Хавотирли шахс


Бу тоифага кирувчилар бировлар билан дарров мулоқотга киришиб кета олишмайди, доимо хавотирда бўлишади, қўрқоқ ва уқувсиз бўлиш билан бирга, ўзига ишонмайди. Улар қоронғиликдан, уйда ёлғиз қолишдан ва ҳайвонлардан қўрқишади. Ўз тенгдошларига қўшилиб кета олмайди, улардан ўзини четга олади, шовқинли, ўйин-кулгили жойларни ёқтиришмайди, мабодо бундай жойларда пайдо бўлиб қолишса ҳам уялиб четда томошабин бўлиб туришади. Агар уларнинг меҳнат ёки ўқув фаолиятини кимдир текширмоқчи бўлса ёки бирор бир фандан имтиҳон топширишга тўғри келса, бундай ҳолатларни у жуда оғир қабул қилади, ўзига ишончсизлиги яна кучаяди, жуда безовталанаб бошлайди. Агар бирор бир масала бўйича нутқ сўзлаш керак бўлса ёки аудиторияда маълумот бериш зарурати туғилса, қаттиқ терга ботиб, уялиб кетишади. Шунинг учун ҳам улар ўз хоҳиши билан минбарга чиқишмайди. Катталар ҳимоясига ўзини жон деб отади, бироқ уларнинг узундан-узоқ панд-насиҳатлари уларда виждон азобини қўзгъайди, ўзининг уқувсизлигидан ва уятчанлигидан азият чекади. Уларда бурчга садоқат, масъулият ҳисси, юқори даражадаги ахлоқ ва одоб тамойиллари  анча эрта шаклланади. Ўзида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш учун қудрати етадиган ишлар билан шуғулланишга ва ўз имкониятларини тўла очишга ҳаракат қилади.
       
Болалик пайтидан мавжуд бўлган уятчанлиги ва тортинчоқлиги сабабли катта бўлганда ҳам ўзи хоҳлаган одамлар билан тезда мулоқотга киришиб кета олмайди. Гап кўтара олмайди, агар  уни ноҳақ айблашса, ўзини ҳимоя қилолмайди, кучлироқ одамларнинг ҳимоясини хоҳлаб қолади. Атрофдагилар билан жанжалли воқеаларга кам аралашади, агар келишмовчиликлар орасига тушиб қолса, пассив иштирокчига айланади, холос. Улар билан дўстона муносабатларни бошлаш осон, улар ўз имкониятларини танқидий баҳолай олишади, хулқ-атворидаги камчиликларни ҳис этишади, ҳар қандай топшириқни бажаришга тайёр шахслардир. Уларни “Меҳрибонлик изловчилар” деб аташ мумкин. Улар ўзларини ўзлари ҳимоя қила олмаганликлари сабабли ҳамкасблари томонидан кулгили воқеаларнинг қаҳрамонларига айланиб қолишади, шунинг учун бирон бир ножўя воқеа юз берса, осонликча унинг бўйнига ағдаришади.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича