Неврастения


Неврастения (yun. neuron – нерв, astenia – заифлик) асаб заифлиги деган маънони англатади. Доимий ҳиссий зўриқишлар, дам олмай ишлаш, ақлий зўриқишлар, доимий стресс ҳолатлари неврастения сабабчисидир.  Неврастениянинг бир неча оила аъзоларида учраши унинг этиологиясида наслий омиллар аҳамиятини кўрсатади. Ёш болаларда неврастения ривожланишига уни ўраб турган муҳит, айниқса, ота-она орасидаги жанжаллар сабаб бўлади. Болалик даврида олинган руҳий  жароҳатлар ҳам бундан мустасно эмас.
       Неврастения нафақат жаҳлдор, балки ўта андишали одамларда ҳам ривожланади. Андишали одам жанжал чиққанда ҳиссиётга зўр бермасликка ва ўзини бошқариб туришга ҳаракат қилади, бировнинг кўнглини оғритиб қўймай, дейди. Бу ҳолатлар ҳам невроз шаклланишига туртки бўлади. Шунингдек, витаминлар етишмовчилиги, камқонлик, сурункали ва оғир касалликлар ҳам неврастенияга олиб келиши мумкин.
       Клиникаси. Неврастения клиникаси турли-туман бўлиб, уларга ақлий ва жисмоний фаолиятдан тез чарчаб қолиш, жаҳлдорлик, уйқу бузилиши, бош оғриғи, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, паришонхотирлик киради. Бундай одамларда иш унумдорлиги пасаяди, узоқ давом этувчи психоэмоционал зўриқишларга бардош бера олмайди. Улар шовқин-суронни, ғала-ғовурни, жиддий ақлий меҳнат талаб қилинадиган ишларни ёқтиришмайди. Жисмоний меҳнатга ҳам иштиёқ йўқолади, мускулларда оғриқлар ва танада умумий гиперестезиялар пайдо бўлади.
      Ташхис қўйиш алгоритми. КХТ-10 бўйича астеник невроз (неврастения) ташхисини қўйиш учун қуйидаги белгилар бўлиши лозим: 
  1. Одатий ақлий фаолият талаб қилинадиган ишлардан ҳам тез чарчаб қолиш, умумий холсизликнинг пайдо бўлиши.
  2. Жисмоний фаолиятга иштиёқ сўниши ва тез ҳолдан тойиш.
  3. Қуйидаги симптомлардан камида иккитаси кузатилиши керак: жаҳлдорлик, бош оғриғи, бош айланиши, уйқу бузилиши, мускулларда оғриқлар, бош, тана ва оёқ-қўлларда увишишлар.
  4. Оғир депрессия, хавотирли-фобик ва аффект ҳолатларида кузатиладиган кучли психоэмоционал бузилишлар бўлмаслиги керак. Акс ҳолда неврастения эмас, бошқа ташхис изланади.
       Давоси. Даволашни бошлашдан олдин неврастенияни келтириб чиқарган сабаблар аниқланиши ва улар иложи борича бартараф қилиниши керак. Асосий сабаблар бартараф этилганда, аксарият беморларда даволашни давом эттиришга ҳожат ҳам қолмайди, улар тузалиб кетишади. Лекин баъзи ҳолларда неврастениянинг сабабини аниқлаш ва уни бартараф этиш анча мушкул. Беморнинг оилавий аҳволи ва ишлаш шароити билан танишиб, унга дам олиб ишлаш, иш соатларини қисқартириш, овқатланиш тартибига риоя қилиш, театр ва киноларга бориб туриш тавсия этилади.
       Дори-дармонлар тавсия этишга индивидуал ёндашиш керак. Бу мақсадда психостимуляторлар, седатив дорилар ва женшен препаратларидан фойдаланилади. Рационал терапия, гешталтерапия, когнитив-бихевиориал терапия ва психодинамик терапия неврозни даволашда кенг қўлланилади. Фрейд назариясининг яратилишига ҳам неврозни даволашга уриниш туртки бўлган. Шунингдек, беморларга умумий массаж, игна билан даволаш, эрталабки бадантарбия ва спортнинг ўзига маъқул турлари билан шуғулланиш ҳам тавсия этилади. Йилда бир марта сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта фойдали.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
              ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича