ОДДИЙЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ


Мендан бир ишбилармон одамнинг рафиқасини даволаб беришни илтимос қилишди. Бу аёл бир неча йиллардан буён депрессия касаллигидан азият чекар экан. Улар мени уйига таклиф қилишди. Уй ўта ҳашаматли ва қимматбаҳо анжомлар билан безатилган эди. Ўрта ёшлардаги эр-хотинларнинг битта ўғли бўлиб, у хорижда таҳсил олар экан. Маълум бўлишича, бу оила кўп вақтини хорижда ўтказишади. Бу одам рафиқасини Европанинг етук психологларига кўрсатган ва энг яхши дорилар билан даволатган. Бироқ рафиқаси касалликдан қутулиб кета олмаган.
Маълумки, ҳар қандай психологик суҳбат танишишдан бошланади. Мен ушбу аёлнинг ҳаёт тарзи, болалиги, турмушга чиққандан кейинги даври, ўғли, қариндош-уруғлари, қизиқишлари, хорижий сафарлари ҳақида сўрадим. Суҳбат чоғида аёлда депрессияга хос тушкун кайфият, ишончсизлик, воқеаларга қизиқишнинг йўқлиги, умидсизлик шундоқ кўриниб турарди. У менга ҳам ишончсизлик билан қаради. У қайси шаҳарларда бўлганлиги ва машҳур психологларда даволанганлиги, бироқ ҳаммаси самарасиз бўлгани ҳақида хўрсиниб гапирарди. Ўзи камбағал оилада вояга етган. Ўша даврда ота-онаси олти нафар фарзандни қийналиб катта қилгани, отаси маош олиб келган кун байрамга айлангани ҳақида сўзлаганида юзида бир оз илиқлик пайдо бўларди. “Мана, болалик давридаги қийинчиликлар ортда қолибди, яхши одамга турмушга чиқибсиз, кезмаган юртингиз қолмаган, ҳашаматли уйда яшайсиз, хоҳлаган курортларга бора оласиз” қабилидаги гапларга эса у мутлақ бефарқ қарарди. Ҳақиқатан ҳам турмуш ўртоғи уни яхши кўрар, нима деса муҳайё қиларди.
Мен ундан турмуш ўртоғингизнинг нима камчилиги бор деб сўрадим. У ҳеч қанақа камчилиги йўқ, у жуда олижаноб одам деб жавоб берди. Камчиликсиз одам бўлмайди, балки қайсидир хусусияти сизга маъқул келмас дедим. “Ҳеч қанақа камчилиги йўқ, бироқ ёнимда кам бўладилар. Хориж сафарлари ва дўст-ёронлари кўп. Дўстларини дастурхон атрофида тўплашни хуш кўрадилар. Бироқ қачон йўқласам, дарров етиб келадилар. Мен учун ҳатто жиддий учрашувлардан ҳам воз кечадилар. Мени жуда яхши кўрадилар. Бундай эр ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ҳамма гап менда. Ичимга чироқ ёқса ёришмайди. Тўй-ҳашамларга боргим келмайди. Қоронғи уйда ётгим келаверади”. 
Сиз институтда ўқиганман дедингиз. Ўз соҳангиз бўйича ишламадингизми деб сўрадим. У бир оз ўйга толиб, сўнг сўзлай бошлади. “Сўнгги курсда ўқиб юрганимда турмушга беришди. Бир йил ўтмай туғдим. Ҳам дипломли, ҳам болалик бўлдим. Бола тарбияси билан уйда қолиб кетдим. Турмуш ўртоғим ҳам ишлашимга қаршилик қилди. Ҳеч тиниб-тинчимайди, ишдан ҳам чарчамайди. Ишга ҳам, оилага ҳам жиддий қарарди. Ўзим ҳам болажон эдим. Шу билан уйда қолиб кетдим”. 
Мен суҳбатни давом эттириб, сиз нимага қизиққансиз, деб сўрадим. У аста ўрнидан турдида, шкаф олдига бориб, оқ қоғозга чизилган портретларни олиб келди. Буларни ўзим чизганман, беш ёшлигимдан расм соламан деди. 
Афсуски, туғма талант эгалари депрессияга мойил бўлишади. Шунинг учун ҳам депрессия рассомлар, мусиқашунослар ва шоирлар орасида кўп учрайди. Мана шу учта касб эгаси болаликдан қобилиятли ҳам бўлишади.
Бу расмлар ичида унинг автопортрети мени ҳайратга солди. Автопортретда чақнаб турган кўзлар худди тирик аёлни эслатарди. Аммо бу чақноқ кўзлардан ҳозир асар ҳам қолмаган. 
Расмларга тикилиб қараб қолганим унинг эътиборини тортди. Сиз ҳам расмга қизиқасизми деб сўради. Албатта, дедим. Чунки ўзим ҳам ёшлигимда портретлар чизиб юрардим. Ҳақиқий дўстларингиз бўлишини истайсизми дедим. Албатта, ким буни ҳоҳламайди деб жавоб қайтарди. Менга қандоқ қилиб дўст топмоқчисиз деди кулимсираб. Сиз ҳозир ҳам мана шундай зўр расмлар чиза оласизми деб сўрадим. Менда қолган яккаю-ягона нарса – мана шу расм солиш бўлса керак деди у. Унда бундай қиласиз. Ҳар куни эрталаб то кун ботгунча Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасига чиқасиз. Ҳамма рассомларга ўхшаб келган-кетганларнинг расмини чизасиз, дедим. У қаҳ-қаҳлаб кулиб юборди. Бу кулги суҳбатимиз орасидаги биринчи кулги эди. У кулишда давом этиб, балки бу расмларни сотиб пул ҳам ишла дерсиз деди. Мен унга, албатта, сотиб пул ҳам ишланг. Бошқа рассомлар нима қилса, сиз ҳам шуни қилинг дедим.
Аёлнинг эри мулоҳазали инсон эканлиги шундоқ юзу кўзидан кўриниб турарди. Психологингиз менга дўст топиш йўлини ўргатаман деб, пул топиш йўлини ўргатаяпти-ку деди аёл кулиб. Сиз мен айтган йўл билан пул ҳам, дўст ҳам топасиз. Сизнинг мавқеингиздаги одамлар у ерга бормайди. Лекин сиз боришингиз керак! Кимлигингизни ҳеч кимга айтмайсиз, ўша ердагилар билан дўст тутининг дедим. Улар кимлигимни сезиб қолишса-чи?! Мен унга сиз уларни бу ерга олиб келмайсиз, уларнинг яшайдиган уйлари қандай бўлса, худди шундай оддий уйга олиб борасиз. Улар қандоқ таом чиқарса, сиз ҳам шундоқ таом чиқарасиз, идиш-товоқларингиз ҳам оддий бўлади. Ўйнанг, кулинг, ўзингизни уларга ўхшаб оддий тутинг. Бироқ ҳаммаси чин дилдан бўлсин дедим. 
У гапларимни эшитиб ўйланиб қолди ва оддий уйни қаердан топаман деди. Четда бизни кузатиб турган эри кулиб, мен сенга Тошкентдаги энг оддий уйни совға қиламан деди. Сизга ҳазил бўлса бўлгани деди ажабланиб аёл. Лекин унинг юзида менинг таклифларимга қизиқиш шундоқ сезилиб турарди. 
“Сиздаги касаллик қалбингизда пайдо бўлган катта психологик бўшлиқ сабабли ривожланган дедим. Эрингизнинг севимли иши бор. У иши юришса, қувонади, юришмаса, ачинади. Демоқчиманки, унинг қалби ва миясини чархлайдиган дарди ҳам, қувончи ҳам бор. Сизда-чи?! Дунё кезиш, эрингизнинг меҳри ва чиройли психологик суҳбатлар билан сизни даволаб бўлмайди. Сизда психологик иммунитет йўқолган! Уни қайта тиклаш керак! Буни фақат ўзингиз амалга ошира оласиз! Ўша сиз билан расм чизишга чиққан одамларнинг дардини эшитинг, уларга шерик бўлинг, дўст тутининг, телефонда суҳбатлашиб туринг, тўй-маъракаларига боринг. Ана шунда бўшаб қолган қалбингизга ёруғлик киради, миянгиз чархланади, фикрларингиз теранлашади. Ўша кундан бошлаб сизни энг қизиқарли иш ва дўстларингиз кутади. Эрталаб уйғониб ишга шошасиз, сизни оддий одамлар кутиб олади. Кечаси бир дунё таассуротлар билан уйга қайтасиз. Бироқ бой одамнинг умр йўлдоши эканлигингизни сир тутинг. Акс ҳолда, улар сиздан йироқлашади ва яна ёлғиз қоласиз. Бу дунёда фақат дўстлик ва муҳаббатни пулга сотиб олиб бўлмайди” дедим. Бу сўзларим эрини ҳам, ўзини ҳам ўйлантириб қўйди. 
Улар барча айтганларимга амал қила бошлашди. Орадан уч ой ўтди. Улар мени Қорақамишдаги оддийгина уйига меҳмонга чақиришди. Бугунги меҳмоннавозлик уларнинг гали билан бўлаётган экан. Ҳикоямиз қаҳрамони оддий уй бекаси каби меҳмонларга елиб-югуриб овқат тайёрлар, оддийгина кийинган эри эса меҳмонлар олдига чой-нон қўйиш билан овора эди. Дастурхон атрофидагилар ўзлари қизиққан воқеалар ҳақида сўзлашар ва бу дунёда улардан бахтиёр одам йўқ эди. Энг асосийси, меҳмону мезбонлар юзидан нур ёғиларди. Бу ажойиб манзарани кўриб туриб, ушбу гўзал аёлнинг аввалги касаллиги ҳақида ўйлагим ҳам келмади. Бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Чунки унинг ўзи ҳам бу дардни унутган ва бахтиёр эди.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича