Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси РАЦИОНАЛ-ЭМОТИВ ПСИХОТЕРАПИЯ

РАЦИОНАЛ-ЭМОТИВ ПСИХОТЕРАПИЯ


Рационал-эмотив психотерапия методи 1955 йили Альберт Эллис томонидан илгари сурилган. Унинг  асосий моҳияти ҳам кишининг ўзи, ўзгалар ва жамият ҳақидаги фикрларини ўзгартиришга қаратилган. Бу назарияга биноан невроз, депрессия, хавотир, айбдорлик ҳисси ва шу каби бошқа психологик муаммолар руҳий жароҳат етказувчи омиллар ва вазиятлар сабабли эмас, балки кишининг ушбу омиллар ва вазиятларга нисбатан шахсий муносабати ва ўй-хаёллари сабабли юзага келади. Масалан, сизни кимдир қаттиқ хафа қилди ва бундан кайфиятингиз тушиб кетди. Бу вазиятда сиз у одамни эмас, балки ўзингизни айбдор деб ҳисоблайсиз. Демак, сиз танқидга лойиқсизки, у сизни шу кўйга солди. Аслида ундай эмас. Айб сизда эмас, балки сизни танқид қилган одамда ёки танқид муҳити яратилган ўша вазиятда. А.Эллис шундай деб ёзади: “Инсонда ўзи ҳақидаги бундай нотўғри тасаввурлар узоқ давом этаверса, унда турли хил руҳий-ҳиссий бузилишлар, шу жумладан, депрессия ривожланади.”. Эллис шундай қоидани ўртага ташлайди: “Айбдор сен эмас, балки бошқалар”.
        Эллис ишларидан баъзи парчаларни келтириб ўтамиз. Атроф-муҳитда рўй бераётган асабингни бузадиган ва ҳиссий зўриқишга мажбур қиладиган воқеа-ҳодисалар сенга қаратилган эмас, улар ўз-ўзича рўй бераверади. Ким томонидан кўрсатилишидан қатъи назар, сенга нисбатан билдирилаётган айблов ва камситишлар аслида сенинг ҳақиқий шахсингни ифодалаб бермайди, бу ўша одамнинг шахсий фикри. У ўз дунёқараши ва сенга бўлган муносабатидан келиб чиқиб, шу фикрда. Аслида ундай эмас!
        Эллис фикрича, қуйидаги уч қоидага қатъиян амал қилишга   уринавериш, кишини ҳар доим хавотирда ушлайди: 1) ўзига ҳадеб талаб қўявериш (“мен ундай бўлишим керак, бундай бўлишим керак”); 2) бошқаларнинг унга ҳадеб талаб қўявериши (“сен ундай бўлишинг керак, бундай бўлишинг керак”); 3)  унинг бошқаларга ҳадеб талаб қўявериши (“одамлар ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак”). Мана шу “Учта керак” тамойили – хавотир ва депрессия манбаидир.
        “Учта керак” қоидасига амал қилавериш ўзингиз ҳақингизда қуйидаги фикрларни шакллантиради ва хавотирга мезон яратади:
  1. Мен шундай ҳаракатлар қилишим керакки, мени бошқалар тан олсин! Акс ҳолда мен ҳеч кимман!
  2. Мен қандай хоҳласам, атрофдагилар мени шундайлигимча қабул қилиши керак! Акс ҳолда улар ёмон одам ва ҳар қандай жазога маҳкум!  
  3. Мен нимани, қачон ва қаерда хоҳласам, шунга эга бўлишим керак! Менга керак бўлмаган нарсаларга менинг тоқатим йўқ!
       Рационал-эмотив терапия ўзи ҳақида инсоннинг миясига ўрнашиб қолган стереотип фикрлардан уни озод этиш ва шу сабабли ўзгарган хатти-ҳаракатларни коррекция қилишга қаратилган. Рационал-эмотив терапия услубида ҳам когнитив-бихевиорал терапиядаги каби фикр ва хулқ-атвор параллел тарзда коррекция қилинади. Бироқ услуб бошқача. Бу методда ҳам уйга вазифалар берилади, уни бажаришга қийналган пайтларда ёрдам қилинади, вазифалар тўла бажарилса, рағбатлантирилади. Бироқ психотерапевтик муолажа пайтида психотерапевтнинг ўзи ҳам “керак” стилини ўз мижозига қўлламаслиги лозим.

Manba©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.    
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича