Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси НАСЛИЙ МОТОР-СЕНСОР НЕВРОПАТИЯЛАР

НАСЛИЙ МОТОР-СЕНСОР НЕВРОПАТИЯЛАР


Генетика фанининг ривожланиб бориши ва наслий касалликларда хромосомалар нуқсони аниқланиб бошланиши ушбу касалликлар таснифини қайта кўриб чиқишни тақозо этди. Аввалги клиник таснифлардан бироз воз кечилди. Бир қатор наслий касалликлар этиологияси аён бўла бошлади. Хромосомалар нуқсонига қараб наслий касалликлар таснифига ўзгартиришлар киритилди. Масалан, Шарко-Мари-Тут перонеал амиотрофияси 2 хил касалликка ажратилди: 1) гипертрофик ёки миелинсизланувчи; 2) нейронал ёки аксонал тури.
        Наслий мотор-сенсор невропатияларнинг (НМСН) қуйидаги 7 типи ажратилади.
        Шарко-Мари-Тут касаллигининг гипертрофик ёки миелинсизланувчи тури (НМСН нинг 1-типи).
       Этиологияси. Касаллик периферик нервларнинг миелин пардаси синтези бузилиши сабабли ривожланади. НМСН-I наслдан-наслга, асосан, аутосом-доминант, кам ҳолларда аутосом-рецессив ва Х-хромосомага бириккан типда ўтади. 
       Аутосом-доминант типда наслдан-наслга ўтадиган турининг қуйидаги 3 хил генетик варианти фарқланади:
  • НМСН- IА – генетик нуқсон 17-хромосоманинг қисқа елкасида (р11.2 – p12) аниқланади. Кўп учрайди.
  • НМСН- IV – генетик нуқсон 1-хромосоманинг узун елкасида (1q21–q23) аниқланади. Кам учрайди.
  • НМСН-C – генетик нуқсон ҳали аниқланмаган. Жуда кам учрайди.
       НМСН-I нинг аутосом-рецессив типда наслдан-наслга ўтадиган тури жуда кам учрайди ва унда генетик нуқсон 8-хромосоманинг узун елкасида (8q13-q21.1) аниқланади. НМСН-I нинг Х–хромосомага бириккан типда наслдан-наслга ўтадиган тури ҳам кам учрайди ва унда генетик нуқсон Х-хромосоманинг узун елкасида (Хq13.1) аниқланади. Касалликнинг барча турида периферик миелин синтези учун жавоб берадиган генлар мутасияси кузатилади. Шу боис, НМСН-I касалликнинг миелинсизланувчи тури деб аталади.
         Клиникаси. Касаллик 5–20 ёшларда бошланади. Генетик мутация турлича бўлишига қарамасдан, клиник симптомлар бир-бирига жуда ўхшаш. Дастлаб пайдо бўладиган симптом – бу оёқ панжасини тепага кўтарувчи ва бармоқларни ёзувчи мускуллар, яъни перонеал мускулларнинг оза бошлаши. Иккала оёқда ҳам мускулларнинг озиши деярли симметрик тарзда бошланади. Албатта, бу ҳолат оёқ ҳаракатлари ҳолсизлиги билан намоён бўлади: бемор узоқроқ юрганда, чопиб ўйнаганда ва зинапоялардан кўтарилганда чарчаб қолади, баъзида текис йўлда қоқилиб йиқилади ҳам. Дастлабки даврда болдир мускулларининг рефлектор спазми сабабли оёқларда оғриқлар (crampi) юзага келади. Бир неча йилдан сўнг оёқ панжаси ва бармоқларни букувчи мускуллар оза бошлайди. Болдирнинг барча мускуллари атрофияга учрайди, аммо бу жараён сон мускулларига тарқалмайди.
       Ахилл рефлекси эрта сўнади, бироқ тизза рефлекси узоқ вақт сақланиб қолади. Атрофияга учраётган мускулларда фассикуляр тебранишлар кузатилади. Оёқларнинг дистал мускуллари озиб, проксимал мускулларнинг сақланиб қолиши худди лайлак оёқлари ёки тўнтарилган бутилкани эслатади. Шунинг учун ҳам бу ҳолат «лайлак оёқлари» ёки «тўнтарилган бутилка» симптоми деб аталади. Беморнинг қадам ташлаши ҳам лайлак юришини эслатади, яъни бемор оёқларининг учини ерга уриб олмаслик учун уларни кўтариб ташлаб юради (степпаж). Иккала оёқдаги бу ҳолатни кўрган ҳар қандай невропатолог «Беморда Шарко-Мари касаллиги йўқмикан?» деган фикрга боради. Чунки бу симптом ушбу касаллик учун жуда хос.
        Дистал мускуллар атрофияси нафақат оёқ панжаси осилиб қолиши, балки унинг кучли деформациясига ҳам сабабчи бўлади. Бунинг натижасида оёқ панжаси гумбази бўртиб туради, бармоқлар эса пастга осилиб қолади, яъни «Фридрейх оёқ панжаси» шаклланади. Одатда, бу ҳолат бир оёқда кучлироқ, иккинчи оёқда енгилроқ ифодаланади. Шундай бўлса-да, узоқ йиллар мобайнида беморнинг юриш қобилияти сақланиб қолади ва бунинг асосий сабаби – проксимал мускуллар озмай қолишидир.
        Қўлларнинг дистал гуруҳ мускуллари эса бир неча йилдан, одатда, 5–10 йилдан сўнг оза бошлайди. Дастлаб тенар ва гипотенар озади, кейинроқ қўл панжасининг бошқа мускуллари атрофияга учрайди. Атрофия иккала қўлда ҳам деярли симметрик тарзда бошланади. Қўл панжаси мускуллари озиб бўлгач, у «маймун панжаси ёки куш чангали» га ўхшаб қолади. Атрофик жараён аста-секин тирсак ва билак мускулларига тарқалади. Лекин билак мускулларида атрофия енгилроқ намоён бўлади, елка мускуллари эса зарарланмай қолади.
        Иккала оёқнинг дистал қисмида полиневритик типда юзаки ва чуқур сезги гипестезияси аниқланади. Дастлаб тактил ва вибрасия сезгилари, кейинроқ оғриқ, ҳарорат ва мушак-бўғим сезгилари бузила бошлайди. Бироқ ушбу касалликда сезги бузилишларининг енгил кўринишда намоён бўлишини эсда тутиш лозим. N. peroneus ни пайпаслаб текширганда унинг йўғонлашганини аниқлаш мумкин ва бунинг сабаби Шванн ҳужайралари пролиферациясидир. Аксарият ҳолларда акроцианоз кузатилади.
         Кам учрайдиган симптомлар. Нистагм, кўрув нерви атрофияси, қорачиқлар анизорефлексияси, эшитиш пасайиши, қўлларда енгил тремор, гипергидроз, парестезия ва товонда трофик яралар. Олий руҳий функциялар бузилмайди, мияча симптомлари бўлмайди, тос аъзолари функциялари сақланган бўлади.
       Ташхис ва қиёсий ташхис. Ташхис қўйишда оилавий анамнез, касаллик учун хос бўлган клиник симптомлар билан биргаликда ЭНМГ текширувлари аҳамияти жуда катта. ЭНМГ да оёқ-қўллардаги мотор ва сенсор нервларда қўзғалишни ўтказиш тезлиги кескин пасаяди. ЭНМГ ўзгаришларни ҳатто беморнинг яқин қариндошларида ҳам учратиш мумкин. Ўзгарган нервларни биопсия қилганда сегментар демиелинизация, Шванн ҳужайралари сони ошганлиги ва аксонал дегенерация аниқланади. Мускуллар биоптати нейроген атрофияни кўрсатади.
       Қиёсий ташхис, авваламбор, Русси-Леви синдроми, Дежерин-Сотт ва Рефсум касалликлари ҳамда бошқа этиологияли полиневропатиялар ва дистал типдаги миодистрофиялар билан ўтказилади. Бунда ташхис қўйиш алгоритми эътиборга олинади.
        Кечиши ва прогноз. Жуда секин кечади ва аксарият беморлар 45–50 ёшгача ҳаракатланиш қобилиятини сақлаб қолишади.
      2. Шарко-Мари-Тут касаллигининг аксонал ёки нейронал тури (НМСН нинг 2-типи).
       Этиологияси. Асосан, аутосом-доминант, кам ҳолларда аутосом-рецессив типда наслдан-наслга узатилади.
       Касалликнинг аутосом-доминант типда наслга узатиладиган турида генетик нуқсон 1- (p35–p36), 3- (q13–q22) ва 7- (p14) хромосомаларда аниқланади. Аутосом-ресессив типда наслга узатиладиган турида эса 8- (q13–q21.1), 11- (q23) ва 5- (q23–q33) хромосомаларда генетик нуқсон аниқланади. Аутосом-рецессив типда наслга узатиладиган тури кичик ёшда бошланади ва жуда оғир кечади.
       Клиникаси. Касалликнинг аутосом-доминант типда наслга узатиладиган тури 20–40 ёшларда бошланади. Барча клиник симптомлар, яъни дистал атрофиялар ва сезги бузилишлари енгилроқ кўринишда бўлади. ЭНМГ да мотор ва сенсор нерв толалари бўйлаб импульс ўтказиш тезлиги бироз пасаяди. Нервлар биоптатида аксонал атрофия белгилари аниқланади, бироқ демиелинизасия кузатилмайди.
       3. Наслий мотор-сенсор невропатиянинг 3-типи (Дежерин-Сотт касаллиги)
        Касаллик, асосан, аутосом-рецессив типда наслга узатилади ва 10 ёшгача бўлган даврда бошланади. Боланинг жисмоний ривожланишдан орқада қолиши яққол кўзга ташланади. Дастлаб атрофиялар дистал мускулларда бошланади ва кейинчалик проксимал мускулларга тарқайди. Пай рефлекслари эрта сўнади. Демак, секин-аста периферик тетрапарез ривожланади. Ҳаракат бузилишлари баробарида сезги бузилишлари ҳам ривожлана бошлайди. Барча турдаги сезгилар симметрик тарзда бузилади. Кейинчалик сенситив ва мияча атаксияси вужудга келади, бироқ сенситив атаксия кучлироқ ифодаланган бўлади. Атаксия орқа миянинг орқа устуни, спиноцеребелляр йўллар ва периферик сенсор нервлар дегенерацияси сабабли рўй беради. Оёқ панжаси ва умуртқа поғонаси кучли деформацияга учрайди, яъни Фридрейх оёқ панжаси ва сколиоз шаклланади. Деформация кейинчалик қўл панжасида ҳам кузатилади.
         Краниал нервлар дегенерацияси кўрув нерви атрофияси, мимик мускуллар фалажлиги ва эшитиш пасайиши билан намоён бўлади. ЭНМГ да периферик нервлар бўйлаб импульслар ўтказиш тезлиги кескин пасаяди, сегментар демиелинизация ва гипертрофия аниқланади. Касаллик оғир кечади ва тўхтовсиз ривожланиб боради. Бемор 20–30 ёшга етмасдан ногирон бўлиб қолади.
        4. Наслий мотор-сенсор невропатиянинг 4-типи (Рефсум касаллиги)
       Рефсум касаллиги (наслий полиневропатик атаксия) – полинейропатия, мияча атаксияси ва кўз тўр пардасида пигмент дистрофия билан намоён бўлувчи наслий касаллик.
       Этиологияси ва патогенези. Касаллик аутосом-рецессив типда наслдан-наслга узатилади. Кўп ҳолларда беморнинг ота-онаси яқин қариндош бўлишади. Патогенези тўлиқ ўрганилмаган. Биокимёвий текширувларда қонда фитан кислотаси миқдори ошганлиги аниқланади. Фитан кислотаси периферик нервлар орқа мия, бош мия тўқималари, жигар, буйраклар, юрак ва бошқа аъзоларда тўпланади. Шунинг учун ҳам бу касаллик наслий липидозлар гуруҳига киритилади.   Дегенератив ўзгаришлар кўрсатиб ўтилган барча тўқималарда кузатилади. Айниқса, периферик нервлар, спинал илдизчалар, орқа миянинг олдинги шохи, мияча йўллари ва кўзнинг тўр пардаси кўпроқ зарарланади. Шунингдек, миянинг юмшоқ пардаси ҳам қалинлашади.
        Клиникаси. Касаллик, асосан, болалик ва ўсмирлик даврида бошланади. Баъзида клиник белгиларнинг намоён бўла бошлаши 40 ёшгача чўзилади. Беморнинг юриши ўзгаради, неврологик текширувларда иккала оёқнинг дистал қисмида парестезиялар ва оёқ панжасини ёзувчи мускуллар фалажлиги аниқланади. Оёқ панжаси деформацияга учрайди. Кўз тўр пардасининг пигмент дистрофияси сабабли кўриш пасая боради. Краниал нервлардан ҳидлов ва эшитув нервлари зарарланади. Беморда зўрайиб борувчи гипосмия ва гипоакузия кузатилади. Мияча атаксияси кучайиб боради, бемор юра олмайдиган бўлиб қолади. Интеллект пасаяди. Шунингдек, ички аъзолар, яъни юрак, жигар ва буйрак функциялари издан чиқади. Теридаги патологик ўзгаришлар ихтиоз шаклида намоён бўлади. Ликворда оқсил-ҳужайра диссоциацияси аниқланади. Касаллик аста-секин зўрайиб борувчи хусусиятга эга. Ремиссия кузатилмайди.
        Ташхис. Асосан, генетик текширувлар, клиник симптомлар ва касаллик кечишига асосланиб қўйилади.
       Қиёсий ташхис. Полиневропатия ва атаксия билан кечувчи бир қатор касалликлар, айниқса, Дежерин-Сотт гипертрофик невропатияси, Шарко-Мари амиотрофияси, Русси-Леви синдроми билан ўтказилади. Ушбу касалликлар учун кўз тўр пардаси пигмент дистрофияси, кардиомиопатия ва ихтиоз хос эмас.
       Давоси. Патогенетик даволаш усули ишлаб чиқилмаган. Асосан, симптоматик даволаш усуллари ўтказилади. Антихолинестераз дорилар (прозерин, нейромидин, калимин), В гуруҳ витаминлари ва метаболизмни яхшиловчи бошқа дорилар буюрилади. Шунингдек, массаж, даволаш бадантарбияси ва парҳез тавсия этилади. Оёқ панжасини ёзувчи мускуллар фалажлиги асоратини коррекция қилиш учун ортопедик муолажалар ўтказилади. Беморга таркибида хлорофиллни кам сақловчи озиқ-овқат маҳсулотлари буюрилади.
       Прогноз. Касаллик аста-секин зўрайиб боради ва ногиронлик ривожланади. Интеркуррент инфекциялар беморнинг аҳволини оғирлаштиради.
        5. Наслий невропатиянинг 5-типи (спастик парапарез билан)
      Аутосом-доминант типда наслга узатилади ва 20–30 ёшларда бошланади. Асосан, мотор полиневропатиялар билан намоён бўлади. Сезги бузилишлари кузатилмайди. Асосий белги – оёқларда спастик парапарез. ЭНМГ оёқларнинг периферик нервларида импульс ўтказиш тезлигининг бироз пасайганини кўрсатади. Зарарланган нервлар биопсиясида миелинлашган нерв толалари сони кескин камайганлиги аниқланади. Касаллик секин зўрайиб борувчи хусусиятга эга.
        6. Наслий невропатиянинг 6-типи (кўрув нерви атрофияси билан)
         Касаллик турли ёшда бошланади. Аутосом-доминант ва аутосом-рецессив типда наслга узатилади. Асосий белгилари – дистал амиотрофия ва зўрайиб борувчи амблиопия. Касаллик тўхтовсиз зўрайиб боради ва тўла амавроз ривожланади.
       7. Наслий мотор-сенсор невропатиянинг 7-типи (пигмент ретинит билан)
        Касаллик турли ёшда бошланади ва аутосом-доминант типда наслга узатилади. Дистал амиотрофия ва пигмент ретинит касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади. Полиневритик типда сезги бузилишлари кузатилади ва улар енгил ифодаланган бўлади. Беморда эшитиш пасайиб боради ва тўла карлик ривожланади. Кардиомиопатия ҳам аниқланади. Касаллик тўхтовсиз ривожланиб боради.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                   © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича