Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Мураккаб фокал хуружлар

Мураккаб фокал хуружлар


Мураккаб фокал хуружлар оддий фокал хуружларга ўхшаб бошланади ва ҳушнинг бузилиши, яъни йўқолиши билан намоён бўлади. Демак, мураккаб фокал хуружлар формуласини қуйидагича таърифлаш мумкин:

МФХ=ОФХ+ҲБ,

бу ерда: МФХ – мураккаб фокал хуружлар, ОФХ – оддий фокал хуружлар,
ҲБ – ҳушнинг бузилиши (йўқолиши).

Юқорида таърифлаб ўтилган барча ҳаракат, сезги, вегетатив ва руҳий бузилишлар мураккаб фокал хуружларда бирмунча яққол ифодаланади ва ҳушнинг бузилиши билан кечади. Айниқса, вегетатив ва руҳий бузилишлар мураккаб фокал хуружларда кўп кузатилади.
Мураккаб фокал хуружлар клиникаси турли-туман бўлиб, уларнинг қай тарзда намоён бўлиши эпилептоген ўчоқ пўстлоқнинг қайси соҳасида жойлашганлигига боғлиқ. Бироқ оддий фокал хуружлардан фарқли ўлароқ, мураккаб фокал хуружлар ҳушнинг бузилиши (йўқолиши) билан намоён бўлади. Аввал оддий фокал хуружлар белгилари пайдо бўлади-ю, кейин бемор ҳушини йўқотади. Демак, оддий фокал хуружларда кузатиладиган субектив ва обектив симптомлар мураккаб фокал хуружлар учун аура ҳисобланади. Агар эпилептоген ўчоқ доминант ярим шарда жойлашса, хуруж пайтида бемор нутқини ҳам йўқотади.
Хуруж ўтгач, бемор ўзида хуруж қандай кечганини айтиб бера олмайди, кўп ҳолларда унинг аҳволи сомнолент ҳолатда қолади. ЭЭГ хуружлараро даврда ўзгармайди, бироқ пик ва ўткир тўлқинлар аниқланиши мумкин. Мураккаб фокал хуружлар, кўпинча пешона ва чакка бўлакларининг медиобазал тузилмалари зарарланганда кузатилади. Чунки бу соҳалар онг фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтувчи фокал хуружлар. Фокал хуружларни юзага келтирган эпилептик фаоллик иккала ярим шарга ҳам тарқалса, катта эпилептик хуруж юзага келади. Бундай хуружлар иккиламчи-тарқалган хуружлар ҳисобланади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, аввал оддий фокал хуружлар пайдо бўлиб, унинг кетидан биратўла тарқалган хуружлар ривожланса, бундай хуружлар иккиламчи­тарқалган эпилептик хуружлар деб аталади. Айниқса, эпилептоген ўчоқ пешона соҳасида жойлашганда оддий фокал хуружларнинг иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтиб кетиши кўп кузатилади.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича