлар спецефик протеинлар кўринишидаги нейронал тузилмалар ичида ўрнашган деб ҳисоблайдилар. Тадқиқотчилар фикрича, липопротеинлар «хотира моддаси» саналади. Нейрондан келувчи ахборотга биринчи бўлиб митохондрия рибонуклеотидлари жавоб беради. Маълумот қабул қилингандан сўнг нейронларда турли хил кимёвий ўзгаришлар содир бўлади, яъни ҳужайра ядроси биологик фаол бўлган моддаларни тситоплазмага отиб чиқаради. Шундай қилиб, нейрон ахборотни қабул қилар экан, шу заҳотиёқ уни қайта ишлаб бошлайди. Олимлар фикрича, қабул қилинаётган ҳар қандай ахборот соф кимёвий жараёнлар ҳисобига эмас, балки ҳужайра ядроси хромосомалари айрим соҳалари конфигурациясининг ўзгариши ҳисобига эсда қолади. 
       ХХ асрнинг 60-йиллари У. Пенфилд мия пўстлоғини махсус электродлар билан таъсирлантириб, хотира механизми ва унинг патологиясини ўрганган ва қизиқ маълумотлар тўплаган. Тажриба пайтида бемор аввал бўлиб ўтган, лекин унутиб юборган воқеалар ҳақида гапирган ва булар кейинчалик тўғри бўлиб чиққан. Шунингдек, мия пўстлоғининг муайян соҳасига электр билан таъсир этилганда, беморнинг хотирасида эски, унутиб юборилган маълумотлар қайта тикланган. Ана шу соҳа такроран таъсирлантирилганда, яна худди шундай эслаш ҳолати пайдо бўлган. 
       Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг кўпгина соҳалари хотира жараёнида иштирок этади. А.Р. Луриянинг (1959–1973) хотирани ўрганиш бўйича нейропсихологик тажрибалари буни исботлаб берган. Шунингдек, ҳайвонларда чакка бўлакчаси олиб ташланганда, хотира бузилишлари рўй бермаган, улар ўргатишга қобилиятли бўлган.
    Бугунги кунда хотиранинг турли механизмлари учун жавоб берадиган соҳалар фМРТ ёрдамида мукаммал ўрганилмоқда ва янги маълумотлар қўлга киритилмоқда. Гиппокамп қисқа муддатли хотирага масъул. Бу аввалдан маълум. Ҳозирда унинг атрофидаги нейронал тузилмаларда қисқа муддатли хотирага масъул тўқималар аниқланиб, нейрокимёвий механизмларга оид кўп кашфиётлар қўлга киритилган.
       Кўрув дўнглигига қон қуйилган Н. исмли бемор 8 йил мобайнида кузатувимизда бўлган (З.Р. Ибодуллаев, 2001–2007). Унда  инсултдан кейинги воқеа ва ҳодисалар тез фурсатда унутиладиган бўлиб қолган эди, яъни у ҳозиргина бўлиб ўтган воқеаларни 5–10 дақиқадан сўнг мутлақо унутиб юборарди. Лекин бемор  инсултгача бўлган барча воқеаларни эслаб, сўзлаб берарди. Бемор уни 5 йилдан буён назорат қилаётган врачнинг юз тузилиши, ёши, исми ва берилган тавсияларни эсида сақлаб қолмасди. Беморни текшириб бўлгандан сўнг, у билан нима иш қилганимиз сўралганда, 5–10 дақиқадан сўнг ҳеч бирини аниқ айтиб бера олмасди, яъни ахборот тезда унутиларди. Бу ҳолат Корсаков амнезиясининг бир клиник кўринишидир. 
       Хотира жараёнини таъминлашда пўстлоқ ости тузилмаларининг ҳам роли катта. Бу жараёнлар ҳам фМРТ ёрдамида аниқланмоқда. Тажрибаларда аниқланишича, одамнинг мияси маълум бир вақт ичида фақат битта, муайян фаолият билан машғул бўлади. Кўпгина тажрибаларга асосланиб, пўстлоқ ости тузилмаларининг хотирада ахборотни ушлаб туришида таламуснинг вентрал ядроси, оқ шар ва думли ядро иштироки аниқланган.
    Эслаб қолиш. Эслаб қолиш хотиранинг биринчи босқичидир. Эслаб қолиш ихтиёрсиз ва ихтиёрий бўлади. Ахборот қанча зарур бўлса, уни эслаб қолиш шунча осон бўлади. Материални тушуниб олиш эслаб қолиш учун янада катта аҳамият касб этади. Тушунарсиз материални эслаб қолиш мушкулроқ ва, аксинча, аниқ мисоллар билан ифодаланган материални эслаб қолиш осон бўлади. Тадқиқотчилар фикрича, керакли материал кераксиз материалга қараганда 9 маротаба яхшироқ эслаб қолинади. Ўқитиш жараёнида ўқувчилар диққати ўргатилаётган материалга далиллар билан қаратилса, эслаб қолиш янада яхшироқ бўлади. Бу усулдан, айниқса, назарий илмларни ўқитишда унумли фойдаланиш мумкин. Масалан, бирон бир клиник масала етарлича тушунарли бўлмаса, уни эслаб қолиш мушкул, албатта. Бироқ бу масалани ўрганиш мобайнида талабалар ўзлари бевосита иштирок этишса,  у яхши эслаб қолинади.
       Эслаб қолиш ўрганилаётган нарсанинг нақадар қизиқарли ёки зарурлигига ҳам боғлиқ. Ўзи қизиққан ёки умуман бефарқ бўлган китобни ўқиб бунга иқрор бўлиш мумкин. Шунингдек, одамда муайян ҳис-туйғуларга сабаб бўладиган воқеалар осонроқ эсда қолади. Жуда ҳам кучли ҳаяжонли воқеалар эса, одатда, бир умр эсда қолади.
       Маълумки, эслаб қолиш турли хил анализаторлар орқали амалга оширилади. Материални идрок этишда қатнашувчи ретцепторлар ва анализаторлар нечоғлик кўп бўлса, эслаб қолиш шунчалик соз бўлади. Ҳақиқатан ҳам, қандайдир тиббий мосламанинг тузилиши ва ишлаш услубини яхши эслаб қолиш учун у ҳақда эшитиш (эшитув анализаторлари), чизмалар ва моделларни кўриб чиқиш (кўрув анализаторлари), унинг қисмларини йиғиш ва ажратиш (кинестетик сезги)да иштирок этиш керак. Мактабларда кўргазмали ўқитишнинг мақсади ҳам ана шу механизмларни кўзлайди.
       Конспект ёзишни тўғри ташкил этиш эслаб қолишнинг муҳим шартларидан биридир. Фақат тўғри ёзилган конспект матни яхши эслаб қолинади. Конспект ёзганда китобдан матнни англамасдан туриб дафтарга қисқартирган ҳолда кўчириш, материални эслаб қолишда қийинчилик туғдиради. 
       Материал тушуниб олингандан сўнг конспект қилинса, унинг мазмуни яхши эслаб қолинади ва хотирада узоқ сақланади. Материални қайта-қайта ўқиш ҳам уни эсда олиб қолиш учун катта аҳамият касб этади. Материални қайта-қайта ўқиш орасидаги вақт материални ўзлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга. Тажриба пайтида синалувчилардан матнни тўла эслаб қолиши учун ҳар ярим соатда, ҳар икки соатда ва бир кунда бир марта қайта ўқиш талаб қилинган. Аниқланишича, матнни ҳар ярим соатда қайта ўқишда уни эсда олиб қолиш учун 11 марта такрорлаш, орада икки соат танаффус қилиб ўқилса, 7 марта такрорлаш керак бўлади. Бундан хулоса шуки, матнни эсда сақлаш учун такрорлаш орасидаги вақт узоқроқ бўлиши мақсадга мувофиқ.
       Ҳозирги кунда ўқув муассасаларида берилган материални яхши эслаб қолиш устида турли тадқиқотлар олиб борилмоқда. Чунки яхши эслаб қолинган материални тушуниш осон бўлади. Бунинг учун кўпгина ўқув масканлари, айниқса, институт ва университетларда янги педагогик технологиялар кенг жорий қилинган. Шу ўринда Конфутцийнинг қуйидаги сўзларини келтириш таъбирга жоиздир: «Мен эшитаман-у, унутиб қўяман, кўраман-у, эслаб қоламан, ишлаб бажараман-у, тушуниб оламан!». Бу сўзларни илмий таҳлил қиладиган бўлсак, бу файласуфнинг нақадар ҳақ эканлигига иқрор бўламиз. Чунки, биринчи ҳолатда, яъни эшитганда мияга ахборот фақат эшитув анализаторлари орқали узатилади. Эшитув билан боғлиқ бўлган хотира эса одамда жуда суст ривожланган. Ундан бирмунча яхши ривожланган хотира бу кўрув хотирасидир. Бироқ бирор бир материал устида фаол ишланса, яъни ўқувчи ўқиса, бошқа ўқувчи билан мунозара қилса, ўз қўли билан матнда берилган маълумотлар устида ишласа ва турли хил «ўйин» машғулотларини ўтказса, материал узоқ вақт эсда сақланиб қолади.
       Шу ерда мактаб ва институтларда кенг жорий қилинган тест имтиҳонлари ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Тест саволларини кўр-кўрона ёдлаш қисқа муддатли хотира сифатида эсда қолади. Тест жавобларининг мияда қисқа фурсатда сақланиб қолишининг асл сабаби унинг имтиҳон ўтгандан сўнг миядан ўчирилишидир. Агар тест саволларига мантиқан ёндашилса ва ҳар бир савол устида талаба фикран ишласа, унинг жавоби узоқ муддат эсда қолади. Қуйидаги жадвалда эслаб қолиш ва ёдга тушира олиш лаёқати келтирилган.
1-жадвал
      Ахборотни қабул қилиш йўллари ва уларни қайта эсга тушириш лаёқати

             Ахборотни қабул 
қилиш йўллари
              Ёдга тушириш (%)
3 соатдан кейин    
3 кундан кейин

Оғзаки
25
10
Ёзма
70
20
Оғзаки + ёзма
80
60
Материал устида фаол ишлаш
90
70


       Шуни таъкидлаш лозимки, сезги аъзоларимиз орқали таъсир қиладиган барча нарсалар эсда қолавермайди. Эслаб қолиш жараёнига дастлаб идрокнинг бевосита давоми сифатида қараш керак. Эслаб қолинаётган ҳар бир нарса ёки ҳодисанинг аниқ кўзга ташланиб турадиган элементлари хотирада яхши сақланади. 
       Ахборотнинг хотирада сақланиши хотиранинг турига ҳам боғлиқ. Мутахассислар семантик ва эпизодик хотира турларини фарқлашади. Семантик хотира – маъно ҳақида маълумот берувчи хотирадир. Масалан, Зигмунд Фрейд тадқиқотчи олим, психоанализ ҳақидаги таълимот асосчиси. З. Фрейд тўғрисидаги ахборот у ҳақидаги турли маълумотлар кўринишида хотирада сақланади. У психоанализ борасида машҳур бўлган олим. Баъзан ушбу олим илмнинг қайси соҳаси бўйича машҳурлигини одам яхши эслаб қолса-да, олимнинг исмини унутиб қўяди. Унинг фамилияси ёки исмини эсламоқчи бўлса: У «ҳалиги олимнинг фамилияси нима эди, у кўп танқидга ҳам учраган, машҳур невролог ҳам бўлган-ку», дейди-ю, олимнинг исмини ҳеч эслай олмайди. Бу семантик хотира бузилишининг бир тури. 
       Эпизодик хотирада бирор бир воқеанинг бўртиб турган қисми эсда қолади. Масалан, кўчада бировни машина уриб кетди ва уни дарҳол шифохонага олиб кетишди. Бир қанча вақт ўтгандан сўнг ўша воқеанинг гувоҳи бўлган одамдан воқеа тафсилоти сўралса, гувоҳ фақат кимнидир машина уриб юборганини эслаб қолади. Қолган нарсалар, яъни айнан қандай машина уриб юборгани, ҳайдовчининг кўриниши ва тахминий ёши, «тез ёрдам»ни ким чақиргани эсидан чиқиб кетган бўлади.
       Шундай қилиб, хотира бир нечта функционал системалар фаолияти ҳосиласидир. Эслаб қолинган нарса ва воқеалар мияда синтез қилинади ва махсус кодга айланади. Кодланиш жараёни қисқа муддатли хотиранинг узоқ муддатли хотирага айланишида муҳим аҳамият касб этади. Хотирада ўша инсон учун аҳамиятсиз бўлган нарса ёки воқеалар эслаб қолинмайди.
       Хотирада ахборот кўпроқ оптик тасвирлар ҳолида яхши сақланади, чунки аксарият одамларда кўриш анализатори идрок этишнинг етакчи тизими ҳисобланади. Кўпчилик олимларнинг хотираси кучли бўлади, дейишади. Бу ҳамма вақт ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Баъзи олимлар оламшумул кашфиётлар қилишса-да, хотираси ўта ёмон бўлган. Масалан, Ч. Дарвин хотирасида жиддий камчиликлар бўлган. Шундай бир воқеа тарихчилар томонидан ёзиб қолдирилган: 50 ёшдан ошган Ч. Дарвин  хизматкорига ўзи ёзган «Турларнинг келиб чиқиши ҳақида»ги асарини ўқишни буюради. Ўз асарини тинглашга берилиб кетган Ч. Дарвин: «Қизиқ, қизиқ, буни қаранг-а, жуда дуруст, бу асарни ким ёзган экан-а», деб юборган. Ч. Дарвинда хотира ҳамма вақт ҳам заиф бўлган. Лекин бу нуқсон унинг аллома бўлиб етишишига халақит бермади. Шу билан бир вақтда ақлан заиф, лекин хотираси кучли одамлар ҳам бўлади, аммо бундай хотира мантиқий эмас, кўпроқ механик хотира ҳисобланади.
       Оммабоп адабиётларда хотираси ўта кучли бўлган одамлар таърифланган. А.Р. Лурия (1963) оддий ишда ишлайдиган, бироқ мустаҳкам хотирага эга бўлган одамни деярли 20 йилдан ортиқ кузатган. Ўта кучли хотиранинг соҳиби бўлган бу одам бир неча йилдан сўнг ҳам арзимаган майда нарсаларгача эслаб қолиб, уларни батафсил айтиб бера олган. Масалан, уни текшираётган олим қандай шимда бўлган, хонанинг қайси бурчагида нималар бор эди, об-ҳаво қандай бўлган ва бемор қандай услубда текширилган. Унинг ақл-заковати оддий одамларникидек бўлган, унча мураккаб бўлмаган математик масалаларни еча олмаган, бироқ ҳар қандай узунликдаги сонларни, бетартиб жойлаштирилган ҳарфларни ва мураккаб формулаларни бемалол ёдида сақлаб қололган. Уни огоҳлантирмасдан туриб сўралган ҳар қандай маълумотни 10–20 йилдан сўнг ҳам бемалол аниқ айтиб бера олган. А.Р. Лурия бу шахснинг устидан олиб борган ҳамма тажрибаларни доимо дафтарга қайд қилиб борган, лекин у кишидаги ноёб истеъдодни тушунтириб бера олмаган. Яқинда худди шундай кучли хотирага эга ўзбек йигитини ҳам оммавий-ахборот воситалари кўрсатди. Албатта шундай кучли хотирага эга инсонлар орамизда кўп, бироқ уларни излаб топиш керак.
    Эсда сақлаш ва қайта эсга тушириш. Хотира «омбори» ихтиёрий ва ихтиёрсиз эслаб қолиш захираси билан мудом тўлиб боради. Кейинчалик ана шу материаллар эсда сақланиб қолади. Эсда сақланиб қолган маълумотлар маълум даражада ўзгаришга учрайди. Кўпгина объектлар ва воқеалар эса узоқ вақт ва ҳатто умр бўйи хотирада қолади. Айтиб ўтганимиздек, эслаб қолиш унутиш билан узвий боғлиқ. Ахборотларнинг ҳаммаси ҳам хотирада сақланмаслиги маълум даражада фойдали ҳамдир, чунки хотира кераксиз маълумотлардан тозаланиб туради. Айтайлик, киши ўз мажбуриятларини унутиб юборса, бу шубҳасиз, унинг ишга бўлган муносабатини билдиради. Айни вақтда руҳан соғлом киши муҳим ва унга ёқадиган воқеа ҳақидаги хабарни унутиб юборишини тасаввур этиш қийин, албатта. Худди шу сабабга кўра бизни қизиқтирган одамларнинг исм-шарифи осонгина эсда қолади, қизиқиш бўлмаган тақдирда бу исмларни эслаб қолиш жуда қийиндир.
       Қайта эсга тушириш асосида мияда сақланиб қолган хотира изларининг фаоллашуви ётади. Соғлом одамда конкрет шароитда унга зарур бўлган ахборот ёдда тикланади, қолган маълумотлар хотира захирасида тўпланиб ётади ва зарур пайтда қайта тикланади. Яхши эслаб қолинган маълумотлар ёдда тез тикланади. Қайта эсга тушириш организмнинг умумий ҳолатига ва инсоннинг руҳий саломатлигига ҳам боғлиқ.
       Ихтиёрий ва ихтиёрсиз эслаб қолиш каби эсга туширишнинг ҳам ихтиёрий ва ихтиёрсиз турлари фарқланади. Ихтиёрий эсга тушириш инсоннинг иш фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Ихтиёрий эсга тушириш инсоннинг иродаси, фикрлаш қобилияти ва руҳий саломатлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ихтиёрсиз эсга тушириш инсоннинг хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда хотирада қолган изларнинг қайта тикланишидир.
       Энди унутиш механизмлари билан танишиб чиқамиз. Унутиш хотира жараёнларининг ажралмас қисмидир. Одам нега унутади? «Унутиш» ибораси  ахборот хотирадан ўчди деган маънони беради. Лекин ҳақиқатан ҳам шундайми? Ахир махсус таъсиротлар ёки гипноз ҳолатида инсон “унутилган” ахборотларни эслайди-ку. Демак, ахборот миядан бутунлай йўқ бўлиб кетмайди, балки у хотира заҳирасида “ҳозирча керакмас маълумот” сифатида сақланади. Биз эса уни бир қатор сабабларга кўра эслай олмаймиз. Шу боис «унутиш» атамаси психологияда иккита ҳодисани англатади: ахборотнинг хотирадан ўчиши ва хотирадан ахборотни топа олмаслик. Масалан, врач бирон бир дорини бир неча йил мобайнида беморларга тавсия қилиб келди ва бу дорининг дозаси унга ёд бўлиб қолган. Энди врач бу дорининг ўрнига бошқа янги бир дорини тавсия қилади ва бунинг натижасида аввалги дорининг дозасини унутиб юборди. Хотирада янги ахборот гўёки эски ахборотдан «бўшаб» қолган жойни эгаллади. Бу унутишнинг биринчи сабаби. Ушбу ахборот яна қайта тикланиши мумкин.
       Болаларда узоқ муддатли хотира 2-3 ёшдан бошлаб фаолият кўрсата бошлайди. Бу ёшгача бўлган ҳамма нарсалар хотирадан ўчади ёки сохта хотира захирасига ташланади. Хотира фикрлаш жараёнида муҳим элементлардан биридир. Врач беморни текшира туриб, унинг шикоятларини эшитади, касаллик анамнезини йиғади. Беморда ҳозир аниқлаган касаллик белгиларини аввал кўрган врач худди шундай касаллик билан фикран солиштиради. Бу ҳолат врачга тўғри ташхис қўйишда ёрдам беради. Биз бу ўринда хотира ва фикрлаш жараёни бир хил пайтда фаолият кўрсатишининг гувоҳи бўлдик. Бу ҳолат маълумотларни эслаб қолишда ва эсга туширишда муҳим аҳамиятга эга.
    Хотира патологияси. Хотира бузилишига олиб келадиган касалликлар жуда кўп. Айниқса, бош мия зарарланишлари ва руҳий касалликларда хотира бузилишлари кўп учрайди. Булар – цереброваскуляр касалликлар, краниоцеребрал жароҳатлар, Алцхаймер типидаги деменциялар, токсик энцефалопатиялар, сурункали алкоголизм, наркомания, эпилепсия ва бир қатор дегенератив касалликлар. Умуман олганда, бош миядаги интегратив жараёнларга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай касаллик хотира бузилишига олиб келиши мумкин.
    Хотира бузилишлари ичида конфабуляциялар (сохта хотиралар) алоҳида ўрин тутади. Бунда бемор ўз ҳаётида рўй бермаган воқеаларни аслида у билан рўй берган, деб ўйлайди ва бунга ўзи ҳам ишонади. Ўзимиз кузатган шундай бир мисолни келтириб ўтамиз. Д. исмли 23 яшар йигит мотоциклда Камаз машинаси орқасига бориб урилади. Бунинг оқибатида пешона соҳаси ёрилади. Мураккаб нейрохирургик операция ёрдамида беморнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Бироқ у хотирасини йўқотади. Бир неча ойлик нейропсихологик даволашлар натижасида биз унинг хотирасини тикладик. Бироқ унда кейинчалик конфабуляция белгилари пайдо бўлди. Беморни отаси ёнимизга олиб келарди. Отаси: “Юр, болам, бугун докторга борамиз” деса, бемор шундай деб жавоб берган: “Мен бугун эрталаб доктор олдига келдим, мени “Нейропсихологик албом” билан хотирамни текширди,  мен билан машқлар ўтказди, дорилар ёзиб берди”. Беморнинг отаси унинг бу сўзларига ишонган. Бироқ онаси боласининг уйдан чиқмаганини айтган. Бу ҳолат псевдологизм эмас, яъни бемор ёлғон сўзламаяпти. Бу ҳолат конфабуляциянинг яққол кўриниши.  Чунки аслида бўлмаган бу воқеаларга унинг ўзи ҳам ишоняпти. 
       Хотира бузилишининг энг кўп учрайдиган тури – бу амнезия. Хотира йўқолишига амнезия дейилади. Унинг қуйидаги турлари фарқ қилинади. Антероград амнезия – бемор касаллик рўй бергандан кейинги воқеа ва ҳодисаларни эслай олмайди. Ретроград амнезия – касалликдан олдин бўлган воқеалар унутилади. Хотиранинг бундай бузилишлари, асосан, краниоцеребрал жароҳатларда кўп кузатилади.
       Умуман олганда, амнезияда хотира бузилишлари турли хил кўринишда намоён бўлади. Масалан, бемор автомашина ҳалокатидан сўнг ҳалокат ҳақида ҳам, унга сабаб бўлган сафар тўғрисида ҳам ҳеч нимани эслай олмайди. У ўз турар жойини, қаерда ишлашини ва касбини ҳам унутиб қўяди. Бемор уйланганини эсласа-да, лекин рафиқаси ким, нечта боласи бор ва уларнинг исмлари қандай каби маълумотларни эсга тушира олмайди. Орадан бир неча ой ёки йиллар ўтиб, хотира қайта тикланиши мумкин. 
      Ретроград амнезияга учраган беморлар «ўтмишсиз одамлар»дир. Бу мавзу бадиий адабиётлар ва кинофилмларда ўткир сюжетлар асосини ташкил қилади. Ретроград ва антероград амнезияларнинг биргаликда кузатилишига антероретроград амнезия деб аталади. Хотиранинг патологик тарзда кучайишига гипермнезия дейилади. Бу ҳолат, асосан, руҳий касалликларда, айниқса, шизофренияда кўп учрайди.
       Хотира бузилишининг яна бир тури бу – псевдореминисценция. Бунда бемор хотирасидаги ахборотнинг унутилган жойини олдин бўлиб ўтган ҳодисалар билан тўлдиради. Масалан, шифохонада бир неча кундан бери даволанаётган бемор “Мен кеча концертга тушдим”, дейди. Ҳақиқатан ҳам бемор концертга тушган, лекин бошқа вақт борган. Псевдореминисценция ҳам сохта хотирадир. Бироқ конфабуляциядан фарқли ўлароқ, псевдореминисценцияда воқеа ҳақиқатан ҳам бемор ҳаётида содир бўлган бўлади. Баъзан руҳий соғлом кишиларда ҳам худди шунга ўхшаш воқеалар кузатилади, яъни одамнинг ўнгидаги кечинмалар ва тушида кўрган воқеалар орасида аниқ-равшан чегара ўчиб кетади. Бунда тушдаги воқеалар ҳақиқатан ҳам рўй бергандек, бўлиб ўтган реал воқеалар эса тушида кўрилгандек туюлади.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz






Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича